Бугун тунда кўплаб футбол мухлисларининг нигоҳи Лондон шаҳридаги “Стэмфорд Бридж” стадионига қаратилади. Унда Англия Кубогининг 1/4 финалидан ўрин олган “Челси” ва “Манчестер Юнайтед” клублари майдонга тушишади.
“Туманли албион”нинг энг номдор клублари ҳисобланадиган мазкур жамоалар қарама қаршилиги чорак финал босқичига якун ясаб беради. Мазкур босқичдан ўрин олган 3та баҳсдан сўнг “Манчестер Сити”, “Тоттенҳэм” ва “Арсенал” клублари кейинги босқич йўлланмасига эга бўлиб улгуришди.
Манкунианликлар сўнгги маротаба 1999 йилда “аристократлар”ни мағлубиятга учрата олишган ва шундан буён ҳали лондонликлар мағлубиятга учрашмаган. Мазкур учрашувда ҳам бу серия давом этиши эҳтимоли борган сари ошиб бормоқда. Сабаби, “Манчестер Юнайтед” ушбу учрашувда бир йўла тўртта ҳужумчиси ҳизматидан фойдалана олмайди: Златан Ибраҳимович учта ўйинга дисквалификация қилинган бўлса, Антони Марсял жароҳат сабаб бу ўйинда майдонга тушмайди. Маркус Решфорд эса бетоб. Бу ҳам етмаганидек Уэйн Руни машғулот жараёнида ҳимоячи Фил Жонс билан тўқнашув оқибатида оёғидан жароҳат ортириб олган.
Лондонликлар сафида эса жиддий йўқотишлар йўқ. Ўйин соат 00:45да бошланади.