Жорий мавсум бошида «Бухоро» сафини тўлдирган Владимир Баенко қисқа муддат ичида янги жамоасига мослаша олди. Яқинда FootBoom портали кўҳна шаҳарликларнинг украиналик легионерини суҳбатга тортиб, унинг Ўзбекистондаги фаолияти билан қизиқиш баробарида, бошқа мавзулардаги саволларига ҳам жавоб олишди.
— «Бухоро» сафига қишда қўшилгандингиз. Ҳозирга келиб бир қатор учрашувларда майдонга тушдингиз. Анча мослашиб олдингизми?
— Ҳаммаси кўнгилдагидек. Мени бу ерда илиқ қабул қилиб олишди. Шу боис ҳам муаммолар бўлмади. Шарт-шароитлардан тўла қониқяпман. Мураббийнинг талаби, маҳаллий одатлар ва ўйин ритмини тезда тушуниб олдим. Тўғрисини айтсам, мослашишим ўзим кутгандан ҳам тезроқ амалга ошди.
— Иқлим шароити қийинчилик туғдирмаяптими?
— Йўқ. Кунлар энди исий бошлади. Бунга қадар об-ҳаво худди Украинадаги каби эди.
— Ўзбекистон ва Украина футболи орасидаги тафовутни сездингизми?
— Ҳа, албатта. Биринчи фарқи, бу ерда «Динамо» ва «Шахтёр» каби грандлар йўқ. Шунинг учун натижаларни олдиндан тахмин қилиб бўлмайди. Жорий мавсумдаги учрашувлар клубларнинг кучлари деярли тенг эканини кўрсатмоқда. Рақиб қайси жамоа бўлишидан қатъий назар, ундан очко олиш мумкин. Ҳар бир учрашув турнир жадвалидаги ҳолатингизга жиддий ўзгартириш киритиши тайин. Айтайлик, иккинчи ўринда кетяпсиз. Қабул қилиб олинган биттагина мағлубият клубингизни етти ёки саккизинчи ўринга тушириб юбориши ҳеч гап эмас.
— Ўйинлар тезлиги қандай?
— Бизнинг мамлакатдаги каби тезкор, дея олмайман. Аммо айтайлик, Украина чемпионатида «Сталь»-«Зирка» учрашувида ҳам тезлик юқори эмас. Бироқ «Шахтёр»нинг ўйинига қараб таққослайдиган бўлсак, украинлар бу борада анча устун. Умуман олганда эса, фарқ унчалик катта эмас.
— Украина футболидаги каби қўполликлар Ўзбекистонда ҳам кузатиладими?