«Пахтакор» футбол клуби атрофида анчадан буён гап-сўзлар урчиётганди. Ўтган ҳафта ниҳоят янгилик эшитдик: клуб томонидан раҳбариятда ўзгаришлар қилингани ҳақида расман маълумот берилди. Унга кўра, «Пахтакор» вице-президенти лавозимига Бобур Кабулович Шодиев тайинланди, бош директорлик эса Умид Маҳамаджонович Аҳмаджонов зиммасига топширилди. Хўш, бу янгилик нимадан далолат?
ЭСКИ ДАВР
«Пахтакор»да бутун бошли давр ортда қолди. Кимларнингдир таъбири билан айтганда, «Бабаян даври». Бу даврга «олтин эра» нисбатини беришни маъқул кўрадиганлар ҳам бор, албатта. Умуман, ҳар ким ўзига ёққан таърифни қўллаш ҳуқуқига эга. Муҳими, икки нисбатни илгари сурувчилар ҳам ҳақ бўлиб чиқишади.
Зеро, бу давр дарҳақиқат, Самвел Бабаян бошқарувида ўтди. У 2001 йилдан эътиборан аввалига вице-президент, кейин менежер ва якунда, яъни Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувини қўлга олиши олдидан бош мураббий сифатида ишлади. «Пахтакор» бу вақт давомида қатор ғалабаларга эришди, 2008 йилга қадар чемпионликни қўлдан бой бермай келди ва ОЧЛда ҳам дастлабки 2 мавсумда ярим финал раундига чиқди. Бу ғалабаларнинг кимгадир ёққани-ю, айримларга ёқмагани бош-қа масала. Зотан, 2001 йилдан сўнг «Пахтакор» бутун мамлакат бўйлаб «ов»га чиқиб, энг кучли футболчиларни ўз таркибига жамлашни бошлади. Айнан шуниси табиийки, кўпчиликка ёқмади.
Ахир рақибларни кучсизлантириш эвазига чемпионликка эришиш билан мухлис орттириб бўлармиди? Шу тариқа «Пахтакор» бир вақтлар ҳақли равишда олган «халқ жамоаси» мақомини йўқота бошлади. Ҳарқалай, 15 йил муқаддам ҳам бу эътирофга эътироз билдирадиганлар кўп топилмасди, энди эса «Пахтакор»га нисбатан «халқ жамоаси» мақомини ишлатиш кулгули.
Зеро, жамоани суймайдиган мухлисларни нафақат вилоятлар, балки пойтахтнинг ўзида ҳам учратиш мумкин. 25 йил муқаддам бунақаси тасаввурга ҳам сиғмасди. Ҳозир эса юртимизда «Пахтакор»нинг антимухлислари кўпроқдек, бир қарашда. Мана, ғалабаларга бой шу давр ортда қолиб, «Пахтакор» янгиланиш сари юз тутди. Туб ислоҳотлар қандай манзара касб этади? Энди шу ҳақда...
ЯНГИ ДАВР
Ҳозир янги «Пахтакор»га боғлиқ тасдиқланган маълумотлардан кўра, тасдиқланмагани кўпроқ. Албатта, улар орасида ҳақиқатга мос келадигани қатори мутлақо ақлга сиғмайдиганлари ҳам бор. Баъзилари ҳаттоки, афсона мисоли. Йўқ, «Пахтакор»ни ким сотиб олганини муҳокама қилмоқчи эмасмиз, зеро, бу ҳақда фақат расмий хабар берилсагина билиб оламиз. Аммо шунинг баробарида клубни катта ўзгаришлар кутиб турганини бемалол тахмин қилиш мумкин. Асосийси, кўзда тутилган ислоҳотлар барча жабҳаларни қамраб олади. Хуллас, яқин орада мураббийлар штаби, таркиб ва ҳаттоки, стадион масаласида ҳам янгиликлар кетма-кетлиги узилмаса керак. Мана, илк ўзгариш аввало, мураббийлар штабидан бошланди.
МУРАББИЙ
Ҳар қанча оғир бўлсада, тан олиш лозим, охирги йилларга қарасак, «Пахтакор»да 3-4 нафар мураббийнинг алмашиб иш юритиши одат тусига кирганди. Хусусан, яқиндагина бош мураббий ролига таклиф этилган ва кўп ўтмай истеъфога чиқарилган Равшан Ҳайдаровнинг «шерлар» бошқарувини қайта-қайта қўлга олганини биламиз. Шунингдек, узоқ вақт Виктор Жалилов мураббийлар штабининг доимий аъзоси бўлиб келгани ҳам маълум. Клуб мухлислари ўзгаришлар шамоли эса бошлагач, аввало, шу тизимга барҳам берилишини истагандилар.
Мана, янги раҳбарият биринчи навбатда, Равшан Ҳайдаровни истеъфога чиқаришни маъқул кўрди. Унинг ўрнида вақтинча бош мураббий мақоми остида Жасур Абдураимов ишлайди. Таъкидлаш жоиз, айни вақтдаги шароитдан келиб чиқиб, ушбу қарорни энг оптимал танлов сифатида тилга олиш мумкин. Чунончи, ҳозир дарров яхши савияли мураббий топиш амри-маҳол. Шундай экан, клуб ички захираларидан фойдаланган ҳолда, оғир вазиятдан чиқиб кетиши лозим. Унутманг, «Пахтакор» олий лига турнир жадвалида сира ўзига ярашмайдиган жойда бормоқда. Бундай ҳолатда хориждан талаб даражасидаги мутахассис олиб келиш қийин.
Зеро, таклиф этиладиган мураббий олдига жиддий вазифалар қўйилиши шарт. Ўзини ҳурмат қиладиган мутахассис эса