Бир инсонга эргашишингиз учун, у айтаётган фикрларнинг тўғри бўлиши кифоя қилмайди. Ўша фикрларнинг холис бўлиши ҳам муҳим.
Бошқалар ҳам, ўзим ҳам кўп эътибор берганман, биз журналистларнинг баъзи фикрлари олдинги бошқа фикрлари билан зиддиятлидек туюлади. Бу табиий. Журналист ҳар доим маълум муаммони таҳлил қилар экан, табиий равишда, ўша муаммога ҳаддан ташқари катта аҳамият беради, ва албатта, бундай ҳолатларда, бошқа муаммо кўтарилган бошқа мақоладаги фикрлар билан терс келиб қолиши мумкин. Бу катта айб эмас, назаримда.
Мутахассис эса, ўз фикр ва хулосаларини тақдим этар экан, вазиятга “диагноз” қўяди. Унда журналистларда бор бўлган устунлик йўқ. Эксперт имкон қадар аниқ, имкон қадар холис, имкон қадар қатъий бўлиши шарт.
Кеча мана шундай мутахассислардан бири, Алишер Аминовнинг интервьюсини ўқидим. Алишер Аминов ўзбекистонлик машҳур мутахассис, бир неча йил олдин ҳатто Россия Футбол Федерацияси раҳбарлигига ўз номзодини қўйганди. Унинг футболни ривожлантириш дастури кўпчиликнинг эътиборини тортган, анчагина ижобий таассурот қолдирганди.
Юқорида мен тилга олган интервью ўзбек футболининг бугунги аҳволи ҳақида бўлиб, “Футбол Узбекистана: пациент скорее мертв, чем жив” деб сарлавҳаланган. Алишер Аминов футболимиздаги жуда кўп оғриқли нуқталарга тегинган, ўз мулоҳазаларини ва ечимларини берган. Ўқиб чиқишингизни тавсия қиламан, албатта.
Менинг мавзум тушунарли бўлиши учун эса, ўша интервьюдан айрим парчаларни ҳавола этаман:
“Сўнuги йилларда Ўзбекистон Федерацияси қандай бошқарилмоқда? Барча кадр масалалари, жумладан, терма жамоа мураббийини тайинлаш қарори ҳам фақат бир инсон – ЎФФ президенти томонидан мустақил амалга оширилган. Вазиятни таҳлил қилиш, баҳолаш ва ўз хулосасини бериш билан шуғулланиши ва раҳбар томонидан эътиборга олиниши керак бўлган мураббийлар кенгаши деярли ишламайди. Натижа бўлмаганда эса, президент эмас, мутахассислар жавобгар бўлади”
“ЎФФ нинг молиявий фаолияти шаффоф эмас – ҳатто федерация ходимлари ҳам ташкилотнинг бюджети ва ҳаражатлари ҳақида маълумотга эга эмаслар. Нима керак уларга буни билиш? Ахир ҳаммасини ЎФФ президентининг ўзи ҳал қилади-ку? Муҳим масалаларни ҳал қилиши керак бўлган ҳеч қандай орган ишламайди, футболчиларнинг ҳам, тренерларнинг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган касаба уюшмаси йўқ. Натижада мураббийларнинг ҳам, футболчиларнинг ҳам талаблари умуман эътиборга олинмайди, чунки федерацияда уларнинг манффатларини ҳимоя қиладиганлар мавжуд эмас. Клублар эса, улар билан истаган ишини қилиши мумкин, шартнома бандларини бемалол эътиборсиз қолдираверадилар. Ахир жабрланувчилар ҳеч қаерга шикоят қила олмайдилар”
“Ўзбекистон терма жамоасининг ягона ғалабаси Хиросимага тўғри келади. Бу тарихий ғалаба ҳам аслида совет давридаги футболчи тайёрлашдаги ютуқларимиз ва ўша жамоанинг тажрибали мураббий штаби туфайли бўлганди.
“Аммо бу ютуқ кейинги ривожланиш учун туртки бўлмади”
“Ўзбек футболидаги менежмент соҳаси, оддий қилиб айтганда, яхши эмас, ЎФФ ҳам, лига ҳам, таълим соҳаси ҳам футбол менежерларини тайёрлайдиган замонавий тизим ярата олмадилар. Спорт соҳаси учун тажрибали юристлар тайёрланмайди.
Айтиш мумкинки, Ўзбекистондаги профессионал футбол инқироз ёқасида: лигалар ривожланмаяпти, клублар аниқ ғоя ва мақсадлар учун ишламаяптилар, даромадлар ва ҳаражатлар ўртасида жуда катта фарқлар мавжуд, клублар давлатлар молиявий ёрдам олган ҳолда ўз вазифаларини, хусусан рақобатбардош футболчиларни тарбиялай олмаяптилар”
“Футболимизнинг иқтисодий модели тош асри даражасида қолиб кетган, замонавий эмас!”
Бу фикрларнинг барчаси Алишер Аминовга тегишли. Мен мутахассис бўлмаганим учун, бу фикрлар қай даражада ҳақиқат ёки нотўғри, баҳолаш савиясида эмасман. Интервьюни тўлиқ ўқиган одам, Алишер Аминовнинг ЎФФ ни бошқариш истаги борлигини, шу билан бирга Ўзбекистонда футболни ривожлантириш учун ўз режасига эга эканини осонлик билан пайқай олади.
Мен мутахассис бўлмаганим учун, Аминов ЎФФ раҳбари бўлса, футболимиз ҳозиргидан ёмонроқ бўладими, яхшироқми, буни аниқ айта олмайман. Аминовнинг режалари, стратегиялари қай даражада ишлаши мумкин, бу ҳақида ҳам жим тураман.
Мен эътибор берган жиҳат, бу инсоннинг 2013 йилнинг сентябрида “Интерфутбол” газетаси махсус мухбири Мавлон Шукурзодага берган интервюси бўлди. Ушбу интервюни мана бу ерда тўлиқ ўқиб чиқишингиз мумкин, эътиборингизга менинг мавзуимга мос қисми таржимасини ҳавола қиламан:
“Умуман олганда, Ўзбекистондаги футбол ривожланиши етарлича жадал давом этмоқда. 22 йиллик мустақиллик йилларида ўзбек футболи мақсадли йўналишда олдинга қадам ташлади, айниқса, сўнгги 10 йилда бу нарса янада кўзга ташланди. Бутун дунё ўзбек футболи ютуқларига гвоҳ бўлиб турибди. Хиросимадаги ғалаба Ўзбекистонда футболнинг совет йилларида ҳам яхши эканини кўрсатган бўлса, кейинги натижалар – клубларимизнинг чемпионлар лигасида, турли ёшдаги терма жамоаларнинг жаҳон чемпионатларидаги иштироклари кейинги йилларда ҳам Ўзбекистон футболидаги барча соҳалар тизимли тарзда ривожланиб бораётганидан далолат қилмоқда.
Ёшлар дунёнинг кучли саккизталигига кирдилар, миллий терма жамоа Осиёдаги энг кучли беш жамоадан биридир. Саудия Арабистони, Эрон, Корея ва Япония каби ЖЧ иштирокчилари ҳам терма жамоангиздан ҳайиқиб турадилар.
Истиқболда, менинг фикримча, энг яхши ёш футболчилар Европадаги кучли жамоаларда ўйнай бошлайдилар. Тошкентда, Қарши, Самарқанд ва Бухорода ажойиб замонавий стадионлар қурилди.
Футбол академияларининг қурилиши, замонавий мураббийларни тайёрлаш тизими, ҳакамларни ўқитиш услуби – буларнинг ҳаммаси футболнинг мақсадли ривожланиш йўлида бораётганидир. Мен Ўзбекистоннинг бу ютуқлари билан фахрланаман.
Мамлакат президенти, ҳукумат ва ЎФФ раҳбарияти ўз халқи учун, келажак авлод учун, уларнинг соғлом етишишлари учун нима керак бўлса, ҳаммасини бажаришмоқда”
Мен юқорида парча келтирган икки интервьюдаги фикрлар ишониш қийин бўлса-да, бир инсон томонидан айтилган. Янаям ишониш қийин бўлган жиҳат, бу икки интервью орасидаги фарқ атиги уч йилни ташкил қилмоқда холос. Бу фикрлар оддий журналистни осонлик билан ўзгариб турадиган фикрлари эмас, экспертнинг “диагнозидир”. Эътибор берган бўлсангиз, бу диагноз турли даврлар учун эмас, айнан бир давр учун, фақат икки пайтда айтилмоқда холос.
Савол туғилади, мана шу уч йилда Аминовнинг фикрларини кескин ўзгартириб юборадиган қандай воқеа бўлди? Нима ўзгарди? Мираброр Усмоновнинг ЎФФ бошига келганига ўн йилдан ошган бўлса, ахир Аминов дастлабки интервьюсида айниқса сўнгги 10 йилда ривожланиш кўзга ташланганини айтмаётганмиди?
Ўйлаб ўйлаб топдимки, сўнгги уч йилда Ўзбекистон футбол федерацияда кузатилган ўзгаришни топдим. Рустам Акрамов энди ЎФФ да ишламаяпти. Бир йилдан ошди бу воқеага ҳам. Рустам Акрамов Алишер Аминовнинг тоғаси бўлади.
Биласизми, қачон ривожланамиз? Футболимиз муаммоларини очиқ ва ойдин айта оладиган холис экспертларимиз пайдо бўлишса. Улар кўпайишса. Бунинг учун уларнинг тогаларини олдин ЎФФга ишга олиб, кейин ҳайдаш керакмикин… Эй Худо…