Швециялик таниқли ҳужумчи Златан Иброҳимовичдан келажакда қандай мураббий етишиб чиқиши ҳали номаълум. Аммо шуниси аниқ, у ёш футболчилардан ҳеч қачон тегишли маслаҳатларни дариғ тутмайди. Қуйидаги ихчамгина, аммо фойдали мақолага «Ибрадан ёш ҳужумчиларга ўзига хос «мастер-класс» сифатида баҳо берсак, сира янглишмаймиз. Ким билади, эҳтимол, Златаннинг ўгитлари кимларгадир майдонда жуда қўл келар?
Тўп билан муомала
- Ҳужумчи учун тўпни қабул қилиш чоғи энг муҳими - уни йўқотмаслик. Агар мен бундай пайт ёлғиз бўлсам, қўлларим, гавдам ва бор кучимни ишга солиб, тўпни рақиблардан ҳимоя қилишга уринаман. Бу жуда зарур жиҳат.
Чунончи, тўпни ўзимда сақлаб қолсамгина жамоадошларим ҳужумга ёрдам беришга улгуришади. Қисқаси, тўпни шерикларим етиб келгунларича ҳеч кимга бермаслигим керак. Агар атрофимда мендан кўра, яхшироқ вазиятда турган бирор жамоадошимни пайқасам, тўпни дарҳол унга узатаман ёки шундай қилишга ҳаракатланиб, таъқибчиларни чалғитганча зарба йўллайман. Бундай ҳолатларда асосан ички туйғуга таяниб иш кўраман. Хуллас, Ибрагимович — ақлли футболчи ва у муайян лаҳзаларда тўғри қарор қабул қилишни қойиллатади.
Жой танлаш
- Биринчи маслаҳат - ҳужумчи энг аввало, ишонч билан тўпни қабул қила оладиган жойни танлаши лозим. Мисол учун, мен баъзан тўпни қулай эгаллаш учун орқароққа чекинаман ёки жамоадошларим атрофида бўшлиқ ҳосил қилиш мақсадида ҳимоячиларни ортимдан эргаштириб кетаман. Шундай йўл тутсам, ярим ҳимоячиларда мен томон тўп ошириш имконияти ошади.
Аслида ўйин услубим бўйича ўз жамоам жарима майдонигача қайтиб, тўп учун курашадиган ҳужумчилар тоифасига кирмайман. Аммо айрим ҳолларда умумий манфаат йўлида ўзимни қурбон қилишга ҳам тайёрман. Дейлик, тўпсиз қолишимни билсам, орқароққа чекинаман ва бу орқали ҳужумдаги шеригимга йўл очаман. Зеро, тушунаманки, кейинги сафар ўша шеригим мен учун худди шундай қилади.
Ҳужумни якунлаш
- Савияли форвард ҳужумни якунлаш учун биринчи навбатда, ҳимоячидан аввалроқ ҳаракат бошлаши керак. Бу йўл билан у ўзига бўшлиқ яратади. Очиғини айтсам, бу борада унчалик кучли эмасман. Дейлик, Давид Трезеге худди шу масалада тенгсиз эди. Бурчак тўплари ва жарима зарбалари вақти унингдек ақл билан иш кўрадиган бошқа ҳужумчини учратганимча йўқ. Гўёки, Давид тўпнинг қаерга етиб бориши, юқоридан ёки пастдан келишини, хуллас, ҳаммасини олдиндан сезарди. Қайтараман, афсуски, бундай хусусиятга эга эмасман. Шу боис, баъзида дарвоза устунига яқинроқ, гоҳо узоқроқ жойда пайт пойлайман.
Ўйинни ўқиш
- Тўпни қабул қилиб олишдан олдин кейинги воқеалар қандай ривожланиши мумкинлиги ҳақида ўйлайман: рақиблар қаердаю, жамоадошларим қайси нуқталарда? Улар бир неча сониядан кейин қаерда бўлишади?
Айни шуларга қараб, якуний хулоса чиқараман. Табиийки, ҳар доим ҳам башорат тўғри чиқавермайди. Лекин аксарият вазиятларни олдиндан тўғри ҳис қилганлар - энг яхши футболчилар саналишади. Эътиборлиси, худди шу нуқтада футболчилар икки тоифага ажралишади: савияли ҳамда одатий ўйинчилар гуруҳига...
Марказий ҳимоячилар билан кураш
- Аксарият марказий ҳимоячиларнинг рақибни туртиб, уни ушлаб қолишга уринишлари сир эмас. Шу сабаб, ҳужумчи ҳар доим ҳар қандай вазиятга тайёр туриши шарт. Шундай йўлдан борки, рақиб ҳаракат йўналишингни тўғри баҳолай олмасин.
Акс ҳолда, унинг сендан устун чиқиши эҳтимоли катталашади. Дейлик, ҳимоячилар қайсидир форварднинг нисбатан ожиз томонларини сезиб қолишса, уни руҳий мувозанатдан чиқариш учун ҳар қадай усулдан фойдаланишади. Тўғри, юқори даражали ҳимоячилар бундай йўл тутишмайди: улар сен билан охиригача ҳалол курашишади. Мисол учун, Паоло Мальдини ва Алессандро Неста ана шундайлар сирасига киришарди. Айнан шунинг учун уларни майдонда қаттиқ ҳурмат қилардим.
Руҳиятни бошқариш
- Юқорида айтганимдек, кўплаб ҳимоячилар ҳужумчига халал бериш йўлида биргина жисмоний кураш билан чекланмай, руҳий тарафдан ҳам ҳамла қилишади. Дейлик, ўз тажрибамдан айтсам, фаолиятим давомида майдонда оиламдагиларни ҳақоратлашгача боришди, ўзимни эса ҳаттоки, «лўли»га чиқаришди. Албатта, бундай муносабат ўйин пайти ҳеч кимга сезилмайди.
Аммо шундай майда-чуйда жиҳатлар киши асабини бузиши, оқибатда ҳужумчи ўз даражасида тўп суролмаслиги мумкин.
Онам - хорватиялик, отам Босниядан. Мен эса Швецияда туғилганман ва шу боис, ўзимни 100 фоиз швед, деб биламан. Бироқ мени издан чиқаришни ўйлаганлар учун бунинг заррача аҳамияти йўқ... Тўғриси, ёшлик пайтлари ортиқча луқмаларга сира чидолмасдим. Ҳозир эса бундай камситишларга эътибор қаратиб ўтирмайман.
Қисқаси, яхши ҳужумчи бўлишни истаган ёш футболчи ўз диққатини четдан янграйдиган гап-сўзлар эмас, фақат ўйинга қаратиши шарт. Дарвоқе, майдонга тушганингда, масъулият ҳиссини ҳам унутмаслигинг зарур.
Зеро, зиммангда доим қайсидир клуб ёки терма жамоанинг шон-шавкати туради. Яна футболчи майдондаги меҳнатлари жамоавий ҳаракат ва мақсаднинг ажралмас қисми эканлигини мудом ёдда тутиши керак! Бундай ёндашув бўлса, мароқ билан тўп сурасан.