Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Равшан Эрматов: «Хатони 10 йиллаб муҳокама қилишдан кўра, бир дақиқа йўқотган маъқул»

Баҳо:
+3 | -

Етакчи реферимиз Равшан Эрматов Конфедерациялар кубоги-2017 турнирида видеоҳакам сифатида иш олиб бормоқда.

- Конфедерациялар кубогида видеоарбитр сифатида ишлаябсиз. Вазифангиз нималардан иборат?

- Футбол шунчалик тезлашиб кетдики, ҳакамлар ҳамиша тўғри қарор қабул қилиш учун керакли позицияни эгаллашга улгуришмаяпти. Мисол учун, пенальти белгилашда шундай вазиятлар юзага келяптики, ҳакамлар уларни шунчаки, кўришмаяпти, карточка беришмаяпти. Демакки, жамоалар ҳакамлик хатоларидан жабр чекмаслиги кераклигини инобатга олсак, футбол учун видеоёрдамчи жуда зарур. Тушунарлики, видеоассистент ҳар бир вазиятга аралашавермайди. Лекин шахсий фикримча, ушбу тизим керак.

- Аввалига видеотакрорлар тизимига қарши чиққанлар бундан фойдаланиш натижасида ўйин суръати тушиб кетишидан нолишганди. Шундай эмасми?

- Бугунги асосий мақсадимиз - эҳтиёткорлик. Бу вақтдан муҳимроқ бўлиб қолди. Дейлик, битта вазият таҳлили учун кўпи билан 1 дақиқа кетади. Аммо ҳакамнинг битта жиддийроқ хатосини 10 йиллаб гапиришади, муҳокама қилишади. Олдимизда барча хатолар олдини олиш вазифаси йўқ. Яъни видеоассистент кичик хатоларга эътибор қаратмайди. Ахир инсоний фактордан қочиб қутулиш иложсиздир. Энг асосийси, пенальти белгилаш, голни аниқлаш ва четлатиш пайти катта хатолардан қочиш керак. Хуллас, видеотакрорлар эътибори айнан шу жиҳатларга қаратилади.

- Бош ҳакам бундай ёрдамчига эга бўлгач, бўшашиб кетмайдими?

- Буниси ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Шахсан ўз ҳақимда гапирсам, бригадамга видеорефери тайинланиши ёки тайинланмаслигидан қатъий назар, ҳеч қачон диққат-эътиборни сусайтирмайман. Зеро, барчасини ўз кўзим билан кўришни истайман.

- Умуман, янгилик ортидан ҳакамларга нисбатан руҳий босим даражаси пасаядими?

- Албатта. Ахир катта турнирлардаги хатонинг аҳамияти жуда баланд, оқибати ёмон. Шу боис, ҳакамлар ҳамиша кучли босим остида ишлашади. Бунинг таъсирида эса яна хато қилиш мумкин. Ўйлашимча, видеотакрорлар тизимининг амалга татбиқ этилиши билан реферилар ўзларини эркинроқ ҳис қилишади ва янада сифатли иш олиб боришади.

- Айтингчи, фаолиятингиз давомида кейинчалик тушларингизга кирадиган хатолар ҳам учраганми?

- Ҳакам деярли ҳар бир ўйинда хато қилади, қайсидир вазиятда адашади. Уларни вақтида таҳлил қилиб, керакли хулосалар чиқарсангиз, бас. Муҳими, хатонгиз ўйин ҳисоби, турнирга таъсир қилмаслиги керак.

- Арбитрларни виждон азоби қийнайдими?

- Гап виждонда эмас. У бизни ҳеч қачон тарк этмайди. Шунчаки, инсоний факторлар бор. Масалан, вазиятни аниқ кўрмай қолишингиз мумкин. Умуман, ҳакамлар қандай тайёргарлик кўришларини ҳеч кузатганмисиз? Ҳаттоки, футболчилар ҳам ўйин­ларга бунчалик қаттиқ ҳозирлик кўришмайди.

- Тушунарлики, видеоҳакам тизими синов тариқасида амалиётдан ўтказилмоқда. Сизнингча, бу тизим ЖЧ-2018да ҳам қўлланиладими?

- Тизим жуда яхши. Бу ҳақда кўп гапиришди. У футболнинг янада шаффофлашишига ёрдам берар экан. Энг асосийси, мазкур тизим футболчилар ва мухлисларнинг ҳакам хатоси туфайли азият чекишлари олдини олади. 

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:48, 29.06.2017.
Ўқилди: 6998 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.