Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: Садоқат

Баҳо:
+3 | -

Кунимнинг ярми жанозада ўтди ва кечга келиб шу мақолани ёзяпман. Рамазоннинг шукуҳли кунларида дадамнинг тоғасига умр йўлдоши бўлган 79 ёшли онахонни тупроққа топшириб келдик. Садоқат муносиб мукофотланди. Одам тумонат бўлди. Таниган-танимаган кўтарди тобутни. Йиғламаган қолмади.

Уйга қайтаётганимизда вафот топган инсон ҳақида бир таъриф янгради: “Шу ҳовлига келин бўлиб тушганди, шу ҳовлидан чиқардик”.

Мана шу оддий янграган сўзлар замирида катта машаққат, босиб ўтилган оғир йўл ва заҳматли умр яшайди. Ярим асрлик сабрни кўргандек бўлдим. Машойиҳлар айтишган экан, инсоннинг асл баҳосини тобути кўтарилган куни ташриф буюрган одам белгилаб беради.

Ҳаётий ибратларни футбол майдонига кўчирадиган бўлсак, футболчининг кимлигини ва мавқеини хайрлашув кечаси, охирги ўйини белгилаб беради, деб бемалол айта оламиз. Мен ана шунақа охирги ўйинларни бошқача бир ҳиссиёт билан томоша қиламан. Оддийгина футбол ўйинидан драма ясагим келади. Қисқача айтганда, кўзёши қилгим келади. Шу боис бўлса керак, Франческо Тоттининг хайрлашув кечасига айланган “Женуа” – “Рома” ўйинини русча шарҳ остида кўрдим ва… Тоттига қўшилиб йиғладим. Негалигини тушуна олмадим аввалига. Кейин тушуниб қолдим ва сесканиб кетдим.

Ўзи Италия футболида икки сиймо бор мен учун. Бири Франческо Тотти, иккинчиси Роберто Баджо. Иккисининг Италия футболига сингган меҳнати залворлидир.

Садоқатли футболчилар, бироқ иккисининг садоқати фарқлидир. Тотти бир клуб шаънини умрбод сақлаган ҳолда, “Рома” либосининг эмблемасини ўпиб яшади. Баджо эса, “скуадро адзурра” либосидаги давлат гербини ўпиш учун умрини жамоа алмаштириш билан ўтказиб юборди. Мовий гвардия рўйхатига тушиш учун А Сериянинг деярли ҳамма клубида ўйнаб чиқди.

Қайси футболчи садоқатлироқ? Менимча, иккисининг мақсади битта бўлган, уларнинг иккови Италия футболининг фидойи ходимлари бўлиб қолишади. Ҳеч бирини пастроқ кўриб бўлмайди. Яъниким, улар бир уйга қарама-қарши икки эшикдан кирган кишиларга ўхшайди. Эшиклар бошқа бўлса ҳам, уй битта!

Мавзудан узоқлашмайин-а?! Яқинда “Бавария”нинг умуман кераксиз ўйинини ҳам кўргандим. Жамоа мамлакат чемпиони бўлиб улгурган, стадионга оқиб келган мухлислар фақат Филипп Лам билан хайрлашгани ташриф буюришганди. Мюнхенликларнинг садоқатли вакили бутун стадионни йиғлатганди ўшанда ҳам.

Айтишингиз мумкин, бунақа ҳодисалар доим бўлиб келган ва бунга кўникиш керак. Тўғри, инсон яшаб борар эканки, унинг ҳаётида бу каби айрилиқлар давом этгуси. Лекин айни менинг футболга қизиққан даврларимда тўп тепган ва мен таниган юлдузлар ичида энг охиргилардан бўлиб кетаётганлари барибир таъсирли чиқар экан. (Ўйлаб қарасам, биттагина йигит қолибди бу гвардиядан – Буффон!) Тоттининг хайрлашуви юракни ўпириб юборди. Тенгдошим билан оинаи жаҳон орқали бўлса ҳам хайрлашдим. Тотти, сенга раҳмат, дедим.

Франческо ҳодисаси Ламдан бироз мушкулроқ аслида. Тотти Ламдан фарқли равишда ўз савиясига лойиқ жамоада ўйнамади. Тан олиш керак. У гуллаган даврларида бемалол “Ювентус” ё “Милан”да, “Реал” ё “Барселона”да ўйнаса бўларди. Таклифлар ҳам бўлган. Аср аввалида мадридликларга деярли ўтганди ҳам. Бироқ, “Рома” либосини ечмай қолиб кетган. Ўша пайтлари А серия ўйинларини шарҳлаб борадиган Владимир Маслаченко Тотти ҳақида бир гап айтганди: “Агар бу бола озгина бўлса ҳам машғулот қилганида, бемалол Пеле бўларди. Устида ишламайди деярли”.

Ҳа, Худо берган қобилиятнинг ўзи билан шу даражада яшай олганди у. Ўз савиясидаги жамоага кетмай, ўз туғилиб ўсган шаҳри учун рамз бўлиб қолди. У туғилган шаҳар ҳар қандай давлатдан ҳам қадимийроқ ва каттароқлигини эътиборга олсак, Тоттини бемалол шу шаҳар императорига менгзасак бўлаверади.

“Рома” бу йил ҳам чемпионлик учун кураша олмади. Лекин унда ЕЧЛга тўғридан тўғри йўлланма берувчи 2-ўринни қўлга киритиш имкони бор эди. Бунинг учун охирги турда Генуада уч очко эгасига айланиши шарт эди.

Ўйиннинг иккинчи бўлим бошлари. Жамоа 1:1 дуранг ўйнаб турибди. Қалтис ҳолат. Тоттини охирги ўйинида майдонга туширмаса бўлмайди. Туширса, қариб қолган юлдуз жамоа зарарига ўйнаши мумкин. Стадионга ташриф буюрган минглаб мухлисларга бу дақиқаларда ЕЧЛ йўлланмасидан кўра ўз қаҳрамонларини майдонда кўриш қизиқроқ эди негадир. Нега туширмаяпти Тоттини, деб икки-уч марта айтди шарҳловчи ҳам.

Ва… у тушиб келди. “Рома” учун Тотти шу қадар муҳимки, уни сўнгги ўйинида майдонга тушириб (дуранг пайти, қалтис ҳолат) ЕЧЛда саралашдан ўйнашга ҳам рози эканлигини маълум қилди. Мажбур бўлди. Тотти Рим жамоасининг мақсадларидан-да устунроқ факторга айланди. Унинг тушиб келиши “Гладиатор” фильмидаги манзарани ёдга солиб юборди. Император!

Ва янада қизиғи шуки, римлик футболчилар Императорнинг охирги кечасида қаҳрамонлик кўрсатиб, сўнгги дақиқаларда ғалабани юлқиб олишди. ЕЧЛ гуруҳ йўлланмаси қўлга киритилди. Тотти учун ўйнади ҳамма!!! Улар “жамоа тарихига айланган юлдузнинг охирги ўйинида енга олмагандик” деган оғир тамғадан қўрқиб кетишди чамамда.

Хайрулла ҲАМИДОВ, Эрудит Спорт газетаси.

Манба: erudit-sport.uz
Киритилди: 16:08, 02.06.2017.
Ўқилди: 8695 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.