Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Қаҳрамон Асланов блогида: «Болларда айб йўқ»

Баҳо:
+ | -
Ҳаммамиз кутганимиздек, Темурхўжа Абдухолиқов ниҳоят асосий таркибда майдонга тушиб, ҳеч нарса қила олмай ўрнини Сергеевга бўшатиб бераётганда, твиттерда кимдир ёзди – “бу ярим ҳимоячилар билан ҳар қандай ҳужумчи ҳам яхши ўйнай олмайди”.

Шу фикрни ривожлантириб, Жепаровнинг ёши, Аҳмедовнинг даври ўтиб қолгани, уларга ўринбосар йўқлигига улаб улаб, ҳатто болалар футболига ҳам боғлаш мумкин. Балки шунақа мақола ҳам жуда зўр чиққан бўларди. Ёки айнан қайси хато, қайси тактика эвазига ютқаздиг-у, нега бундай бўлди, деб жавоб излаш ҳам мумкин, бу ҳам қизиқ. Аммо Аҳмедовнинг мана шу ҳоли ҳам, ҳар қанча тортишмайлик, Суриянинг энг зўр футболчисидан яхшироқ эканини барибир ичимизда тан олиб турганимиз учун таркибни кавламай, оддий футбол ҳақиқатини айтиш билан кифояланаман.

Етмишинчи йилларда революция туюлган бир тушунча ҳозирга келиб, оддий футбол алифбосига айланиб бўлди – футболда ҳимоя, ҳужум, ярим ҳимоя дегар алоҳида тушунчалар йўқ. Ё эшитганмимиз, фалон жамоанинг ҳужумчилари кучли, фалон жамоанинг ярим ҳимояси даҳшат, деб?

Қисман эшитамиз, аммо бу ҳам бироз нисбий, ном ўлароқ айтилади. Ва бундай фикрларни синдириш жуда осон: Европада энг кўп гол урган жамоа – “Монако”. Энг кам ўтказиб юборган жамоа – “Тоттенҳэм”.

Яъни футбол ўйнаш иккига бўлинади: Ҳимояланиш ва Ҳужум қилиш. Тамом. Ҳар икки жараёнда ҳам бутун жамоа иштирок этади. Ҳужумни яхши дастаклай олмайдиган ҳимоячилар ҳам, ҳимоялана олмайдиган ҳужумчиларга ҳам эхтиёж кам ҳозир.

Демак, терма жамоамиз 6 ўйиндан атиги 5 гол киритган экан, диагноз аник – биз ҳужум қила олмаймиз. Гап фақат ижрочиларда эмас.

Ижрочилар маҳорати нима? Мисол учун мураббийда қандайдир ўйин картинаси, режаси бўлади, айнан ўша режани амалга ошириш учун ижрочиларга эхтиёж сезилади. Ўйин режаси ва рақиб қаршилиги савияси ошган сари, ижрочилар маҳорати муҳим рол ўйнай бошлайди.

Айтайлик, “Барселона” “Алавес” билан ўйинда бемалол Гомешни майдонга тушириши мумкин. Эплайди. Агар йўқ, фақат ютишмас, бу жамоа билан чиройли услубда, “тики така” билан йирик ҳисобда ютиш керак бўлса, Иньестага эхтиёж сезилади. Агар рақиб “Алавес” эмас, “Ювентус” бўлса, Иньестанинг майдонда бўлиши кифоя қилмайди, Иньеста ўша ўйинда ўзининг энг яхши ўйинини кўрсатиши шарт бўлиб қолади.

Яъни ижрочилар маҳорати ўйинни ташкил қилиш, барпо қилиш, вазиятлар яратиш билан ўлчанмайди, бу жараёндаги камчиликларнинг барчаси мураббийнинг вазифасидир. Ижрочиларнинг вазифаси ўша мураббий режасини амалга оширишдир. Режанинг осон қийинлиги рақибнинг қаршилигига боғлиқ – хўш, Сурия терма жамоасини ютиш мана шу футболчиларимиз билан амалга ошириш қийин бўлган вазифа эдими? Йўқ.

Биз бу вазифани нега амалга ошира олмадик?

Биз қандай, кимнинг ҳисобига, қайси устунликларимиз эвазига ғалаба қозонмоқчи эдик? Рақибнинг қайси ожиз жиҳатига зарба бердик? Қандай ўйланган комбинацияни амалга оширдик?

Абдухолиқовга Жепаров вазият яратиб бера олмади, тўғри. Энди ўша Абдухолиқов, тўп бизнинг ярим ҳимоячиларимизда бўлганида, қандай ҳужум қилишимизни қаердан билсинки, ўша ерга қараш очилса? Тўпни олиб кетаётган Жепаровчи? У ҳозир Темур қаерга югуради, ҳужум ким томонидан қувватланади, бир секунддан кейин қайси футболчи қаерга қараб ҳаракатланади, буни билармиди? Ўйин пайтида буни биладигандек туюлдими сизга?

Масалан, сурияликларда шу нарса сезилди. Биринчи таймдаги ҳужумларида ҳам тўпни эгаллаб турган ярим ҳимоячи қаерга қараб ҳаракатланиш кераклигини, бироздан сўнг қаерда бўш зона юзага келиш мумкинлигини-ю, қайси қанотни ишга солиш кераклигини жуда яхши билиб турганди. Мурод Ризаев шарҳ пайтида аслида икки жамоанинг ўйини қовушмаганини кўп таъкидлаган бўлса-да, аслида, Суриянинг ўйини қовушди – шунчаки ижро маҳорати панд берди. Уларнинг мана шу таркибига Аҳмедовни қўшиб қўйинг, Сурия янаям кучли тўп сурган бўларди, менимча. Сабаби, бир футболчи ўйинни кучайтириши учун, аввало ўша ўйин бўлиши керак. Ўйин бизда йўқ эди, Сурияда бор.

Самвел Бабаян Сурия билан ўйинга терма жамоамизни тайёрлай олмабди. Ўйин учун тузилган режани ҳам, вазиятни ўзгартириш учун қилинган ҳаракатларни ҳам, кўзи ёниб турган футболчиларни ҳам умуман ҳеч нарсани кўрмадим. Бундай ҳолатларда мен доим мураббийни айбдор деб биламан.

Энди имконият қолдими? Нечанчи ўринни олишимиз мумкин? Шу саволга ҳам жавоб беришим керак. Имконият ҳар доимгидек бор, лекин энди бизнинг эмас, рақибларнинг қўлида. Йўқ, ҳар доимгидек, фалон жамоа фалон жамоани ютиши керак, мана бу ўйин дуранг бўлиши керак, демоқчи эмасман. Қанийди шундай бўлса.

Рақибларга боғлиқ деяётганим – энди рақибларимиз биз билан ўйинларда худди биз Сурия билан ўйнагандек ёмон ўйнашлари керак. Ана шунда жаҳон чемпионатига чиқамиз.

Қаҳрамон Асланов

Манба: maydon.uz
Киритилди: 19:39, 23.03.2017.
Ўқилди: 23219 марта.
Фикрлар: 52 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.