Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Фрэнк Лэмпард: «Муҳим учрашувлар завқ бермайди»

Баҳо:
+ | -

Бутсаларини михга илгач, ўзини журналистика соҳасига урган собиқ ҳимоячи Жейми Каррагер бу сафар эски қадрдони ва вақтида энг жиддий рақибларидан бири ҳисобланган Фрэнк Лэмпардни суҳбатга чорлади. Унда бунинг учун асос бор эди - «Ливерпуль» ва «Челси» жамоаларининг жорий мавсумдаги рақобати. Хуллас, икки клубнинг собиқ вакиллари мусоҳаба давомида нафақат ўз фаолиятларини хотирлашди, балки АПЛдаги айни ҳолат  хусусида гаплашишди.

- Фрэнк, аввало, мени 20 йилдан буён қийнаб келаётган саволга жавоб берсанг: Питер Тейлор вақтида U-21 термаси сардорлигига нима учун мен эмас, сени лойиқ кўрганди? Ахир мен 2 йилдан буён жамоада ўйнаётган эдим, сен эса сафга янги қўшилгандинг...

- Ҳа, эсимда, ўшанда руҳинг тушиб кетганди. Лекин биласанми, бу ўзим учун ҳам кутилмаган ҳолат бўлганди. Эҳтимол, мураббий тасаввурига кўпроқ мос келгандирман. Англия термаси сардори бошқалардан ажралиб туриши шарт эди-ку, тўғрими?

- 1992 йили Лиллшоллдаги кўрик пайти илк бор учрашганимиз ёдингдами? Мен бунгача ҳам сен ҳақингда эшитгандим. Яъни отам Англия кубоги-80 ярим финалида катта Лэмпард «Вест Хэм» учун қандай гол урганини гапириб берганди.

- Янглишмасам, ўша вақт 14 ёшда эдик ва бир ҳафталик кўрик бўлганди. Очиғи, бироз уятчанлигим боис, нотаниш кишилар даврасида ўзимни йўқотиб қўярдим. 3 ҳафтадан сўнг танловдан ўтолмаганим ҳақида хабар олдим. Ўша заҳоти сени эсладим: «Қизиқ, анави маҳмадона кўрикдан ўтсаю, мен ўтолмасам-а?» Хуллас, Лиллшоллдан кўнглим қолганди ва шу сабаб, ҳозиргача қизларимга у ерга боришни тақиқлаб қўйганман. Айтганча, «Вест Хэм» ёшлар жамоасидаги давримни ҳам кўп эслайман. Дейлик, сен 18 ёшда «Ливерпул»да дебют қилиб, буни гол билан безаганингда, ҳавасим келганди, очиғи. Яширмайман, ўша пайт  ўрнингда бўлиб қолишни орзу қилганман.

- Энди «Челси»-«Ливерпуль» мавзуси: сенингча, бу жамоалар ўртасидаги бошқача азалий рақобат боиси нима? Аввалги кескин қарама-қаршилик руҳи ҳозир ҳам мавжудми?

- Принципиаллик айнан бизнинг давримиз, яъни жамоалар таркибида сен ва менга ўхшаган футболчилар ўйнай бошлаганларидан сўнг туғилган, деб ўйлайман. Ахир ҳар йили камида 6-7 марта ўзаро дуч келардик. Тўғри, авваллари «Челси»нинг Лондон ташқарисидаги доимий рақиби бошқа эди - «Лидс». Бу клуб элитадан тушиб кетгач, айнан мерсисайдликлар билан жиддий рақобат юзага келди.

- Очиғи, шахсан мен «Челси»ни ёқтирмасдим. Ҳаттоки, жамоанг баъзида дейлик, «Эвертон» ва «МЮ»дан ҳам кучлироқ нафрат уйғотарди. Шу жойда «Челси» кийиниш хонасидаги муҳит ҳақида гапириб берсанг...

- Нафратингга келсак, биз «Эвертон» ва «МЮ»дан кучлироқ жамоага айланган эдик-да. Бу фикрга қўшилсанг керак... Тан оламан, рақобатнинг кучайишига ливерпуллик мухлислар ҳам сабабчи бўлишган. Йўқ, «Ливерпул»ни мақтамоқчи эмасман, аммо мухлислари худди қўшимча ўйинчидек унинг кучига куч қўшардилар. Ёқимли томони, асосий қарама-қаршилик Каррагер-Жеррард ва Лэмпард-Терри жуфтликлари ўртасида кечарди.

- Умуман, бу жуфтликларда ким кучлироқ эди?

- Мен ва Стив! Ҳозир ҳам тез-тез сўраб туришади: «Стив қандай футболчи эди? У билан муносабатингиз қандай бўлган?» Ўзаро алоқаларимиз ёмон эмасди. Лекин бошқа томондан олсак, ўртамизда доимо қандайдир масофа бўларди, барибир. Ҳа, терма жамоа ихтиёрига борганимизда биргаликда тушлик қилардик, чақчақлашардик. Аммо доимо сезилар-сезилмас расмиятчилик сақланиб қоларди.

- Тушуниш мумкин: бирга овқатланиб, ҳазил-мутойиба қилишдан сўнг хоналарга киргач, «Уни кўрарга кўзим йўқ!» қабилида ўйлагансизлар, шундайми?

- Йўқ, йўқ. Мисол учун, U-21 термасида ўйнаганимизда, ёнма-ён хоналарга жойлашган эдик. Қарама-қарши жамоалар сафида майдонга тушганимизда эса, ўз-ўзидан ашаддий рақибларга айланардик. Айтишим керак, айнан шу кескин рақобат сабаб, чинакам профессионал даражага чиқдик. Қолаверса, ғалаба қозониш ҳамманинг орзуси эмасми?

 - «Челси» Жеррард билан деярли шартнома тузган вақтда рақобат энг юқори нуқтасига кўтарилганди. Шунингдек, фанатлар ўртасидаги зиддиятлар, Жозе Моуриньонинг пайдо бўлиши ва Лига кубоги-2005 финали ҳам кескинликка «мой» қуйганди. Эсла, ўшанда танаффусга чиқаётган пайт  ўзаро гаплашгандик. Бироқ орадан 6 ой ўтгач, бундай яқинликдан асар ҳам қолмаганди...

- Жамоамиз Абрамович тасарруфига ўтгач, у бош мураббийликка Моуриньони таклиф этди ва биз «маблағ халтачаси»га айланиб қолдик. Яъни  кўпчилик бизни нафрат билан қарши олишга одатланди. Янада аниқроғи, фақат ўз анъаналарига амал қилган ҳолда, муваффақиятга эришадиган «Ливерпул»дан бироз фарқланиб қолдик. Ортиқча фунтлар билан чўнтаклари қаппайган «Челси» бойваччалари «Ливерпул»нинг меҳнатсевар ўйинчиларига қарши баҳслашадиган бўлишди. Шу тариқа икки хил дунёқараш ўртасидаги рақобат юзага келди.

- Бундай беллашувларни томоша қилиш ҳам осон эмасди. Уларда иштирок этиш-чи? Босим... Чунончи, арзимас хато ҳам мағлубиятга олиб келадигандек туюларди.

- Ҳа, босим мисли кўрилмаган даражага чиққанди. Боз устига,  «Энфилд»да ҳимоявий услуб қўллашнинг иложи йўқ эди. Шундай йўл тутган  жамоани парчалаб ташлардинглар, ахир. Масалан, Дирк Куйт доимо ўртамиёна ўйинчилар қаторида юрган. Лекин у бизга қарши баҳсларда Эшли Коулни бурчак байроқчаси ёнига «қамаб» қўярди. Қайси томон биринчи бўлиб гол қўйиб юборса, унинг мағлубиятдан қутулиши иложсиз саналарди. Мағлубият эса фожиа билан тенг эди.

- ЧЛ-2008 ярим финали арафасида онангдан айрилиб қолгандинг. Бу табиийки, улкан мусибат эди...

- Ўта оғир ҳиссиётлар қуршовида бўлганим аниқ. Шу боис, «Ливерпуль» устидан қозонилган ғалаба ҳам кўнглимга сиғмади. Бироқ жамоалар хайрлашаётган пайт Стив олдимга яқинлашиб, гул берганча ҳамдардлик билдирди. Шундай самимий далдадан сўнг рақобат ўз аҳамиятини йўқотади. Арзимасдек туюлган одамийликдан кўнглим тоғдек кўтарилганди.

- Ўша учрашувда пенальтидан гол уриб, «Челси» ғалабасига муносиб улуш қўшгандинг. Зарбани амалга ошириш масъулиятини бошқа футболчига  юклашни  ўйламаганмидинг?

- Табиатан мудом ғалабага ва гол уришга интилганман. Бу шунчаки, қуруқ сафсата эмас. Онамнинг ҳаёт билан видолашганини баҳона қилиб, пенальти тепишдан юз ўгириш мен учун иродасизлик саналарди.

- Кўз тегмасин, «Челси» жорий мавсум аъло даражада ўйнамоқда. Сенингча, «кўклар»ни ҳозирдан чемпионлик билан табриклаш мумкинми?

- Тўғри, ҳеч қайси рақиб собиқ жамоамдан ўзиб кетолмаса керак. Чунки «Челси» - чемпионатнинг энг яхши шаклланган жамоаси. Диего Коста ва Эден Азар ажойиб спорт формасида. Антонио Контени ҳар қанча мақтасак, кам! Ваҳоланки, италиялик мутахассис таркибда катта ўзгаришларни амалга оширгани йўқ. Сафга биргина Н~Голо Канте қўшилди. Лекин «Челси»даги ижобий ўзгаришларнинг асосий сабабчиси айнан Контедир.

- Контенинг статистикасига эътибор бер: унинг жамоалари сўнгги 72та учрашувдан 62тасини ғалаба билан якунладилар! Бунга ишониш қийин...

- Унинг иш услубини амалда кўрганман. Конте футболчиларни чин юракдан ишлашга мажбур этишни билади. Қара, барча йигитлар ажойиб спорт формасида ва қандай вазифаларни бажаришлари зарурлигини яхши тушунишади. Ўйинчилар майдонда гўёки, парвоз қилишяпти - «Халл Сити»га қарши учрашувни бевосита кузатдим. Айни пайт «Арсенал» ёки «Манчестер Сити» шундай ишонарли ғалабага эришолмаса керак. «Ливерпуль» эса, менга ёқяпти, Юрген Клопп ҳам... Аммо бу жамоага барқарорлик етишмаяпти.

- Яқинда Кантени 2016 йилнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этгандим. У ҳозир ҳам улкан ҳажмда иш бажармоқда...

- Аспиликуэтани ҳам унутмаслик керак. Коста ва Азар барчани ўз томонларига қаратишаётгани - ҳақиқат. Лекин Сезар ўнг қанотда ҳам, марказда ҳам доимо ҳозиру-нозир. Мен айнан уни мавсумнинг энг яхши футболчиси, деб ҳисоблайман.

- Айтчи, ўз даврингда футболдан етарли лаззатланганмисан? Мана, менинг бутсаларни михга илганимга 4 йил бўлди. Баъзан ўйлаб қоламан: мунтазам босим остида юрдик, навбатдаги беллашув хусусида доимий ўй-хаёллар...

- Фикрингга тўла-тўкис қўшиламан. Ҳеч қайси муҳим учрашувдан умуман завқ олмаганимни энди тушуняпман. Ҳаттоки, финаллар ҳам лаззат бахш этмаган. Лаззатланиш ҳиссини фақат совринни бош узра баланд кўтарган паллада ва нишонлаш маросимида туйганман. Лекин шунда ҳам кўнглимнинг бир четида кейинги беллашув ташвиши турарди. Яна мағлуб бўлишдан қўрқардим. «Мени майдонга туширмай қўйишса-я, янги мавсумда «Ливерпуль» ёки «МЮ» биздан ўзиб кетса, нима бўлади?» каби хаёллар бир лаҳза бўлсада, тинчлик бермасди.

- Келажагингни қандай тасаввур қиляпсан?

- Мураббийлик лицензияси устида иш олиб боряпман. Мақсадим - футболда қолиш. ОАВга бефарқ эмасман. Журналистика менга ҳам ёқади. Балки U-21 термасида сардорлик боғичини тортиб олгандек, тез орада сени яна ишсиз қолдирарман... (кулади).

Лэмпард футболчилик фаолиятини якунлади

«Челси» клуби ва Англия терма жамоасининг 38 ёшли собиқ ярим ҳимоячиси аввалги ҳафта бутсаларини михга илганини расман эълон қилди. Лэмпард самарали фаолияти давомида 3 марта Англия чемпиони бўлиб, 4 марта мамлакат кубогини қўлга киритди. Шунингдек, Европа ЧЛда ҳам бир марта  зафар қучди. У Англия терма жамоаси сафида 106та учрашув ўтказиб, 29та гол урди. Бутун фаолияти давомидаги статистикаси ҳам ажойиб: 648та ўйин, 211та гол. Барчасини «Вест Хэм»да бошлаган Фрэнк 2001 йили «Челси» сафига қўшилиб, бу жамоа сафида 13 йил ўйнади. 2014 йили эса «Манчестер Сити» ва  ўтган мавсум «Нью-Йорк Сити» шарафини ҳимоя қилди.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:36, 09.02.2017.
Ўқилди: 4825 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.