Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Қаҳрамон Асланов мақоласи: “Қўқон 1912″нинг кучи нимада?

Баҳо:
+ | -

Ушбу мавсум бироз ғалати бошланди. Бешинчи турдан кейин турнир жадвалида “Навбаҳор” ва “Қўқон” жамоаларининг пешқадам бўлиб туришлари, айниқса, бу йили нимадир бўлиши мумкинлигига далолат қилгандек эди.

Атайлаб, тарихни титкиладим, шунақа ҳолат бўлганмикин, бирор марта “Қўқон” турнир жадвалида карвонбошлик қилганмикин, деб. Бўлган экан. Илк чемпионатимизда, 1992 йилги мавсумда 7-турдан сўнг, қўқонликлар 4 ғалаба, 2 дуранг, 1 мағлубият билан, 10 очко (у пайтда ғалабага 2 очко бериларди) турнир жадвалида 1-ўринда борган эканлар. Қўқонликлар бу йил ҳам 7 ўйиндан айнан ўшандай кўрсаткич қайд этишган ва турнир жадвалида “Локомотив”дан кейин 2-ўринда (йўқотилган очколар бўйича 3-ўринда) бормоқдалар.

25 йил олдингиси тушунарли, Атоян, Абдуллаев, Раҳмонқулов, Осмонов, Агеев каби футболчиларга эга бўлган ўша пайтдаги “Темирйўлчи” ҳақиқатан ҳам кучли эди ва мавсум охиригача етакчилар сафида бориб, кучли олтиликка киришган, Ўзбекистон кубоги финалида ўйнашган.

Хўш, бугунги “Қўқон”нинг кучи нимада? Келинг, натижалар борасида ижобий жиҳатни намойиш этиб турган ушбу жамоага чуқурроқ назар ташлаймиз.

МУРАББИЙ

Ўтган мавсумда сўнгги турларгача лигада қолиш учун курашган жамоанинг бу сафар юқори ўринларда бораётгани, аслида, у қадар кутилмаган ҳолат эмас. “Қўқон 1912″нинг кучайиб боришижорий мавсумдан эмас, ўтган йилнинг ёзидан, яъни Нўъмон Ҳасановнинг жамоага келишидан бошланганди.

Ўшанда жамоа биринчи давра охирида атиги 9 очко тўплаб, турнир жадвалида сўнгги поғонани эгаллаб турганди. Иккинчи даврада жамоа ўйини аста секин ижобий томонга ўзгара борди ва қўқонликлар иккинчи даврада 20 очко жамғаришди. Бу лигада 6-кўрсаткич эди. Яъни, “Қўқон 1912” очко тўплаш бўйича, ўтган йилнинг иккинчи даврасида ҳам ёмон натижа қайд этмаган.

Хўш, Ҳасановнинг Қўқондаги ишларига баҳо берсак, айнан қайси жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш керак?

Албатта, кўп кузатамиз, муваффақиятсизликка учраётган жамоа бошқарувини ярим йўлда олган ҳар қандай мураббий жамоани ўрганиш, уни кучайтириш учун турли футболчиларни излаш, таклиф қилиш учун керагидан кўп вақт сарфлаб юборади. Ёки масалан, трансфер ойнасида кўзга кўринган ҳар қандай футболчини таркибга қўшиб олишга ҳаракат қилади. Қандайдир йўл билан жамоани кучайтириш учун изланади. Оқибатда, янги жамоа, янги боғламларни тузиш, натижаларни ижобий томонга ўзгартиришга вақт етмай қолади ва аксарият ҳолларда, мураббийнинг алмашиши ўзини оқламай қолаверади.

Ҳасанов Қўқонда иш бошлашда, айнан мана шу асосий тўсиқни четлаб ўта олди. У ҳали Қўқонга келмасидан олдин, у ерда қандай жамоа тузмоқчи эканини, айнан қайси футболчилардан фойдаланмоқчи эканини аниқ биларди. У “Пахтакор”ни бошқариб, яхшигина тажриба тўплади. Тўғри, пойтахт клуби амбицияларига мос бўлиш учун Ҳасановда тажриба етмагандир, аммо бироз кичикроқ, “Қўқон” каби жамоани қайтадан тузиш, рақобатбардош жамоага айлантириш учун унда тажриба етарли эди.

“Пахтакор” тажрибаси Ҳасановни Қўқонда қўл келди. Ҳозирда Қўқонда тўп сураётган Рибкин, Холмуҳамедов, Мерзляков, Сиддиқов, Бердиев, Сидоров, Холмуродов каби футболчилар ўз вақтида “Пахтакор” системасида тўп суришган. Ўша жамоада ишлаган Нўъмон Ҳасанов эса, уларнинг имкониятларини жуда яхши билади. Юқорида таъкидлаганимдек, мураббий Қўқонда қандай жамоа тузиш ва нимани ҳисобига жамоани кучайтириш борасида ўзининг аниқ ва пухта режаси бўлган. Ва жамоага таклиф этилиши керак бўлган футболчилар борасида ҳам ўз йўналишига эга эди. Айнан мана шу жиҳат Ҳасановнинг жамоадаги ишлари кутилганидан тез мева беришига сабаб бўлди, назаримда.

Ўтган мавсумнинг иккинчи даврасида олдига қўйилган вазифани уддалай олган ва ўзига нисбатан ишончи ортган жамоа янги мавсум олдидан таркиб жиҳатидан янада кучайди. Ҳасанов ҳар бир чизиқни тажрибалироқ ва савиялироқ футболчилар билан тўлдирди. Янги таклиф этилган Райовац, Холмуҳамедов, Мерзляков каби футболчиларнинг жамоа етакчиларига айланишлари кўп вақт талаб этмади.

ТАКТИКА: ҲИМОЯЛАНИШ

“Қўқон 1912″га асосан 4-4-2 ва 4-3-3 нинг қоришмасидан иборат бўлган схема кўпроқ наф келтирмоқда. Олдинги чизиқда Райовац – Отақузиев жуфтлиги доимо ҳимоячиларни босимда ушлаб турса, ҳужумлар пайтида Суҳроб Бердиев чап қанот ҳужумчисига айланади. Энг эътиборли жиҳат, жамоанинг ҳар икки ҳужумчиси ҳам “подбор”га (ҳаводан узатиладиган ёки эгасиз тўпларни эгаллаб олиш) жуда усталар, бу эса ҳар қандай ноқулай шароитда ҳам вазиятлар яратишда қўл келади.

Аммо менимча, жамоанинг энг асосий устунлиги ҳимояланиш ва рақиб қаршилигини синдира олиш хусусиятида деб биламан. Ҳимоя чизиғи анча бўйдор ва жисмонан етук (Мерзляков, Ҳолмуродов, Кимсанов, Гожкович, Холмуҳамедов) футболчилардан иборат – бу рақибнинг стандарт вазиятларида устунликни таъминлайди. Ярим ҳимоячилар – Сиддиқов, Акрамов, Бердиев, Ҳамидов кабилар эса, асосан тўп учун фаол курашиш ва рақибга босим уюштиришга уста бўлган футболчилардир. Бу ҳолат ҳар қандай рақибга хотиржам ҳужумларни бошлаш ва комбинацион ўйин ташкил қилиш имконини бермайди. Аксария ҳолларда рақиб ҳужумни узун паслар орқали давом эттиришга мажбур бўлиб қолади. Боши билан яхши ўйнайдиган бўйдор ҳимоячилар учун эса, ҳужумларнинг бундай ривожланиши айни муддаодир.

Ўзига хос бундай тактик қопқон рақибларни айнан “Қўқон 1912” таклиф қиладиган “инглизча” услубда тўп суришга мажбур қилади ва бу қўқонликларнинг устунлигини ошириб юборади. Натижада, қўқонликлар ҳозир лигада барча учун энг ноқулай ва мағлуб этиш энг қийин бўлган жамоалардан бирига айланиб олдилар.

“Қўқон” ўтган мавсумни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, охирги 14 ўйинда атиги бир ўйинда мағлубиятга учради холос. Ушбу мағлубият ҳам, мавсумнинг биринчи турида, ОЧЛ туфайли тайёргарликни анча эрта бошлаган ва яхшироқ спорт формасига кирган “Насаф” билан ўйинда қайд этилгани ҳам, шуни кўрсатмоқдаки, тер тўкмай туриб, бугунги “Қўқон”ни мағлуб этиб бўлмайди.

Шунингдек, эслаб ўтилган мана шу 14 ўйиннинг 13 тасида “Қўқон” ҳисобни очган ва ғалаба қозониш учун рақибидан яхшироқ имкониятга эга бўлган. “Обод”, “Машъал” каби жамоаларга қарши кечган сафар ўйинларида, мезбонлар ўйиннинг охирларида ҳисобни тенглаштира олишган холос.

СТАНДАРТ ВАЗИЯТЛАР

Замонавий футболда, стандарт вазиятлар жуда муҳим қуролга айлангани сир эмас. Бундай вазиятлардан гол яратишга уста бўлган жамоа, ҳатто ўзидан анча кучлироқ бўлган рақиблар билан ўйинларда ҳам гол уриш имкониятига эга бўлади.

Бу жиҳатдан, “Қўқон 1912” лигада пешқадамлардан бири бўлиб турибди. Ҳасанов шогирдлари 8 (Ўзбекистон кубогини қўшиб ҳисоблаганда) ўйинда 13 гол урдилар ва ушбу голлардан 7 таси айнан стандарт вазиятлардан сўнг киритилди.

2 гол жарима зарбаси ёрдамида, 2 гол бурчакдан ошириб берилган узатмадан сўнг, 6 голдан 3 таси Мурод Холмуҳамедовнинг тўпни аутдан бевосита жарима майдонига ташлаб бериши ёрдамида киритилди. Муроднинг ушбу қобилиятини ҳамма билади, қўқонликлар айнан шу устунликдан жуда яхши фойдалана оляптилар. Бу ҳолат эса, ўз навбатида, рақиб ҳимоячиларини ҳам босимда ушлаб туради, тўпни аутга чиқариб юбормасликка ҳам ҳаракат қиладилар – бу эса ҳимояланишда ноқулайлик туғдиради.

Фақат киритилган голларни санаб ўтдим, аслини олганда, “Қўқон 1912” ижросидаги ҳар бир стандарт вазият гол уриш учун имконият яратмоқда, рақибга қийинчилик туғдирмоқда. Отақузиев ва Райевацларнинг бош билан яхши ўйнай олишлари ҳам жамоага қўл келади. Жамоа 11 голдан 5 тасини бош билан берилган зарбалардан сўнг киритганини эътироф этиш жоиздир.

ҲУЖУМЛАРНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ

Жамоада ҳужумни ташкил қилиш асосан, қўйидаги беш футболчининг гарданига тушади. Эътиборга молик жиҳат – уларнинг ҳар бири ўз-ўзига вазият ярата олиш жиҳатидан ҳам, шерикларига имконият яратиб бериш борасида ҳам фойдали ҳаракат қила оладилар. Келинг, уларнинг ҳар бирига алоҳида баҳо берамиз:

Носир ОТАҚУЗИЕВ (4 гол)

Жамоа сардори ва энг тажрибали ҳужумчиси. Юқори қаватларда курашиб, ҳужумдаги шерикларига вазият яратиб беришга уста. Шунингдек, керакли пайтда қулай вазиятда пайдо бўла олиш қобилияти ҳам ушбу ҳужумчининг самарадорлигини оширади. Отақузиев деярли барча голларини жуда яқин масофалардан, жуда қулай вазиятларда киритгани ҳам сўзимизга исбот бўла олади. Фарғонадаги ўйинда ҳал қилувчи гол муаллифи бўлди. Шунингдек, унинг дубли “Сурхон” устидан ғалаба қозонишда ёрдам бериб, жамоани Ўзбекистон кубоги нимчорак финалига чиқарди.

Филипп РАЙЕВАЦ (4 гол)

Сербиялик легионер. Ҳозирча мавсум кашфиётларидан бири. Жуда юқори тезликка ва техникага эга. Айниқса, дастлабки турларда жуда яхши ҳаракат қилди ва баъзи нашрлар уни ҳатто ойнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этишди. Ўйин услуби, ҳар қандай ҳолатда ҳам тўп учун охиригача курашиши, ҳимоячиларни босимда ушлаб туриши билан “Лестер”даги Жейми Вардини эслатади. Агар “Қўқон” ўйинини томоша қилиш имкони туғилса, эътибор қаратинг.

Ҳужумчи 4 голга муаллифлик қилган бўлса, яна жамоанинг 3 голида бевосита иштирок этди. Яъни у майдонда эканида киритилган голларнинг 70 фоизида Райевацнинг ҳам “қўли бор”. Филипп “Қизилқум” ва “Динамо”га қарши ўйинларда ҳал қилувчи голларни киритди. “Нефтчи” билан ўйинда ҳисобни очиш билан бирга, ўйин охирларида Отақузиевни деярли бўш дарвозага чиқариб, голга ассистентлик қилди. “Металлург” билан ўйинда айнан унга нисбатан ишлатилган қўполликлар учун Қобилов майдондан четлатилганди ва айнан ушбу ҳолат ўйин тақдирини анча эрта ҳал қилганди.

Райевацнинг камчилиги баъзи вазиятларда яккакурашларда енгилишни тан олмаслиги ва қўполлик қилишидир. Натижада, Филипп аллақачон 4 та сариқ карточкага лойиқ кўрилда ва Ғузордаги ўйинни ўтказиб юборади.

Суҳроб БЕРДИЕВ (3 гол)

Мавсумнинг дастлабки ўйинларини ўтказиб юборишга мажбур бўлган Суҳроб аста секин ҳужум чизиғининг асосий фигураларидан бирига айланиб бормоқда.

Юқорида тилга олинганлардан фарқли равишда, Бердиев қанотда ҳаракат қилади. Яхшигина дриблингга эга. Қанотдан ҳужумни қувватлаши, керак бўлганда, марказга ўтиб, хавфли зарба бериши ҳам мумкин. Айниқса, сўнгги турда у янада “очилди” ва мавсумнинг илк хет тригини амалга оширди.

Эътиборли жиҳати, у томонидан киритилган ҳар учала гол бир-биридан фарқли тарзда киритилди. Аввалига қанотдан оширилган пасдан сўнг, иккинчи “темп”да керакли жойда пайдо бўлган бўлса, иккинчи голда Суҳроб тўпни қанотда эгаллаб, марказга кириб борди ва узоқ масофадан жуда чиройли ва мукаммал зарбани ижро этди. Учинчи голини у стандарт вазиятдан сўнг боши билан киритди.

Андрей СИДОРОВ

Баланд бўйли (икки метрга яқин), таран типидаги ҳужумчи. Асосан иккинчи таймларда майдонга тушиб, ўйинни жонлантирмоқда ва рақиб ҳимоячиларининг саросималарига сабаб бўлмоқда. Голга жуда чанқоқ, деярли ҳар вазиятда тўпни талаб қилади ва дарвозага зарба беришга ҳаракат қилади.

Ҳали гол урмаган бўлса-да, 3 голда бевосита иштирок этган. Айнан унинг боши билан берган зарба ёки узатмасидан сўнг, шериклари рақиб дарвозасини ишғол қилганлар.

Жавоҳир СИДДИҚОВ

Аслида, майдон марказида, ҳатто таянч зонасида ҳаракат қиладиган Жавоҳирни қўқонликлар “Месси” деб атайдилар. Тана тузилиши, рақами, тўпни назорат қилиш услуби, техникаси билан ростан ҳам аргентиналик ҳужумчини эслатиб юборади.

Жавоҳир ҳақиқий ярим ҳимоячи бўлса-да, унинг жамоа ҳужумларини бошлаш, ташкил этиш ва керак бўлганда, сўнгги пасни амалга оширишда беназирлиги айнан ҳужумчилар сафига қўшишимга замин яратди. Сиддиқов ўтган йилиёқ маҳаллий томошабинлар меҳрини қозониб, эркатойга айланган. Аммо шундай бўлса ҳам, ҳар ўйинда бор имкониятини ишга солади ва майдондаги қора ишларни бажаришдан ҳам тоймайди.

Хуллас…

Ўз навбатида, ҳам уйда, ҳам сафардаги ўйинларда жамоани қувватлаб турадиган мухлислар омилини ҳам тилга олиш мумкин. Шунингдек, молиявий тарафдан жамоани қўллаб қувватлаб турган ва футболчиларга ҳеч нарсани ўйламай, фақат футбол ўйнаш учун шароит яратаётган ҳомийлар ва бошқарувчиларни ҳам алоҳида айтиш лозим эди. Лекин бугун фақат асосий ижрочилар – футбочли ва мураббийларга эътибор қаратишни истадим.

Хуллас, қўқонликлар мавсумни худди 25 йил олдингидек, кўтаринки руҳда бошлашнинг уддасидан чиқишди. Ҳозирча, ҳаммаси яхши ва кўрсатилаётган натижалар ўзига яраша асосга эга. Футболимизда тўғри муносабат ва режали ёндошув билан жуда яхши жамоани ташкил қилса бўлади. Аммо саволнинг иккинчи қисми, бу жамоа қай даражада барқарорлик кўрсата олади? 25 йил олдиндагидек, мавсум охиригача ҳам мана шундай куч сифатида тура оладиларми?

Албатта, бу саволга ҳозир жавоб бериб бўлмайди. Муҳими, футболчилар ва мураббийлар агар бошқарувда ва молияда барқарорлик таъминланса, ўзларини кўрсата олишларини намойиш қилиб бўлишди. Футболимизда кучли жамоалариннг кўпайиши ҳамма учун фойда, бу жараёнга ҳам ҳар қандай яхшиликлар сингари, бардавомлик тилаб қоламиз.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 12:24, 26.04.2017.
Ўқилди: 4477 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.