Англиянинг "Манчестер Сити" клуби асосий таркиб футболчиларининг 10 нафаридан қутилмоқчи.
Биринчи навбатда шаҳарликлар ижара асосида тўп сураётган футболчиларига бўлаётган таклифларга эътиборини қаратади. Улар - дарвозабон Жо Ҳарт ("Торино"), ҳимоячилар Эляким Мангала ("Валенсия") ва Жейсон Денаер ("Сандерленд"), яримҳимоячилар Самир Насри ("Севиля") ҳамда ҳужумчи Уилфрид Бони ("Сток Сити"). Шунингдек, бу рўйхатга Венсан Компани ва Фернандо ҳам киритилиши мумкин.
Клуб ёзда дарвозабон Клаудио Браво, ҳимоячи Александр Коларов ва ҳужумчи Нолито билан ҳам шартномани бекор қилишни кўриб чиқмоқда. Лекин бу футболчиларга ўринбосар топилсагина сотилади.
Агар "Манчестер Сити" бу футболчиларни барчасини сотса, унда тахминан 100 миллион фунт маблағ ишлаб олиши мумкин бўлади. Бу келишувлар клубга анча фойдали бўлиши мумкин. Сабаби, мазкур футболчиларнинг айримлари жамоа билан катта миқдордаги маблағга шартнома имзолаган. Бу борада шаҳарликлар фақат икки футболчи Жо Ҳарт ва Уилфрид Бони нархини бироз тушириб бериши мумкин. Бони "Суонси"дан 28 миллион фунт эвазига ҳарид қилинган бўлса-да, жамоа уни икки барабар паст нархга ҳам пуллашга тайёрлиги айтилмоқда.
Жо Ҳартга келадиган бўлсак, уни АПЛ жамоаларидан кўра бошқа чемпионат клубларига сотилиши эҳтимоли юқори. Агар чет эл жамоалари дарвозабонга кам пул тўлайдиган бўлса, унда АПЛдаги бирор рақиб жамоа таклифи кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Манчестер Сити" жамоаси бош мураббийи Пеп Гвардиола ёзда клубда катта ўзгаришлар қилишини айтган эди.