Футбол чиройини очадиган асосий элементлардан бири - бу дриблинг маҳорати. Мухлислар баъзан идеал дриблинг ҳаракатидан оддийроқ голга нисбатан кўпроқ завқланишади.
Охирги евромавсумнинг энг кучли дриблингчилари рўйхатини ҳавола этишдан олдин у қандай тузилгани ҳақида маълумот бериш жоиз.
Демак, рейтингга мавсум давомида 25та ёки кўпроқ ўйинда иштирок этган ва ўртача ҳисобда уларнинг ҳар бирида камида 3,5 марта алдамчи ҳаракатни амалга оширган футболчилар (еврокубок турнирларида қатнашмаганлар учун чегара - 4та уриниш) киритилган.
Шундай ҳисоб-китобларга кўра, 1-ўрин «Челси» билан чемпионликни тантана қилган Эден Азарга насиб этди. Аммо кучли ўнликда ҳали кенг миқёсда танилмаган йигитлар ҳам бор.
10-ўрин. Наби КЕЙТА («РБ Лейпциг»)
Ўйин: 31та
Алдамчи ҳаракатлар сони: 83та
Муваффақиятли уриниш: 63,8 фоиз
«Лейпциг» бир йилча олдин «дўсти» - «Зальцбург»га 15 миллион евро тўлаганди ва Наби Кейта чиптасига жекпот чиқди. Ақлга сиғмайди, гвинеялик 22 ёшли йигитча илк уринишдаёқ бутун бундеслигани забт этди, камтарин жамоаси билан ЧЛга йўл олди. Шуларнинг самараси ўлароқ, чемпионатнинг энг яхши футболчилари шоҳсупаси юқорисида кимсан Пьер-Эмерик Обамеянгни нари сурди. Кейта тўп билан - бу африкалик Лука Модрич, ҳужумга суръат бағишловчи манба. Умуман, Набида ожиз томони йўқдек: тезлиги жойида, тўпни олиб қўйиш маҳорати зўр, бардошига гап йўқ, майдонни кўриш қобилияти ҳавас уйғотади... Хуллас, унинг учун дриблинг энг асосий қурол эмас, аммо бу борадаги маҳорати ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги тайин. Футболчи асосий кучли томони саналмаган дриблинг бўйича ҳам бутун Германияга сабоқ берган экан, унинг нақадар кучлилигини тушуниб олиш қийин эмас.
9-ўрин. Оскар ТРЕХО («Тулуза»)
Ўйин: 29та
Алдамчи ҳаракатлар сони: 86та
Муваффақиятли уриниш: 66,2 фоиз
Аргентиналик йигит ҳеч қачон энг сара ижрочилар қаторида зикр этилмаган, у ҳаттоки, умидли иқтидорлар сафига ҳам кирмаган. Ўтган асрнинг 80-йиллари охири кумушга бой мамлакатда туғилган Трехо фаолияти давомида хорижга сира талпинган эмас. Оскар бундан 11 йилча олдин легионерлик мақомини олиб, маҳсулдорлиги паст ҳужумчидан бирданига уста хавбекка айланди. Умуман олганда, аргентиналик футболчи 3 йилдан буён дриблинг маҳорати билан кўзга ташланмоқда. Йўқ, у бу масалада авваллари ҳам чакки эмасди, бироқ алоҳида «ҳунар» кўрсатиши учун майдон марказида эркинлик, кенгроқ ҳудудга эҳтиёж сезарди. Мана, кетма-кет 2 йил энг яхши дриблингчилар рўйхатига яқинлашган Трехо бу сафар ниҳоят, евромавсумнинг энг кучли 10 нафар ижрочиси сафидан жой олди.
8-ўрин. Дани СЕБАЛЬОС («Бетис»)
Ўйин: 30та
Алдамчи ҳаракатлар сони: 81та
Муваффақиятли уриниш: 67,5 фоиз
20 ёшли йигитча 3 йил бўлдики, ўз ўйини ва ҳаракатлари билан «Бетис»нинг марказий ярим ҳимоясига ўзгача чирой бағишламоқда. Тушунарлики, ақлли ва техник салоҳияти баланд универсал футболчи аллақачон грандлар эътиборига тушган: Мадридда ҳам, Барселонада ҳам бир вақтда ўхшаш хулоса чиқаришди: «Себальос айнан бизнинг клуб услубига жуда мос тушади». Дарҳақиқат, Дани майдонда ақлга таяниб, шунчалик эффектли тўп сурадики, хоҳ «Сантьяго Бернабеу», хоҳ «Камп Ноу» талабларини бемалол бажара олади. Айтганча, у рақибларини «калака» қилиш чоғи чинакам испандек ҳаракатланади - барчасини тезлик эмас, айёрлик билан амалга оширади.
7-ўрин. Алексис САНЧЕС («Арсенал»)
Ўйин: 46та
Алдамчи ҳаракатлар сони: 131та
Муваффақиятли уриниш: 67,5 фоиз
Алексис Санчес мавсумни жуда яхши ўтказиши мумкин, аммо барчасида ўхшовсиз ўйнаб, омадсизликка йўлиқиши ҳам ҳеч гап эмас. Лекин чилилик голеадор қандай спорт формасида бўлмасин, ундан тўпни олиб қўйиш жуда-жуда қийин. Дейлик, Санчес «Арсенал» учун даҳшатли мавсумда ҳам етарли даражада алдамчи ҳаракатларга берилди ва энг муҳими, ўз одатида кўра, уринишларининг кўпи муваффақиятли чиқди. Хуллас, «канонирлар» ҳужуми етакчиси худди бир йил олдин бўлгани каби Европа миқёсидаги энг кучли дриблингчилар рейтингида яна 7-ўринни банд этди.
6-ўрин. Поль ПОГБА («МЮ»)
Ўйин: 45та
Алдамчи ҳаракатлар сони: 110та
Муваффақиятли уриниш: 69,6 фоиз
Ҳаттоки, АПЛга тўлиқ мослашолмаган Погба ҳам Манчестер клубида энг яхши ижрочилардан бири бўлди. Ҳар ҳолда, у майдонга тушган ва четда қолган пайт «қизил иблислар» ўйини сифат жиҳатидан икки хил кўринди. Бошқача айтганда, Поль дейлик, Антони Мартиалга нисбатан ўйинга кўпроқ таъсир ўтказди. Погба хусусан, «Юнайтед» ҳаракатларига тетиклик ва ўзгачалик олиб кирди. Унинг Златан Ибрагимович билан ҳамкорлиги эса Жозе Моуриньо томонидан йўлга қўйилган футболнинг энг эстетик томонларидан биридир. Асосийси, Поль доимгидек, дриблинг бобида барчани дам-бадам ҳайратга солишни эплади.
5-ўрин. Аллан СЕН-МАКСИМЕН («Бастия»)
Ўйин: 33та
Алдамчи ҳаракатлар сони: 142та
Муваффақиятли уриниш: 69,6 фоиз
Тезкорлик, енгиллик ва ақл бовар қилмас даражадаги техника. Француз ҳужумчиси шу хусусиятлар уйғунлигида бир неча ғайриоддий голларга муаллифлик қилди. Айтишларича, Корсика анчадан буён футбол майдонида бу каби қойилмақом ижрочини кўрмаган экан. Аввалига гўёки, ҳазил тариқасида 6-рақамни танлаган, кейин уни ўзига мос «10»га алмаштирган Сен-Максимен якунланган мавсум давомида йўлида учраган ҳар қандай рақибни осонгина четга суриб, бир йил олдинги Усмон Дембелени эслатди. Аллан ҳозир 20 ёшда, демак, яқин йиллар ичида грандлар унинг учун катта пул таклиф этишлари мумкин. Энди асосий факт: Сен-Максименнинг трансфер ҳуқуқи ҳам ўша «Монако»га тегишли. Ҳа, монегасклар ҳамма жойда барчасига улгуришаётгандек.
4-ўрин. Амин ХАРИТ («Нант»)
Ўйин: 30та
Алдамчи ҳаракатлар сони: 88та
Муваффақиятли уриниш: 71,5 фоиз
Бу йигит ҳам эндигина 20 ёшни қаршилади. «Канарейкалар» плеймейкери доим ҳам камтарин жамоанинг бошланғич таркибига киргани йўқ, аммо ўта ностантарт ҳаракатларию, ёрқин техник қобилияти билан эътиборга тушди. Харит тўпни эгалласа, Самир Насрининг ёшлигини эслатади - ҳа, «Янги Зидан» мақоми билан сийланган ўша йигитчани. Тўғри, Амин доим ҳам ҳимоявий ҳаракатларга шошилмайди, зарба йўллаш масаласида муаммолари бор, аммо ҳар қандай ҳимоячини «жинни» қилиш салоҳиятига эга. Хуллас, ёш француз|ма-рокашлик болакайнинг ёрқин дриблинглари Лига 1ни шунчаки, безади.
3-ўрин. Ёсин БРАИМИ («Порту»)
Ўйин: 27та
Алдамчи ҳаракатлар сони: 150та
Муваффақиятли уриниш: 75,3 фоиз
«Порту» раҳбарияти ўтган йил августда бу плеймейкерни трансферга қўйишни ўйлаганди. Чунончи, жазоирлик йигит ўзини юлдуз ўрнида кўриб, машғулотни унутганди. Бироқ ҳар ёз Браими атрофида гир айланадиган Европанинг топ-клублари негадир бу гал бирданига жимиб қолишди. Футболчига харидор топилмаганини «Порту»нинг катта молиявий талаби билан изоҳлаш мумкин. Шунингдек, Ёсинга хос тартиб-интизом масаласидаги муаммолар ҳам даъвогарларни ўйлантириб қўйгани тайин. Факт шуки, Жазоир термаси вакили охир-оқибат, яна бир йил муддатга Португалияда қолди. «Аждаҳолар» ўз навбатида, таркибдаги энг яхши футболчилардан бирини узоқ вақт захирада олиб қололмасдилар. Ҳа, Браими одатдагидан анча кам ўйнади, шунга қарамай, ҳайратланарли ва ёрқин дриблинг маҳоратини кўз-кўз қилишни уддалади, барибир.
2-ўрин. Адама ТРАОРЕ («Мидлсбро»)
Ўйин: 26та
Алдамчи ҳаракатлар сони: 136та
Муваффақиятли уриниш: 75,6 фоиз
Томирларида малиликлар қони оқаётган йигитнинг тезкор дриблинг маҳорати Каталонияда шаклланди. «Барселона Б»нинг собиқ етакчиси асосий жамоада ўйнаш имконияти туғилишини узоқ вақт кутди ва ниҳоят, унинг либосида гол уришни ҳам эплади. Аммо Неймар билан беҳуда рақобатлашишни истамади, шекилли, жимгина Англияга йўл олди. Мана, АПЛ вакиллари ўз қаноти орқали елдек учадиган Адамани тўхтатиб қолиш масаласида роса қийналишди. Зеро, у нафақат серқирра, балки яна ўта айёр ҳам. Тезлик эса Траорени тутқич бермас футболчига айлантиради. Энди Ла Масия тарбияланувчиси супер-юлдуз мақомини олишни истаса, дриблингнинг ўзига ёпишиб олмасдан, бошқа жиҳатлар устида ҳам жиддий ишлаши керак. Мисол учун, ўзи бинойидек бўлган узатма маҳоратига янада сайқал берса - бу нур устига аъло нур!
1-ўрин. Эден АЗАР («Челси»)
Ўйин: 36та
Алдамчи ҳаракатлар сони: 143та
Муваффақиятли уриниш: 76,9 фоиз
Еврофутболнинг энг яхши дриблингчиси. Азарга хос ҳайратланарли ўсиш ҳаммани бирдек лол қолдириши тайин: у ҳаттоки, рақибларни алдаб ўтиш масаласида ҳам анча ўзгарди. Факт шундан иборатки, Бельгия вакили бир йил аввалгига нисбатан аниқроқ, кескинроқ ва эффеклироқ тўп сурди. 76,9 фоиз муваффақиятли алдаб ўтиш уриниши - бу олдинги чизиққа яқин ҳудудда ҳаракатланувчи футболчи учун беназир статистика. Демакки, Азар мавсум давомида тўпни деярли бехато назорат қилган. Топ-футболчилар орасида биргина Пауло Дибалани Азарга қиёслаш мумкин, бироқ аргентиналик йигит дриблинг салоҳиятини анча кам ишга солади. Ҳозирги Азар ҳаттоки, Лионель Месси ва Неймарнинг дриблингига қараб интиладиган ёшлар учун ҳам мутлақо янги савия ҳисобланади.