Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

ОЧ йўлланмаси ҳурмати ёки Ҳайдаров ва Сиддиқов ой лауреати

Баҳо:
+ | -

Мамлакатимизда ёз чилласи ўз жазирамасини атрофга ёйган бир паллада БААда 22 ёшгача бўлган футболчилардан иборат термалар Осиё чемпионати йўлланмаси учун кураш олиб боришди.

Унда Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги U-22 термамиз ҳам қатнашиб, асосий вазифани уддалашди - қитъа биринчилигидаги иштирок нақд қилинди.

Шунингдек, июль бошида олий лига 3-турининг битта қолдирилган ўйини ҳам ўтказилиб, унда «Бунёдкор» ва «Насаф» тўқнаш келишди. Ўз навбатида, иккинчи давра тайёргарлигини бошқалардан эртароқ якунлаган клублар Ўзбекистон кубоги баҳсларида майдонга тушишди. Биз ой лауреатларини аниқлаш чоғида мазкур учрашувларда фаоллик кўрсатганлар номига мурожаат этдик. Демак, танишинг, диққатингиз марказида - июлнинг энг яхшилари.

Юқорида таъкидлаганимиздек, БААда ўтказилган учта ўйинни ёшларимиз аъло кайфиятда ўтказиб, ғалаба нашидасини суришди. Мазкур баҳсларда ҳақиқий етакчиларга хос тарзда тўп сурган Жавоҳир Сиддиқовни бу гал биринчи ўринга лойиқ кўрдик. Дарҳақиқат, Непал, Ливан ҳамда майдон эгаларига қарши кечган учрашувларда «ўзбек Мессиси»нинг ҳаракатлари барчага маъқул тушди.

Қойилмақом дриблинглар, аниқ узатмалар, енгил ҳаракатлар ва шунга ўхшаш Сиддиқовга хос жиҳатлар Осиё чемпионати саралашида ҳам кўзга ташланди. Қолаверса, амирликлар термаси билан бўлган муҳим ўйинда Жавоҳир рақиб дарвозасини ажойиб тарзда ишғол қилиб, ўз номини таблога ёздириб қўйишни ҳам унутмади. Аслида, бу футболчи «Қўқон-1912» сафида ҳам ёрқин ўйин кўрсатаётганди.

БААдаги мусобақадан кейин эса Нўъмон Ҳасанов бошчилигидаги жамоа эркин агентга айланган ярим ҳимоячи билан шартнома тузди ва Сиддиқов эндиликда Қўқон клубининг тўлақонли аъзосига айланди. Мазкур ҳолат футболчининг анча ўсишга эришганидан далолат.

Иккинчи ўрин эгаси - «Локомотив»дан. Йўқ, уни клуб етакчилари орасидан қидирманг, барибир, тополмайсиз. Бу - «темирйўлчилар» кашфиёти Азизбек Омонов. Ёдингизда бўлса, 3-турнинг қолдирилган баҳсида у дебютини нишонлаб, «Металлург» дарвозасини ишғол қилганди. Июль ойида эса Омонов кубок баҳсларида ҳам ўзидан ёрқин таассурот қолдирди, рақиб дарвозасини ишғол қилди. Бугунги кунда тўпурарлар танқислиги сезилаётган паллада бундай футболчиларнинг пайдо бўлиши ёқимли, албатта.

Тўғри, Азизбек асосан захирадан ўйинга қўшилмоқда. Аммо ишончимиз комилки, агар ўз устида ишлашдан тўхтамаса, тез орада «Локо»нинг асосий ўйинчиларидан бирига айланиши муқаррар. Ҳар ҳолда, унинг яшил майдондаги ҳаракатлари шундай фикр юритишга ундамоқда. Дарвоқе, Омонов давралар оралиғида ўтказилган ўртоқлик баҳсларида ҳам муносиб ўйин кўрсатиб, мураббийлар ишончини оқлади.

Лауреатлар кучли учлигини дастлаб олий лигада, кейинчалик кубок баҳсларида ҳам шов-шувли натижалар қайд этган «Динамо» клуби вакили Амиржон Сафаров якунлаб беради. Аллақачон самарқандлик мухлислар ёқимтойига айланиб қолган ҳужумчи деярли ҳар бир учрашувни кўтаринки кайфиятда ўтказмоқда. Зарур паллада гол уради, шерикларини самарали узатма билан таъминлайди ва шу тариқа жамоаси ғалабасига ўз улушини қўшади.

Дастлаб Ўзбекистон кубоги ярим финали йўлланмасини биринчи бўлиб қўлга киритган «Динамо» ушбу босқичнинг илк баҳсида «Бунёдкор» майдонида нурсиз дуранг қайд этди. Бу эса кўҳна шаҳарликларнинг ҳал қилувчи ўйинга чиқиш имкониятлари ҳамон сақланиб турганидан далолат. Мазкур натижаларнинг қайд этилишида Самарқанд жамоаси етакчиларидан бири бўлган Сафаровнинг ҳиссаси катта.

Шунингдек, июлда «Насаф» вакиллари Азиз Ғаниев, Баҳром Абдураҳимов, Бобур Абдухолиқов, «Бунёдкор»дан Достон Ҳамдамов, «Пахтакор» аъзолари Ботирали Эргашев, Жамшид Искандеров каби футболчилар ҳам ўз клублари сафида фаолликлари билан бошқа шерикларидан ажралиб туришди. Ўз навбатида, «шерлар»нинг янги легионерлари ҳам назорат баҳсларида мухлисларга ёқадиган ўйин намо-йиш этишди.

Мураббийлар учлигини шогирдлари билан Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритган Равшан Ҳайдаров очиб беради. Ёшлар билан ишлаш ҳадисини олган мутахассис Ўзбекистон U-22 термасини БААда ўтказилган саралаш баҳсларига муносиб тарзда тайёрлаб, асосий вазифани бажарди. Унинг қўл остидаги футболчилар мухлислар анча соғиниб қолган ҳужумкорликни тақдим этишди.

Вакилларимизда ўзига бўлган ишонч, ҳамжиҳатлик кўзга ташланди ва бунинг самараси ўлароқ, муваффақият қозонилди. Айниқса, Ҳайдаров мезбонларга қарши кечган муҳим баҳсда шогирдларини ғалаба сари руҳлантира олди. Хуллас, меҳнатлар зое кетмади, йўлланма нақд қилинди, Равшан Акмалович эса эътироф марказида.

Эътибор берган бўлсангиз, Миржалол Қосимов келгач, «Бунёдкор»да ижобий ўзгаришлар кузатилди. 3-турнинг қолдирилган ўйинида «Насаф» таслим этилгач, мавсумни кўнгилдагидек бошлай олмаган «қалдирғочлар» турнир жадвалида 7-поғонага кўтарилиб, оралиқ танаффусга айнан шу ўринда чиқишди. Иккинчи давра тайёргарлигига зўр берган «Бунёдкор» сафи тажрибали футболчилар ҳисобига тўлдирилди. Аниқроғи, Миржалол Қўшоқович эски қадрдонларини жамоага таклиф қилди.

Ўқув-йиғин машғулотлари чоғида бу ўйинчиларнинг аксарияти ўзларидан ёрқин таассурот қолдиришди. Қосимов эса «қалдирғочлар»нинг аввалги нуфузини қайтариш учун астойдил жон куйдирмоқда.

Мана, Ўзбекистон кубоги чорак финалида «Нефтчи» таслим этилгач, ОЧЛ йўлланмасини тақдим этадиган совринни қўлга киритиш имконияти сақланиб қолди. Хуллас, шу маълумотларни инобатга олган ҳолда ушбу мутахассисни иккинчи ўринга лойиқ деб топдик.

Лауреатлар рўйхатида «Динамо» бош мураббийи Олег Тюлькинга ҳам жой топилди. Илҳом Шарипов ҳамроҳлигида жамоага кўтаринки кайфият улашиб, қўл остидаги футболчиларни янгидан-янги ғалабалар сари руҳлантиришга уринаётган мутахассис қайсидир маънода буни уддаламоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ, «Динамо» Ўзбекистон кубоги баҳсларидаги иштирокини давом эттирмоқда.

Юқорида таъкидлаганимиздек, ярим финал йўлланмаси нақд қилингач, «Бунёдкор» майдонида дуранг қайд этилди. Агар Тюлькин бошчилигидаги мураббийлар штаби шу тариқа меҳнат қилишдан тўхташмаса, ўз майдонларида бўлиб ўтадиган ўйинда финал йўлланмасини ўзлариники қилишса, ажабланмаймиз.

Июлнинг фаол мураббийлари қаторига шунингдек, мавсум кашфиётига айланган «Қўқон-1912»ни кубок баҳсларидан чиқариб юборган «Насаф» устози Рўзиқул Бердиев ҳамда ўзбек футболининг бугунги кундаги етакчиси - «Локомотив» бош мураббийи Мирко Йеличични ҳам киритиш мумкин.

Футболчиларнинг ой давомидаги натижалари

№      Футболчи                        Ўйин     Дақиқа      Гол     Энг яхши

 

1.       Жавоҳир Сиддиқов          4           360            1          -

2.       Азизбек Омонов              2           36              1          -

3.         Амиржон Сафаров      2          136       1          -

Изоҳ: фақат расмий ўйинлар ҳисобга олинган.

Энг яхши мураббийлар

Февраль

1. Мирко Йеличич («Локомотив»)

2. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)

3. Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912»)

Март

1. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

2. Олег Тюлькин («Динамо»)

3. Александр Хомяков («Машъал»)

Апрель

1. Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912»)

2. Александр Хомяков («Машъал»)

3. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)

Май

1. Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912»)

2. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

3. Виктор Кумиков («Олмалиқ»)

Июнь

1. Виктор Кумиков («Олмалиқ»)

2. Жасур Абдураимов («Пахтакор»)

3. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

Июль

1. Равшан Ҳайдаров (Ўзбекистон U-22 т.ж.)

2. Миржалол Қосимов («Бунёдкор»)

3. Олег Тюлькин («Динамо»)

энг яхши футболчилар

Февраль

1. Марат Бикмаев («Локомотив»)

2. Мурод Зуҳуров («Бунёдкор»)

3. Темурхўжа Абдухолиқов («Ал-Сайлия», Қатар)

Март

1. Одил Аҳмедов («Шанхай СИПГ», Хитой)

2. Драган Черан («Насаф»)

3. Шоҳруз Норхонов («Обод»)

Апрель

1. Марат Бикмаев («Локомотив»)

2. Филипп Райевац («Қўқон-1912»)

3. Асилбек Омонов («Навбаҳор»)

Май

1. Жавоҳир Сиддиқов («Қўқон-1912»)

2. Марат Бикмаев («Локомотив»)

3. Баҳром Абдураҳимов («Насаф»)

Июнь

1. Достон Ҳамдамов («Бунёдкор»)

2. Хуршид Хўжаев («Олмалиқ»)

3. Мурод Холмуҳаммедов («Қўқон-1912»)

Июль

1. Жавоҳир Сиддиқов («Қўқон-1912»)

2. Азизбек Омонов («Локомотив»)

3. Амиржон Сафаров («Динамо»)

Умумий натижа

Мураббийлар

1. Нўъмон Ҳасанов - 11 очко

2. Рўзиқул Бердиев - 9 очко

3. Виктор Кумиков - 6 очко

4-5. Мирко Йеличич - 5 очко

4-5. Равшан Ҳайдаров - 5 очко

6-8. Илҳом Мўминжонов - 4 очко

6-8. Александр Хомяков - 4 очко

6-8. Олег Тюлькин - 4 очко

9-10. Жасур Абдураимов - 3 очко

9-10. Миржалол Қосимов - 3 очко

 ----------------------------------------------

Футболчилар

1. Марат Бикмаев - 13 очко

2. Жавоҳир Сиддиқов - 10 очко

3-4. Одил Аҳмедов - 5 очко

3-4. Достон Ҳамдамов - 5 очко

5-9. Мурод Зуҳуров - 3 очко

5-9. Драган Черан - 3 очко

5-9. Хуршид Хўжаев - 3 очко

5-9. Филипп Райевац - 3 очко

5-9. Азизбек Омонов - 3 очко

10-15. Темурхўжа Абдухолиқов - 1 очко

10-15. Шоҳруз Норхонов - 1 очко

10-15. Асилбек Омонов - 1 очко

10-15. Баҳром Абдураҳимов - 1 очко

10-15. Мурод Холмуҳаммедов - 1 очко

10-15. Амиржон Сафаров - 1 очко

------------------------------------------------

Изоҳ: 1-ўрин - 5 очко, 2-ўрин - 3 очко, 3-ўрин - 1 очко.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:13, 13.08.2017.
Ўқилди: 3459 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.