Аргентинада Марадона ва Мессидан бошқа юлдузлар ҳам бисёр бўлган. Шулардан бири Габриэль Батистутадир. Фаолияти давомида асосан Италия клубларида фаолият олиб борган Батигол терма жамоа тўпурарлари рўйхатида иккинчи ўринда туради:
«альбиселесте» сафида 78та учрашув ўтказиб, 56та тўп киритган. Учта жаҳон чемпионати (АҚШ-1994, Франция-1998, Япония ва Корея-2002)да ўйнаган. Шунингдек, уч марта Америка кубогида иштирок этиб, 1991 ва 1993 йилларда ушбу турнир ғолиби бўлган.
1992 йили эса Конфедерациялар кубогида зафар қучган. Бундан 24 йил олдин Габриэль Батистутанинг «дубл»и эвазига Аргентина Копа Америка-1993 финалида Мексикани 2:1 ҳисобида мағлуб этган.
Эътиборли томони, айнан ўшандан буён миллий терма жамоа бирорта ҳам совринни қўлга кирита олмади. Айни пайт 48 ёшда бўлган Батигол ҳамон футбол билан ошно. Яқинда у ФИФА расмий сайтига интервью берди.
- Сўнгги пайтларда Серхио Агуэро ва Гонсало Игуаин Аргентинада жиддий танқидларга учрашмоқда. Бу борадаги фикрингиз қандай?
- Улар кўплаб муваффақиятсизликларга йўлиқишди. Айниқса, Игуаин. У қаторасига учта финал (Копа Америка-2015 ва 2019, ЖЧ-2014)да қулай имкониятдан фойдалана олмади. Аммо буни омадсизликка йўймаган бўлардим. Чунки ўша учта вазиятни ҳам у жамоадошларисиз ўзи юзага келтирганди. Гонсалонинг камчилиги - вазиятга нуқта қўёлмаганида. Менимча, у ҳамиша тўғри қарор қабул қилган. Агар шундай ҳолатлар бошқа ўйинда, айтайлик, гуруҳ босқичида юз берганида ҳеч ким эътиборга олмасди. Аслида, уни шундай вазиятларни юзага келтиргани учун мақташимиз керак.
- Игуаинга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
- Ҳозир сизга айтганларимни такрорлардим. У билан гаплашдим. Ўзим ҳам ҳужумчи бўлганман, бундай паллада миянгиздан қандай ўйлар кечишини мухлислар билишмайди. Чили термасига қарши охирги финалда у яқин масофадан гол уролмаганди. Ўша вазиятда Германияга қарши ўйиндаги хатоси кўз олдидан ўтган бўлса, ажабмас. Натижада босим янада кучайган. Бундай хаёллар барчасини оғирлаштиради.
- Бир нарсага аниқлик киритсак. Ўз вақтида футболни ҳеч қачон яхши кўрмаганингизни айтган экансиз...
- Шундай деганман. Чунки матбуот ва омманинг эътиборидан қочмоқчи бўлганман. Кейинчалик ҳам шу ҳақда сўрашаверган. Италия чемпионатида ўйнаганман, ўша даврларда машғулотлар кўп ўтказиларди. Босим шунчалик кучли эдики, кишилар фақат футбол ҳақида гаплашардилар. Бундан зерикиб кетгандим. Аслида эса, футболни севганман: ўйнашни, тактика, майдондаги ҳамма нарсани яхши кўрардим. Болалигимда ҳақиқатан ҳам миллионлар ўйинини унчалик ёқтирмасдим. Лекин вақт ўтиши билан спортнинг бу турига меҳр қўйдим. Умуман олганда, футболга бўлган муҳаббатим ўртача. Айтайлик, тўп суришни яхши кўраман. Майдон ташқарисидаги интервьюлар, тортишувлар, турли можароларга эса ҳушим йўқ (кулади).
- Лионель Месси Аргентина терма жамоаси тўпурари унвонини «олиб қўйганда» ўзингизни қандай ҳис қилдингиз?
- Беш-олти йил мобайнида унинг ўйинларини кузатдим. Бу натижани олдинроқ амалга оширади, деб ўйлагандим. Тўғри, миллий терма жамоада барчадан кўп гол урганимдан фахрланиб юрардим. Аммо Месси бу борада ўзиб кетди. Шунда мазкур рекордни қайд этган кунларим эсимга тушди. Умуман олганда, футбол шуниси билан ҳам қизиқ.