Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: Келажак қачондан бошланади?

Баҳо:
+-1 | -

“Лестер” эртаги муаллифи Раньери жамоасининг чемпионликка катта қадам қўядиган ўйини олди шогирдларига шундай дейди: “Ҳаммангиз ёшлигингизда эртак эшитгансиз. Лекин каттарганингиздан сўнг ўша эртаклар қаёққадир йўқ бўлиб қолди. Ҳеч ким тополмади, тўғрими? Бугун лондонликларни енгсангиз, ўша эртак ҳаётга қайтиши мумкин. Бир мартага бўлса ҳам қайтиши мумкин. Шу иш сизнинг қўлингизда. Ерликлар учун берилган биргина имконият сизга берилди. Шуни ҳис қилиб ўйнасангиз бўлди, бошқа гапим йўқ!”

Ўзбекистон терма жамоаси олдида мавсумнинг энг зўр ўйини турибди. Ё бор қиладиган, ё йўқ қиладиган. Тайёргарлик ҳақида, таркиб ҳақида хўп ва кўп гапирилган. Очиғи, бу масалада танқид қилишдан кўра Бабаянни ҳимоя қилиш учун журналистга катта юрак  керак бўлиб қолди (шукр, шунақа замонларга ҳам етиб келдик!)

Мен ҳозир бошқа масалага эътибор қаратмоқчиман. Бу масала яқинда кимдирлар томонидан қўзғалиб қолиши мумкин. Шу қадар чигал ва айёр мавзуки, уни турли даврларда турли одамлар гапиришга одатланишган. Лекин уларнинг ўша гаплари ўша пайт учун мутлақо холис бўлмайди ва мураббийни ҳимоя қилиш учун айтилгани маълум бўлади. Ютқазганимиздан сўнг янграйди одатда бу гаплар. Мураббийнинг ёлланган адвокатларидан кутасиз бу гапларни.

 “Биз Жаҳон чемпионатига арзиймизми?

Чиқадиган бўлсак, шарманда бўлиб қайтмаймизми?

Муносиб бўлганимиздан кейин чиққанимиз яхшимасми?”

Асаб толаларимни охиригача титратиб юборадиган савол. Ҳимоя қилиш учун бошқа тузукроқ гап топмадингми, нонкўр, дегиларим келиб кетади ёзғувчи дўстимга. Хунук одам бўлиб туюлади шу саволни бераётган кимса. Бу саволни Ватан терма жамоаси борасида ўз мақсади йўлида йўллашни бошлаганларнинг кўзига қарагим келади. Ёлғоннинг рангини кўраман. Йилтиллаган ёлғон рангини.

“Ориат доно”даги дастуримизда ҳам шу масала юзасидан кўп тортишиб қоламиз: “Тасодифий жамоаларнинг порлаши қанчалик муҳим?.. улар футболга зарарми?.. “Лестер”га ўхшаш жамоалар футболга қай суратда наф келтиради?.. уларнинг вақтинчалик порлаши ва кейинчалик сўниб кетиши оқибатида ёқилган умид шамчироқлари изғирин ўчириб ташлаганидек қоронғуликка маҳкум этлмайдими?”

Тарихан порлаган ва жуда тез сўнган жамоаларни эслар эканмиз, икки томонга-да етарли аргумент топсак бўлади. “Фойда келтирмайди, қайтанга, мухлисларга ўтмиш билан қолиб кетишдек фожиани тақдим этади”, дегувчи томон, табиийки, “Парма”, “Блекберн”, “Лидс”, ўзимиздан эса, “Дўстлик”, МҲСК, “Сурхон”, “Атласчи” ва шунга ўхшаш ҳозирда номлари тарих саҳифасига кириб кетган клубларни факт ўлароқ айтади ва ўзини ғолиб билади.

“Йўқ, жамоа порлагач, мавқеини ушлаб қолиб, гигантлар сафида қола билгач, футбол ривожига катта туртки бериши мумкин” дегувчи тарафга “Манчестер Сити”, “Челси”, “Атлетико”, ўзимиздан эса, “Бунёдкор” ва “Локомотив” жамоалари ёрдамга келадики, айнан улар устида олиб борилган лойиҳалар муваффақиятли чиққани кишини келажакка умид билан қарашга мажбур этади. Хуллас, бу масала узоқ тортишувли ва ўртасида кесишадиган битта нуқта ҳам бор: “жамоага порлаб чиқиши энг муҳим жиҳат эмас, балки унинг давомийлиги аҳамиятли. Шундагина ҳар қандай клуб илк порлаган онлари бежиз кетмаганини исботлайди”, дегувчи тоифа.

Шахсан менга фарқи йўқ. Наздимда, келажак таъминланмаса ҳам курашавериш керак. Футболга зарар бериб қўймасмиканман, деган хавотир билан гигантлар сафига ёриб киришдан чўчимаслик керак, деб ҳисоблайман. Исландия Еврони ларзага келтирди, лекин “хўш, энди улар қаёқда?” дегувчиларни жиним суймайдики, исландлар келажакда умуман катта футболга қайтишмаса ҳам, шу ишни қилганликлари билан-да юракларга муҳрланиб қолишганини катта бахт дейман.

Келажакни ўйлаган қаҳрамон бўлолмайди. Инсон келажак учун масъул эмаслиги учун ҳам бугунига жавоб берсин, тамом. Шундай экан, “Лидс” ё “Парма” каби йўқ бўлиб кетишдан чўчиб, улар чиққан мавқени орзу қилмаслик ғирт қўрқоқлик ва нодонликдир. Магарамки, шундай фавқулодда порлашлар бўлмас экан, ишонаверинг, бугунги футбол ҳозиргидек жозибали бўлмасди. Суюкли Европа футболига назар ташланг, мана шу курашлар натижасида, ўртамиёналарнинг порлаши натижасида доимги гегемонлар ҳам ўз ўйинларини кучайтириб яшашмоқда. АПЛ бу масалада намуна бўлса, ҳатто иккита жамоасидан бошқа лидери йўқ дейиладиган Испания премьеросида ҳам ўша икки қирол жамоасини ўртамиёналар ер тишлатаётганини, турнир масаласини айнан ўша ўртамиёналар ҳал қилишаётганини кўряпмиз. Месси ва Роналдуси бор клубларга қарши ҳар бир жамоа тиш тирноғигача қуролланиб чиқмаса, икки мегаюлдуз янада юксаликка интилармиди, барқарорлигини сақлаб қолармиди?!

Ватан терма жамоаси майдонга тушиб келганида, айниқса, инсон бу мантиқлардан четланиши керак. Келажакда Сенегал ё Венгрия сингари йўқ бўлиб кетмасмиканмиз ё Шимолий Кореяга ўхшаб шарманда бўлиб қайтмасмиканмиз, деган хавотирли ўй сурадиган бўлсак, яхшиси футбол ўйнамаганимиз маъқул. Бу фикрларнинг ўзи ҳеч қачон қаҳрамон бўлолмаслигимизни, номимиз “тоғларнинг орасидан” нарига ўтмаслигини билдиради. Агар биз келажак яратмоқчи бўлсак, ўша келажак бугундан бошланишини билишимиз керак. Келажак эртадан эмас, айнан бугундан бошланишини идрок этишимиз шарт.

Ҳозирда жуда кўпчилик Европа вакилини ўртоқлик ўйинида доғда қолдирган Эрон термаси Бабаян шогирдларини мағлуб этади деган тахминда. Бу тахминга сабаб бўладиган омиллар талайгина. Яширишнинг кераги йўқ. Лекин бутун дунё ишонмай турган лаҳзада фақатгина футболчиларда ишонч деган туйғу топилса, дунёнинг фикри устун келолмаслигини кўп кузатганмиз.

Ҳозир менга бирор бир футбол мутахассисининг фикри қизиқ эмас. Ҳатто терма жамоамиз бош мураббийининг фикри ҳам. Футболчилар нима ўйлашяпти – шу қизиқ. Майдонга тушиб келадиган 11 йигит Эрондан ўта олишларига ишонишса, бизнинг келажагимиз 12 июнь куни Теҳрондаги ўйиндан бошлаб ёзилажаклигига ишонаман. Улар нималарига ишониб айтишади бу гапларини, қайси кучларига таяниб шундай фикр билдирадилар, очиғи бу ҳам қизиқ эмас. Ишонишса бўлди. Болалар эртакка ишонгандек ишониб беришса – бир мартагина шундай ишониб беришса – уларга ишонмаётган ҳамма уялиб қолишига ишонаман.

…Эронни енга олишимиз мумкинлигига бошқа ҳеч қандай туртки кўрмаётганим ва бошқа аргумент топа олмаганим учун шу мавзуга зўр бердим, узр!

Хайрулла ҲАМИДОВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

Манба: erudit-sport.uz
Киритилди: 10:30, 12.06.2017.
Ўқилди: 11504 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.