Ўтган чоршанба куни Самвел Бабаян Ўзбекистон миллий термасининг ЖЧ-2018 саралашидаги охирги иккита учрашув учун таклиф этилган футболчилар рўйхатини эълон қилди.
Кенгайтирилган таркибдан Санжар Турсуновнинг четда қолгани эътиборимизни тортди. Ваҳоланки, тажрибали ярим ҳимоячи ўтган мавсум Қатар юлдузлар лигасида илиқ таассурот қолдирганди.
Лигадаги ўрнини сақлаб қолиш учун курашган «Ҳарайтият» жамоаси якунда 7-ўринни эгаллади. Шартномага кўра, ҳамюртимиз ушбу клуб шарафини яна бир йил ҳимоя қилади.
Биз Санжарни суҳбатга чорлаб, унинг термамиз мураббийлари эътиборидан четда қолгани ва мавсум-олди тайёргарликлар юзасидан фикрлари билан қизиқдик.
- Санжар, жамоангизнинг Туркиядаги машғулоти қандай ўтяпти? Ўртоқлик учрашувлари ташкил этиляптими?
- Уч ҳафтага мўлжалланган машғулотлар режа асосида давом этмоқда. 21 кунлик йиғиннинг биринчи 10 кунлигида дастлабки ўртоқлик учрашувини ўтказдик. Жазоир чемпионига қарши кечган баҳсда 1:3 ҳисобида ютқазиб қўйдик. Албатта, бу ўйинда асосий эътибор натижага қаратилмади. Бош мураббийимиз ёш футболчиларга ҳам имконият берди.
Биринчи бўлимда асосий таркиб ҳаракат қилди ва натижа ҳам шунга монанд бўлди - 1:1. Танаффусдан кейин эса майдонга ёшлар туширилди. Табиийки, уларда халқаро ўйинлар тажрибаси камроқ эди ва натижада мағлубиятга учрадик. Шундай бўлсада, бош мураббийимиз ўйиндан, футболчиларнинг хатти-ҳаракатидан қониқиш ҳосил қилди.
- Машғулотларда асосий эътибор нимага қаратиляпти?
- Йиғиннинг дастлабки 10 кунлигида асосий эътибор жисмоний тайёргарликка қаратилди. Кўпроқ тренажёр залида шуғулландик. Мана энди, кетма-кет ўртоқлик учрашувларида майдонга тушамиз. Қолаверса, тактик машғулотлар ҳам кўп ўтказиляпти. Турли тактикалар устида ишлаб, буни амалда синаб ҳам кўряпмиз.
Жисмоний юкламалар анча камайди. Кунига икки, айрим пайтларда уч маҳал машғулотга чиқяпмиз. Қатар чемпионати бошланишига тобора оз фурсат қолмоқда. Шу боис ҳам тайёргарлик кучайтирилган режим остида олиб бориляпти.
- «Ҳарайтият» таркибида ўзгаришлар бўлдими? Жамоа сафига янги футболчилар, шу жумладан, легионерлар қўшилганми?
- Унчалик катта ўзгаришлар рўй бермади. Тўрт легионердан уч нафари жамоада олиб қолинган. Клуб раҳбарияти фақат бразилиялик ҳимоячига жавоб бериб юборибди. Унинг ўрнига ганалик футболчи таклиф қилинган. Қолганларнинг ҳаммаси ўқув-маш-ғулот йиғинида иштирок этишяпти. Ўтган мавсум «Ҳарайтият» Қатар юлдузлар лигасида ёмон таассурот қолдирмаганди.
Буни жамоамиз раҳбарлари ҳам эътироф этишганди. Шу сабабли ҳам ўтган мавсумдаги таркиб деярли тўлалигича сақлаб қолинди. Мен «Ҳарайтият» сафига мавсум ўртасида қўшилгандим. Ўша пайт жамоа лигадаги ўрнини сақлаб қолиш учун курашётганди. Якунда эса 14та клуб қатнашган чемпионатда 7-поғонани эгалладик.
- Таркиб масаласи тушунарли. Хўш, ўтган мавсум билан таққослаганда, жамоанинг ўзида қандай ўзгаришлар бўлибди?
- Бу борада ҳам оламшумул янгиликлар йўқ. Клуб раҳбарияти ва мураббийлар билан ташкил этилган йиғилишда ўтган мавсум йўл қўйилган жамоавий ва индивидуал хато ҳамда камчиликларни бартараф этиш, уларни янги мавсумда такрорламаслик масалалари муҳокама қилинди. Олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири ҳам айнан шу.
- «Ҳарайтият» бош мураббийи ўзгармадими?
- Йўқ. Мен билан деярли бир пайтда келган мутахассис жамоани янги мавсумга тайёрлаяпти. Ўйлашимча, унга жавоб бериб юборилганда, бу адолатдан бўлмасди. Ишини яхши уддалаяпти, ўз олдига қў-йилган вазифани ортиғи билан бажарди.
- Чемпионат қачон бошланади ва бугунга келиб жамоангиз расмий ўйинларга тайёрми?
- Қатар юлдузлар лигасининг янги мавсуми 15 сентябрь куни старт олади. Қуръа натижасига кўра, биз илк турда «Умм-Салал»га қарши майдонга тушамиз. Мухлисларнинг хабарлари бўлса керак, ушбу жамоа сафида ҳам ўйнаганман. Бу клубда дўстларим ва танишларим кўп. Лекин майдонга тушганда бундай ришталар вақтинчалик иккинчи даражага тушиб, рақиблар ўртасида жиддий кураш кечади.
Олдинда ҳали бир ойга яқинроқ вақт бор. Навбатдаги чемпионат бошлангунига қадар юз фоиз тайёр бўлишга ҳаракат қиламиз. Менинг жисмоний ҳолатим ҳам маромида, ўзимни яхши ҳис қиляпман. Ўйлайманки, келгусида жамоамизнинг натижалари янада яхшиланиб, турнир жадвалидаги ўрнимиз ҳам юқорироқ бўлади.
- «Ҳарайтият» билан бир ярим йиллик шартнома имзолагандингиз. Муддатнинг учдан бири ортда қолди. Ҳозирча келишув бандларига ўзгаришлар киритилмадими? Масалан, маошни кўтариш борасида...
- Жамоа билан имзолаган шартномам бандида молиявий масалани ошкор қилмаслик бўйича банд бор. Бу худди клубга бўлгани каби, менга ҳам тегишли.
Келишувга кўра, яна бир йил «Ҳарайтият» шарафини ҳимоя қиламан. Агар чемпионат клубимиз учун кўнгилдагидек ўтса, шартномани яна узайтиришим ҳам мумкин бўлади. Жамоадаги ҳозирги ҳолатимдан нолимайман.
- Яқинда Қатарнинг иккита кучли клуби бирлаштирилганди. Бунинг натижасида чемпионлик йўлидаги рақобатчилар сони биттага камайди. Бу йил олтин медаллар учун қайси жамоанинг имкониятини юқорироқ баҳолайсиз?
- Ҳа, бу клубларнинг бирлашиши Қатар чемпионатининг нуфузига салбий таъсир қилса керак. Ҳар ҳолда мен шундай фикрдаман. Чунки кучли жамоалар бирлаштириб юборилди. Масалан, ўша Сардор Рашидов ўйнаган «Ал-Жаиш» клуби ҳам чемпионлик учун курашаётган ва кучли рақобатни юзага келтираётганди.
Бу бирлашувдан сўнг «Ал-Жаиш» умуман йўқ бўлиб кетди ва натижада рақобатчилар сони биттага камайди. Чемпионлик учун 3-4та жамоа кураш олиб борса керак. Улар орасида «Ал-Садд», «Ал-Райян» ва «Ал-Гарафа» клубларининг имкониятларини қолган жамоаларга қараганда юқорироқ баҳолайман. Балки сенсациялар ҳам рўй бериб қолар?!
- Сизнинг жамоангиз олдига қандай вазифа қўйиляпти?
- Ўтган йили жамоамиз чемпионатда 7-ўринни эгаллаганди. Табиийки, энди натижамиз ўтган мавсумдагидан яхшироқ бўлиши керак. Клуб раҳбарияти ҳам худди шундай вазифани қўймоқда. Лекин ҳозирдан айтиш мумкинки, ҳар бир очко учун кураш жиддий кечади.
- Майдондаги позициянгиз ва шундан келиб чиқиб, вазифангиз ўзгармадими? Балки мураббий сизни олдинроқда ўйнатаётгандир?
- Ўтган мавсум универсал ярим ҳимоячи вазифасини бажардим. Чап ва ўнг қанот, ҳужумчи ортидаги позицияда ҳаракат қилдим. Бош мураббий эркин ижодкор сифатида ўйнашимни сўраганди. Менимча, бу қарор ўзини оқлади. Ярим ҳимоянинг исталган позициясида ўзимни эркин ҳис қилдим. «Ҳарайтият» 4-3-3 тактикасида ўйнайди.
Олдинги чизиқдаги уч футболчи майдонда муқим бир жойда ҳаракат қилмайди. Улар тез-тез ўз ўринларини алмаштириб туришади. Бу эса рақиб жамоа ҳимоячиларига ҳам қийинчилик туғдиради, улар қайси футболчидан хавф кутишни билишмайди. Янги мавсумда ҳам худди шундай тактик схема асосида ўйнасак керак.
- Жамоада дўстларингиз борми? Ким билан кўпроқ ҳамсуҳбат бўласиз?
- Бизда жуда ҳам яхши муҳит ҳукмрон. Футболчилар илиқ муносабатдалар. Ҳали шу кунгача ҳеч бир жамоадошим билан ноқулай ҳолатга тушиб қолмаганман. Ҳаммамиз аҳил-иноқмиз.
- Турмуш ўртоғингиз ва фарзандингиз ҳам ёнингиздами?
- Йўқ, ҳозирча улар мен билан бирга эмас. Туркиядаги йиғин жиддий назорат остида ўтказиляпти. Қатарга борган пайтим улар ҳам ёнимга келишади.
- Умуман, бу мавзуга қандай қарайсиз? Легионернинг оиласи футболчи олдида бўлгани яхшими ёки..?
- Ўзга юртда мусофир бўлиб яшаш осон эмас. Яқинларингизни барибир соғинасиз. Шундай пайтларда оила аъзоларингиз ёнингизда бўлса, ўзингизни худди Ўзбекистонда юргандек ҳис этасиз. Улар сизга ҳар томонлама далда бўлишади.
- Қатарда бўш вақтни қандай ўтказяпсиз?
- Агар шундай вақт бўлиб қолса, албатта, Қатар чемпионатида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчилар билан учрашамиз. Дўппидек ош дамлаб, дастурхон атрофида дилдан суҳбатлашамиз. Афсуски, ҳозир Қатарда биргина Темурхўжа Абдухолиқов қолди. «Ал-Жаиш» ва «Лаҳвия» бирлашгач, Сардор Рашидов БААнинг «Ал-Жазира» клубига йўл олди.
У билан бир жамоада ўйнаётган Санжар Шоаҳмедов эса Тошкентнинг «Локомотив» клубига қайтди. Шунингдек, кўпроқ бассейнга боришни афзал кўраман. Вақтимни оила аъзоларим даврасида ўтказишга интиламан.
- Келинг, энди миллий жамоа мавзусида суҳбатлашсак. Бизни олдинда иккита муҳим учрашув кутиб турибди. Уларда ғалаба қозонилса, термамиз ЖЧ-2018 финал босқичига чиқади. Лекин четдан туриб гапириш ҳамиша осон бўлган. Шахсан сиз бўлажак ўйинлардан нималар кутяпсиз?
- Фақат ғалаба кутяпман. Бошқа натижа бизнинг фойдамизга хизмат қилмайди. Лекин сиз айтгандек, четдан туриб фикр билдиришдан осони йўқ. Уни амалга ошириш жуда қийин вазифа.
Тўғри, сўнгги пайтларда термамиз таркибига чақирилмай қўйдим. Лекин миллий жамоада ўйнамасам ҳам, унга мухлислик қилишда давом этаман.
Чунки бу клуб эмас, шахсий манфаатлар тўқнаш келадиган. Ватан танланмайди, деганларидек, термани ҳам алмаштириб бўлмайди.
- Ҳар бир футболчи бош жамоадан таклиф олишни хоҳлайди. Чақирув қоғози келмаган пайтларда тушкун ҳолат кузатиладими ёки бу ҳақда ортиқча ўйламайсизми?
- Ҳар бир футболчининг орзуси - ўзи туғилиб-ўсган мамлакат миллий жамоаси либосида майдонга тушиш. Менга бундай бахт насиб этганидан хурсандман. Термага номзод футболчилар ҳар доим таклиф бўлишини интиқлик билан кутишади.
Улар орасида мен ҳам борман. Сиз айтгандек, чақирув қоғози келмаса, тушкун ҳолатга тушаман. Менимча, ҳар бир футболчида шундай вазият юз беради. Албатта, ҳамма нарса бизнинг хоҳишимиз билан амалга ошмайди.
Начора, ҳозирча шундай қарорга келишаётган экан, кўнишдан ўзга илож йўқ. Демак, айни пайт биздан ҳам кучли футболчилар бор.
- Мундиал йўлидаги биринчи тўсиқ бу - Хитой термаси. Чин юрти жамоасини ниманинг эвазига мағлуб этиш мумкин?
- Фақат Хитой эмас, Тошкентдаги ўйинда ҳам футболчилар юз фоиз куч билан ҳаракат қилишса, мақсадга эришиш мумкин. Майдонга худди финал баҳсига чиққандек ўйин кўрсатишлари шарт. Ўз навбатида, омад ҳам биздан юз ўгирмаса, халқимизнинг кўп йиллик орзуси рўёбга чиқади.
- Кўпчиликнинг фикрига кўра, ҳозирги Жанубий Корея термаси аввалгидек кучли эмас. Шу фикрга қўшиласизми?
- Ҳа, қўшиламан. Буни Қатар терма жамоаси корейсларни ўз майдонида мағлуб этиш орқали исботлади. Демак, биздан қуйироқда жойлашган жамоа матонат кўрсатган экан, нима учун биз бу ишни такрорламаслигимиз керак?
- Терма жамоамизнинг ярим ҳимоя чизиғида рақобат кучли...
- Тўғри, лекин мен ҳар доим бунга тайёр тураман. Зеро рақобатсиз ўсишга эришиш қийин.
- Муҳим ўйинлар олдидан миллий жамоамиз мухлисларига қандай тилак билдирасиз?
- Ўта аҳамиятли баҳсларда термамизни қўллаб-қувватлашсин. Буни улар аввал ҳам қилиб келишган. Фурсатдан фойдаланиб, ишқибозларга миннатдорчилик билдираман. Улар хурсанд бўлишдими, демак биз ўз вазифамизни кўнгилдагидек бажараётган эканмиз.