Эдерсон ди Мораес сўнгги йилларда «Бенфика» мухлислари ёқимтойи, Бразилия термаси умиди ва замонамизнинг энг яхши дарвозабонларидан бирига айланди. У ЕЧЛ доирасидаги «Боруссия»га қарши кечган баҳсда юқори савияли ўйин кўрсатиб, деярли бир ўзи германияликларни мағлубиятга учратди. Бугун айнан шу кипер ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Кўча футболидан Европа яшил майдонларига
«Ўзим туғилган шаҳар - Базаскодан ёрқин хотиралар қолган, - деганди ёш дарвозабон ўтган мавсум охирида. - Эсимда, кўчада оддий шиппакда футбол ўйнардик. Миллионлар ўйинига худди шундай ҳолатда кириб келганман».
Эдерсоннинг катта футболдаги фаолияти 2008 йили Бразилиянинг «Сан-Паулу» клуби ёшлари сафида бошланиб, бир йилдан сўнг «Бенфика» селекционерлари назарига тушган. Шу тариқа 15 ёшида Португалия жамоасига кўчиб ўтди. «Бенфика» таркибига келиб қўшилганимда, оиламнинг узоқдалигидан кўп қийналганман. Яқинларимни соғинардим, аммо тез орада бунга кўникдим. Таомлар, тил, маданият - бу ерда ҳаммаси деярли бизнинг мамлакатдагидан фарқ қилмайди».
Португалча ҳаётга кўникиш қийин бўлмади, бироқ «Бенфика» ўйинига мослашиш маълум вақт талаб этди. Эдерсон «бургутлар» асосий таркибига кириш учун тўрт йил сарфлади. Бунга қадар камтарона «Риберайю» клуби сафида минтақавий турнирларда қатнашди, Португалия ўртамиёнаси «Риу Аве»да ўйнади. 19 ёшли дарвозабон айнан шу жамоанинг асосий таркибида мунтазам кўриниш берди. Шу тариқа португалиялик журналистлар унинг узоқ масофадан йўлланадиган кучли айланма зарбаларни қайтариш хусусиятини эътироф эта бошлашди, қойилмақом сейвлари ҳақида бонг уришди.
«Бенфика» эса собиқ киперининг ўсаётганини пайқаши ҳамоно дарҳол уни ортга қайтарди. Аммо бу ерда Мораес захира вакилига айланди.
«Кумир»ининг ўрнига
Эдерсон Европага кўчиб ўтганига бир йил бўлганда, бошқа бир бразилиялик дарвозабон Жулио Сезарнинг ЕЧЛда ғолиб чиққанини кўрди. «У менинг ҳақиқий «кумир»им», - деди Эдерсон 2010 йили ҳамюртининг муваффақиятини такрорлашга бел боғлаганини эсларкан.
Улар 2015 йили «Бенфика»да кўришишди. Сезар фаолиятининг сўнгги паллаларини Португалияда ўтказишга қарор қилиб, асосий таркибдан муқим жой эгаллаганди. Фақатгина бир йил ўтиб, Эдерсонда «кумир»ининг ўрнини эгаллаш имконияти туғилиб, у фурсатдан унумли фойдаланди.
Сезар энг муҳим палла - ЕЧЛ 1|8 финали доирасидаги ўйинлар ва «Спортинг»га қарши кечадиган дерби арафасида жароҳат олди. Эдерсон дастлаб чемпионатни «қуруқ» ўтказди, сўнгра Санкт-Петербургнинг «Зенит» клубини еврокубоклардан чиқариб юбориб, чорак финалга йўл олишга ҳисса қўшди. «Бенфика» бундай натижага сўнгги ўн йилда атиги икки марта эришганди. Шунингдек, «бургутлар» маҳоратли посбон билан чемпионатда ғолиб чиқишди, ваҳоланки, кўпчилик «Спортинг»нинг якунда биринчи ўринни эгаллашини кутганди.
«Кўп ишлайман»
Жорий мавсум бразилиялик дарвозабон учун ажойиб кечяпти - 26та ўйиндан 16тасини «қуруқ» ўтказди. У ҳозирданоқ Европа суперклублари эътиборини тортмоқда. Эдерсонни қўлга киритишга айниқса, кипер масаласида омади чопмаётган «Манчестер Сити» ва «Барселона» астойдил қизиқиб қолишган. «Бенфика» раҳбариятига яқин бўлган A Bola газетасининг ёзишича, Хосеп Гвардиола Эдерсонни шахсан кузатаётган экан. «Шаҳарликлар» қишда уни қўлга киритишга уриниб кўришган, аммо шайхларнинг 45 миллион евролик таклифи рад этилганди. Боз устига, барчага яхши таниш, дунё футболидаги энг обрўли шахслардан бири - Жорже Мендеш ушбу кипернинг агенти ҳисобланади. Шундай экан, бразилияликни олдинда шов-шувли трансфер кутиб тургани аниқ. Шу мавсум ёки кейингисида албатта, бўлади. Эдерсон мухлислар орасида жуда машҳур, чунки у футболга борини беради. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ўйин борасидаги фикрларга тўлиб-тошади, «Фейсбук»даги ҳар бир саволга жавоб қайтаради, интервьюларида эса ишқибозларни жуда ҳурмат қилишини тез-тез такрорлайди.
Эдерсон ички чемпионатга қараганда, ЕЧЛда кўп тўп ўтказиб юборяпти, аммо асосийси, муҳим паллада жамоага ёрдам беряпти. Киевнинг «Динамо»сига қарши кечган ҳар икки баҳсда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди, пенальтини қайтарди. Шу тариқа «бургутлар» «плей-офф»га йўл олишди. Бу босқичда эса яна Мораеснинг сейвлари асқотди.
«Боруссия» билан ўйинни ёрқин дейиш қийин. Португалияликлар бу учрашувда ҳимояланиб, асосийси гол ўтказиб юборишмади. Эдерсон бир неча марта жамоадошлари жонига оро кирди. Яна пенальтидан йўлланган зарбани қайтарди. Келажаги порлоқ дарвозабоннинг ушбу баҳс олдидан гапирганлари амалда ўз исботини топди: «Кўп ишлайман, айниқса, стандартлар устида: жарима зарбаларини қайтараман, рақиблар сафидаги пенальти ижрочиларини ҳаракатларининг ўрганаман». Унинг меҳнатлари муваффақият келтирмоқда.