Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Энтони Хадсон - «ёш Моуриньо»нинг тақдир йўли

Баҳо:
+ | -

Конфедерациялар кубогида Океания шарафини ҳимоя қилган Янги Зеландия термасини ўзига хос мураббий Энтони Хадсон шуғуллантиради.

Таъкидлаш жоизки, ушбу мутахассис ҳаёти давомида тақдирнинг турли чиғириқларидан ўтган. Россиялик ҳамкасбларимиз ўз термалари билан бир гуруҳдан жой олган жамоа устози ҳақида мақола тайёрлашди.

Омадсиз футболчи

Хадсон ўйинчилик фаолиятини 1998 йили бошлаб, 10 йилдан сўнг тугатган. Уни ўз даврининг энг ёмон англиялик ярим ҳимоячиларидан бири сифатида танишарди. Отаси Энтонини «Вест Хэм» ёшлар жамоасига жойлаб қўйгач, кейинги уч йилни ушбу масканда ўтказди, профессионал даражада иккинчи лига баҳс­ларида битта мавсум ўтказди. Академиядан қўйиб юборишгач, Британиядаги фаолияти кўнгилдагидек кечмади. Шундан сўнг Голландияга йўл олиб, «НЕК» клубида олти ой тўп сурди ва бошланғич таркибга кириш имкониятлари ошди. Аммо кутилмаганда икки йиллик шартномани бекор қилиб, АҚШга отланди. Агар ўша кезлари Хадсоннинг тақдири кимнидир қизиқтирганида, бу воқеалар журналистик мақола учун ажойиб манбага айланиши муқаррар эди.

Ота ва алкоголь

Энтонининг отаси Алан Хадсон ўтган асрнинг 70-йилларида энг яхши англиялик ярим ҳимоячилардан бири бўлган, «Челси» ва «Арсенал» сафида тўп сурган. Англия кубоги, УЕФА кубок эгалари кубогини қўлга киритган ва табиийки, термадан таклиф олган. Энтони ўша дамларни эсларкан, шундай дейди: «Отам ҳамиша менинг кумирим эди, айнан у каби кучли спортчи бўлишни ўз бурчим деб ҳисоблардим».

Хадсон 17 ёшга тўлганида отаси автоҳалокатга учради. Ушбу воқеадан сўнг Энтони спиртли ичимликка ружу қўйди. Албатта, футболчи соғ­лом турмуш тарзига амал қилиб, ҳар куни шуғулланиши лозим. Аммо гап бунда эмасди. Умуман, муаммонинг футболга тааллуқли жиҳатлари йўқ эди. Хадсон кун сайин ўз ҳаётини ўзи барбод этаётганди. Икки ойлик кома ва 70та (!) операциядан сўнг отаси тузала бошлади, аммо ногирон бўлиб қолди. Энтонини эса тўхтатишнинг иложи топилмади.

«Ҳар куни барга қатнардим, маст ҳолда муштлашаётганимда тартиб посбонлари тутиб кетишарди, ҳаммаси назоратдан чиққанди». Танишларининг тинимсиз танбеҳ беришлари, шармандалик ҳисси, қарзлар туфайли Хадсон Англиядан Голландияга кетишга қарор қилди. Сўнгра АҚШга йўл олди. Унинг ишлари ўз-ўзидан юриша бошлади, ёввойи ҳаёт тарзига қарамай, футбол клублари билан алоқаларни йўлга қўйди.

Америка учинчи дивизионида қатнашувчи яримҳаваскорлар даражасидаги «Уилмингтон Хаммерхедс» жамоасини танлади. Шу ўринда Хадсон барларга боришни канда қилмади, аммо кейинроқ ҳаммаси ўзгарди: «Аноним алкоголиклар йиғилишида қатнашдим. Ўшанда бир аёл ёнимга келиб, қайтиб ичмаслигим лозимлигини таъкидлади».

Вазиятнинг ўзгаришига Хадсоннинг мураббийликка киргани ҳам сабаб бўлди. «Хаммерхедс»да молиявий муаммолар борлиги туфайли қаҳрамонимиз футболчи ва жамоа устози вазифаларини уйғунлаштиришга қарор қилди. Дастлаб омади юришди, келгуси мавсумдан эса ўша ҳаваскорлар дивизионидаги «Реал Мэриленд»ни тўлақонли бошқара бошлади. Натижада 27 баҳорни қаршилаганда Америка футбол лигалари тарихидаги энг ёш мураббийга айланди, 30 ёшида эса УЕФАнинг «Про» тоифасига эга бўлди. Хадсоннинг фаолияти англияликларни бефарқ қолдирмади ва 2010 йили у «Тоттенхэм»га келиб, Харри Реднаппга ёрдамчилик қилди.

«Ёш Моуриньо»

Бир куни Реднапп ассистентини айнан шундай чақирди - ёш Моуриньо. Нега бундай дегани номаълум, аммо ҳамма Хадсоннинг номига мурожаат этилган паллада чиройли тахаллусдан фойдаланарди. Аслида, ҳаммаси тушунарли. Энтони - «Беназир»нинг мухлиси. Ҳаттоки, кумиридан мураббийлик сабоқларини олиш мақсадида испан тилини ўрганди, Моуриньо Мадриднинг «Реал» клубида ишлаётганда у ерда амалиёт ўтади.

Унинг мураббийлик фаолияти қайсидир жиҳатлари билан португалиялик ҳамкасбиникига ўшаб кетади. Моуриньо ҳам футболчи сифатида асосий вақтини захира ўриндиғида ўтказган, асосан ўз мамлакатининг иккинчи дивизиони жамоасида тўп сурган. Ўртамиёна «Порту» бошқарувида эса жаҳон даражасига кўтарилган.

Хадсон УЕФА кубогида зафар қучмаган, аммо Осиёдаги термаларда муваффақиятли ишлади. Реднапп «Тоттенхэм»ни тарк этганида Энтони Баҳрайн ёшларини шуғуллантириш учун «сариқ қитъа»га отланди. Ушбу жамоа билан форс кўрфази кубогини қўлга киритди. Бир йилдан сўнг уни катталар термаси бош мураббийлигига тайинлашди, яна бир йилдан сўнг эса Океания минтақасида энг йирик ҳисобланувчи Янги Зеландия федерацияси билан шартнома имзолади.

Тўғри, Океанияда имкониятлар паст, ҳаттоки, ўта зерикарли бўлгани учун уни Австралия ҳам тарк этган. Ҳойнаҳой, Янги зеландияликлар бу фикрга қўшилмасалар керак. Хадсон ҳам. Мутахассис у ерда Миллатлар кубогида зафар қучди. Янги Зеландия термаси ушбу мусобақада 10 йилдан буён ғолиб чиқмаётганини инобатга олсак, мазкур натижа маҳаллий аҳолини қувонтирмай қўймади.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:36, 02.07.2017.
Ўқилди: 3616 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.