Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Олабиран Блессинг: «Биринчи вазифа - «Локомотив» асосий таркибидан жой олиш»

Баҳо:
+ | -

Амалдаги чемпион - «Локомотив» охирги пайтлар легионерлар масаласида  асосий эътиборини Африка бозорига қаратмоқда.

Мавсум бошида Ньоре Кризо ва Муҳаммад Коне каби африкалик йигитлар жамоа сафини тўлдиришганди. Давралар оралиғида эса 18 ёшли истеъдод эгаси Олабиран Блессинг Муйива «темирйўлчилар» аъзосига айланди.

Хўш, ҳужумкор футболчининг янги жамоадаги ишлари қандай кетяпти? У Ўзбекистон чемпионатига келганидан хурсандми? Яқинда Оларибан билан шу мавзуда суҳбатлашдик.

- Олабиран, аввалига ўз ҳақингизда қисқача маълумот берсангиз...

- Аслида нигерияликман, лекин ёшлигимдаёқ оиламиз Кот-д'Ивуар пойтахти - Абиджанга кўчиб ўтган. Айнан ўша ерда болалар билан футбол ўйнаш асносида ушбу спорт турига қаттиқ меҳр қўйдим. Очиғи, кўчадаги илк ўйинлар шунчалик таъсир қилгандики, келажагимни футболсиз тасаввур қилолмай қолгандим. Хуллас, орадан кўп ўтмай, Абиджан футбол мактабига қатнай бошладим. Секин-аста турли мусобақаларда иштирок этиб, маҳоратимни ошириб борганим сари профессионал клублардан чорловлар олдим. Шу тариқа жиддий таклифни илгари сурган «Абиджан Сити» билан расман шартнома туздим. Ўшанда жамоа вакиллари менга асосий таркибдан жой беришларини айтгандилар. Умуман, Кот-д~Ивуар биринчи дивизионида қатнашадиган «Абиджан Сити»да 2 йил ўйнадим ва анча-мунча тажриба тўпладим. Энг асосийси, ваъда қилинган ўйин амалиётига эга бўлдим. Кейинчалик агентлар ўз салоҳиятимни хориж жамоаларида синаб кўришим мумкинлигини айтишди...

- Натижада Молдова чемпионатига йўл олдингиз...

- Ҳа, шундай. «Саксан» клуби таклифини қабул қилиб, адашмадим. Ҳар ҳолда, ушбу жамоада ўйнаш янада ўсишимга туртки берди. Зеро, илк бор хорижда яшадим, бегона муҳитда ўйнадим, янги даражага мослашишни ўргандим. Энг муҳими, «Саксан» ўйинига киришиб кетишда ортиқча қийналмадим. Гарчи 17 ёшда бўлсамда, мураббийлар менга катта ишонч билдириб, дарҳол асосий таркибга қўшишди. Бунинг самараси ўлароқ, жамоанинг 15та ўйинида қатнашиб, 2та гол урдим, яна 6 марта ассистентлик вазифасини бажардим.

- Қизиқ, «Локомотив» варианти қандай юзага келди?

- Оддий - Ўзбекистон чемпиони дастлаб кўрикка таклиф этди. Шу тариқа 2 ойча «Локомотив» машғулотларида қатнашдим. Кейин жамоа сафида Беларусь йиғинига бордим. Мураббийлар айнан шу йиғин чоғи мени назорат учрашувларида синаб кўришди. Ҳаракатларим мураббийлар штабига маъқул келган кўринади, йиғин якунлангач, раҳбарият шартнома таклиф қилди.

- Жамоа вакиллари сизни қандай қарши олишди?

- Аъло даражада! Очиғи, ички муҳитга гап йўқ - йигитлар жуда аҳил. Яна барча футболчиларнинг қувноқ ва хушчақчақ эканликлари маъқул тушди. Умуман олганда, ўзбекистонликларга хос меҳмондўстликдан лол қолдим. Алоҳида айтишим керак, нафақат клубда, балки кўча-кўйда ҳам мен билан илиқ муносабатда бўлишяпти ва бу жуда ёқимли ҳолат.

- Нима, кўникиш жараёнида  бирор қийинчиликка дуч келмаяпсизми?

- Йўқ, асло. Биласиз, «Локомотив»да Кот-д~ивуарлик ҳимоячи Муҳаммад Коне ҳам бор. У ҳам кўп жабҳаларда катта ёрдам бермоқда. Қолаверса, жамоадошларим бефарқ қарашмаяпти. Яъни бирор муаммо чиқса, ўз ёрдамларини аямаяптилар.

- Ҳаттоки, тил борасида, яъни жамоадошлар билан мулоқот қилишда ҳам мушкулот йўқми?

- Йўқ, ҳисоби. Чунки Молдовада ўйнаган пайт рус тилини оз-моз ўрганишга улгургандим. Тўғри, русчада тўлиқ мулоқот қилолмасам-да, кўп нарсани тушунаман. Энди эса аста-секин ўзбек тили бўйича ҳам шахсий луғатимни бойитиб боряпман. Қолаверса, жамоамиз устози Мирко Йеличич инглиз тилини яхши билади. Мирко баъзан кўрсатма бериш жараёнида барчасини инглизчада тушунтиради.

- «Локомотив»даги расмий дебютингиздан қандай таассурот қолди?

- Янги жамоа таркибида илк марта «Машъал»га қарши кечган учрашувда майдонга тушдим. Аниқроғи, сўнгги дақиқаларда ўйинга қўшилдим. Ўша куни йигитлар мени майдонда ҳам, кийиниш хонасида ҳам бирдек қўллаб-қувватлашди, руҳан далда беришди. Очиғи, бундай муносабатдан бошим осмонга етди. Футбол - жамоавий ўйин. Демакки, жамоадаги аҳиллик - муваффақият гарови.

- Айни пайт олдингизга қандай вазифалар қўймоқдасиз?

- Биринчи навбатда, «Локомотив»нинг бошланғич таркибидан жой олишим керак. Машғулотлар жараёнида қаттиқ ишлаш ва ўзимни кўрсатишга уриняпман. Насиб этса, яқин вақтлар ичида «Локо»нинг асосий футболчилари қаторига қўшиламан. Тўғри, айтиш осон, амалда кўрсатиш қийин. Лекин чин дилдан меҳнат қилиб, ўз устимда ишлашдан тўхтамасам, мақсадга эришаман, албатта.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:31, 07.09.2017.
Ўқилди: 5729 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.