Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

«Маэстро», «Узатмалар қироли» ёҳуд Пирло ҳақида

Баҳо:
+ | -

Андреа Пирло. Замонавий футболдаги энг кучли марказий ярим ҳимоячилар рўйхатининг олдинги қаторларидан жой олган итальян фахрийси айни пайт «Нью-Йорк Сити» шарафини ҳимоя қилиш асносида сермаҳсул фаолиятига хотима ясашга ҳозирланмоқда.

L~Equipe (Франция) ҳафтаномаси журналистлари ҳақли равишда «Маэстро», «Узатмалар қироли» каби таърифларга лойиқ кўрилган жаҳон чемпиони билан суҳбатлашиш илинжида унинг ортидан АҚШга боришди. Андреа эса шу интервью баҳонасида хаёлан еврофутболга қайтиб, фаолият йўли, жумладан, ўзи учун футболдаги энг бахтли ва нохуш кунни эслади. Шунингдек, у «ПСЖ» вакили Марко Верраттининг келажагига юксак баҳо берди.

Икки гол оралиғи...

- Ҳозир бутун еврофутбол Чемпионлар Лигаси билан яшамоқда. Турнирнинг 2015 йилги финали якунини кўпчилик яхши эслаб қолган бўлса, ажабмас. Ўшанда клубингиз - «Ювентус» бош соврин тақдирини ҳал қилувчи баҳсда «Барселона» олдида ожиз қолган (1:3 ҳисобида) ва сиз майдонда кўз ёши тўккан эдингиз...

- Бу биринчи кўз ёшларим эмасди. Яъни 2005 йили «Милан» сафида «Ливерпул»га ютқазганимизда ҳам (асосий вақтда 3:3 ҳисоби қайд этилган ва пенальтилар сериясида итальянлардан омад юз ўгирган - 2:3), беихтиёр йиғлаб юборгандим. Умуман, ўша кун мен учун профессионал фаолиятим давомидаги энг нохуши саналади.

Эсимда, жамоамиз кийиниш хонасида шунчалик сукунат юзага келгандики, яна кўз ёшлари оқиб тушаверган... Худдики, ҳаммаси тушда содир бўлгандек, ахир воқеалар реалликка мутлақо зид ҳолда ривожланганди. Ўзингиз ўйланг, финал ўйинининг биринчи бўлимида 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олиб, якунда ютқазиш мумкинми? Бунақасини истаган тақдирингда ҳам такрорлай олмайсан! Ҳозиргача ўйлаб-ўйлаб, ўша ўйинни қандай бой берганимиз тагига етолмайман... Бундай қисматни ҳаттоки, душманимга ҳам раво кўрмайман.

- ЖЧ-2006 ярим финали ва финалидан кейин эса ҳамма бошқача кўз ёш тўкишингизга гувоҳ бўлган - бахтиёрлик ҳосиласи. Германия термасига қарши кечган ярим финал баҳсининг 119-дақиқасида Фабио Гроссога шундай қойилмақом тўп узатгансизки, унинг олдида ҳисобни очишдан бошқа чора қолмаганди, гўё...

- Ҳа, буниси энди фаолиятимдаги энг бахтли лаҳзалар бўлса керак. Фантастика, таърифлашга тил ожиз. Ўшанда 2та голимиз оралиғида бутун бир давр ўтиб кетгандек туюлганди, ваҳоланки, атиги 1 ёки 2 дақиқада барчасига нуқта қўйгандик (Италия терма жамоасининг иккинчи голи 120}1-дақиқада Алессандро Дель Пьеро ҳисобига ёзилганди). Буни ҳам тушунтириб бериш имконсиздир. Боз устига, немислар билан Дортмундда ўйнагандик ва уларнинг бу шаҳарда бирор марта мағлубиятга учрамаганларини ҳам билардик. Финал ўйинининг ўзи эса битта тарих.

- Франция термасига қарши кечган ҳал қилувчи учрашув арафасида тун бўйи Алессандро Неста билан PlayStation ўйинидан бўшамаганингиз ростми?

- Ҳа, ҳа, доимгидек, роса ўйнагандик. Умуман, мен ва Алекс неча йиллар давомида «Милан»да ҳам, терма жамоада ҳам бўш вақтни асосан PlayStationга ажратганмиз. Одатга кўра, доимо «Барселона» жамоасини танлардим. Яна финалга қайтсак, ҳаммаси худди кеча рўй бергандек хотирамда турибди - унутилмас лаҳзалар... Умуман, реал ҳаётда ғалаба нашъаси тасаввурингдагисидан 10 чандон кучли бўлиши табиий ҳол. Аслида балки орзумиз худди қайсидир фильм ёки мультфильм қаҳрамоникидек бошқача бўлгандир. Мисол учун, финалда Бразилия термаси билан ўйнашни тасаввур қилгандирмиз. Аммо амалда Франция миллий жамоасидан устун келиб, жаҳон кубогида бош узра баланд кўтардик ва бу таърифланмас воқеадир.

Соддаликка асосланган ҳаракат

- Энди психотаҳлил сеанси ўтказишга уриниб кўрамиз: тўпни қабул қилиб олгач, биринчи навбатда, миянгизда қандай хаёллар чарх уради?

- Айтарли ҳеч нарса. Умуман, миямга нималар келишини ҳаттоки, тушунтириб ҳам беролмайман. Фақат шуни айтишим мумкинки, шахсий фалсафам бўйича футболда энг асосийси - оддийлик. Ҳаммасини осонгина бажариш имкони бўла туриб, ишни нега мураккаблаштириш керак? Сизнинг содда ҳаракатларингиз шерикларингизга ҳам қўшимча енгиллик яратади, ахир.

- Алоҳида ўйин услубингизни назарда тутиб, сизни ўзига хос меъмор сифатида ҳам таърифлаш мумкин. Хойнаҳой, мактабда геометрия ва математика фанларига алоҳида меҳр берган бўлсангиз керак. Умуман, санъатга муносабатингиз қандай?

- Адашдингиз, математика ва геометрия каби мураккаб фанлар бўйича сира мақтанолмасдим. Шунчаки, ноль! Санъатга келсак, буниси табиатимга жуда мос. Бироқ футбол бош-қа нарсада, барибир. Модернга ҳавасим баланд. Бунга «Милан»да ўйнаган вақт «асир» тушганман. Чунончи, клуб спорт директори Арьедо Брайда нуқул қандайдир картиналар ҳақида гапирарди ва сира чарчамасди. Хуллас, у нимадир сотиб олишимни тавсия этиб, бизни кўргазмага бошлаб борганди. Кейинчалик йигитлар ва қайсидир мураббийлар билан ҳам мусаввирлар кўргазмасига боришни одатга айлантирдик. Хусусан, ёрдамчи мураббий Мауро Тассотти кўп бора ҳамроҳлик қилганди. Дейлик, айни пайт уйимда турли картиналар жуда кўп.

- Хўш, сиз учун энг зўр рассом ким?

- Пикассо. Ҳар сафар унинг бирор ижодига назар ташлаганимда, янги-янги таассоротлар уйғонади. Кўпчилик билади, Нью-Йорк жаҳон санъати пойтахти саналади. Шаҳардаги Замонавий санъат музейининг ўзи бир олам. Яна Гуггенхайм музейи ҳам алоҳида ўрин тутади. Шунингдек, саноқсиз картиналар галереяси мавжуд. Мени бундай жойларда тез-тез учратиш мумкин.

Тўпни узат ва ҳеч нарсани ўйлама

- Футболга қайтамиз: бугунги кунда сизга ўхшайдиган футболчи борми, яъни «Иккинчи Пирло»?

- Жаҳон футболига қарасак, ўрта чизиқда тўп сурувчи кўплаб савияли йигитларни кўрамиз. Бироқ ҳаммалари бошқача. Нокамтарлик бўлса ҳам айтаман, афсуски, ҳозирча менинг услубим такрори кузатилгани йўқ. Лекин эҳтимол, эртага шундай ижрочини кўрармиз. Шундай тақдирда, унинг учун фақат хурсанд бўламан.

- Ноёб хислатга эга бўлиш худбинлик ҳиссини оширмайдими?

- Ўз мисолимда айтсам, йўқ. Ҳарқалай, худбин эмасман. Қолаверса, ҳеч қачон қандайдир алоҳида хусусиятга эгалигим ҳақида ўйламайман ҳам. Ўзгачалик, ноёблик - булар ОАВ вакилларидан чиқадиган таърифлар, холос. Тўғри, тан олишим керак, буларни эшитиш анча ёқимли, албатта. Гоҳида телевизор орқали бирор ўйинни томоша қилаётиб, менинг позициямда ҳаракатланаётган ўйинчининг айрим оддий ва элементар жиҳатларни мураккаблаштирганини кўриб, ҳайратимни яширолмайман. Бундай ҳолатларда кўпинча ичимдан табиий садо чиқади: «Эҳ, шу жойда бўлганимда, бошқача иш тутардим...».

- «Ювентус» иштирокидаги ўртоқлик ўйинларидан бири чоғи Штефан Лихтштайнерни шундоқ тўхтатиб, унга бақирган экансиз: «Ҳеч нарсани ўйлама, шунчаки, тўпни менга узат, тамом...». Бу ҳақиқатми?

- Ҳа, шунақа ҳолат рўй берганди. Чунки доимо тўпга ташнаман. Шерикларим кўпинча ўзларини оқлашга уринишарди: «Шунчаки, тўпни сенга узатолмасдик - йўлингни рақиб тўсиб турганди». Мен эса бундай баҳоналарни бирор марта охиригача эшитмай, ҳар доим бир гапни такрорлардим: «Йўқ, ҳеч нарсани билмайман, тўпни узатинг, тамом-вассалом!» Чунки қолгани ўзимга боғлиқлиги ва нимадир ўйлаб топишимни билардим. Мен учун энг муҳими - жамоавий ўйинни юргизиш, барча футболчиларни ҳаракатга тушириш.

Бунинг учун эса аввало, тўпга эҳтиёж сезаман. Тўп оёғимга тушганида эса, кейинги лаҳзада қандай ҳаракатланишни биламан. Чунки бунгача очиқ ҳудудларга чиқадиган шерикларимни пайқайман ва тўпни айнан унинг йўлига ташлаб бераман. Шунинг учун ҳам шеригимга қарата «Тўпни менга бер ва қолгани билан ишинг бўлмасин», дейишга ҳаққим бор, менимча.

- Ўйин вақти нимадандир шубҳаланишингиз ҳам мумкинми?

- Асло ва ҳеч қачон!. Чунончи, мабодо хатога йўл қўйган тақдиримда ҳам, уни тузатиш имконияти юзага келишини теран тушунаман.

- Ҳаётда ҳам ўзингизга ишончингиз шундай мустаҳкамми?

- Ҳа. Биринчидан, доимо нима хоҳлашимни биламан. Иккинчидан, фақат аниқ мақсадлар сари талпинишга одатланганман. Умуман олганда, ҳаётда ҳам худди футболдагидекман.

- Наҳотки, «Интер»да мураккаб вазиятга дуч келганингизда ҳам ўз кучингизга ишонч ҳисси пасаймаган бўлса... Ахир сизни аввалига «Реджина» (мавсум-1999|2000да), кейин эса «Брешия» (мавсум-2001|2002нинг биринчи даврасида)га юборишганди.

- Инсон учун энг муҳими, ўз салоҳияти ва қадрини англашдир. Хуллас, кичик клубларда тўп сурганимда ҳам, вақти келиб, буюк жамоада бош роллардан бирини бажара олишимга сира шубҳаланган эмасман.

Верраттига юксак баҳо

- Ҳозир 37 ёшдасиз. Янги авлодга мансуб футболчиларга қандай баҳо берасиз?

- Ҳозирги йигитлар умуман бошқача, бизнинг авлодга сира ўхшамайдилар. Мисол учун, профессионал футболга қандай қадам қўйганимни яхши эслайман: кийиниш хонасига киришда ҳаттоки, оёқ товушини чиқармасликка уринардим. Кейин шунчаки, сукут сақлаб ўтирардим. Ҳозирги 20 ёшли йигитлар эса кийиниш хонасини бошларига кўтаришади, тилларига нима келса, шуни гапиришади. Айтайлик, бемалол бақиришлари мумкин - ҳеч қандай тақиқ йўқ. Эҳтимол, биз - фахрийлар ёшларга ҳаддан ортиқ эркинлик бериб юборгандирмиз... Иккинчи томондан, шу эркинлик натижасида ёшлар жамоага осонгина қўшилмоқдалар.

- Балки Марко Верраттини майдондаги ворисингиз сифатида кўрсатиш мумкиндир...

- Шубҳа йўқ - у ажойиб футболчи. Марко - Италия, умуман, Европа футболининг келажаги. Менимча, кейинги 20 йил ичида ҳаммага ўрнак бўла олади. Ҳа, у худди мен ҳаракатланадиган позиция вакили саналади. Бироқ иккимиз ўйин услуби бўйича бошқа-бошқамиз. Верратти асосан қисқа узатмалар ҳисобига олдинга интилиб, тўпни кўпроқ олиб юради. Италия терма жамоасида у билан бирга ўйнаб, шунчаки, роҳатландим. Юқори савияли ўйинчилар битта жамоада узоқ қололмасликларини кўп таъкидлашади. Аммо улар шунга муваффақ бўлсалар, жамоанинг катта манфаат кўриши аниқ. Бунга бизнинг фаолиятимиз исбот.

«ПСЖ» вариантини эслаб...

- 2011 йили «ПСЖ»нинг ўша вақтдаги спорт директори Леонардо билан Парижда ўйнашингиз масаласини муҳокама қилганингиз ростми?

- Рост. У бир куни эрта тонгда қўнғироқ қилиб, «ПСЖ»да ўйнаш вариантига қандай қарашим билан қизиқди. Бироқ шундан 2 кунча олдин «Ювентус»нинг янги шартнома тузиш ҳақидаги талабини бажаргандим. Шундай экан, ўзаро суҳбатимиздан ҳеч нарса чиқмади. Аслида бу вариант анча қизиқарли эди.

- Умуман, Ленардо аниқ таклифни ўртага ташлаганмиди?

- Унинг алоҳида гаплар ёрдамида мени кўндиришга уриниши шарт эмасди. Чунки Ленардони доимо ҳурмат қилганман, ҳозир ҳам шундай. Ахир иккимиз вақтида елкама-елка туриб, тўп сурганмиз, кейинроқ Лео «Милан» раҳбарларидан бири сифатида менга устозлик қилган.

- Агар «ПСЖ»га ўтиш варианти «Ювентус» билан шартнома тузишингиздан олдин юзага келганида, қандай йўл тутардингиз?

- Билмадим. Лекин Леонардо билан юзма-юз кўришиб, унинг гапларига қулоқ тутишим аниқ эди...

- 2010 йили эса Хосеп Гвардиола сизни «Барселона»га чақирган экан...

- «Ноу Камп»да «Милан» ва «Барселона» ўртасида ўртоқлик ўйини ташкил этилганди. Учрашувдан сўнг Гвардиола мени стадиондаги офисига чорлади. У ҳам «Барса»га ўтиш таклифини қабул қилиш-қилмаслигим билан қизиқди. Бу катта шараф, албатта. Аммо ўшанда «Милан» мен билан хайрлашишни хоҳламаганди.

МАЪЛУМОТ УЧУН:

Андреа ПИРЛО

Туғилган санаси ва манзили: 1979 йил 19 май, Флеро (Италия)

Амплуа бўйича: ярим ҳимоячи

Ўйнаган клублари: «Брешия» (Италия) - 1994-1998, 2001; «Интер» (Италия) - 1998-2001, узилишлар билан; «Реджина» (Италия) - 1999-2000; «Милан» (Италия) - 2001-2011; «Ювентус» (Италия) - 2011-2015; «Нью-Йорк Сити» (АҚШ) - 2015-...

Италия чемпионидаги умумий статистикаси: 493та ўйин, 58та гол

Италия миллий жамоасидаги умумий статистикаси: 116та ўйин, 13та гол (2002-2016)

Ютуқлари: Италия чемпиони - 2004, 2011-2015; Италия кубоги соҳиби - 2003, 2015; Италия суперкубоги совриндори - 2004, 2012, 2013; Европа Чемпионлар Лигаси ғолиби - 2003, 2007; Европа суперкубоги соҳиби - 2003, 2007; Клублар ўртасидаги ЖЧ ғолиби - 2007; жаҳон чемпиони - 2006

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:36, 12.05.2017.
Ўқилди: 6701 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.