Кириш Регистрация
25/06 00:00 Албания 0-1 Испания
25/06 00:00 Хорватия 1-1 Италия
25/06 03:00 Колумбия 2-1 Парагвай
25/06 06:00 Бразилия 0-0 Коста-Рика
25/06 20:00 Олимпик 2-0 Сурхон
25/06 21:00 Франция 1-1 Польша
25/06 21:00 Нидерландия 2-3 Австрия
26/06 00:00 Англия 0-0 Словения
26/06 00:00 Дания 0-0 Сербия
26/06 03:00 Перу 0-1 Канада
26/06 06:00 Чили 0-1 Аргентина
26/06 20:00 Андижон - Навбаҳор
26/06 20:00 Металлург - Насаф
26/06 21:00 Словакия - Руминия
26/06 21:00 Украина - Бельгия
27/06 00:00 Чехия - Туркия
27/06 00:00 Грузия - Португалия
27/06 03:00 Эквадор - Ямайка
27/06 06:00 Венесуэла - Мексика
27/06 20:00 Нефтчи - Локомотив
27/06 20:00 Пахтакор - Бунёдкор

Тимо Вернер - буюк тўпурарликка муносиб йигитча

Баҳо:
+ | -

Яқинда рўй берган воқеа аксарият ишқибозларни оз бўлсада ранжитди - Германия термасининг Конфедерациялар кубоги учун эълон қилинган таркибига уч йил аввал мундиалда ғолиб чиққан Нойер, Озил, Кроос ва яна айрим юлдузлар киритилмади. Аммо қайғуришга ҳожат йўқ, бу футболчиларни келгуси ёзда Россия майдонларида кўришимиз ҳақиқатга яқин. Ҳозирча эса бир неча йилдан сўнг «бундестим»да етакчи ролларни ўйнаши кутилаётганлар ҳаракатларидан баҳраманд бўламиз. Шундай юксак истеъдод соҳибларидан бири - бундеслиганинг навбатдаги мавсуми кашфиётига айланган «Лейпциг» клуби вакили Тимо Вернер.

Россия матбуоти у ҳақида деярли ёзмаяпти, ваҳоланки, «Барселона», «Реал» ва «Челси»даги тактик ўзгаришлар қайта-қайта тилга олинмоқда. Умуман, бу ғалати ҳолат. Вернер Европанинг энг кучли чемпионатларидан бири ҳисобланган бундеслигада 21та гол урди, «гол}пас» тизими бўйича тўртинчи бўлди, мунтазам равишда термага чақирилмоқда. Германия футболи афсоналари унинг келажаги порлоқ эканини айтишмоқда. «Немис машинаси»нинг янги авлоди вакиллари орасида яққол ажралиб турган ўйинчи ҳақида сўз юритиш учун бундан ҳам яхшироқ сабаб топиш мумкинми?

Қаердан пайдо бўлди?

«Иттифоқо, «Лейпциг» ишқибозларидан бири мен билан телефон орқали гаплашмоқчилигини билдирди, рози бўлдим. Ҳозир тез-тез қўнғироқлашиб турамиз ёки у шунчаки, СМС ёзади. Машҳурлар одатда, телефон экранида қўнғироқ қилаётган шахснинг рақами кўринса, жавоб беришмайди. Аммо мен бу тоифадан эмасман. Ўзимни юлдуз деб ҳисобламайман»,-дейди Вернер.

«Штутгарт»нинг болалар жамоасида ўйнаб юрган кезлари Тимонинг миясига бир қоидани муҳрлашган: қандай мақомда бўлишдан қатъий назар, ҳаммага - шериклар, рақиблар, ишқибозлар, журналистларга ҳурмат билан муносабат билдириш шарт. Дўстлари ҳазил тариқасида уни «ҳушёр ҳайдовчи» деб аташарди. Вернер алкоголга яқинлашмасди, турли базмлардан кейин оғайниларини уй-уйларига тарқатарди. Автомобилни унга отаси шаҳар четидаги узумзорда кўмаклашгани учун мукофот тариқасида сотиб олиб берганди. Тимо тонгда гимназияга борар, кейин отасига ёрдамлашар, оқшом эса машғулотларга шошарди.

Ўша кезлари шваблар академиясидаги айрим жиҳатлар йигитчага кераксиздек туюларди. Аммо бугунга келиб, ушбу таълим масканида олган билимлари Германия термасига олиб борувчи йўлда асқотмоқда. Ҳар ҳафта сартарошхона ёки тату-салонга боришдан кўра, ўйин ва машғулотлардан бўшаган пайтлари Европанинг энг яхши футболчилари иштирокидаги учрашувлар акс этган видеоёзувларни кўриб чиқиб, ён дафтарчасига қайдлар киритишни фойдалироқ деб билади.

17 ёшида илк бор бундеслига ўйинида майдонга тушди, икки ҳафтадан сўнг дебют голини урди - қадрдон клубнинг 120 йиллиги нишонланаётган кунда «Айнтрахт» дарвозасини ишғол қилди. «Штутгарт» тарихида юқори даражали ўйинда тўп киритган энг ёш футболчи ўша баҳс учун махсус тайёрланган ретро-либосда трибуналар томон ошиқди. Бунда қандайдир рамзий маъно бор эди. Эртасига Вернер одатдагидек, гимназияга борди - отаси фарзандининг маълумотли бўлишини хоҳларди.

Қаҳрамонимиз шу билан тўхтаб қолмай, «энг ёш футболчи» сифатида қатор рекордлар қайд этди. Бундеслигада: «Штутгарт» сафида гол, «дубль», 50та ва 100тадан ўйин. У жуда тезкор, бардошли, техникаси юқори, зиқна эмас. 19 ёшида чемпионатни 16та гол билан якунлади. Аммо ке-йинги мавсум фаолиятида пасайиш кузатилди. 9 ой мобайнида атиги тўртта гол урди, асосий таркибдаги ўрнини йўқотди, ишқибозлар ва матбуотчилар уни юлдузлик касалига чалинганликда айблаб, босим уюштиришди. Мавсум якунига кўра, иккинчи бундеслигага равона бўлган «Штутгарт» 10 млн. евро компенсация эвазига ўз тарбияланувчисини «Лейпциг»­га қўйиб юборди.

Эҳтимол, Тимо қайсидир паллада ўзининг ноёб иқтидорига ишона бошлагандир, аммо Лейпцигдаги икки Ральф - Хазенхюттль ва Рангник осмонда учиб юрган йигитчани дарҳол ерга қайтаришди. Якунига етган мавсумда Вернерни тўхтатишнинг иложи бўлмади - «Бавария»га қарши кечган баҳсда «хет-трик» муаллифига айланди, Дитер Мюллер даври (1974|1975 йиллар мавсуми)дан буён илк бор 21 ёшдан кичик футболчи сифатида бундеслигада 19та тўп киритган ўйинчига айланди.

Бир куни Вернернинг телефони жиринглади, экранда нотаниш рақам порлаб турарди. Жавоб бериш тугмасини босганда эса гўшакнинг нариги томонидан Йоахим Лёвнинг овози эшитилди.

- Даставвал, дўстларим ҳазил қилишяпти, деб ўйладим, ахир ҳозир шунақа нарсалар урфга кирган-ку, - деди Вернер кейинчалик. - Аммо якунда ҳаммаси ҳақиқат бўлиб чиқди - кўп ўтмай, миллий жамоада дебютимни нишонладим.

Қандай ўйнайди?

Вернер «Штутгарт»даги фаолиятини марказий ҳужумчи сифатида бошлаган. 2016|2017 йиллар мавсумида ҳам худди шу амплуада кўриниш берди, бироқ «Лейпциг» бош мураббийи Ральф Хазенхюттль бир нечта услубларни қўллаб, Тимони юксак даражали универсалга айлантирди. Ёш футболчи ҳужумнинг исталган чизиғида бинойидек тўп сура бошлади. Кўпинча Вернер чап қанотдан олдинга ўтиб, бўш ҳудудлар топади ва шу тариқа ҳимоячиларни алдаб ўтиб, ҳужумга кескинлик бағишлайди. Ҳозирча буни ажойиб тарз­да уддаламоқда - якунига етган мавсумда шундай яккакурашларнинг 77 фоизи Вернер фойдасига ҳал бўлди.

Тутган ерини кесадиган ва ўта фаол Вернернинг ҳаракатлари «Лейп­циг» учун айни муддао - Тимо ўртача ҳисобда 90 дақиқа мобайнида самарали ҳужумда иштирок этади. Энди «буқалар» ҳужумчисининг универсаллигига қайтамиз. Одатда, Хазенхютль бироз тушунарсиз ва ҳозирги пайтда унча урф бўлмаган 4-2-2-2 тактик схемасига таянади. Демме ҳамда Кейта таянч чизиғида ҳаракатланишади, бироз олдинроқда Форсберг-Забитцер жуфтлиги жавлон уради, сўнгра Поульсен ва Вернер жойлашишган.

Юссуф Поульсен сингари футболчидан ҳар қайси мураббий «таргетмен» (бўйи узун, бош билан яхши ўйнайдиган ўйинчи) сифатида фойдаланиши аниқ эди: у яккакурашларга чиқиб, юқоридан келадиган тўпларни тезкор шерикларига олиб беради. Вернер ва Форсберг кўпинча бундай ҳолатларда зарба йўллайдиган вазиятга чиқиб боришади. Уларнинг Том Штарке қўриқлаётган дарвозага яқин ҳолатда тўпни қабул қилишгани фикримизга исбот бўлиши мумкин.

Оддий мисол. Ҳаводаги курашда ғолиб чиққан Поульсеннинг узатмаси Форсбергга бориб тушади, у эса Вернерни қулай вазиятга чиқаради.

Тимо дастлаб Боатенг, сўнгра Ламни алдаб ўтиб, «Бавария» дарвозасини ишғол қилади.

Бироқ бундай ўйин услуби «Лейпциг»га хос эмас. Вернернинг ҳолатга тўғри баҳо бериши, бўш ҳудудларни топиши жамоага бамаъни ҳужумлар уюштиришда асқотади. Ваҳоланки, ўша вазиятда оддий ўйнаш ҳам мумкин. Мисол учун, ҳимоячи Ильзакнер узатма йўллаганда Вернернинг ўша қанотдан олдинга ташланишини кўпчилик кутмайди...

... Сўнгра марказ томон интилади ва Поульсеннинг тўпни қулай тарзда эгаллаб олиб, бўш зонага пас узатишини кутади.

Тезкор ҳужумлар чоғи Тимо марказни бўшатиб, қанотга ўтади ва «офсайд» чизиғини назорат қилган ҳолда тўп суради. Натижада Поульсен тўпни Форсбергга узатади, у эса ўз навбатида, ҳимоячилар кўзини шамғалат қилишга ўрганган Вернерни қулай вазиятга чиқаради.

Бу каби комбинациялар қайсидир маънода, Форсбергнинг 18та самарали узатма билан бундеслиганинг энг яхши ассистенти бўлишини таъминлади. Вернер эса аниқ паслар борасида мақтана олмайди - у асосий эътиборни рақибни алдаб ўтиш ёки дарвозага зарба йўллашга қаратади. Шерикларига тўп узатиш бўйича эса муаммолари йўқ эмас.

Вернерга миллий жамоада ҳам катта умид билдиришмоқда. Мирослав Клозе кетгач, «бундестим» ҳамон юқори даражали марказий ҳужумчига эҳтиёж сезмоқда (ёши ўтиб қолган Марио Гомеснинг гоҳида порлагани ҳисоб эмас). Тимонинг жаҳон чемпионатида универсал форвард ролини бажара олишига кўпчилик шубҳа билан қарамоқда. «Лейпциг» ҳужумчисининг айнан қандай услубда ўйнаши ҳамон ноаниқлигича қоляпти. Бинобарин, Вернернинг ўзида бу саволга жавоб бор:

Ўйлашимча, мен - ҳужумчиларнинг янги тоифасига кираман, - дейди у. - 2010 йилги жаҳон чемпионатидан сўнг футболнинг қай тариқа ривожланганига назар ташласангиз, аксарият жамоалар деярли классик марказий форварддан воз кечишганига гувоҳ бўласиз. Бу амплуада тўп сурадиган юқори даражали футболчилардан ҳозир атиги 20 нафари қолди, холос. Катта эҳтимол билан, икки ҳужумчи тактикаси яна урфга киради, биз ҳозир «Лейпциг»да шу услубга таянмоқдамиз. Албатта, Германия термасида креатив ярим ҳимоячилар бисёрлиги туфайли ягона форвард билан ўйнаш маъқул кўринади. Шу битта жойни эгаллай оламанми, йўқми, буни вақт кўрсатади».

Бундеслиганинг якунига етган мавсумини диққат билан кузатганлар Вернернинг нималарга қодирлигини пайқаган бўлишлари тайин. Мабодо, қайсидир сабабларга кўра, Германиянинг энг довюрак клуби ўйинларини ўтказиб юборган бўлсангиз, ранжишга ҳожат йўқ. Шунчаки, Конфедерациялар кубоги баҳс­ларини томоша қилиб, «немис машинаси» сафидаги техникаси юқори ёш ҳужумчининг ҳаракатларига разм солинг. У 2018 йилнинг ёзида Томас Мюллернинг жасоратини қайтарса, ажабмас. Шу тариқа нафақат Лёв қўл остидаги жамоа, балки бутун мундиалнинг энг ёрқин футболчиларидан бирига айланиши мумкин.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 13:09, 06.06.2017.
Ўқилди: 3788 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.