Москвадаги "Россия" концерт залида профессионал бокс бўйича чемпионлик жанги бўлиб ўтди. Унда россиялик Александр Поветкин ва украиналик Андрей Руденко WBO ва WBA йўналишлари бўйича интерконтинентал чемпион камарлари учун баҳс олиб боришди.
12 раунд давом этган жангда, Поветкин очколар бўйича ғолиб деб топилди.
Бу ғалаба россиялик боксчининг ўтган йил охирида у билан содир бўлган допинг-можародан кейинги биринчи ғалабаси бўлди.
Қайд этиш жоизки, 1-раунд ўрталарида кутилмаган ҳодиса юз берди. Поветкиннинг ҳужуми ва клинчидан кейин украиналик бўйни соҳасида оғриқ ҳис қилаётганидан шикоят қилган ва жанг бирозга тўхтаб қолган. Спортчи шифокор томондан кўриб чиқилган, ҳакам эса жанг супервайзерлари билан маслаҳатлашувлар ўтказа бошлаган, бу орада мухлислар ушбу вазиятдан норозилик билдириб, ҳуштакбозлик қила бошлашган, чунки улар жангдан ҳақиқий шоуни кўриш истагида эдилар.
Бироқ Руденко мураббийи билан маслаҳатлашгач, жангни давом эттиришга қарор қилган ва бу трибуналар томондан олқишлар билан қаршиланган.