Ҳатто Юрген Клоппнинг тушларида ҳам бундан яхшироғини тасаввур қилиш қийин бўлса керак: 2017 йилда Премер Лигадаги илк ғалабасига эришган «Ливерпул» ўтган йилги шиддаткор футболини яна қайтариб, «Тоттенҳем»ни энг ҳайратланарли тарзда тор-мор қилди ва лол қолдирди. «Қизиллар» бош мураббийи «Энфилд»га табассум улашадиган футбол кўрсатишни истаганини айтган бўлса, шу куни стадионга келган мухлислар ўйиннинг 18-дақиқасидаёқ Садио Мане иккинчи голини ургач ўта кўтаринки кайфият билан баҳсни кузатди.
Сенегаллик футболчининг ўйини гўёки «Сиз учун қаршилик кўрсатишга энг қийин бўлган футболчи ким?» қабилидаги саволга тўғридан-тўғри жавобни акс эттирди: у таҳдидли даражада тезкор, очиқ, тўпни қайтариб олишга доимо шай ва шафқатсиз эди. Мане дастлаб Лаллана ва Фирминонинг ўзаро ўйини ва Вейналдумнинг ажойиб пасидан кейин Бен Девисни ортда қолдириб меҳмонлар дарвозасини аниқ нишонга олди.
Юрген Клопп бу голни нишонлашни якунлаб улгурмаган бир пайтда Мане Эрик Даердан тўпни олиб қўйиб, олдинга интилди ва Лалланага пас берди. Лондонликлар дарвозабони Уго Лёрис эса дастлаб англиялик ярим ҳимоячининг, кейин Роберто Фирминонинг зарбасини қайтаришга эришган бўлса-да, яна Садио Мане ижросидаги учинчи зарба йўлини тўса олмади ва «қизиллар» 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Яна бир неча дақиқадан кейин эса у 1974 йилдан буён «Тоттенхем»га қарши хет-трик қайд этган «Ливерпул»нинг илк футболчисига айланишига оз қолди.
Коутинё, Лаллана ва Фирмино томонидан ажойиб тарзда қўллаб-қувватлаб турилган «Ливерпул» ҳужум чизиғига қарши Премер Лиганинг энг яхши ҳимояси қандай чора кўришни билмай қолди. Қатор омадсиз ўйинлардан кейин жамоасини яна шу даражага қайтара олган Юрген Клопп эса барча футболчиларидан мамнун эканлигини яширмади.
«Ҳужум сўнгида уни голга айлантирадиган футболчига ҳар доим эҳтиёж бор. Мане бу ишни фантастик тарзда уддалади, ҳаттоки учинчи марта ҳам гол уриши мумкин эди. Мен учун Садионинг бугунги ўта юқори даражадаги ўйини ҳақида гапириш муамо эмас. Бироқ, Роберто Фирминога қаранг – ҳужумчи гол урмасдан бунданда яхши ўйин ўтказишига мен кўп гувоҳ бўлмаганман.У эса 92-дақиқада ҳам 50-60 метр масофани бемалол югуриб босиб ўтди, бу жуда муҳим. Ҳамма ярим ҳимоячилар, умуман барча яхши ўйнади. Жоэл Матип бошида бироз қийналган бўлса ҳамкейин ўз ўйинини топиб олди», – деди германиялик мутахассис.
Мезбонлар шу даражада яққол устунлик кўрсатди-ки, ҳаттоки ўйин тақдири биринчи таймнинг ўзидаёқ ҳал бўлиши мумкин эди. Почеттино танаффусда шогирдларига мағлубиятдан қутулиш мумкинлиги ҳақида гапира олгани учун Лёрисдан миннатдор бўлиши керак. Ўтган ёзда қўлдан чиқарган футболчилари – Вейналдум ва Маненинг ажойиб ўйинлари аргентиналик мутахассисни бундан яна бир марта афсуслантирган бўлса керак.
«Биз ёмон ўйнадик, улар яхши ўйнади. Бу борада баҳсга орин йўқ. Биз ўйинни жуда бепарво тарзда бошладик. Буни тушуниш қийин, мен биринчи таймдаги ўйинимздан жуда хафаман», – деди Почеттино. Иккинчи бўлимда эса меҳмонлар вазиятни ўнглашга уринди, бироқ ҳаракатлар етарли бўлмади. «Тоттенҳем» иккинчи бўлимда яхши ўйнаганини Клопп ҳам эътироф этиб, бунга «Ливерпул»нинг жамоавий ўйини орқалигиниа қаршилик кўрсатилганини таъкидлади.
«Ливерпул» 31-декабрдаги «Манчестер Сити» мағлуб этилган ўйиндан буён илк марта Премер Лига ўйинида гол ўтказиб юбормади. «Қизиллар» ҳимоясидаги муаммолар ва Симон Минёле ўрнини Лорис Кариус эгаллаши кераклиги ёки йўқлиги борасидаги баҳслар авж олган бир пайтда бундай ишончли ўйин Клоппга ёқиб тушгани табиий.
Умуман, «Ливерпул»ниг 2017 йилдаги ўйини кўплаб танқидларга сабаб бўлаётган эди – жамоа янги йилда бунгача фақат бир марта, кубок доирасида «Плимут»га қарши баҳсдагина ғалаба қозонганди. Бироқ «қизиллар» учун мавсум якунлангани ва атиги уч ой олдин Англиядаги энг яхши футболчилар сифатида кўрсатилиб турган баъзи футболчилар формасини йўқотгани ҳақидаги гаплар асоссизлиги кўринди.
Клоппнинг ўз жамоасига ва у ўз йўлини топиб кета олишига бўлган юксак ишончи ушбу ўйиндаги таркибда ҳам ўз аксини топди. 49 ёшли мутахассис ўтган турда «Ҳалл Сити»га мағлуб бўлган асосий таркибда фақатгина бир ўзгариш қилди – ярим ҳимояда Эмре Жан ўрнига тўп назоратига кўпроқ эътибор қаратадиган Вейналдум туширилди. Бу билан Клопп жамоанинг ўзига бўлга ишончини ҳам сақлаба қолди.
Январ ойида ўтказилган 9 ўйиндаги чарчоқ ниҳоят етиб келган бир ҳафталик тўлиқ машғулотларда чиқарилгач, Коутинё ва Африка Миллатлар кубогидан кичик жароҳат билан қайтган Сане ўз формасини тиклаб олишга муваффақ бўлди. Бу «Тоттенҳем»нинг ҳимоядаги бепарво ўйини билан қўшилиб, «Ливерпул»га ўз ўйинини қайтарди. Энди эса «қизиллар»дан кутиладиган ягона нарса – шу йўсинда давом этиш ва мавсумни имкони борича яхши натижа билан якунлаш, асосийси, Чемпионлар лигасига қайтишни уддалашдир.