2016 йилда тугатилган Ҳамдўстлик чемпионлари кубоги қайта тикланиши мумкин.
"Известия" нашрининг хабар тарқатишича, Озарбойжан футбол федерациялари ассоциацияси (ОФФА) ушбу мусобақанинг ҳуқуқини ўзига беришни сўраб Россия футбол иттифоқига мурожаат қилган.
Агар РФИ турнирни ОФФАга беришга қарор қилса, Ҳамдўстлик кубоги аввалги форматига қайтарилади. Унда яна собиқ иттифоқ республикаларининг чемпионлари иштирок этади. Мусобақа 2012-2016 йилларда МДҲ мамлакатларининг ёшлар терма жамоалари (U-21) иштирокида ўтказилганди.
РФИ президенти Виталий Мутко «Известия»га берган интервьюсида мусобақани қайта тиклашнинг бир нечта вариантлари мавжудлигини таъкидлаган.
— Ҳамдўстлик кубогини қайта тиклаш масаласи ҳақиқатан ҳам кун тартибида турибди, — дейди Виталий Мутко. — Яқинда биз ушбу ғояни УЕФА раҳбари Александр Чеферин билан бирга муҳокама қилдик. Ҳозирда бизда бир нечта вариантлар бор. Биз МДҲнинг топ-клублари иштирокидаги форматга қайтамиз ҳамда турнир ёпиқ манежлардан табиий майдонларга кўчирилади. Мусобақа январь ойида ўтказилиши инобатга олиб, уни жанубга кўчириш лозим. Балки, Ҳамдустлик кубоги Сочидаги "Фишт" стадионида ўтказилар. Шунингдек, турнир Озарбойжонда ўтказилиши мумкин. ОФФА бизга берган таклиф ҳам тижорий, ҳам ташкилий жиҳатдан жуда қизиқарли. Ҳозирда Озарбойжонда футболга, умуман спортга қизиқиш юқори даражада.
Озарбойжондаги Ҳамдустлик кубоги мукофот жамғармаси 1 - 1,5 млн евро атрофида бўлади. Бу эса Россия, Украина, Белоруссия, Молдова, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар чемпионлари учун мотивация бўлиб хизмат қилади ҳамда улар Бокуга асосий таркиб билан иштирок этишади.