Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

“LOKOMANIA” лойиҳасининг навбатдаги меҳмонлари — Муҳаммад Коне ва Ньоре Кризо

Баҳо:
+ | -

“LOKOMANIA” лойиҳаси доирасида “Локомотив” жамоаси аъзолари билан эксклюзив интервьюларни давом эттирамиз.

Лойиҳамизнинг ушбу сонида “темирйўлчилар” жамоасининг янги аъзолари – Муҳаммад Коне ҳамда Ньоре Кризо меҳмон бўлишди. Қишки йиғинлар пайти жамоамизга келиб қўшилган ушбу икки ивуарлик ўйинчиларнинг футболга қай тариқа кириб келганликлари, оддий ҳаётда қандай инсон эканликлари ва “Локомотив”да ўз олдиларига қандай мақсадлар қўяётгани сиз – азиз ишқибозларимизни бефарқ қолдирмаса керак.

 — Ньоре, Муҳаммад! Хуш келибсиз! Сизларни “LOKOMANIA” лойиҳаси доирасида ва умуман жамоамиз сафида кўриб турганимиздан хурсандмиз.

Н. К.: Раҳмат! Биз ҳам жуда хурсандмиз!..

— Иккингизнинг ҳам “Локомотив” сафига келиб қўшилганингизга ҳали узоқ вақт бўлгани йўқ. Илк таассуротлар билан ўртоқлашсангиз…

М.К.: Бизни “Локомотив” жамоасида барча илиқ кутиб олди. Аллақачон клубдаги ҳамма билан дўстлашиб олишга улгурдик. Садриддин Абдуллаев, Кахи Махарадзе ва Марат Бикмаев каби ўйинчилар анча ҳазилкаш футболчилар экан. Умуман олганда, ҳамма бизга кўникиб кетишимизда кўмак бермоқда.

Н.К.: Ҳа, чиндан ҳам! “Локомотив”да анчагина аҳил жамоа йиғилган экан. Ҳамма йигитлар хушчақчақ ва очиқкўнгил эканига амин бўлдик.

— Ўзи “Локомотив” жамоаси таркибига келишингиз қандай рўй берди?

М.К.: Биласизми, мен Кипр чемпионатида иштирок этадиган “Кармиотисса” жамоасида фаолият олиб бораётган эдим. Клуб билан тузган шартномам секин-аста якунланиб бораётган эди. Шунда агентим Дмитрий Селюк Ўзбекистоннинг етакчи жамоаларидан биридан қизиқиш бўлаётганини айтди. Мен эса ўз кучимни янги чемпионатда синаб кўришни истадим. Шу сабабли бу ерга келдим.

Н.К.: Мен эса ўтган мавсум Молдованинг “Саксан” жамоасида ўйнадим. Йил сўнггида эса жамоа билан шартномам ниҳоясига етди. Бу орада “Локомотив”дан таклиф тушгач, уни қабул қилишга қарор қилдим.

— Бунга қадар ўзбек футболи ҳақида қандайдир таассуротга эгамидингиз?

М.К.: Биласизми, мен Қатарнинг “Ал Садд” жамоаси тарбияланувчисиман. Жуда ёш пайтимда Қатарга келгандим. Ёшлар таркибида шуғулланиб юрган пайтларим асосий жамоамиз ўйинларини қитъа Чемпионлар лигасида кузатиб борардим. Қолаверса, Осиё чемпионати учрашувларини ҳам томоша қилганман. Шунда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси – Одил Аҳмедовнинг киритган бир жуда чиройли голи ёдимда қолганди. Кейинчалик ушбу футболчи Россия чемпионатида ҳам ўйнаганидан хабардорман. Умуман олганда, илгари ҳам ўзбек футболи ҳақида оз бўлсада эшитгандим.

Н.К.: Мен эса бу ерга келгунга қадар у қадар кўп нарса билмасдим.

— “Миллионлар ўйини”га илк қадамларингизни қай тариқа ташлагансиз?

М.К.: Боя таъкидлаб ўтганимдек, “Ал Садд” жамоасида илк сабоқларимни олганман. Аммо ўша пайтларда “Садд” таркибида Рауль, Мамаду Ньянг, Нодир Белҳаж каби машҳур футболчилар фаолият олиб боришарди. Биласиз, Қатарда ҳам худди Осиёнинг бошқа кўплаб мамлакатлари қатори легионерлар учун 3+1 кўринишдаги лимит мавжуд. Мендек ёш ўйинчининг бундай юлдузлар ичида рақобатни ютиб чиқишим қийин эди. Шу сабабли кейинчалик ўз кучимни бошқа чемпионатда синаб кўришимга тўғри келди. Дастлаб Грецияга йўл олдим. Сўнгра Молдованинг “Саксан” ва “Заря” жамоаларида тўп сурдим. Шунингдек, Кипрда фаолият олиб бордим. Мана энди “Локомотив” таркибидаман.

 

Н.К.: Мен футболдаги илк сабоқларимни Ивуардаги маҳаллий футбол мактабларидан бирида олганман. Кейинроқ эса юқори дивизионда иштирок этадиган жамоалардан бири мени ўз сафига жалб этди. Бироз муддат ўтгач Беларусьнинг “Слуцк” жамоаси таклиф билан чиқди. Кейинчалик эса Молдованинг “Саксан” клубида тўп сурдим.

— Шу пайтга қадар ўтказган ўйинларингиз ичида энг ёдда қоларли ва энг шиддатли учрашув қайси бўлган?

М.К.: Ростини айтсам, бирор ўйинни аниқ ажратиб айта олмайман.

Н.К.: Мен Кот-д’ Ивуар ёшлар терма жамоаси сафида Африка чемпионатида иштирок этганман. Терма жамоа таркибида ўтказган ҳар бир ўйиним мен учун жуда ҳам ёдда қоларли бўлганини таъкидлай оламан.

— Сиз ўйнайдиган позицияда ҳаракатланадиган футболчи учун энг муҳим 3 та сифат қайси, деб ўйлайсиз?

М.К.: Ҳимоячи биринчи навбатда диққат-эътиборли бўлиши керак. Қолаверса, тўғри позиция танлай билиши лозим ва у ҳар доим меҳнатдан қочмайдиган бўлиши керак, деб ҳисоблайман.

Н.К.: Ҳар қандай ҳужумчи ўйинни ўқий билиши, ҳаракатчан бўлиши ва албатта гол уришни билиши лозим.

— Оилангиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз…

М.К.: Бизнинг мамлакатимизда оилалар анча серфарзанд бўлишади. Масалан, биз оилада 6 та фарзандмиз. Улар ичида фақат бир укам худди мендек футбол ўйнайди. Қолганлар эса спортни танлашмаган.

Н.К.: Бизнинг оила эса янада каттароқ. Биз 7 та фарзандмиз. Лекин 7 нафар фарзанд ичидан фақат мен футболчи бўлганман.

— Нима деб ўйлайсиз, агар футболчи бўлмаганингизда қайси соҳа вакили сифатида меҳнат қилардингиз?

М.К.: Мен мактабда ва университетда жуда яхши ўқиганман. Ҳозир бир нечта тилда равон сўзлаша оламан. Лекин футболчи бўлганим ва хорижда тўп сурганим сабаб ўқишни давом эттира олмадим. Ўйлашимча, агар футбол йўлидан кетмаганимда ўзимни савдо ёки илм соҳасида синаб кўрардим…

Н.К.: Бу ҳақда ҳеч ҳам ўйлаб кўрмаган эканман. Бир нима дейишга ҳайронман.

— Ҳозирда машғулот ва ўйинлардан бўш пайтингизни қандай ўтказяпсиз?

М.К.: Бўш вақтимиз айтарли даражада кўп бўлмайди. Ҳозир мавсум олди тайёргарликлари кетаётгани сабаб кўпинча кунига 2 маҳалдан машғулотлар ўтказяпмиз. Бироз бўш вақт топганимизда эса асосан шаҳар айланяпмиз.

Н.К.: Ҳа, чиндан ҳам Тошкент – жуда чиройли шаҳар экан. Бизга унинг кўчалари жуда ёқди. Бўш вақтимизда шаҳар кўчаларини айланяпмиз.

— Ижтимоий тармоқлардан фаол тарзда фойдаланасизми?

М.К.: Унчалик эмас. Асосан яқинларим билан мулоқот қилиш учун ижтимоий тармоққа мурожаат қиламан.

Н.К.: Мен ҳам шундай. Уйдагиларим ва дўстларим билан гаплашиш учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланаман. Лекин ашаддий интернет ишқибози эмасман.

— Сўнгги савол: “Локомотив” жамоаси олдига янги мавсумда қандай мақсадлар қўйилмоқда? Жамоа бу йил ҳам муваффақиятли мавсум ўтказа олармикан?

Н.К.: Менимча, “Локомотив” 2017 йилда ҳам ўзи иштирок этадиган мусобақаларда сермазмун ўйнай олади. Чунки таркибда анча яхши савиядаги футболчилар тўпланган экан.

М.К.: “Локомотив” – мамлакатнинг амалдаги чемпиони! Жамоа янги мавсумда ҳам ўз олдига камида чемпион бўлиш вазифасини қўйиши табиий, албатта. Шунингдек, Осиё Чемпионлар Лигасида ҳам яхши иштирок этишга уринади. Мен илгари “Саксан” жамоаси таркибида Европа Лигаси мусобақасида ўйнагандим. Ана энди ўз кучимни Осиё Чемпионлар Лигасида синаб кўраман. Бундан жуда мамнунман ва “Локомотив” жамоасининг муваффақиятларига мен ҳам ўз хиссамни қўшишга уринаман.

Манба: lokomotiv.uz
Киритилди: 18:15, 02.02.2017.
Ўқилди: 6370 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.