Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Буёғи яна математика. Ўзбекистон терма жамоасининг имконияти қандай?

Баҳо:
+1 | -

2018 йили Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун саралаш босқичи қизғин паллага кирди.

Осиё минтақасида баҳсларда иштирок этаётган Ўзбекистон терма жамоаси 3-саралаш босқичида ўз уйида ўтказадиган 5та учрашувининг 4тасини ўтказиб бўлди ва уларнинг 3тасида ғалаба қозонди. Сўнгги учрашувда Қатар қийинчилик билан бўлсада, ғалаба қўлга киритилди. Доҳада сўнгги дақиқаларда қўлга киритилган ғалаба билан қўшиб ҳисоблаганда Самвел Бабаян шогирдлари жами 4та учрашувда ғалаба қозонди. Учта учрашувда имконият бой берилди.

Эрон терма жамоаси бу турда Хитойдан устун келган бўлса, Жанубий Корея Сурияни қийинчилик билан мағлубиятга учратди. Умуман олганда мезбон уч жамоа ҳам ўз ўйинларини 1:0 ҳисобидаги ғалабалар билан якунлади.

Жанубий Корея - Сурия 1:0
Эрон - Хитой 1:0
Ўзбекистон - Қатар 1:0

7-турдан кейин Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобида 12 очко бор ва ҳозирча вакилларимиз ўз гуруҳида Эрондан 5, Жанубий Кореядан 1 очко ортда қолган ҳолда 3-ўринда бормоқда. Кўринишидан терма жамоамизда имкониятлар жуда яхши бўлиб қолмоқда. Аммо тақвимга эътибор қаратадиган бўлсак, бу жуда мураккаб эканини кўришимиз мумкин.

8-тур, 12-13 июнь
Эрон - Ўзбекистон
Қатар - Жанубий Корея
Сурия - Хитой

8-тур ёзнинг иккинчи ҳафтасида ўтказилади. Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда имкониятни бой берган Эрон меҳмони бўлади. Эрон терма жамоаси учрашувда ғалаба қозонган тақдирда муддатидан олдин ЖЧ йўлланмасини нақд қилиб улгуради. Бунга йўл қўймаслик учун эса Ўзбекистон терма жамоаси ғалаба қозониши керак бўлади. Иккинчи ўрин учун курашдаги асосий рақибимиз Корея эса бу сафар Қатарга ташриф буюради. Қатарликлар амалда ЖЧ йўлланмасидан маҳрум бўлиб улгурганини ҳисобга олсак, бу учрашувда жамоадан тайинли натижа кутиш қийин. Фаворит мақомини ҳисобга олган ҳолда Жанубий Корея учрашувда ғалаба қозонади деб ҳисобласак, жамоа ҳисобидаги очколар сони 16тага етади. Агар Ўзбекистон Эронда мўъжиза кўрсата олса очколарини 15тага етказиб олиши мумкин бўлади. Акс ҳолда Эронга қўшилиб, кореяликлар ҳам амалда ЖЧ йўлланмасини қўлга киритиб бўлишлари мумкин. Агар Эронда дуранг қайд этилган тақдирда ҳам Ўзбекистон яхши имкониятни сақлаб қолиши мумкин. Эронга етиб олиш имконияти қолмаса-да, Жанубий Кореяни кўп ҳам ўзимиздан узоқлаштириб юбормасликка муваффақ бўлишимиз мумкин.

9-тур, 31 август
Хитой - Ўзбекистон
Сурия - Қатар
Жанубий Корея - Эрон

Августнинг сўнгги санасида бўлиб ўтадиган 9-турда Ўзбекистон яна меҳмонда ўйнайди. Бу турнинг қанчалик аҳамиятли бўлиши 8-турга боғлиқ бўлиб турибди. Агар Ўзбекистон ижобий натижага эриша олса, барча имкониятларидан айрилган Хитойни ҳам мағлуб этиши керак бўлади. Хитойда йўқотиладиган очко Бабаян шогирдларини ЖЧ учун тўғридан-тўғри йўлланмадан бутунлай маҳрум қилиши мумкин. 9-турнинг энг аҳамиятли томони бу икки пешқадамнинг ўзаро ўйини бўлади. Улардан бирининг очко йўқотиши Ўзбекистонга қўл келиши мумкин. Шунинг учун ҳам Эрондаги 8-тур учрашуви Ўзбекистон терма жамоасининг бу саралашдаги энг муҳим учрашуви бўлиб қолади.

10-тур, 5 сентябрь
Ўзбекистон - Жанубий Корея
Эрон - Сурия
Қатар - Хитой

Ҳал қилувчи турда Ўзбекистон Жанубий Кореяни қабул қилади. Агар иккала жамоа ҳам шу кунгача максимал кўрсаткич билан келган тақдирда. Тошкентда ҳаёт-мамот учрашуви бўлиб ўтиши мумкин.

Энг муҳими ҳозирча ҳаммаси Ўзбекистон терма жамоасининг ўз қўлида. Жамоа барча учрашувларни муваффақиятли ўтказган тақдирда, бошқа жамоаларнинг натижаларидан қатъий назар ЖЧ йўлланмасини қўлга киритади. Лекин уч турдаги ягона мағлубият ҳам барчасини барбод қилиши мумкин.

Бир сўз билан айтганда терма жамоамизда ортга йўл қолмади. Фақатгина максимал натижалар эвазига вазифа уддаланиши мумкин. Бунинг учун жамоа камида икки бош баланд сакраши керак бўлади. Терма жамоа кўрсатаётган ўйинга қараб бунга ишониш қийин бўлсада, оддий арифметика ҳозирча бизга ижобий натижаларни тақдим этмоқда.

Манба: tribuna.uz
Киритилди: 09:33, 29.03.2017.
Ўқилди: 28405 марта.
Фикрлар: 52 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.