Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Садио Мане - юлдузга айланган митти жавоҳир

Баҳо:
+ | -

Садио Мане қандайдир икки дақиқа ичида чемпионликка асосий даъвогар - «Тоттенҳэм»ни карахт аҳ­волга солиб қўйди.

Бундан атиги ­бир неча йил аввал Сенегалда чанг ютиб юрган ноёб иқтидор со­ҳиби ҳозирда АПЛ жамоалари учун бар­тараф этишнинг иложи бўлмаган қўрқинчли «офат»га айланди. Goal.com сайти 2016 йилнинг энг сара футболчилари 50талигида 39-ўринга лойиқ кўрилган африкалик митти жавоҳир босиб ўтган йўл ҳақида ҳикоя қилади.

Яшиндек чақнаш - Садио Манега болаликда берилган инъом. Шу хислати эвазига у Начо Монреаль ва Каллум Чемберсни лақиллатиб, «Арсенал» дарвозаси томон йўл топган ва «Ливерпул»даги дебютини ажо­йиб гол билан нишонлаганди. Ундан икки йил аввал «Саутгемптон»да илк марта майдонга тушиб, янги жамоаси фойдасига пенальти ишлаган, тақдир тақозоси билан ўшанда ҳам Лига кубоги доирасида «Арсенал» жабр кўрганди.

Манедаги яшин тезлик Англия учун янгилик бўлса, Сенегал пойтахтидан олисда жойлашган Седиу шаҳарчаси аҳолиси учун яхши таниш эди. Садио ана шу шаҳарчанинг чанг кўчаларида тўп тепиб улғайган. Ниҳоят, 15 ёшга тўлган болакай амакиси ҳамроҳлигида Дакар сари 800 км.ли сафарга отланди.

«Пойтахтга етиб келганимизда стадион менга ўхшаган болакайларга тўлиб кетганди. Тезда бизни гуруҳларга ажрата бошлашди. Ҳеч ёдимдан кўтарилмайди, катта ёшдаги бир киши менга тикилиб турди-да, таажжубини яшира олмаган ҳолда саволга тутди: «Сен бу ерда нима қиляпсан? Наҳотки, кўрикка келган бўлсанг? Шу бутса, шу шорт билан тўп тепмоқчимисан? Қандай қилиб?» Мен унга бундан яхшироқ либосим йўқлигини айтдим. Майдонга тушганимдан кейин ўша одамнинг юзидаги таажжуб ўрнини ҳайрат эгаллаганини кўрдим. Менга яқинлашиб, академияга қабул қилинганлигим, фақат унинг жамоасида ўйнашимни айтди», - дея эслайди Мане.

Ҳа, Садио ўзининг ноёб қобилияти эвазига футбол мутахассислари хайрихоҳлигига осонликча эришди. Аммо ота-онасининг розилигини олиш осон бўлмади: «3-4 ёшли пайтимдан бошлаб тўпдан ажрамаганимни яхши эслайман. Кўчада тўп тепаётган болаларни кўрсам, уларга қўшилмасдан туролмасдим. Улғайгач, стадионга борадиган бўлдим - «кумир»ларимни ўз кўзим билан кўришни истаганча, ўзимни уларнинг ўрнида кўрардим. Терма жамоанинг ЖЧ-2002даги муваффақияти (гуруҳда амалдаги чемпион - Францияни енгиб, чорак финалгача етиб борганди) мамлакат аҳолисига тенги йўқ шодиёнани туҳфа этгач, тақдиримни футбол билан боғлашга аҳд қилдим. Ота-онам руҳоний бўлишгани боис, миллионлар ўйинига қизиқмасдилар. Улар мени бошқа соҳада кўришни исташарди. Охир-оқибат, бутун фикри-хаёлим футболда эканига амин бўлишгач, Дакарга боришимга изн беришди».

Ким ўз фарзандига ёрдам бермайди? Садионинг ота-онаси ҳам уни қўллаб-қувватлаб туришди, амакиси доимий таянч бўлди. Умуман, бегона кишилар ҳам ўз орзусини рўёбга чиқариши учун Манега озгина бўлсада кўмак беришга ҳаракат қилишарди. Мана, энди улар, жумладан, «Мец»га йўл олгунига қадар Дакарда бошпана билан таъминлаб турган кишилар ҳам у билан ҳақли равишда фахрланишади. Маненинг мафтункор ўйинларини интиқлик билан кутадилар. Футболчи Сенегал терма жамоаси таркибида майдонга тушиш учун ватанига қайтганида, стадион мухлисларга тўлиб кетади. Ўз навбатида, ишқибозларга ўз ташаккурини изҳор қилиши мумкин бўлган қулай имкониятни беҳуда кетказмаяпти. Миннатдорчиликдан ташқари, Мане ватандошларини терма жамоанинг етакчисига хос сермазмун ўйинлар билан мукофотламоқда. «Саутгепмтон»дан 30 млн. фунт эвазига ўтган ярим ҳимоячи «Ливерпул»да ҳам сермаҳсул - 11та учрашувда урилган голларнинг 10тасида унинг улуши бор. «Сент Мэрис»даги икки мавсумни ҳам 10тадан ортиқ гол билан якунлади. Яшиндек тезлик, ақлли оёқ, вазиятни ҳис эта билиш қобилияти ва чарчоқ билмаслик хусусиятлари соҳиби икки марта «МЮ»нинг эътиборини тортганди. Бироқ тақдир Манени 2012 йилдаги Лондон Олимпиадасидан бошлаб кузатиб келаётган Юрген Клопп жамоасига раво кўрди. Тўғри, германиялик мураббий уни ўз жамоасига иккинчи уринишда қўшиб олишга муваффақ бўлди. Чунки аввалига Клопп «Зальц­бург» раҳбарияти билан келишолмади, кейинчалик Садио «Саутгемптон»­га йўл олганди. Айтганча, «авлиёлар»­дан илгари Москванинг «Спар­так»и Манега ишониш қийин бўлган қийматдаги шартномани таклиф этган, аммо футболчи савияли чемпионатни моддий манфаатдан устун қўйганди. Ўшанда Юрген Клоппнинг қизиқиши «Боруссия» Дортмунддек ўзига хос жамоадан жой олишига умид уйғотганди. Бир томонда Юрген Садиони кузатишда давом этди, футболчи эса мукаммаллик сари янада интила бошлади: «Орзум амалга ошмагач, ўзимга сўз бердим: бор кучимни юқорироқ савияга кўтарилишга сарфлайман. Шунда кўнглимдаги клубнинг ўзи излаб келади. Амалда ҳам шундай бўлди - «Саутгемптон»даги ишончли ўйинларимдан сўнг Клопп мени ўз жамоасига таклиф қилди. Бунгача амалга оширган ишларимдан мамнунман. Чунки мен малакали мураббийдан сабоқ оляпман. Қачондир мақсадимга эришишимга ишонардим».

«Эмирейтс»да «Ливерпул»даги голлари сонини очгач, Садио қўллари билан Клоппни кўрсатиб, устози томон югурди ва уни қучоқлаб олди. Бу қувончли онлардан сўнг анча вақт ўтди. Бироқ ушбу воқеа Маненинг қанчадан-қанча нарсалардан воз кечгани-ю, қандай қийинчиликларни енгиб ўтганини эслатиб туради. «Ўсмирлик пайтимда яқинларимдан узоқлашиш жуда қийин бўлганди. Онамни, опа-сингилларимни соғинардим. Футболчи бўлишга аҳд қилган эканман, бу қийинчиликларни енгиб ўтишим шартлигини яхши билардим. Шу айрилиқ иродамни тоблади. Менга ўхшаган иқтидорли йигитларнинг аксарияти сўнгги маррагача етиб бора олишмади. Мен эса ҳаммасига чидадим ва ниҳоят, профессионал даражасига эришдим».

Маненинг хонадони Ливерпуль марказида жойлашган. Ҳозирда шаҳар бўйлаб навигатор ёрдамисиз бемалол ҳаракатлана олади. Янги муҳит, янги уй, янги талабларга аллақачон мослашиб улгурди. Қаҳрамонимизнинг «Энфилд»даги фаолияти кутилганидан ҳам жозибали ва самарали бошланди. Ҳужумкор учликнинг аъзоси сифатида у Филиппе Коутиньо ҳамда Роберто Финмино билан ҳамкорликда рақиб ҳимоячиларини аянчли аҳволга солиб қўймоқда. Унинг ҳайратомуз ҳаракатлари мухлисларга завқ улашмоқда. Аммо футболчи ҳар қандай вазиятда ҳам ҳушёрликни йўқотмасликка интилади: «Майдонда футболчи ўткинчи хаёллардан йироқ бўлиши керак. Айниқса, «Ливерпул»га ўхшаган номдор жамоаларда тўп сурадиган бўлса. Акс ҳолда, сен рақибларни эмас, улар сени оёқ ости қилишади», - дейди Мане.

«Қачондир мени ўз таркибига қўшиб олмоқчи бўлган жамоага ўтишимни, ўзим орзу қилган мураббий раҳбарлигида тўп суришимни билардим. Мақсадим - мени яхши биладиган устозим ишончини оқлаш, қўлимдан келганича унга ёрдам бериш. Бошқа ҳар қандай фикрдан йироқман. Ҳозир шу жамоанинг бир бўлаги эканлигимдан мамнунман. Жамоа­дошларим юксак иқтидор соҳиблари. Барчамиз бир мақсад йўлида бирлашганмиз. Маҳоратли шериклар қуршовида тўп суриш анча осон ва завқли», - дейди ярим ҳимоячи.

Мане 15 ёшли ўсмирлик даврини ёдга олиб, ўз кечинмаларини ёш издошларига ибрат сифатида келтиришни хуш кўради: «Болалик пайтингда кўчада тўп сурган экансан, ўзингни футболнинг барча сир-асроридан хабардордек ҳис этасан. Ҳар бир ҳаракатингни ўзига хос услубда бажаришга уринасан, кўпинча бу борада ўзингни тенгсиз ҳисоблайсан. Бироқ мен жуда кўп услубларни, тактик ҳолатлар ва бошқа нозик жиҳатларни академияда ўзлаштирдим. Қолаверса, ҳозир ажойиб мураббийлардан сабоқ олишни давом эттиряпман. Шунингдек, тажрибали жамоадошларимдан ҳам».

«Ўзимни кўпроқ бошқаларни эшитадиган, кузатадиган ва улардан ўрганадиган кишилар тоифасидан, деб биламан. Ўзимни доимо ёш ҳисоблайман, билимга чанқоқман, янада юқорироқ савия сари интиламан. Навбатдаги янги кун қандайдир ижобий нарсани ўрганиш учун берилган ажойиб имконият!».

Мане учун бу фақат бошланиши, холос. «Ливерпуль» мутасаддилари бу хариддан мамнунлар. Аммо уни ушлаб қолмаганлар-чи? Афсусда эканликларига шубҳа йўқ. Кейинги пушаймон - ўзингга душман! Ҳаёт ўзи шунақа!

Маълумот учун

Садио Мане

Туғилган санаси ва манзили: 1992 йил 10 апрель, Седиу (Сенегал)Амплуаси: вингер

Бўйи: 175 см. Вазни:55 кг.Ўйнаган жамоалари: «Мец» (2010-2012); «Ред Булл» (2012-2014); «Саутгемптон» (2014-2016); «Ливерпуль» (2016-...)

Сенегал терма жамоаси таркибида 42 марта майдонга тушиб 12та гол урган

Манедаги яшин тезлик Англия учун янгилик бўлса, Сенегал пойтахтидан олисда жойлашган Седиу шаҳарчаси аҳолиси учун яхши таниш эди. Садио ана шу шаҳарчанинг чанг кўчаларида тўп тепиб улғайган. Ниҳоят, 15 ёшга тўлган болакай амакиси ҳамроҳлигида Дакар сари 800 км.ли сафарга отланди.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:13, 25.02.2017.
Ўқилди: 7689 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.