Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Бабаянни ёмон деманг, у ҳам Худо бандаси

Баҳо:
+ | -1

Футбол — чиндан ҳам улкан томошо. Уни манаман деган бойлар ёқтиради, ўзлари мириқиб футбол ўйнайди. Қашшоқлар ҳам яхши кўради, ўзини худди Месси ёки Роналду билан бирга юргандек бахтиёр ҳис этади. Энди унинг ортида қанча пул айланишини тасаввур қилиш ҳам қийин.

Биз ҳам футболни оз-моз тушунамиз, ҳаддан зиёд севгандек кўринамиз. Лекин эсимни танибманки, ўзбек футболи ҳақида гап борса, фақат танқидга дуч келавераман. Айрим журналистларимизнинг таҳлилларини ўқиб, шу одамни футболга раҳбар қилиш керак, деб ўйлаб қоламан. Билмаган нарсаси йўқ. Наҳотки бир журналист билган нарсаларни футбол ичида юрганлар билмаса?

Миллий терма жамоамиз саралаш баҳларида биз кутган ўйинларни намойиш этолмаяпти. Айниқса, Сурияга ютқазиб қўйганимиздан кейин Бабаян одамларнинг кўзига «олабўжи»дек кўриняпти. Эронга учралган мағлубиятдан кейинги вазиятни-ку, ўзингиз яхши биласиз.

Дарвоқе, бундан 8–10 йиллар олдин фақат журналистларнинг эътирозию танқидлари орқали ўзбек футболининг умумий фаолиятига баҳо бериларди. Аҳоли унчалик реакция билдирмасди. Ҳозир бутун халқ гўё журналистга айланиб кетган, ҳатто машиналарига кимнинг термадан кетиши лозимлиги-ю, кимнинг креслони бўшатиб қўйишигача ёзилган баннерлар, плакатлар пайдо бўляпти.

Аммо расмий доиралар «ЙЎҚ» деган баёнот беришдан у ёғига ўтишолмаяпти. Ақли етмаяпти, дейди кимдир ўзича. Аслида етишмаган нарсалар кўўўўп. Кеча «Спорт» каналида футболимиз ҳақида ЎФФ «сеньор»лари билан берилган он-лайн суҳбатдан қониқдингизми? «Саволлар увол бўлди. Қанча гўзал саволлар нобуд бўлди», дейсизми? Ўзбекчани била туриб, русчада гапирган футболимиз «пахан»ларини-ку гапирмасаям бўлади. Эссиз, она тилимиз! Давлат тилига бўлган муносабатки шундайми, давлат футболига, халқ футболига улар фақат пул манбаи, жиғилдонни шишириш манбаи деб қарамаслигига ким кафолат беради?

«Жичча» деган сўзи билан машҳур бўлган устоз мутахассис Тоҳир Кападзенинг фарзанди, таниқли футболчи Темур Кападзе аксарият футбол ихлосмандлари ва журналистлардан «Болаларнинг руҳини кўтариш ўрнига танқид қиляпсизлар, шахсини таҳқирловчи гаплар айтяпсизлар», деб норози бўлибди. Тўғри, шахсига тегишли гапларни айтиш бутунлай ножоиз иш. Бу муборак кунлардагина эмас, ҳар қандай вазиятда ҳам гуноҳ. Аммо халқ уларни ёқтирмаяпти. Демак, «нимадир қилиш керак». Наҳотки 32 миллионлик халқнинг ичидан 11 та зўр футболчи чиқмаса? Жавоб тайёр — Хитойнинг 2, Ҳиндистоннинг 1,6 миллиард аҳолиси бор. Нима қилибди?

Агар ҳаммаси қандайдир рақамлару статистик маълумотларга боғлиқ бўлса, математик ҳисоб-китобларга мос келса, Хитой билан Ҳиндистон ҳар сафар жаҳон чемпионати финалида ўйнайвериши керакмасми? Ўзбекистон шу аҳолиси билан саралаш босқичининг сўнгги раундида лицензия учун курашиши эмас, балки кучли юзликка киришиёқ гумон бўлиб қолиши керак.

Йўқ, бу — футбол. У ҳеч қандай рақамларга, статистикаларга бўйсунмайди. Тўғри, коррупция деган манфур маҳлуқ бор. У туфайли гоҳ-гоҳ, ҳатто тез-тез футболдаги «тахмин»лар, рақамлар «башорат»ларга тўғри келиб туради. Лекин жаҳон чемпионатига саралаш ўйинларида қайсидир мамлакат терма жамоаси билан бошқа терма жамоанинг келишиши, ўйинларни сотиши қийин масала. 

Эй одамлар! Бабаян, Бабаян деяверишдан нега чарчамайсиз? Бабаян ким бўлибдики, бизнинг мағлубиятимизга сабаб бўлса? Уни танқид қилишдан олдин масаланинг илдизини чуқурроқ ўрганиш керакмасмикин? Тўғри, аслида кечаги ТВда берилган савол-жавобдан сўнг чуқур ўрганадиган нарса йўқ. 

Аммо уни ким шу курсига ўтиришига замин яратган, ким рағбатлантириб, бошидан силаяпти? Мана шу савол ортида ўзбек футболига тегишли жуда катта сирлар, ҳақиқатлар яширинган. Яширинмаган бўлса, ётибди. Ана шу «силовчи қўллар» эртага хоҳласа, мардикорни ҳам бош мураббийга айлантираверади. Мураббийлик гувоҳномасини олишдан осони йўқ. Зўринг ёки заринг бўлса — бас.

Яна бир томони, дод-вой қилаётганларнинг аксарияти Абрамов ва Қосимовдан бирини терма жамоага қайтаришни талаб этяпти. Ваҳоланки, бу икки мутахассис ҳам ўз вақтида боплаб сўз ёмғирида саваланган. Уларнинг айримларидан қолган «жароҳат»лар ҳали ҳам бу мураббийларнинг тушларига кириб чиқса керак.

Яна бир масала — футбол ҳамма эътибор қаратадиган, ҳар қалай очиқ бўлган ўйин ёки соҳа. Очиқ нарсанинг айблари яққол кўринади. Футбол — жамоатчилик иши, дегани шудир эҳтимол. Ўз фикримизни бемалол айтаверамиз. Лекин бундай камчиликлар, порахўрликлар, давлат пулини асоссиз ўзлаштириб, жиғилдонга уриб юборишлар ҳамма соҳада бор. Керак бўлса, футболдаги қаллобликлар, ўғриликлар «чепуха» бўлиб қоладиган соҳалар борки, футболимиз уларнинг олдида анча пок кўринади. ЎФФнинг ёйилмасини «Ўзбекистон фаришталари федерацияси» деб ўқигингиз келиб кетади.

Футбол ўша «МУАММОЛАР АЙСБЕРГИ»нинг кўриниб турган жойи, холос! Биласиз, айсбергнинг таги — сувда кўринмай турган жойи қанчалик катталигини...

Энди, асосий гапга ўтамиз. Тўғри, 1994 йилни ҳисобдан чиқарсак, 23 йилда уддалай олмаган ишимизни қандайдир икки ой ичида қилиб, «Америка очиш» қийин масала. Аммо, қувонарлиси, бизда айни кез ажойиб имконият юзага келган. Икки учрашувда ғалаба қозонсак, бўлди. Жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлимизда бўлади. Келинг, ҳар хил ғавғоларни чайнайвермай, келажакка оптимистик кўз билан қарайлик. Шу йигитларга яна бир бор ва сўнгги марта ишонч билдириб кўрайлик. Охирги марта. Индамайлик. Эркин қўяйлик. 

Чинакам истеъдодларни кашф этиб, бошини бошига қўшишни эса 2026 йилга қолдирсак. Қолдирсак, эмас, мўлжалласак. Чунки 2018 йилги жаҳон чемпионатига чиққанимиз билан бундай ўйин ва тактика(сизлик) билан фақат рақиб жамоалар ҳужумчиларининг гуруҳ босқичидаёқ тўпурар бўлиши учун замин яратамиз, холос. Ҳатто Африканинг ўртамиёна терма жамоаси ҳам дарвозамизга 6 тадан кам гол уролмай қолади. Тўплар нисбатини кўриб, музқаймоқ ҳам ботади.

2022 йилги жаҳон чемпионатида ўйинимиз камида 50 фоизга ўсади. 2026 йилда эса жаҳон чемпионатига тайёр бўламиз. Ўшанда ҳатто Бабаян бош мураббий бўлса ҳам, Аҳрол Иноятов ва бошқа Усмонову Толибжоновлардан ташкил топган «футболикат» ҳам халал беролмайди. Чунки ўша йилларга бориб, фақат футбол эмас, БОШҚА СОҲАЛАРда ҳам коррупция камаяди, ривожланиш кузатилади. Катта-катта муаммолар илдиз-пилдизи билан қўпорилади. Халқимизнинг онги, дунёқараши ўсади, курашувчанлиги, ғалабага бўлган интилиши ортади. Ўзбекистон ўз уйи эканини, унинг бойликларини ташмалаш фақатгина ўзининг молини ўғрилашдек гап эканини, юртдошини қийратиш ўзини қийратиш эканини тушуниб етади. 

Амалдорлар амал — бу еб-ичиш, уни амалга кўтарган, ўқитиб-тарбиялаган одамларнинг бетига тупуриш, қон-қақшатиш эмас, балки чиндан халқига сидқидилдан хизмат қилиш эканини тушунади. Ҳалоллик ва адолат устувор бўлади. Қоғозбозлик, мажлисбозлигу сафсатабозликлар камаяди, ёлғон ҳисоботлар, кўзбўямачиликлар, маддоҳликлар қисқаради. Ижролар, ҳақиқий ижролар ортади. Токи шундай бўлмас экан, билиб қўйинг, футбол ҳам ривожланмайди. Чунки футболдаги камчиликлар мана шу муаммоларнинг узвий бир қисми. Улар бартараф этилмагунча футбол асаббузарлик ўйини бўлиб тураверади. Биз эса бабаянларни айблаш билан овора бўлаверамиз. 

Шундай экан, азиз дўстлар, кимнидир ёки ниманидир ўзгартириш, ислоҳ этиш ёки алмаштириш керак бўлса, аввало, ўзимиздан бошлайлик. Салбий хислатларимизни худди Бабаяндек ёмон кўриб, постидан ҳайдайлик ва ўрнига яхшисини олиб келайлик. 

«Ватан» деган сўз биз учун шунчаки «Ўзбекистон» эмас, ҳақиқий ЎЗБЕКИСТОН бўлсин! Қаерда юрсак ҳам, нима иш қилсак, не хаёлларга борсак ҳам шу ватанга не наф берур, деб аввало ўйлайлик. 

Ўзбекистон ўзимизга, ота-онамизу фарзандимизга, келинг, севган ёримизга айланмагунича, ҳеч нарса ўзгармайди. Ташмалаш, ўмариш, жиғилдонга уриш, «сен менга тегма, мен сенга тегмайман», «сиздан угинаю биздан шугина» қабилидаги маразликларга маънан чек қўёлмасак, бизга ҳатто Нострадамус тирилиб келиб, башоратчилик қобилияти эвазига мураббийлик қилса ҳам Эронга ютқазиб қўяверамиз... Яна ким билади? 

Зоҳиджон ОЛОВ 

Манба: tribuna.uz
Киритилди: 20:49, 23.06.2017.
Ўқилди: 8723 марта.
Фикрлар: 35 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.