«Реал» Мадриднинг собиқ аъзоси Ройстон Дренте 29 ёшида футболчилик фаолиятига якун ясаганини эълон қилди.
Футболни Дренте янги машғулоти – репга алиштирди, дея хабар қилмоқда Football.fr нашри.
Ўз вақтида Нидерландия футболининг катта умиди бўлган Дренте “Фейеноорд” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. 2007 йилда 20 ёшли футболчи “Реал” Мадрид билан шартнома имзолаганди. Барча уни ҳамюрти Эдгар Давидснинг издоши сифатида кўрарди. Ҳам қиёфаси туфайли, ҳам унинг майдондаги жанговарлиги билан. Бироқ Роттердамлик футболчи издоши каби бўлолмади.
Мадридликлар сафида 65 учрашувда майдонга тушиб 4 гол урган бўлишига қарамай, нидерландиялик футболчи мадридлклар раҳбариятининг ишончини қозона олмади. Клуб уни “Эркулес” ва “Эвертон”га ижарага бериб юборди. 2012 йилда “Реал» билан шартномаси якунига етгач ўз омадини бир қатор жамоаларда синаб кўрди. «Алания», «Рединг», «Шеффилд», «Кайсери», «Банияс» клубларида ўйнаб чиққан Дренте 29 ёшида футболчилик фаолиятини якунлаб ўзини репга бағишлашини маълум қилди. «Футбол ўйнашни тўхтатаман. «Феенорд» мутасаддилари мени таклиф қилишганига қарамай, мен уларга танловимни қабул қилганлигимни етказаман» дея ўз қарорини баён қилди.
2007 йилда ўсмирлар ўртасида Европа чемпиони бўлган Дренте «Реал» билан бир мартадан Ла Лига, Испания Суперкубогини ютиб олган. Мусиқа оламида энди у Roya2Faces тахаллуси остида ижод қилади. Ҳозирча унинг «Паранойя» қўшиғи Youtube каналида 130 минг марта томоша қилинган.