Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Флорентино Перес: «Аввало Роналдунинг ўзи билан гаплашиб олишим керак» (интервью)

Баҳо:
+ | -

Флорентино Перес яқинда 5-марта «Реал» президенти лавозимига сайланди. У шу муносабат билан Onda Ceroнинг El Transistor кўрсатуви меҳмони бўлди. Жаноб Перес айни шу суҳбат давомида ниҳоят, Криштиану Роналду ва Испания солиқ идоралари ўртасидаги можароларга ҳам алоҳида тўхталиб, португалиялик етакчининг «Мадрид»дан кетиш ҳақида айтган гапларига муносабат билдирди. Унинг қатъий оҳангда таъкидлашича, ҳеч қайси клуб Роналду трансфери масаласида ҳали расман мурожаат қилмаган.

- Жаноб Перес, айтингчи, бир йил олдин президент ролидаги ваколатингиз муддати яна узайиши мумкинлиги ҳақида ўйлаганмидингиз?

- Бир йил олдинми? Йўқ, бу борада умуман бош қотирган эмасдим. Умуман, олдинда тўлиқ бир йил турганида, нимага ортиқча ўй-хаёлларга боришим керак эди? Чунончи, футболда бир йил - бу худдики бир умр демакдир. Футболда яхшиси, ҳар чоршанба ва якшанба куни нималар юз беришини ўйлаганингиз маъқул.

- Нима деб ўйлайсиз, «Реал» равнақи йўлида қилаётган хизматларингиз клуб томонидан муносиб қадрланармикан?

- «Реал»га мухлислик авлоддан авлодга кўчмоқда. Мисол учун, ҳозирги кўплаб мухлисларимиз клубга муҳаббатни ўз оталари ва боболаридан мерос қилиб олишган. Демакки, улар клуб фалсафасини жуда яхши тушунишади. Шу маънода айтсак, ҳаммалари учун натижадан кўра, президентнинг бу лавозимга муносиб ёки муносиб эмаслиги муҳимроқ саналади.

- Энди асосий мавзу - Криштиану Роналду билан боғлиқ ҳозирги ҳолат юзасидан нима дея оласиз?

- Очиғи, бу масалада Криштианунинг шахсан ўзи билан ҳали гаплашганим йўқ - фурсат бўлмади. Шундай экан, айни ҳолатда бирор аниқ гап айтишим анча мушкул. Чунончи, Кардиффда кечган ЧЛ финалидан  атиги 3 кун ўтгач, сайлов қўмитаси номзодлар рўйхатга олинаётганини маълум қилди. Бу вақтда рақобатчиларимга ҳурмат сақлаш важидан клуб ишлари доирасида қандайдир фаоллик кўрсатмадим. Дейлик, Криштиану билан боғлиқ вазият хусусида илк марта газеталарда ўқидим. Ҳозир шуни айтишим керакки, Роналду бошқа футболчилар қатори клуб билан маълум муддатга шартнома тузган ва унга мувофиқ, ҳамон «Реал» аъзоси ҳисобланади. Ҳали у билан умумий ҳолатни бафуржа муҳокама қиламиз, барчасини гаплашиб оламиз. Бундан нима чиқишини эса вақт кўрсатади. Хуллас, айни шу тобда бу борада тўлиқ маълумотга эга эмасман. Биласиз, Криштианунинг ўзи Португалия терма жамоаси сафида Конфедерациялар кубогида иштирок этмоқда. Турнир ниҳоясига етмагунча уни безовта қилишни истамайман. Такрор айтаман, нималар рўй бераётганини аниқ билмайман, лекин вазият ғалатироқ туюляпти, дарҳақиқат. Ҳаммаси айнан нима билан боғлиқлигини эса фақат Криштианунинг ўзидан эшитишимиз мумкин. Роналдуни яқиндан яхши биламан ва бу масалада хотиржамман. Чунончи, у ажойиб йигит ва катта профессионал. Албатта, «Реал»нинг ҳар бир футболчиси каби Роналдуни ҳам охирига қадар ҳимоя қиламан. Тушунаман, солиқ қоидаларига барча бирдек амал қилиши шарт. Шунинг баробарида Криштианунинг ўз олдидаги мажбуриятларни бажаришга тайёрлигини ҳам биламан. Матбуотда эса турли сафсаталарни ёзишмоқда ва бундан ғоят ҳайронман. Мана, «Реал» Роналдуни қўллаб-қувватлашини расман маълум қилди. Алоҳида айтаман, матбуот хабарларида айтилаётганидек, футболчи менга жамоа раҳбариятидан хафа эканлигини билдирган эмас. Қисқаси, Роналдунинг клуб эътибори пастлигини айтиб, нолигани - ғирт ёлғон.

- Балки футболчи зиммасидаги солиқ қарзларини «Реал» тўлаб берар...

-  Бу масала ҳеч қачон муҳокама қилинмади. Чунончи, Роналдунинг ўзи шундай бўлишини сира истамайди. Унинг ортиқча ғамхўрликдан ранжиши турган гап. Қолаверса, билишимча, бу борада футболчига нисбатан ноҳақлик қилишмоқда.

- Умуман, Роналдуга боғлиқ можаро ҳақида илк марта қачон ва қаерда эшитдингиз?

- A Bola газетасида хабар берилганидан сўнг.

- Шу ондаёқ дарҳол Криштианунинг ўзига қўнғироқ қилгандирсиз...

- Йўқ. Чунки сайловларга тайёргарлик кўраётгандим, бор эътиборим шу жараёнга қаратилганди. Менга Роналду солиқ идоралари билан юзага келган ҳолат туфайли асабийлашаётганини етказишди. Лекин ҳозиргача вазиятнинг асл моҳияти ва тўлиқ тафсилотларини билмайман. Криштиану билан охирги марта Кардиффдаги финалдан кейин гаплашгандим. Ўшанда асосан кейинги мавсум режаларига тўхталгандик. Солиқ тўлови можароси эса сал кейинроқ юзага чиқди.

- Нима, клуб вазиятга ойдинлик киритиш учун солиқ идорасига қўнғироқ қилса бўлмасмиди?

- Табиийки, Криштиану кучли юристлар билан ҳамкорлик қилади. Аммо уларни шахсан танийман. Бу масалада маълум тажрибага эгаман ва барчасига шахсий ҳуқуқшунослар аниқлик киритишлари лозимлигини яхши биламан. Демоқчиманки, агар клуб вазиятга аралашса, бу ноўрин ёндашув ҳисобланарди.

- Солиқчилар-чи, улар қандайдир маълумот олиш учун сизга ҳам мурожаат қилишдими?

- Аслида ўзим ҳам вақтида айнан солиқ тўловларига боғлиқ ёқимсиз муаммоларга дуч келганман. Қайтараман, бундай ҳолатда аввало, юристларга мурожаат қилинади. Айтганча, 2000 йилдан кейинги даврда «Реал» ва солиқ идоралари ўртасида бир неча марта тушунмовчиликлар юзага келган ва тортишув жараёнининг кўпида биз ютиб чиққанмиз. Оддий ҳаёт учун сизни соф жиноятчига чиқариб қўйишлари ҳеч гап эмас. Энг ёқимсизи шуки, бундай вақтда одамлар ҳам сизга худди жиноятчидек муносабатда бўлишлари мумкин. Роналду айни пайт нечоғли эзилаётганини тасавввур қилиш қийин эмас. Ахир сиз қонунни бузмаган бўлсангиз, бундай айбловлардан сўнг руҳан сиқилишингиз тайин. Ишончим комил, Криштиану айбдор эмас. У Англияда шахсий имидж ҳуқуқлари билан шуғулланувчи фирма билан ҳамкорликни йўлга қўйган ва бу борада ҳеч нарсани яширмайди. Хўш, ниманидир яширмаётган инсонни қонунбузарликда айблаш мумкинми?

- Солиқ идоралари вакиллари Роналду иши билан худди Лионель Мессиники каби фаол шуғуллана бошлашди...

- Ҳаммамиз инсонмиз ва қаердадир хато қилишимиз муқаррар. Аммо шуни аниқ айта оламанки, Роналду солиқ бўйича мажбуриятларини бажариши шартлигини яхши тушунади. У бу ишни ҳамиша ўрнига қўйиб келганидан ҳам шубҳаланмайман.

- Футболчининг агенти - Жорже Мендеш билан гаплашдингизми?

- У бу борада эксперт эмас. Ҳозирда Криштианунинг юристидан маълумот олиб турибман. Роналду айниқса, матбуот муносабатидан хафа эканлигини биламан.

- Умуман, Роналдунинг трансфери масаласида аниқ таклифлар борми?

- Уни жамоа билан расмий шартнома боғлаб турибди. Дейлик, «ПСЖ» президенти билан ҳам гаплашганим йўқ. Алоҳида таъкидлашим ўринли, ҳозиргача нафақат Криштиану, балки Мората ёки Хамес Родригес трансфери юзасидан ҳам ҳеч қандай таклиф олмадик. Шунингдек, ўзимиз ҳам бирор футболчи масаласида расмий таклиф билан чиқмадик, аниқ суммани маълум қилмадик. Айни пайт янги мавсумда ҳам мавжуд таркибга таянишни ўйлаб турибмиз. Ўзгаришларга қўл урган тақдиримизда ҳам, улар катта аҳамият касб этмайди. Умуман олганда, трансферлар масаласида 31 августга қадар вақтимиз бор.

- Шахсан ўзингиз Роналдуни «Реал»да олиб қолишни истайсизми ёки...?

- Бу борада аввало, унинг ўзи билан гаплашиб кўришим керак. 8 йиллик ҳамкорлик давомида ўртамизда дўстона муносабат шаклланди. Қолаверса, Роналду «Реал» рамзларидан биридир, шубҳасиз. Тўғри, баъзан унга нисбатан ҳуштакбозлик қилишади. Аммо бошқа футболчиларга нисбатан ҳам шундай муносабат мавжуд. Ваҳоланки, айримлар яхши ўйнашса-да, ҳуштакбозликка йўлиқишади. Бундай пайтда футболчини олқишлаш, қўллаб-қувватлаш лозим. Хуллас, Конфедерациялар кубоги якунлангач, Роналду билан юзма-юз ўтириб, барчасини муҳокама қиламиз, албатта.

- Бордию, мухлислар унинг кетишини сўрашса...

- Йўқ, улар Роналдуни ёқтиришади. Умуман, кетиш-кетмаслик масаласини мухлислардан сўраб ўтирмайман. Криштиануни ҳозирдан Альфредо ди Стефано билан тенглаштириш мумкин. Яъни ди Стефано вақтида «Реал» учун қанчалик катта аҳамият касб этган бўлса, Роналду ҳозир худди шундай.

 

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 12:02, 29.06.2017.
Ўқилди: 6564 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.