Олий лиганинг 14-турида “Навбаҳор” ўз майдонида “Олмалиқ” клубини қабул қилди.
Биринчи бўлимда жамоалар эхтиёткорлик билан ҳаракат қилишди. Шу кунгача кетма-кет беш ўйиндан буён “қуруқ серия”ни қайд этиб келган “олмалиқликлар” бу сафар ҳам ҳимояда ишончли ўйин кўрсатишди. Аксинча, қаторасига 6 ўйиндан буён ғалаба нималигини билмай келаётган “Навбаҳор” эса ўз мухлислари кўз ўнгида ушбу нохуш анъанага бархам бериш мақсадида катта куч билан олдинга ўтди.
Асосан хавфли вазиятларни томонлар стандарт вазиятлардан сўнг ташкил қилишди. Лекин ҳар икки жамоа дарвозабонлари дастлабки бўлимда гол бўлишига йўл қўймади.
Ўйинда урилган голлар иккинчи бўлимга тўғри келди. 52-дақиқа мезбонлар ҳисобни очишлари мумкин эди. Бу вазиятда рақиб ҳимоячиси Неманья Йовановични ўз жарима майдонида қоидани бузган холда тўхтатиб қолгандек таассурот уйғотди. Лекин ҳакам Йовановични муғомбирлик қилди деб топди ва унга сариқ карточка кўрсатди.
Шундан сўнг Хуршид Хўжаев дарвозаси олдида босим кучайиб борди. Ойбек Қиличев, Азиз Турғунбоев ва Дилшод Жабборовнинг уринишлари гарчи хавфли тус олганига қарамай, голга айланмади.
83-дақиқага келиб, Азиз Турғунбоевнинг ўнг қанотдан узатган тўпини Неманья Йованович боши билан “Олмалиқ” дарвозасига жойлаб қўйди - 1:0.
Меҳмонлар эса сафардан очко билан ортга қайтиш илинжида ҳужумкорликни оширишди. Қўшиб берилган дақиқаларда кетма-кет ишланган икки бурчак тўпи Кумиков шогирдларига фойда келтирди.
Шавкат Муллажоновнинг жарима майдонимизда тепган тўпини дарвозабонимиз ушлаб қололмагач, Рахматилло Бердимуродов бўш қолган дарвозани ишғол қилди. Шу тариқа “Навбаҳор” сўнгги дақиқаларда ғалабани қўлдан чиқарди.
Олий лига 14-тур
20 июнь. Наманган. “Марказий” ўйингоҳ.
“Навбаҳор” – “Олмалиқ” - 1:1 (0:0)
Голлар: Н. Йованович (83) – Р. Бердимуродов (90+2).
“Навбаҳор”: 30. Асилбек Аманов, 7. Ойбек Қиличев (3. Ҳасанбой Эргашев, 87), 9. Дилшод Жабборов, 17. Илҳом Бойдедаев (95. Тимур Толипов, 61), 19. Мирзоҳид Ғофуров, 20. Алишер Мирзаев (5. Ғиёс Комилов, 74), 21. Аъзам Алиев, 32. Жаҳонгир Меҳмонов, 44. Дарко Станоевич, 77. Азизбек Турғунбоев, 84. Неманья Йованович.
“Олмалиқ”: 46. Хуршид Хўжаев, 2. Абдуқаххор Хожиакбаров (7. Алибобо Раҳматуллаев, 86), 5. Дилшод Жўраев, 10. Шохназар Норбеков, 17. Камолиддин Мурзоев (8. Шота Григалашвили, 86), 18. Шавкат Муллажонов, 19. Ислом Иномов, 21. Ғулом-Хайдар Ғуломов (9. Забихилло Ўринбоев, 86), 55. Рахматулло Бердимуродов, 88. Игорь Йелич, 94. Хуршид Мухторов.
Огоҳлантиришлар: Д. Жабборов (45), Н. Йованович (52) - Р. Бердимуродов (4), Д. Жўраев (6), Ғ. Хайдаров (56), Ш. Норбеков (70).