Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Раньерисиз “Лестер”даги ҳаёт

Баҳо:
+ | -

Клаудио Раньери кетганидан буён, “Лестер” ғалаба таъмини қайта топиб олгандек… Тасодифми бу?

Ўтган мавсумда “Лестер”ни Премер Лига чемпионлигига бошлаб бориб, орадан тўққиз ой ўтгач «сеҳрли эртак» қаҳрамони Клаудио Раньери кетма-кет мағлубиятлардан кейин ўз истеъфосини қабул қилиб олди. Барча ҳайратда, туйғулар чексиз. Италиялик мураббий футбол оламининг деярли кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланди. Ҳатто баъзилари бу қарорга қарши фикрлар билдиришди. Оғир ва қийин қарор, бироқ клуб раҳбарияти олдида биргина йўл бор эди: қандай қилиб бўлмасин, клубни Премер Лигада сақлаб қолиш.

Ёрдамчи мураббий, Крейг Шекспир жамоага вақтинчалик бош мураббий этиб тайинланди ва орадан тўрт кун ўтиб “Лестер” билан ғалаба нашидасини сурди. Яна кимга қарши?! Юрген Клопп бошчилигидаги “Ливерпул”га қарши баҳсда “тулкилар” ҳудди ўтган мавсум якунидагидай иштиёқ билан ўйнади ва ўйинни ўз фойдаларига ҳал қилди. Жейми Варди сўзсиз ўйин қаҳрамонларидан бири бўлди. Ўз ўйинини қайта топиб олган Варди икки бора рақиб дарвозасини ишғол қилди ва 2016-йил 31-декабридан буён чемпионатда давом этиб келаётган голсиз церийасига нуқта қўйди. Ўтган мавсум тўпурарининг голсиз церийаси нақ 637 дақиқа сурди.

Жамоа бош мураббийлигига Рой Ҳожсон, Манчинилар келиши ҳақидаги миш-мишларга қарамай, айнан Крейг Шекспир мавсум якунига қадар жамоа устози бўлиш учун идеал вариантга айланди. “Қизиллар” устидан қозонилган ғалаба ва Премер Лигада жон сақла қолиш учун курашаётган “Ҳалл Сити” устидан 3-1 ҳисобида зафар қучиши вақтинчалик бош мураббийнинг имкониятларини ошириб юборди. “Лестер” бу мавсумда чемпионатда ҳали бирор марта кетма-кет икки марта ғалаба қозонолмай келаётганди.

Бу икки ғалаба Клаудио Раньери истеъфосидан хафа бўлиб юрган клуб мухлисларига анча тасалли берди. Бундан ташқари 15-ўринда бораётган жамоа заҳирасида яна бир ўйин бор, “хавфли зона”дан эса бироз узоқлашгандек.

Раньери қўли остида клуб сўнгги тўққиз ўйинда атиги бир ўйинда ғалаба қилди. У кетганидан буён икки ўйинда икки ғалабага эришилди. Албатта, ҳали хулоса чиқаришга эрта, бироқ, ҳозирги натижалар, футболчиларнинг кўрсатаётган ўйини барча муаммо мураббийда бўлганини кўрсатмоқда. Италиялик мураббий қўли остида сўнгги 6 учрашувда бирорта ҳам гол ура олмаган жамоа, унинг истеъфосидан сўнг икки ўйинда 6 гол урди! Буларнинг барчаси ёки тасодиф, ёки жамоа ичида муаммолар бўлган. Алан Ширер эса бу ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди: “Бу йил Раньери билан хоҳиш ва истак йўқ эди, улар ўз устида қаттиқ ишлашмади. “Ливерпул”га қарши эса ҳар бир ўйинчи тез югурди, бир неча марта спринтни амалга оширди ва бу шуни кўрсатмоқдаки, футболчилар мураббийнинг кетишини хоҳлаган”.

Италиялик мураббийнинг истеъфога чиқарилиши ҳозирча ўз мевасини бермоқда. Бироқ, нега футболчилар унинг қўли остида ҳозирги даражадаги ўйинларини кўрсатишмади? Раньерининг тактик схемалари Жейми Варди ва Каспер Шмейхел каби баъзи футболчиларга ёқмаганлиги турган гап. Бу барчаси баҳона албатта, аммо Денни Дринкуотернинг интервюсидан маълум бўлдики, футболчилар қийин тактик схемаларда ўйнашни хоҳламаган. “Биз ҳаммамиз содда нарсаларга мойилмиз. Уни қийинлаштиришга сабаб йўқ. Барчасини имкон қадар соддалаштириш керак. Биз ҳар қандай мураббийнинг орқасидамиз. Аммо ҳамма тушуниб турибдики, Шекспирдан яхшиси йўқ. Биз уни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз”.

Раньери таниқли бўлмаган футболчилар билан имконсиз ишни амалга оширди. У жамоага кутилмаган совринни тақдим этди ва бунинг учун у клуб тарихида абадий қолади. Унинг ёрдамчиси Шекспирнинг бошқаруви эса «сеҳрли эртак»нинг иккинчи саҳнаси бўлишини кутиб қоламиз.

Манба: muhokama.com
Киритилди: 22:01, 14.03.2017.
Ўқилди: 9224 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.