Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Контени кулдираётган Канте

Баҳо:
+ | -

Маълумки, яқинда хорватиялик тажрибали футболчи Дарио Срна ОАВга интервью берар экан, ҳамюрти Лука Модрични дунёдаги энг кучли ярим ҳимоячи сифатида билишини айтди. Аммо Interfutbol.uz бу фикрга қарши чиқиб, замонавий футболда ким аслида «энг яхши» эканини исботлашга уринди. Хуллас, фақат сермаҳсул ҳужумчиларгина эътирофга арзийди, дейиш - хато!

Модрич «энг яхши»..ми?

Ҳа, тортишиш ўринсиз, Лука чиндан ҳам, ноёб истеъдод соҳиби эканини кўп бора исботлаган ажойиб ярим ҳимоячи. Аммо очиғини айтганда, Модрич барибир, Иньеста даражасидаги афсона эмас. Ҳаттоки, Модрич ва Крооснинг қай бири моҳирроқ эканини аниқлаш учун ҳам махсус тадқиқот ўтказиб, аллақанча ҳисоб-китобларни амалга ошириш зарур. Ёки дейлик, Де Брюйне ҳамда Азарни таққосламоқчи бўлсак, аввало, улар энг юқори спорт формага чиқиб олишини кутиш керак. Замонавий футболдаги энг яхши ярим ҳимоячилар сирасига, шунингдек, Погбани ҳам киритишимиз шарт (гарчи у ўзини унчалик кўрсата олмаётган бўлса-да). Эҳтимол, кўпчиликка бу сезилмаётгандир-у, аммо Тьяго Алькантара ҳам узатмалар самараси борасида Кроос ва Хавиларга тенглашиб, жадал ривожланмоқда. «Атлетико» ғалабаларига катта ҳисса қўшаётган Кокени унутсак, бу ҳам адолатдан бўлмайди. Аммо дунёда шундай бир одам борки, у ўз фаолияти давомида юқорида биз санаб ўтганларнинг бирортаси уддалай олмаган ишни бажарган. Бошқача айтсак, бу инсон елкасида бир эмас, икки клубни тортиб, 15-ўриндан биринчи поғонагача олиб чиққан. Сезгандирсиз, гап «Челси» таркибидаги француз йигити - Н~Голо Канте ҳақида бормоқда.

Кантенинг ўрни қаерда ўзи?

Келинг, аввал «Челси» аъзосига «дунёнинг энг кучли таянч ярим   ҳимоячиси» ёрлиғини ёпиштираётганлар хато қилаётганини исботлаб берайлик. Биринчидан, Канте машҳур ватандоши Макелелега сира ўхшамайди. Чунки ўз вақтида «Реал» ва «Челси» клубларида тўп сурган Макелеле фаолияти давомида фақат таянч ярим ҳимоя марказида ҳаракат қилган. Ҳозирги «Челси» эса маълумки, «3-4-2-1» схемасидан фойдаланади. Иккинчидан, «Лестер» чемпион бўлган ўтган мавсумда Раньери классик «4-4-2» схемаси бўйича иш тутган ва демакки, Кантенинг ёнида мудом иккинчи таянч ярим ҳимоячи бор эди. Ҳа, Канте «тулкилар» сафида кўпроқ «бузғунчилик» қиларди, аммо у «Челси»га ўтганидан сўнг майдондаги вазифаси бироз ўзгарди. Умуман олганда, Н~Голони «Иккинчи Макелеле» эмас, «Биринчи Канте» деб атаганимиз маъқулроқ. Бунинг устига, италиялик мутахассис Антинио Конте ўз дарвозаси олдидаги жисмоний устунликка кўпроқ эътибор қаратгани учун бу ерга Н~Голони эмас, кўпроқ Матични юборади.

Албатта, футболда «тоза» таянч ярим ҳимоячилар ҳам бор. Бундайлар сирасига, мисол учун, Каземиро ёки Бускетсни киритиш мумкин. Аммо Н~Голо - «тўлқинкесар» эмас ва у одатда, Матичнинг ортида ўйнамайди. Гап шундаки, «Челси» ўйини услубига кўра, марказдаги ярим ҳимоячилар нисбатан олдинроққа жойлашишади. Негаки, клуб ўйинида чап қанот ҳимоячиси умуман, вингернинг вазифасини бажаради. Мозес ҳам деярли ҳужумчи, Давид Луис эса - универсал. Хуллас, бунинг натижасида Канте ва Матичлар мос равишда, чап ва ўнг қанотларни ёпишади. Агар буни ўз кўзингиз билан кўришни истасангиз, «Челси»нинг исталган ўйинини томоша қилинг. Бу усул иш бераверса, Конте ҳеч қачон бошқача қарорга келмайди. Қолаверса, мазкур ечим туфайли италиялик мутахассисни айблаш ноўрин. Лекин шуниси қизиқки, ҳатто катта самара келтираётган шу тактик схемада ҳам мураббий Кантени тинмай танқид қилмоқда.

Конте Кантени нега танқид қилади?

Гувоҳи бўлгандирсиз, Канте «Арсенал»га қарши ўйинда ақлга таянган ажойиб ўйин намойиш қилди. Аммо италиялик мутахассис учрашувдан сўнг биринчилардан бўлиб, айнан Н~Голони «сийлади»: «Унинг биринчи тўп узатишлари доим горизонтал йўналишда кетади. Аслида эса тўп фақат олдинга узатилиши керак. Ахир мен ҳам вақтида айнан Кантенинг ўрнида ҳаракат қилганман ва буни биламан». Табиийки, ўйинни яна бир марта кўриб чиқиб, Антонио Конте 100 фоиз ҳақ, деб айтиб бўлмайди. Лекин аслида мураббий тўғри гапирган - «Челси»да эҳтиёткорлик ярамайди, ҳужумлар имкон қадар тезроқ ривожланиши зарур.

Шуниси аниқки, Конте франциялик футболчига қизиққан пайтидаёқ унинг «Кан»даги ўйинларини синчиклаб таҳлил қилиб чиққан. Шунинг учун мураббий шогирди мавсум охиригача икки-учта «ассист» ва бир-иккита гол уриши ҳам мумкинлигини билади. Қуйидаги жадвалдан Кантенинг ўйини ва имкониятлари ҳақида маълумотлар оласиз. Дейлик, Канте «Кан»да ўйнаб юрган кезлари ҳам вазиятлар яратиб, ҳам рақиб ҳужумини бузган ва шунга яраша, голлар, узатмалар кўп бўлса-да, «пас»лар аниқ эмасди.

«Лестер»да эса Раньери Кантедан асосан, рақиб ҳужумини тўхтатиб, қарши ҳужум бошлашда фойдалангани учун тўпни эгаллаб олиш кўрсаткичи нисбатан юқорироқ - 156 та. Ҳужумни ёқтирадиган «Челси»да эса, «биринчи пас»ларнинг аҳамияти катта бўлиб, Канте айнан шу жиҳатдан натижасини яхшилашга эришди. Дарвоқе, Н~Голо майдонда худди ақлли робот каби ҳаракат қилгани боис, шу пайтгача ўйинларда ўртача 1,5 мартадан қоида бузяпти. Бу эса албатта, «бузғунчи» учун ҳайратланарли даражада кам. Раньерини ҳам, Контени ҳам хурсанд қилган яна бир ҳолат: Канте - сертабассум, ёқимтой йигит. Шу сабабли Клаудио Раньери унга худди ўз ўғлидек муомала қилади. Мисол учун, «Челси»га қарши ўйин арафасида «Лестер» устози мухлисларга юзланиб, Кантени илиқ кутиб олишни таклиф қилди. Ўзи эса собиқ шогирдига меҳр билан қучиб, елкасига қоқиб қўйди. Бу пайтда футболчи ва икки бахтиёр мураббийнинг юзида табассум жилва қиларди. Ахир, ҳеч қачон «юлдузлик касали»га чалинмаган, камтаргина йигитни ким ҳам ёқтирмасди?! 

Канте - яхши «ўқувчи»ми?

Очиғини айтганда, ўйин вақтида вазиятларни «ўқиш» борасида французнинг олдига туша оладиган футболчи кам топилади. Кантедаги яна хусусиятлардан бири шуки, у доим ёнидаги шеригига катта ёрдам беради. Айнан шунинг учун Кантенинг ёнида Дринкоутер ҳам, Матич ҳам нисбатан яхшироқ ўйин кўрсатаётгандек туюлишади. Синчиклаб кузатсангиз, НГоло ўйин давомида бутун майдон бўйлаб ҳаракатланса-да, ҳеч қачон рақиб жамоа сафидаги энг хавфли футболчиларни эркин ҳаракат қилишига йўл қўймайди.

Энди бошқа ярим ҳимоячиларнинг ўйин борасидаги камчиликларига тўхталиб ўтсак: Срна мақтаган ўша Модрич доим барқарор самара келтиравермайди. Кроос эса ҳеч қачон «бузғунчилик» қила олмайди ва рақиблар оёғи остига Каземиро ёхуд Бускетслар каби дадиллик билан ташланмайди. Шу боис, Канте биз санаб ўтган футболчилар ичида универсаллиги билан алоҳида ажралиб турибди. Қолаверса, биз билган топ-клубларда жамоани совринларга етакловчи Бэйл, Роналду, Неймар, Месси ёки Суарес каби футболчилар ҳам бор. «Лестер» ва «Челси» клубларида эса айнан француз жамоа тактикасини белгилаб берувчи омил ҳисобланади. Канте таркибда бўлган ва бўлмаган жамоаларнинг натижалари қандай бўлишини кўришни истайсизми? Оддийгина, муҳим рақамлар: «Челси» ўтган мавсумда 24 турдан кейин 29 очко жамғарган, «Лестер» эса  - 50. Ҳозирда Н~Голо лондонликлар шарафини ҳимоя қилмоқда ва «аристократлар» 24 ўйиндан сўнг 59 очко тўплашди. Француздан айрилган «Лестер» эса - атиги 21 очко.

Нголо муносиб баҳоланяптими?

Баъзида футболчилар ҳақида гапирар эканмиз, «етарлича баҳоланмаган» жумласидан фойдаланишга мажбур бўламиз. Дейлик, Кантени ҳам аксарият футбол мухлислари буюк футболчи сифатида тан олишмайди. Бунинг сабаби шундаки, биз доим ҳужум чизиғи вакилларига кўпроқ эътибор қаратиб, уларнинг оғзини пойлашга ўрганиб қолганмиз. Бироқ шундай дунё тан олган ҳужумчиларни таркибга жамлаган бирор-бир топ-клуб мағлубиятга учраса, истаймизми-йўқми, ҳимояга ҳам диққат қаратишга мажбур бўламиз. Айни вақтда «Челси» ўрта масъул саналган Канте худди ўтган йилги «Лестер»да бўлганидек, ажойиб ўйин кўрсатмоқда. Юқорида айтилганидек, кичик бир ўзгаришлар бор-у, аммо самара - ўтган йилгидан-да,  юқори. Ҳа, тортишмаймиз, Модрич, Кроос, Алькантара, Погба - булар ҳозирги даврнинг энг ёрқин ярим ҳимоячилари. Иньеста - тирик афсона. Бироқ Канте замонавий футболда ўз ўрнига эга. У - хавфли биринчи «пас»лар устаси.

Нголо Кантенинг охирги уч йилдаги кўрсаткичи

Кантенинг устунликлари нимада?! У ҳужум қилаётган рақиб фикрини аъло даражада «ўқийди». Вақтдан илгарилаб кетиб, бошқалар нима рўй бераётганини тушунгунларича, мақсадига эришиб бўлади. Унинг олдида «паслар устаси» саналган Озил кичкина ва фойдасиз футболчига айланиб қолади. Кантени пул ёки мукофотлар эмас, бутун дунё ишқибозлари кўнглидан жой олиш кўпроқ қизиқтиради. Французнинг иқтидорига гувоҳи бўлиб, футболдан роҳат олиш учун «Челси» мухлиси бўлиш шарт эмас. Канте - муносиб эътирофларга мос йигит ва «Лестер» эртаги - айнан шу футболчининг меҳнатлари маҳсули. Маълумки, футбол академияларида тарбияланувчиларга миллионлар ўйинининг барча сир-асрорлари тўлиқ ўргатилмайди. Шу маънода айтсак, Кантега ҳам «Кан»да мукаммал сабоқ беришмаган. Бироқ бу йигит амалга ошираётган «мўъжизалар»нинг жозибаси ҳам худди шунда. Чунончи, «ҳамма нарсани билмайдиган» Канте ҳамон изланишда ва унинг савияси янада ўсиши мумкин. Н~Голо ҳатто, ҳозирги ҳолатида ҳам «Реал», «Барселона» ёки «Бавария»даги мақталган футболчилардан кўра тезроқ, фойдалироқ ва ақллироқ ҳаракат қилмоқда. Бас, шундай экан, уни мақтамай, яна кимни мақтайлик?!

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 14:30, 26.02.2017.
Ўқилди: 9964 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.