Германия бундеслигасининг навбатдаги турида «Герта» ва «Вердер» жамоалари ўзаро тўқнаш келишди. Бу учрашувнинг ўзига хослиги шундан иборатки, унда бундеслига тарихида илк бора аёл ҳакам ишлади.
Гап полициянинг 38 ёшли ходими Бибиана Штайнхаус ҳақида кетмоқда. 2007 йилдан буён ҳакамлик қиладиган Бибианада эркаклар футболида ишлаш тажрибаси етарли.
Бунгача у иккинчи бундеслиганинг 80та учрашувини бошқарган. Шунингдек, мамлакат кубоги баҳсларига ҳам тайинланган. ФИФА расмий сайти Германия элитасидаги дебютини ўтказган Штайнхаусдан интервью олди.
Бундеслигани кузатиб борадиган мухлислар унинг Пеп Гвардиола билан боғлиқ лавҳа туфайли машҳур бўлиб кетганидан хабардорлар. Ўшанда Штайнхаус тўртинчи ҳакам сифатида иштирок этган, испаниялик мутахассис эса ҳакамга эътирозини айтмоқчи бўлганди.
Аммо қаршисида аёл турганини кўрган Гвардиола аввалига истеҳзо аралаш саломлашиб, сўнгра қўлини Бибиананинг елкасига қўйишга уринган. Ўшанда қаҳрамонимиз ўзини жуда жиддий тутиб, машҳур мураббийнинг мазах қилишига йўл қўймаганди. Кейин эса, «Бавария» иштирокидаги кубок ўйинларидан бирида рўй берган ҳодиса орқали довруғи янада ортди. Вазиятларнинг бирида жарима зарбасини ижро этишга тайёрланаётган Франк Рибери ҳакамнинг оёқ кийимидаги иплар ечилиб кетганини кўриб, уни боғлаб қўйишга интилади. Ҳазилга жиддий эътибор қаратмаган Штайнхаус бу сафар ҳам ўзини муносиб тутган.
Бибиана ҳозир 38 ёшда. Ўсмирлигида футболчи бўлишни истаган, аммо тўп суриш орқали муваффақият қозона олмагач, 16 ёшида ҳакамлик соҳасига кириб келади. Бу оламга кириб келишида профессионал рефери сифатида фаолият кўрсатган отасининг ҳам ҳиссаси катта эканини эътироф этиш жоиз. Яна бир қизиқ воқеа 2015 йили «Фортуна» футболчиси Карим Демирбай билан содир бўлган. Бибианадан қизил карточка олган ярим ҳимоячи унга футболда аёлларга ўрин йўқлигини айтади. Бу ҳақорат лига томонидан жуда жиддий эътиборга олиниб, Демирбай 5та ўйинга дисквалификация қилинди.
Бибиана Штайнхаус ҳали турмуш қурмаган, аммо бизга яхши таниш англиялик собиқ ҳакам Ховард Уэбб билан муносабатлари анча яқин.
- Бундеслигадаги дастлабки учрашувингиз билан табриклаймиз. Нима деб ўйлайсиз, ўтган йиллардагидан кўра яхшироқ ҳакамлик қиляпсизми?
- Катта раҳмат. Ҳакамлар бутун фаолиятлари давомида ўсиб боришади. Менда кўп йиллик тажриба бор.
- Нозик жинс вакили эканингиз фаолиятингизга таъсир ўтказмасмикан?
- Аёл эканлигим ишимга умуман халақит бермайди. Ҳакамларни маълум критериялар асосида танлаб олишади. Шу ўринда айтмоқчиманки, Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида майдондаги тўрт ҳакамдан бири аёл бўлади.
- Аёл ҳакам бўлганингиз учун йиллар давомида қандайдир негативларни ҳис қилганмисиз?
- Негатив - бу нотўғри сўз. Ҳар бир тажриба шахс ва ҳакам сифатида кўп нарсаларни ўрганишимга замин яратади.
- Ўз усулингизга қандай баҳо берасиз?
- Майдондаги ҳаракатларим ва қарорларим билан ўзимни кўрсатишга интиламан.
- Ўйинларга алоҳида тайёргарлик кўрасизми?
- Турли ҳакамлар учрашувларга турлича тараддуд кўришади. Бу икки вариант ҳам менга яхши таниш. Умуман олганда, ҳар доим шай туришга интиламан. Интенсив тайёргарликлар бўлажак ўйинга тайёр бўлишимни таъминлайди.
- Сиз 2011 йили аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалини бошқаргансиз. Шунингдек, 2012 йили Олимпия ўйинларининг аёллар ўртасидаги футбол мусобақасида ишлагансиз. Шу турнирлардан қандай таассуротлар олгансиз?
- Мен нафақат ҳал қилувчи ўйинлар, балки бутун мусобақадан ажойиб таассуротлар билан қайтганман. Ушбу турнирларда малакали ҳакамлар бригадалари иш олиб боришган. Биз ўзаро тажриба алмашганмиз.
- Айримлар ҳакамларнинг жамоавий руҳияти ҳақида гапиради. Лекин кўпчилик майдондаги бош ҳакамни ёлғиз бўрига қиёслайди...
- Умуман олганда, майдонда тўрт нафар ҳакам кўринади. Аслида эса, биз катта жамоамиз. Футболчилар, мураббийлар, мутасаддилар. Мақсадимиз - ўйинчиларга қулай шароитларни яратиб бериш. Одатда томошабин ёрдамчи ҳакамлар эмас, фақат бош ҳакамга эътибор қаратади.
Ҳакамлик ҳам жамоавий иш. Тўғри қарор қабул қилиш учун биргаликда иш олиб боришимиз керак. Айтайлик, ўйиндан ташқари ҳолатни бош ҳакамнинг ўзи аниқлай олмайди. Бир сўз билан айтганда, бутун жамоа ҳамжиҳатликда ишлаши талаб этилади.
Жаъфарали тайёрлади