Профессионал боксчи Владимир Кличко спортчилик фаолиятини якунлади.
Жами 69та жанг ўтказган украиналик боксчи шулардан 64тасида зафар қучиб, 53тасини нокаут билан якунлаган эди. У шунингдек 1996 йилда Олимпиа ўйинларида ҳам олтин медал соҳиби бўлган.
Маълумотига кўра, Кличко британиялик Энтони Жошуага қарши реванш ўтказишга рози бўлмаган. Ушбу жанг шу йил ноябрида Лас-Вегасда бўлиши кутилганди.
"Мен якуний ва аниқ қарорни қабул қилиш учун атайин бир неча ҳафта кутдим. "Уэмбли"даги жангдан сўнг анча вақт ўтиши керак эди. Ҳаваскор боксчилик, кейин эса профессионал даражадаги пайтларимда нимани орзу қилиш мумкин бўлса, барчасига эришдим, ҳамда энди иккинчи, спортга алоқаси бўлмаган фаолиятни бошламоқчиман. Биласизми, мен боксда шундай узун ва жуда муваффақиятли йўлни босиб ўтишимга ҳеч ким ишонмаганди. Мени қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат. Биринчи навбатда бу менинг оилам, жамоам ва кўплаб мухлисларимга тегишли", - дейди Кличко.
Апрел ойида Кличко Жошуага қарши рингга кўтарилиб, техник нокаутга учраганди.