Япониялик «қаримас» ҳужумчи Казуёши Миура аввалги ҳафта 50 йиллик юбилейини ғалаба билан нишонлади. «СЭ» нашри шу баҳона япон футболи фахрини алоҳида табриклаган ҳолда, бошқа машҳур суперфахрийларни ёдга олди. Хўш, Миурадан ташқари, яна кимлар «қари»-ликни тан олмай, профессионал даражада узоқ вақт фаолият юритишган?
Казуёши МИУРА
Ёши: 50
Амплуаси: ҳужумчи
Клуби: «Йокогама» (Япония)
Миура 15 ёшида мактабдаги таҳсилни ташлаб, Бразилияга йўл олади ва кейинчалик «Сантос» билан биринчи профессионал шартномасини расмийлаштиради. Орадан бир неча йил ўтгач, таваккал иш тутишдан чўчимаган йигит ватанига қайтиб, тақдирини «Верди Кавасаки» клуби билан боғлайди. У бу жамоа сафида Япониянинг 4 карра чемпиони бўлишдан ташқари, мамлакат термаси етакчиси сифатида Осиё кубоги ғолибига айланади. Қолаверса, 1993 йили J-лиганинг энг фойдали футболчиси мақомига муносиб кўрилади. Миуранинг муваффақиятлари итальянларни бефарқ қолдирмайди ва ҳужумчи ижара келишуви асосида «Женоа» сафига қўшилади. Шундай қилиб, Казуёши «А» сериясида бир мавсум тўп суриб, «Генуя дербиси»да гол ургани билан эсда қолади. Футболчи Италия сафаридан сўнг яна ортга қайтиб, Япониянинг турли жамоалари шарафини ҳимоя қилди. Миура якунда «Йокогама»дан қўним топди: нақ 12 йилдан буён шу клубда ўйнамоқда. Дарвоқе, жамоа фахрий футболчининг юбилей туғилган кунида лигадаги энг кучли клублардан бири - «Мацумото Ямага»ни 1:0 ҳисобида енгиб, унга ўзига хос совға ҳозирлади. 11-рақам остида тўп сурувчи 50 ёшли «чол» - Миуранинг ўзи шу куни майдонда нақ 65 дақиқа ҳаракатланиб, «Йогокама» муваффақиятига озми-кўп ҳисса қўшди, гарчи гол билан тугаган комбинацион ҳужумда иштирок этмаган бўлсада.
Стэнли МЭТЬЮЗ
Ёши (фаолиятини якунлаган вақтда): 50
Амплуаси: ҳужумчи
Охирги клуби: «Сток Сити» (Англия)
Бетакрор Мэтьюз нақ 33 йилга чўзилган бутун фаолиятини 2та клуб - «Сток Сити» ва «Блэкпул»га бағишлаб, улар билан атиги битта соврин (Англия кубоги) ютган. Эътиборли факт: ҳужумчи шунча узоқ вақт катта ўйинларда мунтазам иштирок этган бўлсада, лоаақал бир марта огоҳлантирилмаган. Шу сабаб, замонавий экспертлар уни «Футбол оламининг бош жентльмени» сифатида улуғлашади. Мэтьюз 37 ёшда бўлган вақт «Блэкпул» мураббийи ҳужумчи ҳали ўзининг энг яхши ўйинларини кўрсатмаганини таъкидлаган ва бу борада тўла ҳақ эди. Ахир Стэнли 41 ёши (!)да «Олтин тўп» лауреатига айланиб, такрорланмас тарих ёзади. Умуман, у 2та жаҳон чемпионати (1950 ва 1954 йилларда)да иштирок этишдан ташқари, рекорд ҳам ўрнатади. Яъни 1958 йили 42 ёшу 102 кунлигида Англия терма жамоаси сафида охирги марта майдонга тушиб, «уч шерлар» тарихидаги энг «қария» футболчи мақомини олади (бу масаладаги рекорд ҳозиргача янгилангани йўқ). Яна бир диққатга сазовор томони, Мэтьюз 48 ёшида ўз фаолиятида иккинчи марта Англияда йилнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилади. У серқирра фаолиятини 50 ёшу 5 кунлигида якунлайди ва Буюк Британия қироллигидан рицар унвонини олган биринчи футболчи бўлади.
Фарид МОНДРАГОН
Ёши (фаолиятини якунлаган вақтда): 43
Амплуаси: дарвозабон
Охирги клуби: «Депортиво Кали» (Колумбия)
Мондрагон 24 йиллик фаолияти давомида Жанубий ва Шимолий Америка ҳамда Европада шараф билан ўйнади. Мексикалик кипер энг катта ютуқларини Туркияда тантана қил- ди - «Галатасарой» билан 2 марта мамлакат чемпиони бўлди ва миллий кубокни ҳам боши узра баланд кўтарди. Хусусан, 2001 йили Мирча Луческу қўл остида ишончли ҳаракатланди. Эътиборли факт: Мондрагон 20 йиллик оралиқда жаҳон чемпионатида иштирок этган ягона футболчидир. Яъни АҚШ-94 мундиалида дебют қилган Фарид Бразилия-2014га ҳам борди. Орада ЖЧ-98да ҳам қатнашганди. Умуман, у асосий турнир рекордчиси саналади - 2 йил олдин Бразилияда майдонга тушганида 43 ёшу 3 кунлик эди. Мексика термаси чорак финалда мусобақа мезбонига имкониятни бой бергач, Мондрагон қўлқопларини михга илишни маъқул кўрди. Айтганча, ўтган йил матбуотда рекордчи дарвозабон ўз жонига қасд қилишга урингани ҳақида хабарлар тарқалди. Муҳими, у ҳамон ҳаёт.
Питер ШИЛТОН
Ёши (фаолиятини якунлаган вақтда): 47
Амплуаси: дарвозабон
Охирги клуби: «Лейтон Ориент» (Англия)
Питер Шилтон - футбол тарихида расмий ўйинларда қатнашиш бўйича жаҳон рекордчиси. У жами 1390та учрашувда майдонга тушган. У шунинг баробарида футбол ватанпарваридир. Зеро, бутун фаолиятини Англияда ўтказган. «Болаликдан «Лестер» учун» - ушбу иборани бемалол Питер Шилтонга нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Дарвозабон «тулкилар» жамоасига мухлислик қилиш билан чекланмай, унинг сафида ўйнаган ҳам. Аниқроғи, бўлажак машҳур кипер фаолиятини айнан қадрдон шаҳрида бошлаб, унинг либосида 337 марта майдонга тушган. Аммо «Лестер»даги 8 йиллик фаолиятида айтарли ютуқларга эришмаган. Фақат ўтган асрнинг 70-йиллари охирида бутун Европани ларзага солган «Ноттингем Форест» сафига қўшилганидан кейин 4та миллий соврин ютишдан ташқари, қитъа Чемпионлар кубогида 2 марта зафар қучган ва УЕФА суперкубоги соҳибига айланган. Шилтон кейинчалик «Дерби» ва «Плимут» каби бир қатор жамоалар дарвозасини қўриқлади, аммо айтарли натижаларсиз. У фаолиятига Англия учинчи дивизионида хотима ясади.
Эссам ал ҲАДАРИ
Ёши: 44
Амплуаси: дарвозабон
Клуби: «Вади Дежла» (Миср)
Африканинг икки карра энг яхши дарвозабони (2001 ва 2006 йиллар) Мисрда гўёки, ҳисобсиз совринлар ютган. Эссам шунингдек, қитъа клублари миқёсидаги халқаро турнирларда етарлича муваффақият қозонган, Африка миллатлар кубогида нақ 4 марта зафар қучган. Фаолиятининг катта қисмини Мисрнинг «Ал-Аҳли»сига бағишлаган кипер унинг таркибида 500 мартадан кўпроқ майдонга тушган. 2008 йилга келиб, ал Ҳадари ўзбошимча йўл тутиб, Швейцариянинг «Сьон» клуби билан шартнома тузди. Эътиборлиси, Миср футболи фахри бир уринишда клубнинг асосий дарвозабони ролини қўлга олиб, у билан Швейцария кубогини ютди. Бироқ мисрликлар шартнома юзасидан ФИФАга шикоят ёзишгач, «Сьон»нинг жарима тўлашига тўғри келди. Қолаверса, жамоа бутун бир мавсум давомида янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Ал Ҳадари эса ватанига қайтди, гарчи мухлислар хунук ҳолда қабул қилишларини билсада. Чунончи, улар дарвозабонни миллий жамоадан четлатиш талаби билан чиқишганди. Бироқ вақт ўтгани сайин эҳтирослар босилди ва қочоқ кипер мамлакат термаси ҳамда клубларининг совринлар ютишига ҳисса қўшишда давом этди. Ал Ҳадари хусусан, жорий йил бошида Африка кубогига борди ҳамда турнир тарихида майдонга тушган энг ёши катта футболчи бўлди. Миср термаси эса унинг ёрдамида навбатдаги совринни ютишга яқин келди. Аммо ҳал қилувчи баҳснинг сўнгги дақиқаларида Эссам иккинчи голни қўйиб юборди ва «фиръавнлар» кумуш медаль билан чекланишди.
РИВАЛДО
Ёши (фаолиятини якунлаган вақтда): 43
Амплуаси: ҳужумчи
Охирги клуби: «Можи-Мирим» (Бразилия)
Бразилиялик юлдузни бемалол футбол масаласида жаҳон фуқароси сифатида таърифлаш мумкин. Унинг хизмат дафтарчасида Бразилия, Испания, Италия, Греция, Ўзбекистон ва ҳаттоки, Ангола клублари номи бор. Ривалдо «Палмейрас»да ўта ёрқин нур сочганидан сўнг 24 ёшида «Депортиво» сафига қўшилди ва бу клуб орқали «Барселона»га ўтди. Умуман олганда, Ривалдо футболдаги энг яхши даврларини айнан Каталония жамоаси, шунингдек, «Милан»да бошдан кечирди. Дейлик, бу клублар билан 4та миллий соврин ютиш баробарида евротурнирда 3 марта ғолиблар шоҳсупасига чиқди. Қолаверса, «Олтин тўп» лауреатига айланди, ФИФА томонидан жаҳоннинг энг яхши футболчиси, деб топилди. 2013 йилга келиб, моҳир ҳужумчини тиззасига боғлиқ муаммолар қаттиқроқ безовта қила бошлади ва у яна бир йилдан сўнг бутсаларини михга илганча «Можи-Мирим» президенти лавозимида тўлақонли ишлашга ўтди. Аслида умр бўйи футбол ичида юрган киши учун тўп билан хайрлашиш осон эмас. Хуллас, Ривалдо 1 йил четда қолганидан сўнг яна майдонга қайтишга уриниб кўрди, аммо чамаси 2 ойча шуғуллангач, жароҳати тўлақонли ўйнашига имкон бермаслигини тушуниб етди. Натижада футболчиликдан батамом умид узиб, клуб бошқарувидаги вазифаларига эътиборни оширди.
Роже МИЛЛА
Ёши (фаолиятини якунлаган вақтда): 44
Амплуаси: ҳужумчи
Охирги клуб: «Путра Самаринада» (Индонезия)
Роже Милла жонажон ватани - Камерунда профессионал футболга қадам қўйгани ҳамоно юқори маҳсулдорлиги билан кўзга ташланади. Дейлик, у «Леопардс Дуала» клуби сафида мамлакат чемпионати олтин медалини қўлга киритиш баробарида Африка Чемпионлар кубоги ярим финалига чиқади. Ламбада рақсини гол нишонлаш воситасига айлантирган ҳужумчи 25 ёшга тўлгач, Францияга йўл олади ва «Валансьен» билан шартнома тузади. Бироқ клуб легионерларга белгиланган чеклов сабаб, камерунликни ҳаваскорлар жамоасига жўнатади. Орадан 2 йил ўтгач, уни «Монако»га сотишади, кейин «Бастия»га. Милла еврофутболдаги энг омадли даврини шу жамоаларда бошдан кечиради. Яъни ҳар иккиси аъзоси сифатида Франция кубоги соҳибига айланади. Роже шундан сўнг Камерунга қайтади, фаолиятига эса Индонезияда нуқта қўяди. Милланинг мамлакат миллий жамоасида 20 йилдан кўп ўйнаган футболчи сифатида ном қозонганини ҳам айтиш керак. У камерунликларнинг Африка кубогида икки бора зафар қучишлари ва жаҳон чемпионати-90 чорак финалига чиқишларига катта ҳисса қўшгани билан мақтанишга ҳақли. Айтганча, ЖЧ-94 доирасидаги Россия - Камерун ўйинида Олег Саленко 5та гол уриб, рекордчига айланган бўлса, Милла ҳам ўз номини тарихга муҳрлаган. Яъни у жаҳон чемпионатларида голга муаллифлик қилган энг ёши катта футболчи бўлганди. Ўша вақт Роже 42 ёшу 1 ойлик эди.