Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ҳақиқатпарвар авлод вакили Йохан Кройффнинг сўнгги сўзлари

Баҳо:
+ | -

Футбол оламининг энг буюк новаторларидан бири Йохан Кройфф агар ҳаёт бўлганида, 25 апрель куни 70 йиллик юбилей тўйини нишонларди. Голландиялик бетакрор ижрочи охирги интервьюларидан бирини L`Equipe ҳафтаномасига берган ва унда ўзини ҳақиқатпарвар «исёнкорлар» авлоди вакили сифатида таърифлаганди. Дарҳақиқат, майдонда нафис ҳаракатлари билан ажралиб турган Кройфф унинг ташқарисида мутлақо муросасиз эди. Демак, ўша суҳбатни ўқиш асносида ўтган йилнинг 24 март куни ҳаёт билан видолашган футбол сиймосини хотирлаймиз.

- Жаноб Кройфф, 70-йиллар футболини қандай эслайсиз? Беҳисоб мухлисалар  қуршовида ўзингизни худди рок-юлдуздек ҳис қилган бўлсангиз керак...

- Ҳа, менга деярли шундай муносабатда бўлишарди. Ҳарқалай, ҳеч қачон ёлғиз қолиш насиб этмасди. Доимий сафарлар... Аммо обрўга путур етказмаслик учун мудом юқори спорт формасини ушлаб туришим талаб этиларди. Ҳозир ўйлаб қарасам, нафақат футбол, балки кейинчалик ижтимоий ташвиқот ишларию, сиёсат ҳам  жуда кўп вақтимни олган экан.

Зеро, Олимпия қўмитаси ва «Адидас» фирмаси билан ҳам ҳамкорлик қилганман. Хуллас, ҳар доим қандайдир инсонлар, вазирлар,  журналистлар ва спортчилар қуршовида юрганман. Умуман, мисли кўрилмаган суръатда машҳурликка эришганман. Бу яхши, аммо битта ёмон томони шуки, сен  мунтазам нима биландир банд бўласан. Боз устига, мени нуқул ўтмишнинг машҳур шахслари билан таққослашарди.

Аслида ўша вақт шундай демократик муҳит юзага келгандики, бошингиз гангиб қолиши ҳеч гап эмасди! Урушдан кейин туғилганимиз яққол билинарди. Демоқчиманки, урушдан кейинги давр авлоди анча ташаббускорлиги билан ажралиб турган. Мисол тариқасида ўша «Битлз» ёки «Роллинг» ижодкорларини олайлик: улар эркинлик ва янги ислоҳотларга интилишнинг ёрқин намуналари бўлгандилар. Эҳтимол, мени ҳам шундайлар қаторига қўшиш мумкиндир...

- Ўзингиз худди рок-юлдузлар каби машҳур эканлигингизни тўлиқ англаганмисиз?

- Ҳа, аммо ҳаёт мутлақо бошқача эди. Дейлик, бирор хабар ёки янгилик бугунгидек тез тарқамасди, шунинг учунми, шон-шуҳрат, донгдорлик сал ўзгача қабул қилинарди. Боз устига, ҳар куни машғулот ёки ўйин бўларди - ўта тиғизлик. Шунга қарамай, бошқа ишларга ҳам вақт топардим. Мисол учун, кўпчилик билан яқиндан дўстлашганман.

Бундан 2 йилча олдин Мексикада Элтон Жон билан яна кўришдим: иккимиз чақчақлаш баҳонасида эски даврларни ёдга олдик, техниканинг ривожланиши ҳаётни мутлақо ўзгартириб юборгани хусусида гаплашдик. Қаранг, бугун ҳаммаси телевидение ва интернетга боғлиқ бўлиб қолди. Мана, вақтида менинг ютуқларимдан кўпи билан 3 миллион киши хабардор бўлган. Энди эса биргина Мессида миллиардлаб фанатлари бор. Миқёси йўқ тарғибот-ташвиқот! Ижтимоий тармоқлар ва алоқа воситаларининг бошқа турлари таъсирида бутун дунё кескин ўзгариб кетди. Орадан қандайдир 5 йил ўтади ва яна янги сиймолар бош кўтаришади. Айтишим жоиз, шахсан мен ҳозирги замонда ҳам мобиль телефони ёки планшетга эҳтиёж сезмаяпман.

- Ўйинчилик фаолиятингиз давомида футболда алоҳида ўрин тутишингизни ҳис қилганмисиз?

- Йўқ, ўсмирлик пайти бу ҳақда ҳаттоки, ўйлаган ҳам эмасман. Ҳаммасини кейинроқ англаганман. Шунчаки, кўпчилик футбол ортидан пул топиш, ўзини тиклаб олишни орзу қиларди. Мисол учун, «Аякс»да атиги 2 нафар футболчи профессионал мақомида эди, холос! Яъни 16 ёшда асосий жамоа сафига қўшилганимда, таркибнинг 95 фоизини ярим профессионал ўйинчилар ташкил этишарди. Шундан 5 йил ўтиб, жамоамиз илк марта Чемпионлар кубоги финалига чиқиб, Мадридда ўйнади. Демоқчиманки, қисқа вақтда ҳаммаси катта суръат олиб, мутлақо ўзгарди. Ҳаммаси, футбол федерацияси каби тузилмалардан ташқари, албатта.

- Ҳа, футбол федерациясига қарши чиққан қалдирғочлардан бири саналасиз. Яъни футболчилар манфаатини ҳимоя қилишда намуна кўрсатгансиз.

- Бир вақтнинг ўзида ҳам касаба уюшмалари, ҳам футболчилар ассоциацияси билан ҳамкорлик қилардим. Лекин бунда қандайдир шахсий манфаатни ўйлаган эмасман. Чунончи, бусиз ҳам ҳаётим фаровон эди, камчилик сезмасдим. Шунчаки,  унча танилмаган бошқа йигитлар ҳам хизматларига яраша муносиб ҳақ олишларини истаганман.

- Бу борада раҳбарлар тинкасини роса қуритганингиз ҳам айни ҳақиқат.

- Ахир мен урушдан кейин туғилган ҳақиқатпарвар «исёнкор» авлод вакили ҳисобланаман-ку. Қандай ишга қўл урмайин, аввало, виждонимга қулоқ солганман. Тўғри, айрим можаролар тарихда қолди.

- Мисол учун...?

- 70-йиллар бошида халқаро муваффақиятимиз самараси ўлароқ, хорижий фирмалар томонидан бизга нисбатан қизиқиш анча кучайди. Хусусан, биттта компания мен билан реклама шартномаси тузишни истади. Бироқ Голландия футбол федерациясида бу ҳақда эшитишни ҳам исташмади. Чунки лоларанг футболкадан фойдаланиш ҳуқуқи миллий федерация ихтиёрида эди. Натижа нима бўлди? ЖЧ-74да бир ўзим алоҳида фирма либосида майдонга тушдим, бутун жамоа бошқа компания маҳсулотидан фойдаланди.

Шундай йўл тутишга мажбур эдим. Чунки федерациянинг футболчиларни ўзи билан «дўстлашган» фирмага «боғлаб» қўйишини нотўғри, деб билардим. Кейинчалик яна бир қатор келишмовчиликлар юзага келган. Голландия терма жамоасини бошқариш таклифини ҳам алоҳида шарт билан қабул қилгандим: «Майли, фақат мураббийлар штабини ўзим йиғаман». Бу ҳозирда оддий қоида, аммо авваллари ҳаммаси бошқача бўларди - таниш-билишчилик, футболга бегона одамлар...

- Майдонда нафис ҳаракатлар тимсоли саналгансиз, аммо унинг ташқарисида жанжалкашлик рамзи...

- Нафислик - бу эркинликни сақлаб қолиш! Майдонда ҳам, унинг таш-қарисида ҳам доимо ўзимга тўғри кўринган ишни қилганман. Гоҳида танқид масаласида меъёр билмаслигимни айтишади. Бироқ унутмаслик керак, ҳаммаси ўзгаларга ёрдам бериш хоҳишимдан келиб чиқади.

- Голланд футболи функционал тараққиёт нуқтаи назаридан инқи-лобий ўзгаришларга юз бурган вақт ўйинга янгича эстетика ва техника олиб киргансиз. Бу фикрга қўшиласизми?

- Футбол ўйнашни кўчада ўрганганман. Нафис ҳаракатларни назарда тутаётган бўлсангиз, бу айнан кўча футболи самараси, менимча. Эсимда, жуда озғин йигитча эдим, яна ҳаммадан кичик... Хуллас, бошқалардан қолишмаслик хоҳиши қандайдир янгилик ўйлаб топишимни тақозо этарди. Умуман, кўча футболида ўйинчини шакллантирадиган кўплаб жиҳатлар бор. Биринчидан, чидамлилик даражаси ошади. Ахир ўнқир-чўнқир жой ёки асфальтга йиқилишни ўйланг. Демакки, оғриққа дош бериш ўз-ўзидан шаклланади.

Сенга қарши нисбатан бақувват йигитлар ўйнашганида, табиий равишда ўзингни зарбадан олиб қолишни ўрганасан, яна тўпни олиб юравермасдан, тезроқ шеригингга узатишни хоҳлайсан. Натижада техник қобилиятинг ошади. Оддий айтганда, кўча футболи доимий равишда қандайдир тезкор қарорлар қабул қилишингни талаб этади. Мисол учун, майдонча четига терилган тошларни олайлик - уларга урилиб, жиддий жароҳатланишинг ҳеч гап эмас. Аммо шунинг баробарида тошлардан шерик сифатида фойдаланишинг мумкин. Яъни тош ёрдамида бир тепар усулини қўллаб, рақибингдан ўтиб кетишинг имкони бор. Умуман, менинг машғулотлар бўйича бутун фалсафам айнан кўча футболи техникасига асосланган. Фақат уларни замонавий машғулотлар шароитига мувофиқлаштирганман. Шунинг учун нуқул олдинга қарайвермасдан, баъзан ўтмишга назар солиб, айрим фойдали жиҳатларни олиш ва методикани такомиллаштириб бориш зарур.

- 67 ёшга тўлган ва барчасига эришган бўлсангизда, ҳамон иш ҳақида ўйлайсиз...

ДАВОМИ

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 14:30, 06.05.2017.
Ўқилди: 5940 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.