Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Қурбон Бердиев - «Қозонлик Венгер»

Баҳо:
+ | -

Қурбон Бердиев қайси таърифга кўпроқ муносиб - «Ростовлик Фергюсон»гами ёки «Қозонлик Венгер»га?

Асли туркманистонлик мутахассиснинг маълум муддатли айрилиқдан сўнг «Рубин» клубига қайтганию, ҳайратланарли фаолияти давомидаги энг катта натижаларга айнан Татаристон пойтахтида эришганини ҳисобга олсак, унга иккинчи лақаб яқинроқ.

Ҳар ҳолда, Бердиев Ростовда у қадар кўп ишлагани йўқ, гарчи қисқа вақтда қўл остидаги жамоани мутлақо янги даражага олиб чиққан бўлсада. Демак, қуйида рус футболидаги энг тажрибали мураббийнинг «Рубин»га қайтгани муносабати билан унинг иш йўлига бирров назар соламиз.

Президентдан қутлов

64 ёшли Қурбон Бердиев рус футболида алоҳида ўрин тутадиган мураббийлардан биридир. Биринчидан, у ҳаттоки, мамлакат миқёсида ҳам камтарин ҳисобланадиган жамоани кетма-кет икки марта чемпионлик сари етаклади. Иккинчидан, ўзига хос услуби билан «Барселона» ва «Бавария»дек грандларни ҳам мағлубият кўчасига бошлади. Шунинг баробарида 10 йилдирки, уни ўзи бошқарган клубнинг молиявий жараёнини мутлақо «бўйсундириш»­га уринишда айблашмоқда. 2009 йил - Барак Обама АҚШ президенти сифатида иш бошлади, «Вайронадан чиққан миллионер» энг яхши картина ўлароқ, «Оскар» мукофотига лойиқ кўрилди, «Рубин» эса ўзининг ярим асрлик тарихида илк бора Чемпионлар Лигасида иштирок этди. Қозонликлар бунга қадар «сенсацион» тарзда Россия чемпионлигини қўлга киритгандилар. Татаристон жамоаси ўша йилнинг 20 октябрь оқшоми Европадаги энг катта стадионлардан бири «Камп Ноу»да турнирнинг амалдаги ғолиби - «Барселона» меҳмони бўлишди. Хосеп Гвардиола бошқарувидаги, Лионель Месси етакчилигидаги қудратли «Барса» Россия чемпионини «янчиб» ташлайдиган ҳолатда эди. Тўғри, «Рубин» битта тур олдин «Интер» билан учрашувда дуранг натижа қайд этганди, бироқ мухлислар  жамоадан ҳеч нарса кутишмаётганди, барибир. Воқеалар эса мутлақо бошқача ривожланди. Дейлик, 2-дақиқадаёқ ярим ҳимоячи Рязанцев 30 метрлар чамаси узоқликдан дарвоза тўққизлигини нишонга олди, кейин мезбонлар бир амаллаб ҳисобни тенглаштиришди ва учрашувнинг сўнгги чораги ўтиб бораётган пайт Карадениз чин «сенсация»га йўл очган гол муаллифига айланди. «Барса» қолган вақт давомида тўхтовсиз ҳужум уюштирди, аммо Қурбон Бердиев йўлга қўйган ҳимоя жуда метин эди. Ҳакамнинг финал ҳуштаги янграгач, Қурбон Бекиевич майдонга чўккалаб ўтирганча қўлларини осмонга узатиб, шукрона айтди. Орадан яна бир неча дақиқа ўтгач эса, ўша вақтдаги Россия президенти Дмитрий Медведевнинг клубга юборган табрикномасини қабул қилди. Айтганча, «Барселона»га қарши кечган жавоб учрашуви чоғи ҳаво анча совуқ эди, шунга қарамай, Бердиев омад келтирувчи пиджагида ўтирди ва «Рубин» яна енгилмади.

Реал футбол

Кейинчалик маълум бўлишича, гап фақат омадда эмас экан. Орадан бир йил ўтгач, «Рубин» ўз майдонида «Барселона» билан яна дуранг натижа қайд этди (тўғри, бу сафар меҳмонда мағлубиятга учради). Кейинчалик Қурбон оға камтарона  имкониятга эга яна бир клуб - «Ростов» бошқарувини қўлга олди. Қарангки, бунгача бирор сов-рин ютишни ҳаттоки, ўйламаган клуб туркман мутахассиси етакчилигида чемпионлик сари дадил қадам ташлай бошлади. Муҳими, ростовликлар ҳам ички аренадаги натижалар бежиз эмаслигини халқаро майдонларда исботлашди. Мисол учун, ЧЛ саралаш раундида «Аякс» шунчаки, тор-мор қилинди - кейинчалик ЕЛда катта шов-шув кўтарган голланд клуби Россия сафарини анчагача унутолмаса керак - 0:4. 2016 йилнинг 23 ноябрида эса «Ростов» энди ЧЛнинг асосий раундида Германия чемпиони - «Бавария»ни драматик тарзда енгди - 3:2. Шу тариқа Бердиевга ҳақли равишда Россия замонавий футболида мўъжиза яратишга қодир инсон сифатида қарайдиган бўлишди.

Туркманистондан Қозонга

Бердиев Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида туғилган ва футболга айнан жонажон юртида қадам ташлаган. У футбол ўйнаш баробарида темирйўллар устаси мутахассислигини олди. Дарвоқе, Қурбон оға вақтида Ростовнинг 2та клуби шарафини ҳимоя қилган. Мураббийлик фаолиятини эса Қозоғистонда бошлаб, кейин маълум муддат Туркияда ишлади ва 1999 йили ҳаттоки, Туркманистон термасини бошқаришга ҳам улгурди. Мураббий сифатида Россия футболига юриши эса 2000-йиллар аввалида бошланди — яқин дўсти Юрий Дзюба таклифи билан Смоленскда «Кристалл» бошқарувини қўлга олди. Нотаниш Бердиев яна бир йилдан сўнг Қозонга кўчиб ўтиб, «Рубин» бош мураббийига айланди. Мазкур клуб собиқ сардори Сергей Харламовнинг айтишича, жамоа ўша вақт 90-йиллардаги йўқчилик ҳолатидан энди-энди чиқа бошлаган, аммо ҳамон аҳволи анча танг эди. Натижаларга келсак, Қурбон Бекиевич деб-ют мавсумида «Рубин»ни биринчи дивизионда олиб қолиш вазифасини уддалади. Иккинчи йили эса жамоа премьер-лига йўлланмасини қўлга киритди. «Натижалар кескин яхшиланганига қарамай, кўпчилик «Рубин»га худди бир кунлик жамоадек қарарди. Мен эса Қозонда орзуларга етишишга ишониб, улкан режалар туза бошладим: шундай инфратузилма яратиш керак-ки, клуб вақти келиб, етакчилар сафидан ўрин олсин»,—хотирлайди мураббий.

Бердиевга ўз қарашидаги инфратузилмани бунёд этишда Константин Сарсания яқиндан кўмаклашди. Кучли селекция самараси ўлароқ, «Рубин» таркиби қатор савияли легионерлар ҳисобига рақобатбардош ҳолатга келди ва жамоа тартибли футбол кўрсата бошлади. Мураббий ҳаракатлари ўлароқ, қозонликлар қарши ҳужум ва стандарт вазиятдан кўп гол уришни ўзлаштиришди: бунинг устида ҳафтасига 4 марта алоҳида машғулот олиб борилди. Тўкилган терлар бесамар кетмади - «Рубин» ўйинларида тўп худди пульт билан бошқарилаётгандек тасаввур уйғонарди. «Биз учун энг муҳими - натижа. Бироқ бунга ҳужумкор футбол орқали эришиш қийин»,-деганди Бердиев. Натижа кўп куттирмади: клуб премьера-лигадаги дебюти охирида 5-ўринда бораётганди. Аммо Қозонда янада кўпроғини хоҳлашарди — клуб президенти Камил Исхаков туркман мутахассисига «бронза» учун курашишни тавсия этди. Жамоа бунинг учун қаторасига ғалаба қозониши шарт эди. Раҳбарият топшириғи уддаланди, аммо ЦСКАга қарши кечган сўнгги ҳал қилувчи ўйин атрофида турли-туман гап-сўзлар урчиди. Гап шундаки, ҳакам хатоси туфайли белгиланган бурчак зарбасидан сўнг москваликлар ҳимоячиси ўз дарвозасига тўп киритиб қўйганди. Табиийки, Бердиев ўйин келишилган тарзда ўтгани ҳақидаги фаразларни қатъий оҳангда рад этди: «Йўқ, биз шунчаки, бошимиздан баланд сакрадик». Хуллас, «Рубин» элитадаги илк уринишда бронза медалини ютгач, клуб инфратузилмасини янада яхшилаш имконияти ортди. Мураббийнинг айтишича, чемпионат якунидаги тадбирда Татаристон президенти Минтимер Шаймиевнинг шахсан ўзи ҳам иштирок этган ва жамоа учун муҳим саналган алоҳида лойиҳани тасдиқлашга розилик берган. «Раҳбарлар мендан ёпиқ футбол манежи қанчага тушиши ҳақида сўрашди?-хотирлайди Бердиев. — Агар ростини айтганимда, Қозонда манеж қуриш хомхаёлга айланарди. Шунинг учун 2 баравар кам суммани айтдим ва якуний қарор ижобий бўлди. Яхшилик учун айтилган ёлғон шу...».

«Рубин» премьер-лигада ўз ўрнини мустаҳкамлагач, олдига навбатдаги вазифани қўйди — чемпионатда ғолиб бўлиш. Муҳими, бу вазифа клубнинг ярим асрлик тўйи нишонланадиган 2008 йили уддаланиши лозим эди. Бу борада аниқ мақсад белгиланган ўша 2006 йили жамоа спорт директори лавозимига Рустам Сайманов тайинланди. Лойиҳанинг молиявий жиҳатлари билан айнан у шуғуллана бошлади ва саъй-ҳаракатлари эвазига «Рубин» бир қатор кўзга кўринган футболчилар билан шартнома имзолади: Сергей Ребров, Гекдениз Карадениз, Сергей Семак... Муҳими, бу йигитлар Қозон жамоасининг чемпионатда биринчи бўлишига катта ҳисса қўшишди. Шу ҳамкорлик натижасида Сайманов ва Бердиев ўзаро дўстлашишди. «Рустам - кўнгли тоза йигит, у одамлар орқасидан сира гапирмайди,-мақтарди Бердиев «Рубин» менежерини. — У мени анча ташвишлардан халос этди». Аммо Сайманов меҳнатлари натижасини панжара ортидан кўрди. У 2008 йилнинг май ойида 90-йиллар содир этилган бир қатор қотилликларда дахлдор сифатида айбланиб, 8,5 йил муддатга қамалди (тўғри, 2014 йили муддатидан олдин озодликка чиқарилди). Саймановдан ташқари, Эдуард Сафонов ва Ираклий Гегечкори каби «Рубин маъмурияти вакиллари ҳам келишилган ўйинлар уюштиришда гумон остига олинишди. Бердиев эса ҳар қандай вазиятда ҳам, ҳамкасблари ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлашда давом этди. Дейлик, Сайманов қамоқда ўтирган вақт унинг оиласидан мунтазам хабар олиб турди. Рустам озодликка чиқарилгач эса, уни жамоага қайтаришни истади. «Рубин»нинг тикланишида Сайманов алоҳида роль ўйнаган, худди Эдуард Сафонов ва Ираклий Гегечкори каби,—деганди бош мураббий ўз қарорини изоҳлаб. — У қандай шахс бўлмасин, футбол нуқтаи назаридан қарасак, сидқидилдан ишлади, клубга фойда келтирди». Жамоа 2008 йилнинг кузида чемпионликни нақд қилгач, Бердиев кийиниш хонасида рақс тушаётган пайт футболчилар Сайманов шарафига «Рустам чемпион!»-дея ҳайқиришди.

Мураббий атрофидаги миш-мишлар

Турли жиноятларда айбланган шахслар билан алоқада бўлиш Бердиевга нисбатан салбий муносабат шаклланишига олиб келди. Хусусан, 2009 йили мамлакат чемпиони бўлган ва «Барселона» устидан ғалаба қозонган клуб бош мураббийини коррупция ҳамда жамоа бюджетини ўзбошимча ишлатишда айблашди. «Бердиев ўзгаларда ижобий тасаввур қолдириш йўлини яхши билади. Мисол учун, ҳар гал дуч келганда, ҳол-аҳвол сўрашдан эринмайди: «Ишларинг қандай, уйдагилар омонми, муаммо йўқми?» Аслида эса унинг энг севган матоҳи - бу жаноб Франклин тасвири туширилган 100 долларли купюра,-деганди 2006 йили «Рубин»да тўп сурган, аммо мураббий билан келишмовчилик сабаб, жамоадан кетган Роман Широков. — Бердиевни аввалдан билганлар уни айнан пул айнитганини тасдиқлашади. Жамоада ҳаддан ортиқ кўп легионер ўйнагани - бу унга хос «бюджетни йўлга қўйиш» формуласи». «Бизнес Онлайн» нашри спорт бўлими раҳбари Айрат Шамилов эса «Рубин»нинг молиявий олди-бердилари ҳақида ёзган мақоласида Бердиевни ошкора равишда айблаганди: «Карлос Эдуардонинг трансфери Қурбон Бекиевич қандай инсонлиги ва шахсий манфаат йўлида ҳеч нарсадан қайтмаслигига исбот». Дарҳиқиқат, клуб бразилиялик ярим ҳимоячининг Қозонга келиши (2010 йилнинг ёзида) йўлида 20 млн. сарфлаб, ўзининг трансфер рекордини янгилаганди. Карлос Эдуардо биринчи баҳсда «дубль» қайд этди ва кейин жароҳатланиб сафдан чиқди. У шу аснода Россия чемпионатидаги навбатдаги голини 4 йил куттирди. Шамиловнинг айтишича, қимматбаҳо трансфернинг ўзини оқламаганига фақат Бердиев айбдор: «Мураббий Эдуардони сотиб олишга шунчалик шошилдики, ҳаттоки, оддий тиббий хулоса олишни ҳам ортиқча билди». Айбловчининг хулосасига кўра, Бердиев бу борада айрим агентлар билан тил бириктирган ҳолда, иш олиб борган. Дейлик, Леонид Истрат «Бердиевнинг асосий музокарачиси» сифатида тилга олинарди. Чунончи, бу агент фаолиятидаги асосий трансферлар «Рубин» билан боғлиқ: Нобоа, Натхо, Рондон... Умуман, «Бизнес Онлайн» маълумотларига кўра, Истратнинг 10 нафар мижози «Рубин»да тўп сурган. Тушунарлики, у клубдаги олди-бердилар эвазига яхшигина ҳақ олган. Мисол учун, эквадорлик Кристиан Нобоанинг «Рубин»дан «Динамо»га ўтишини ташкиллаштиргани учун (трансфер нархи - 8 миллион евро) бир миллион евро улуш олган. Табиийки, бу Россиянинг 2та жамоаси ўртасидаги келишув учун жуда катта гонорар. Ваҳоланки, Бердиев агентларга ҳар бир ўтиш учун ўртача ҳисобда 3,5 фоиз, кўпи билан 10 фоиз сумма берилишини айтганди.

2015 йили Бердиев қўл остида ўйнаган футболчилардан бири - Андрей Стрельцов sports.ru сайтига берган интервьюсида «Рубин» мураббийи ҳар бир шартнома ва футболчилар маошидан махсус улуш олишини айтди: «Тан оламан, мен ҳам Бердиевга пул берардим, чунки майдонга тушишнинг ягона йўли шу эди. Аммо у менга айтарли имконият тақдим этмади, барибир». Орадан 2 кун ўтгач, Бердиев футболчини судга беришини айтганида, у сўзларини қайтариб олди ва журналистларни нотўғри маълумот тарқатганликда айблади. Албатта, бу каби воқеалар Бердиев шахсига нисбатан турлича фикрлар уйғотади: у жамоада коррупция иллати илдиз отишига айбдордай. Иккинчи томондан, Қурбон оға камтарин жамоалар воситасида мўъжиза кўрсатишга қодир инсондир. Коррупцияга боғлиқ ишлардан фарқли ўлароқ, буниси тўла исботланган. Қурбон Бекиевич «Рубин»даги иккинчи даврида ҳам мўъжизакор мураббий сифатида гавдаланса, ажабмас.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:43, 03.07.2017.
Ўқилди: 4100 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.