Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

ЭСИНГИЗДАМИ: Ўзбек футболи тарихидаги энг шармандали ўйин

Баҳо:
+ | -

Футболимизнинг чорак асрлик тарихида ўзига яраша қувончли ғалабалари ҳам, аламли мағлубиятлари ҳам бўлган. Баъзи натижалар муайян ўйиндаги хатолар ёки омадни, баъзилари эса, айни палладаги футболимизнинг умумий ҳолатини намоён қилар эди. Ливандаги Япониядан учраган мағлубиятимиз қайси тоифага киришини аниқ айтиш қийин, зеро бундай натижаларнинг фақат бир ёки икки сабаби бўлмаса керак.

Ўзбекистон МТЖ – Япония МТЖ – 1:8

17 октябрь 2000. Сайда. Муниципал стадиони.

Голлар: Сергей Лущан 29' - Моришима 7', Нишизава 14', 49', Такахара 18', 20', 26', 57', Китажима 79' ,            

Нишизава 5' дақиқада пенальтини аниқ амалга ошира олмади.

Ҳакам:  Шамсул Майдин (Сингапур)

ЎЗБЕКИСТОН: Павел Бугало, Бахтиёр Ашурматов, Абдумажид Тоиров (Отабек Шомуродов,60), Сергей Лушан, Даврон Файзиев, Николай Ширшов, Миржалол Қосимов, Февзи Давлетов (Сергей Лебедев, 37), Александр Хвастунов, Мухтор Қурбонов (Игор Шквирин, 46), Максим Шацких Бош мураббий: Юрий Саркисян

ЯПОНИЯ: Кавагучи, Мориока, Хаттори, Нишизава, Нанами, Моришима (Оно, 70), Накамура, Инамото (Мочизуки, 79), Наказава, Миожин (Китажима, 46), Такахара  Бош мураббий: Филипп Трусье

Огоҳлантиришлар: Бугало, Ашурматов, Тоиров, Лушан, Ширшов, Шацких – Хаттори, Инамото

Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг илк йирик мусобақасини ажойиб тарзда ўтказиб, ғалаба қозонди. Бу ғалаба айнан Японияда рўй берди, ўша турнирда вакилларимиз майдон эгаларига рўпара келишмаганди. Кейин кунчиқар юрт вакиллари билан кўп тўқнашдик, жумладан, терма жамоамиз Осиё кубоклари тарихидаги дастлабки мағлубиятига айнан японлардан учради (БАА-96, 0:4). Жаҳон чемпионатлари саралаш баҳсларида илк уринишдаёқ сўнгги босқичга етиб келган жамоамиз ҳал қилувчи гуруҳдаги дастлабки учрашувини Японияда ўтказиб, яна йирик мағлубият аламини тортди – 3:6. Тошкентдаги ўйинда эса жамоалар биттадан дарвозаларни ишғол қилдилар.

Ушбу жамоаларнинг навбатдаги тўқнашуви футболимиз учун шармандаликнинг чўққиси сифатида эсда қолди ва ўзбек мухлисининг сабр-қаноати айнан ўша учрашувда энг қаттиқ синовга дуч келди. Ўша йилларда японлар биздан шу даражада олдинда эдилар, дейишдан йироқман, аммо футболга бўлган нотўғри муносабат, кўнгилдагидек тайёргарлик кўра олмаслик, кўп жиҳатларга панжара ортидан қараш оқибатида айнан ўша оқшомда, ўша турнирда терма жамоамиз тарихидаги энг аянчи аҳволга тушиб қолгандилар.

Ўша пайтларда миллий чемпионатда тўп сурувчилар ва легионерлар ўртасида сезиларли тафовут юзага келганди. Уларга бўлган муносабат борасида ҳам, маҳорат бобида ҳам. Тасаввур қилинг, ҳозирги олий лигамиздан “Пахтакор”, “Локомотив” ва “Бунёдкор” жамоалари олиб ташлайлик. Бу клубларда тўп сураётган футболчиларни легионерлар деб фикр юритайлик. Олий лигамиз қандай бўлади, сизнингча? Чемпионликка даъвогарлар сони кескин ошиб кетади, тўғри. Табиий равишда стадионга кўпроқ мухлис ташриф буюриши мумкин, рост. Ўша пайтларда ҳам шунақа эди. Самарқандда, Хоразмда 30-40 минглаб томошабин ташриф буюришарди. Аммо савия-чи? Олий лигада барқарор клубнинг ўзи йўқ эди. Жумладан 2000-йилги чемпионат ғолиби “Дўстлик” жамоаси ўша мавсумда ўтказган 30 учрашувдан 10 тасини юта олмаган, ҳатто Самарқандда 2:6 ҳисобида мағлубиятга учраганди. Миллий чемпионатимизда жавлон ураётган футболчилар халқаро ўйинлар талабига жавоб бера олишмасди  Танганинг нариги томони – миллий футболчиларимизга бўлган эътибор легионерларга қараганда анча паст эди. Хуллас, футболимиз, миллий клубларимиз ички планда яхши кўринган ва кўпчиликни жалб қилган бўлса-да, профессионалликдан анча узоқда эдилар, халқаро майдонда орқада қолиб кетгандилар. Бу ўринда Бразилия ёки Франция услубини қўллаб ҳам бўлмасди, чунки бизнинг уларчалик футболчилар етиштириш фабрикамиз ҳам йўқ, Россияда тўп сураётган футболчиларимиз ҳам бармоқ билан саноқли эди. Россия футболи ривожланиш тезлиги бизникидан юқори, агар шу кетишда бўлса, Россия футболи савиясидаги футболчиларни етиштиришда давом этишга қодир бўлмай қолардик. Шундай бўлди ҳам. Яхши легионер етишиб чиқиши учун, аввало ички чемпионат савияли бўлиши кераклиги ойнадек равшан.

Терма жамоамиз асосини ташкил қилувчи легионерларни йиғиб, тайёргарлик ўтказиш катта муаммо эди. Осиё мусобақалари ФИФА кунларига кўпинча тўғри келмас, ягона йўл эса бирор ФИФА кунида легионерларни йиғиб ўртоқлик учрашувлари ўтказиб туриш эди ва буни раҳбарларимиз қилишни негадир хоҳлашмасди, майли бу ҳақида кейинроқ.    

Ливан-2000 финал босқичига йўлланма олиш биз учун осонликча бўлмаганди. Беш жамоадан иборат саралаш гуруҳи барча учрашувларни БАА да ўтказган ва миллий терма жамоамиз майдон эгалари қаршилигини енгишлари шарт эди. Тақвимни ўзлари учун анча қулай қилиб олган БАА терма жамоасини Шацкихнинг ягона голи эвазига енгган Маҳмуд Раҳимов шогирдлари Ливан йўлланмасини қўлга киритишганди.

Маҳмуд Раҳимовга 2000-йилни кўриш насиб этмади, у шакллантирган ажойиб жамоа аросатда қолди. Унинг ўрнига жамоани қабул қилиб олган Виктор Борисов бошчилигида жамоамиз 2000 йилнинг февралида битта ўртоқлик учрашуви ўтказди (Мўғулистон 8:1). Кейин эса россиялик таниқли мутахассиси Павел Садирин таклиф этилди. Катта тайёргарлик режаси ишлаб чиқилди, аммо Таиланд билан ўйинда (0:2) жамоани майдонга олиб тушган Садирин кутилмаганда жуфтакни ростлаб қолди.

Деярли бир йил давомида бирор марта ҳам йиғилмаган терма жамоамизни Ливан ўйинларига тайёрлашга ҳеч ким жазм этмади. Чунки, вақт икки ойдан ҳам кам қолганди. Тайёргарлик сифатида бир нечта ўртоқлик учрашувлари ҳам ёрдам бермаслиги аниқ эди, сабаби, йиғинларда бошқа ўйинчилар, асосий ўйинларда умуман бошқаларнинг қатнашиши тажрибадан ўтган эди. Миллий чемпионатда энг яхши натижага эришган ва ўзбек футболини беш қўлдек биладиган Саркисян номзодида тўхталди. Юрий Вазгенович йўқ дея олмади ва натижада энг шармандали натижамизнинг айбдорларидан бири бўлиб қолди.

Ливандаги турнир олдидан терма жамоамизга тайёргарлик ўйинлари ташкил қилиб берилди, аммо... Таиланд ва БАА терма жамоаларига қарши ўтказилган учрашувларда фақатгина миллий чемпионат футболчилари қатнашдилар ва ўша ўйинларда ўйнаган 11 (!) футболчи кейинчалик Ливанда майдонга тушмади. Таниш манзара, шундайми? Таниш, чунки, бу бирор эски сурат эмас, доимий аксимиз.

Терма жамоамизнинг Ливанга боражак таркиб билан ўтказган ягона ўртоқлик учрашуви Тошкентда Туркманистон терма жамоасига қарши ўтказилди, ўйин 3:0 ҳисобида вакилларимиз фойдасига якунланди. 

Осиё Кубоги-2000 даги дастлабки тур эса Қатарга қарши кечди. Ўша учрашувни вакилларимиз ўта бўш ўтказдилар. Фақатгина қатарликларнинг ўнлаб вазиятлардан фойдалана олмаганликлари ва ўйин охирларида Миржалол Қосимовнинг жаримадан ҳисобни тенглаштирганлиги туфайли бир очкога эга бўлдик. Японлар эса Саудияликларни 4:1 ҳисобида ортда қолдиришди.

Тарихида илк бор ЖЧ-98 да мундиал иштирокчисига айланган Япония терма жамоаси таркиби ёшариш даврини бошдан кечираётганди. Қандайдир 20 сонияда тўп ўтказиб юбориб,  ЖЧ-94 дан қуруқ қолган японлар футболга катта маблағ ташлашди.  Узоқ йиллик тайёргарлик босқичи, ташкил этилган профессионал J-лиганинг шарофати билан мамлакат футболида сезиларли ўсиш кузатилди, проектнинг илк мевалари эса Кавагучи, Миура, Наката, Нанами кабилар бўлишди. Мураббий Филип Трусье Ливанга ЖЧ да қатнашган кўпгина футболчиларни чақирмай, барчанинг ажабьланишига сабаб бўлганди. Ҳатто Италия А-сериясини кўзга кўринган футболчиларидан бири Хидетоши Наката ҳам таркибдан четда қолганди. Ушбу турнир Накамура, Оно, Такахара каби янги, ёш юлдузларни кашф этиб берди ва японлар ушбу турнирда бошқалардан бир калла юқори савияда ўйин кўрсатишди.

Иккинчи турга Саркисян бир нечта ўзгаришларни амалга оширди. Жумладан, Қатарга қарши ўйинда асосий таркибда ҳаракат қилган Фёдоров, Шомуродов, Лебедев, Р.Дўрмонов, Раҳмонқуловлар захирада қолдирилдилар, уларнинг ўрнига Тоиров, Лушан, Давлетов, Хвастунов ва Қурбоновлар ҳаракат қилдилар.

Ўйин японларнинг тезкор ҳужумлари остида бошланди. 5-дақиқадаёқ Бугало ўйин қоидасини бузди ва дарвозамизга пенальти белгиланди. Нишизаванинг зарбасини Бугало қайтарди ва шу куни омад вакилларимиз томонида бўладигандек эди. Руҳий жиҳатдан ҳам терма жамоамиз озуқа олганди. Аммо ўша кунги Ўзбекистон на келган омадни ўз томонига оғдира олишга, на руҳий устунликдан натижа ясай олишга қодир эмасди. Ўша ҳужумдаёқ бурчак тўпини японлар голга айлантиришди. Жамоа сардори Моришима ҳисобни очди. Орадан етти дақиқа ўтиб Нишизава тўп киритди ва ўз хатосини тўғрилади.

Кейин эса Такахаранинг юлдузли онлари бошланди. 10 дақиқа ичида ушбу ҳужумчи Бугало дарвозасини уч бор аниқ нишонга олди. Голлар ҳам, нима десам бўларкин, ҳалиги “Барселона” уради-ку, “Реал”га ҳам урганди, ўшанақа эди. Яъни ярим ҳимоя чизиғимиз жуда тезликда босиб ўтилар ва битта пас билан Такахара Бугало қаршисида қоларди.

Бешинчи гол киритилгач, вакилларимиз ҳам онда сонда ҳужум қила бошладилар. Шундай ҳужумларнинг бирида бурчакдан оширилган тўпни Сергей Лушан боши билан дарвозага аниқ йўллади ва ҳисобни қисқартирди. Ўйинни қутқариб қолиш иложсиз бўлса-да, кўпроқ тўп киритиш лозим эди, чунки, Саудия терма жамоаси ҳам Қатар билан дуранг ўйнаган ва агар японлар шундай ўйнашни давом этсалар, тўплар нисбати иккинчи жамоани аниқлаб бериши мумкин эди. Аммо...

Иккинчи таймда вакилларимизда ҳужум қилиш тугул, рақибга қаршилик кўрсатишга ҳам куч топа олмадилар. Иккинчи таймнинг дастлабки ўн дақиқасида яна ўша Нишизава ва Такахаралар биттадан тўп киритиб, ҳисобни 7:1 ҳолатига келтириб қўйдилар.

Эсимда, Такахара тўп киритяпти-ю, қўлини ҳам кўтармаяпти, гўё қўл кўтариб нишонлаш гол уришдан-да қийин ишдек. Ўша учрашувни шарҳлаш “бахтига” муяссар бўлган Давлат ака Турдалиев ҳам эътиборларини ўйиндан четга олиб, футболимиздаги муаммолар, бу мағлубиятга сабаб бўлган ҳолатлар ҳақида гапиришга тушиб кетгандилар. Ҳатто бир вазиятда японлар навбатдаги голни киритдилар, шунда шарҳловчимиз мулоҳазаларини тўхтатишни ҳам лозим топмаган ва:

“Сизлар эътибор берманглар, бу ерда гол бўлиб тураверади, биз эса фикримизни давом эттирайлик...” – дейишга мажбур бўлганди. Учрашувнинг иккинчи таймида майдонга тушган Китажима ўйин тугашига ўн дақиқа қолганда охирги голни киритди ва ўйинга якун ясади.

Гуруҳ босқичининг сўнгги турида терма жамоамиз Саудия Арабистонига қарши майдонга тушди. Учрашувда араблар 5:0 ҳисобида ғалаба қозонишди ва чорак финалга йўл олишди. Терма жамоамиз эса ўша турнирни энг ёмон жамоа сифатида якунлади. Ушбу турнирга, терма жамоага бўлган муносабат ҳатто баъзи футболчилар орасида ҳам кўнгилдагидек бўлмаганини кейинчалик Саркисян ҳам тилга олиб ўтганди. Ҳатто сўнгги тур олдидан у Максим Шацкихга “майли, ҳеч бўлмаса, бугун майдонда ўйнаб бер, агар гуруҳдан чиқсак, сенинг Киевга кетишингга рухсат бераман” дейишга мажбур бўлган экан.

Ливандаги турнир якунлангач, ЎФФ да кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилди. Федерация вице-президентлигига Бахтиёр Раҳимов тайинланди, таниқли мутахассис Владимир Сальков бош мураббийликка келди, кўпгина чет эллик футболчилар юртимиз фуқаролигини қабул қилиб ўйнай бошладилар. Хуллас, ЖЧ-2002 саралаш баҳслари олдидан терма жамоамиз бутун мамлакат миқёсидаги мавзуга айланди. Аммо яна қандайдир нотўғри йўналиш танладики, ЖЧ-2002 ҳам мухлисларимиз учун армонга айланди. Буёғи умуман бошқа мавзу...

Энди юқоридаги протоколга бир қаранг. Терма жамоамиз таркибини кўздан кечиринг. Миржалол Қосимов шу ерда, Максимнинг ўша “Реал” дарвозасига гол киритиб юрган пайтлари, ёши ўтган бўлса-да Хиросима юлдузлари ҳам бор, аммо натижага эътибор беринг, ишониш қийин. Яъни, бу натижа ўша даврдаги футболимизнинг умумий ҳолатини акс этмасди, менимча.

Шундай хулосага келдимки, халқаро футболда муваффақиятнинг замирида энг аввало муносабат ётар экан. Маълум мусобақага, жамоага, футболчиларга бўлган умумий муносабат. Мухлисларнинг футболчиларга муносабати. Футболчиларинг жамоага, юртига бўлган муносабати. Мураббийнинг муносабати. Раҳбарларнинг ўша турнирга бўлган муносабати. Рақибга муносабат. Ўзаро муносабат.

Хуллас, қачонки мана шу муносабатларнинг барчаси тўғри ва сидқидилдан йўлга қўйилса, ҳар бир ҳаракат асосида фидойилик ва халққа ҳурмат ётса, шундагина бирор натижага эришиш мумкин бўлар экан. Акс ҳолда шармандалик бизни ҳар бир кўчада кутиб олар экан. Шармандалик бу фақат 1:8 эмас, айримлар учун ҳатто дуранг ҳам шармандалик. Ҳамма гап шармандаликка бўлган муносабатда, яъни инсон ўз қадрини қанчалик юқори қўйишида.

Манба: kun.uz
Киритилди: 14:32, 25.09.2017.
Ўқилди: 21007 марта.
Фикрлар: 26 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.