Полшада бўлиб ўтаётган ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида Германия (U-21) терма жамоаси сафида бир қатор иқтидорли ёшлари гранд жамоаларнинг эътиборига тушган. Бу ёшлар ҳам Ўзил етакчилигидаги “олтин авлод”нинг қаҳрамонликларини такрорлай олиши мумкин.
Германия термаси келаси йил ёз ойигача амалдаги жаҳон чемпиони мақомини сақлаб туради. Узоқ йиллик ташналикдан сўнг «немис машинаси» 2014 йилда жаҳон футболининг юқори поғонасига кўтарилган эди. Бундай истиқболни давом эттириш учун Германия термаси барча имкониятларга эга. Жаҳон футболида 1958 ва 1970-йиллар оралиғида етакчилик қилган Бразилия термаси каби “Националманшафт” ҳозирги кунда немис гегемонлигини ўзида сақлаб туришга қодир жамоалардан бирига айланган. Айниқса, ёш футболчиларнинг селекциясида терма жамоа самарали фаолият юритмоқда.
« Немис машинаси » Конфедерациялар Кубогида ишонч билан финал сари бормоқда, Стефан Кунтс шогирдлари эса Полшада бўлиб ўтаётган Евро-2017да дадил илгарилаб бормоқда. Германия ёшлари дастлабки турларни ишончли ғалаба билан бошладилар ва сўнгги турга келибгина Италиядан аламли мағлубиятни қабул қилиб олди. Шунга қарамай, Германия термаси ярим финал йўлланмасини қўлга кирита олди. Гуруҳ баҳсларида немис ёшлари ўзларини ижобий тарафдан кўрсата олишди, айниқса, ёш Серж Гнабри жамоасининг етакчиси эканлигини намойиш этди.
Гнабри ва Майер – яқин келажак етакчилари
2016 йилда Риода бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида Германия шарафини ҳимоя қилган бир қатор ёш истеъдод эгалари жаҳон футболи аҳлига танилган эди. Булар Майер, Зелке, Брандт, Зюле ва Горецка. Сўнгги уч футболчи эса ҳатто Лёв томонидан асосий жамоага чақирилди ва ҳозирда Конфедерациялар Кубогида иштирок этишмоқда. Полшада бўлаётган Европа мусобақасига эса янги номлар ўз сўзларини айтиши учун чақирилган.
Мусобақа бошланганидан бери эса улардан баъзилари ишончли ўйин намойиш этмоқда. Мисол тариқасида, бир гол ва бир голли узатмага эга Гнабри ва ҳар бир ўйинда юқори салоҳиятини намойиш этаётган Макс Майер. “Шалке-04” ярим ҳимоячиси жамоадошлари ўйинига ўз таъсирини ўтказа олишини исботлаб берди. Бироқ, Бундеслигадай чемпионатда 138 ўйинда иштирок этган футболчининг ўйинидан ҳайратланиш керакмикин?
Барча чизиқларда иқтидорлар бор, ҳатто захира ўриндиғида ҳам
Ҳужум чизиғида ҳаракат қилаётган Деви Зелке Бундеслиганинг кашфиёти бўлди. 1-турда Чехия термасига қарши ўйинда пеналтини аниқ бажара олмаган бўлсада, Дания ёшларига қарши баҳсда ўзини ижобий томондан кўрсата олди. Ярим ҳимоя чизиғида келиб чиқиши суриялик бўлган Маҳмуд Дауд кўзга ташланмоқда. Бекорга, “Боруссия” ёш иқтидор эгаси учун 15 миллион евронинг баҳридан воз кечмаган. Дауд майдон марказида жамоа сардори Максимилиан Арнолд билан ажойиб тандем ҳосил қилган. “Фрайбург” ҳимоячиси Марк-Оливер Кампф Ҳуммелс ва Жером Боатенг изидан бормоқда. Асли келиб чиқиши афғон бўлган Наден Амирий эса ярим ҳимояда анча фойдаси тегмоқда. У 4 йилдан буён ёшлар термасига мунтазам чақирилмоқда. Ва ниҳоят Левин Ўзтунали. « Майнц » клуби яримҳимоячиси Левин Ўзтунали немис футболи афсоналаридан бири Уве Зеелернинг набираси. Ҳозирча, асосий таркиб футболчиси ҳисобланмаса-да, бош мураббийи унга вақти келиб имкон бериши аниқ.
Таркибида бир қатор умидли ёшлар бор бўлишига қарамасдан, бош совринни қўлга кирита олишмаса футбол мухлисларининг йодида қолишлари қийин. Бунинг учун улар кимдан намуна олишлари аниқ. Жаҳон чемпиони бўлишдан олдин Ўзил, Нойер, Хедира ва Хуммелс 2009 йилда ёшлар ўртасида бўлиб ўтган Европа чемпионатини ютган эди. Уларнинг кўрсатган жасоратини юқорида тилга олинган ёш футболчилар такрорлай олиши мумкин.