Айрим футболчилар кутилмаганда «ярқ» этиб порлашади-ю, кейинчалик негадир кўринмай қолишади. Масалан, ўтган мавсум муваффақиятнинг асосий сабабчиси бўлган Жейми Варди ҳозирда чемпионга хос ўйин намойиш этолмаяпти. Футбол тарихида бу каби мисоллар жуда кўп...
1. Пол Пауэр («Эвертон», 1986|1987)
33 ёшли ҳимоячи «Ман Сити»даги 15 йиллик фаолияти давомида ҳеч нарсага эришолмади. Унинг бахтига 1986 йил июнда «Эвертон» бош мураббийи Говард Кендалл ўз жамоасига таклиф этди. Пауэрнинг Ливерпулда шуҳрат қозонишига ҳеч ким ишонмаганди. Аммо Питер Рид ҳамда Пол Брейсвелларнинг жароҳат туфайли узоқ муддатга сафдан чиқишгани ҳимоячига мунтазам майдонга тушиш имконини берди. У эса шоҳсупани забт этишга бел боғлаган «Эвертон» талаби даражасида тўп сура бошлади. Мавсум давомида мураббий ишончини оқлаган ҳолда Пауэр барқарор ва юксак профессионал даражасига кўтарилди, собиқ жамоаси «Сити» дарвозасига урган голини нишонлашдан ўзини тийди! (ваҳоланки, у пайтда бундай олижаноблик анъанаси йўқ эди). Қисқаси, «Эвертон»нинг тарихий зафарига салмоқли улуш қўшди. Фахрий ҳимоячи илк марта чўққига кўтарилди. Унинг қувончи узоққа чўзилмади - мураббий Испанияга йўл олгач, ўрнини ёшлар эгаллади.
2. Брайан Марвуд («Арсенал», 1988|1989)
«Шеффилд»нинг собиқ аъзоси вингер позициясида тўп сурган бўлсада, тезлик бобида мақтана олмасди. Лекин унинг устун жиҳатлари ҳам йўқ эмасди - рақибларни моҳирлик билан ортда қолдириш ва жамоадошларини аниқ узатмалар билан таъминлаш Брайан учун одатий ҳол эди. «Арсенал»нинг ўша пайтдаги бош мураббийи Жорж Грэм айнан шу жиҳатларни инобатга олди ва 1988 йили 800 минг фунт эвазига уни ўз жамоасига қўшиб олди. Дебютант Мавруд янги мавсумда Алан Смит туфайли юзага келиши мумкин бўлган беқарорликка барҳам бериб, ҳужум чизиғига юксак самарадорликни бахш этди. Охир-оқибат, «тўпчилар» чемпионликни нишонлашди. Брайан муваффақиятнинг асосий сабабчиси сифатида эътироф этилди. Афсуски, футболчининг порлоқ фаолияти ҳам баҳорги чақмоқдек қисқа бўлди, жароҳат туфайли сафдан чиққан Марвуд бош мураббий билан келишолмай, «Шеффилд»га «сургун» қилинди.
3. Мартин Палермо (Аргентина, 2009|2010)
Тақдир тақозоси билан бу футболчи 1999 йили Колумбияга қарши беллашувда Аргентина терма жамоасининг нақ 3та пенальтисини ҳавога совурган ва назардан қолганди. Бироқ 10 йиллик танаффусдан сўнг Диего Марадона 2009 йили «Бока Хуниорс» аъзосини сафга қайтарди. Табиийки, мураббийнинг таваккалчилиги кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Аммо Палермо 93-дақиқада рақиб дарвозасига ҳал қилувчи зарбани йўллагач, барча танқидчилар тилларини тишлаб қолишди. «Мартиннинг ўйини - мўъжизанинг ўзи!», - деганди ўшанда Марадона. Терма жамоадаги фаолиятини давом эттирган Палермо ЖЧ-2010да Греция дарвозасини ишғол этиб, Марадона давридан кейин Аргентинанинг энг кекса голеадорига айланди.
4. Мичу («Суонси», 2012|2013)
Испаниялик ҳужумкор ярим ҳимоячи АПЛдаги дебютини ўта шиддатли бошлаб, «КПР»га қарши баҳсда «дубл»га эришди. Мавсумни 22та гол билан якунлаган Мичу Испания термасидан таклиф олди, унинг камтарин клуби эса Лига кубогини қўлга киритди. «Арсенал» ва «Челси» дарвозаларига йўллаган фантастик зарбаларидан сўнг Мичунинг харидорлари кўпайиб кетди. Бироқ у «Либерти Стэдиум»да қолишни маъқул кўрди. Афсуски, кетма-кет олинган жароҳатлар Мичуни тўп суриш имкониятидан маҳрум этди. Шу боис Испания 4-дивизионига йўл олган футболчи ҳозир Сегундада «Овьедо» шарафини ҳимоя қилмоқда.
5. Марко Негри («Рейнжерс», 1997|1998)
Бу футболчи глазголиклар жамоасига 3,5 млн. фунт эвазига «Перуджа»дан ўтганди. Шотландиядаги стартни у фантастик натижа - 10та учрашувда 23та гол урган ҳолда бошлади. 27 ёшли ҳужумчи мавсумни 32та гол билан якунлади. Аммо унинг «Рейнжерс»даги фаолиятига кўз тегди - кўзидан жиддий жароҳат олган Марко кейинги мавсумда атиги 3 марта майдонга тушди. Кейинчалик италиялик ҳужумчи бошқа жамоага ижарага берилди. Шу тариқа сермаҳсул тўпурар катта саҳнадан йироқлашиб кетди.
6. Фрэнк Уортингтон («Саутгемптон», 1983|1984)
«Фрэнкни мен шунинг учун харид қилдим-ки, эски увадалар ичидан жавоҳир топишни хуш кўраман. Унинг ёрқин услуби мухлисларга маъқул келишини яхши билардим», - деганди «авлиёлар»нинг собиқ устози Лори Макменеми. Дарҳақиқат, бир пайтлар ёрқин фаолият юритган Уортингтондан мўъжиза кутилмаганди. Унинг клуб остонасига тор жинси шим ва ковбойлар шляпасида ташриф буюргани кўпчиликнинг кайфиятини кўтарганди. Тез орада 35 ёшли ҳужумчи мазкур олифтагарчиликлар бежиз эмаслигини исботлади. «Саутгемптон» мавсумни фақат «Ливерпул»нигина олдинга ўтказиб юборган ҳолда вице-чемпион мақомида якунлади. Ҳужумчи «Брайтон» билан янги саргузаштлар сари отланди.
7. Асамоа Гьян («Сандерленд», 2010|2011)
«Умид қиламанки Асамоа жамоамизга янги чўққиларни забт этишда кўмак беради. Боз устига, шундай бўлишига шахсан мен ишонаман», - деганди Ниалл Куинн ганалик юлдузни 13 млн. фунтга харид қилган пайт. Дарҳақиқат, бақувват ҳужумчининг тажовузкор услуби тез орада ўз самарасини берди - дебютини «Сток» дарвозасини ишғол этиш билан бошлаган Гьян мавсумни жамоа тўпурари (10та гол) сифатида якунлади. «Сандерленд» эса маррага 7-ўринда етиб келди. Атиги бир мавсум тўп сурган ҳужумчи кутилмаганда жамоани тарк этди. БААнинг «Ал-Айн» жамоасига ўтиш орқали ўз маошини 3 бараварга купайтириб олган бўлсада, АПЛ мухлислари хотирасидан унут бўлди.
8. Брайан Килклайн («Ньюкасл», 1991|1992)
«Биз ўта ночор ҳолатга тушиб қолдик, қуйи лигага равона бўлганимизда бошимизга не кунлар тушишини тасаввур ҳам қилолмасдим. Хайриятки, Килклайн жамоанинг халоскорига айланди», - деганди 3-дивизионга йўл олиш хавфи остида қолган «Ньюкасл»нинг ўша пайтдаги бош мураббийи Кевин Киган. Бир йил аввал «Олдхэм»дан таклиф этилган ва келиши билан сардорлик масъулиятини ўз зиммасига олган ҳимоячи орқа чизиқдаги муаммоларга барҳам берди. «У рақибларимиз учун қанчалик даҳшатли бўлса, жамоадошлари учун ишончли қалқонга айланди. Брайан мураббийлик давримдаги энг муҳим харидим эканига шубҳа қилмайман», дейди Киган. Собиқ жамоадоши - Пол Брейсвеллнинг таъбири билан айтганда, «даҳшатли Викинг» лақабли «Ковентри»нинг собиқ сардори айниқса, «иккинчи қават»даги ишончли ўйинлари эвазига «Ньюкасл»ни ҳалокатдан сақлаб қолди. Мураббий у ҳақда қанчалик мақтовлар ёғдирмасин, жамоани қайтадан шакллантиришга қарор қилди. Оқибатда Килклайн чинакам қаҳрамон сифатида «Ньюкасл»ни тарк этди.
9. Брайан Робсон («Мидлсбро», 1994|1995)
Ўша даврда иззатталаб «Боро» ёрқин ўйинларини намойиш этаётган, янги стадиони ва юксак мақсадлари билан ҳақли равишда мақтана оладиган жамоа эди. Клуб директори Стив Гибсон муваффақиятни ривожлантириш мақсадида «МЮ» афсонаси Брайан Робсонни ўйновчи мураббий лавозимига таклиф этди. Фахрий футболчи эса ўз савияси ва куч кудрати талаб даражасида эканига шубҳа қилмасди: «Тўғри, тизза ва белим ҳолати навқиронликдан йироқ эди. Тежамкорлик билан ҳаракат қилсам, ярим ҳимоя чизиғини талаб даражасига олиб чиқа оламан». Чиндан ҳам, Робсоннинг кўмаги эвазига «Боро» АПЛга кўтарилди. Янги мавсумда Брайан фақат мураббийлик билан кифояланиб, ўрнини Жуниньо каби ёш иқтидорларга бўшатиб берди. «Робсоннинг улушини баҳолаш жуда мушкул. Усиз стадионни тўлдиришнинг иложи йўқ эди. Брайан худди оҳанрабодек ҳамманинг эътиборини тортди, нафақат мухлислар, балки жамоамизда тўп суриш ниятида бўлган юлдузлар ҳам кўпайди», - дейди Гибсон.
10. Эстебан КамБьяссо («Лестер», 2014|2015)
«Кучу» («Қария») лақабли ярим ҳимоячи Аргентинанинг энг совриндор футболчиси ҳисобланади. 35 ёшли Эстебан 23та совриндан иборат коллекциянинг соҳиби. «Лестер» учун жонини тикканини эълон қилганида, кўпчиликни таажжубга солганди. Фахрий футболчи қарори қатъий эканлигини амалда исботлади - Камбьяссонинг самарали ҳаракатлари эвазига «тулкилар» муҳим ғалабаларни қўлга киритиб, чемпионшипга тушиб кетишдан қутулиб қолишди. Бош мураббий Найжел Пирсон Эстебанни барчага ибрат бўладиган ўйинчи сифатида эътироф этди. Мухлислар ҳам уни йилнинг энг яхши футболчиси унвонига лойиқ топишди. Афсуски, АПЛдаги 31та учрашувдан кейин Камьбяссо янги шартномани рад этиб, ЕЧЛда «Олимпиакос» сафида пайдо бўлди. Албатта, футболчининг қарорини муҳокама қилишга ҳаққимиз йўқ. Лекин «Лестер»даги фаолиятини давом эттирганида, совринлари сони яна биттага кўпайган бўлармиди...