Яна бир неча кундан сўнг JFL in Tashkent футбол мактаби иш бошлайди. Мактаб фаолияти тўлиғича немис футболи андозаларига асосланади ва Германиядаги JFL in Schlotheim мактаби филиали ҳисобланади. Биз айнан шу мактаб раҳбари Элфи Ферншейлд билан суҳбатда бўлдик ва JFL футбол мактаби тизими қай тариқа иш бошлагани ва ўзбек футболи ҳақидаги саволларимиз билан мурожаат қилдик.
— Элфи, JFL in Schlotheim мактаби қачон иш бошлаган?
— Мактабимиз 2003 йилда иш бошлаган. Мен эса 2006 йилда бу ерга келганман.
— Иш фаолиятингиз қай даражада кечган? Бу ҳақида сўзлаб бера оласизми?
— Мактабни қабул қилиб олганимда охирги умид ва ишончни йўқотишимга бир баҳя қолган эди. Чунки бор йўғи 6 ўқувчимиз бўлиб, мактаб ҳисобида умуман пул қолмаганди. Ўн йиллик машаққатли меҳнат ва икки марта бошқа жойга кўчишдан сўнг мактабимиз ривожланди. Ҳозир JFL in Schlotheim 1600 м2 худудда жойлашган ва ёпиқ футбол зали, теннис кортлари, катта бассейн, учта табиий майсали футбол майдони ва тренажер залига эга.
— Мактабингизда қанча ўқувчи таҳсил олади ва қайси мамлакатлардан ташриф буюрган?
— Умумий ҳисобда 71 тарбияланувчимиз бор. Улардан 51 нафари мактабимиз худудидаги ётоқхонада истиқомат қилади, 20 нафари эса қатнаб ўқийди. Ўқувчиларимиз орасида 11 давлат вакиллари бор: Мексика, АҚШ, Албания, Жанубий Корея, Таиланд, Германия, Исроил, Африка ва Ўзбекистон.
— Немис футболи ютуқлари бутун дунёга овоза бўлган. Бунинг сири нимада, деб ўйлайсиз?
— Бизнинг мактабимизда бола кун давомида банд бўлади. Мактаб, спорт, шахсий ютуқлар ва саломатлик — уларга энг аввало мана шу қадриятлар сингдирилади. Энг муҳими — мураббийлар улар билан худди тенгдошидек мулоқот қилади. Болалар устоз эътибори ва муҳаббатини ҳис қилиб туришлари шарт. Бу унга масъулиятли қарорларни қабул қилишда ёрдам беради. Мураббий ва ўқувчи ўртасида жуда кўп индивидуал ва жамоавий суҳбатлар бўлиб туради. Бола ютуққа эришаётганини нафақат ўзи, ота-онаси, балки мураббий наздида ҳам исботлаб беришга ҳаракат қилади. Чунки ўзаро ҳурмат жуда кучли.
Бизнинг мактабимизда бола ўзини жуда эркин ҳис қилади ва ҳар томонлама ҳимоя қилинган. Айнан шу нарса бизнинг асосий сиримиз ҳисобланади. Ҳеч бир бола ниманидир нотўғри қилишдан ҳайиқмайди. Агар бирор хатога йўл қўйса, унга ҳеч ким бақирмаслиги ва тергамаслигини яхши билади. Биз унга шахс сифатида ўсишда ҳамда масъулиятли қарор қабул қилишда ёрдам берамиз.
— Ўзбек футболида муаммолар етарли. Сиз юртимизда бўлгансиз ва бу муаммоларга нима сабаб, деб ўйлайсиз?
— Мен ўзбек футболи муаммолари ҳақида гапиришга ҳақлиман, деб ўйламайман. Келинг, яхшиси Германияда қандай тизим остида иш олиб борилишини айта қолай. Немис футбол мактабида машғулотлар ўзига ҳос услубда олиб борилади. Асосий эътибор техника, тез қарор қабул қилиш, тез ҳаракатланиш ва жисмоний тайёргарлик омухтасига қаратилади. Бу борада мураббий методикаси ва концепцияси жуда зарур. Болалар тикланиши учун йога, фитнес ва мобил тренингнинг аҳамияти катта.
Бизнинг футбол мактабимизда болаларни яхши кўрадиган мураббий-педагоглар иш олиб боради. Улар учун пул ёки мусобақалардаги натижа эмас, балки боланинг ривожланиши, униб-ўсиши муҳимроқ. Ўзбекистонда ҳам JFL филиаллари иш бошламоқда. Биз бу мактабларда ҳам айнан шу услуб шаклланиши учун қўлимиздан келган барча ёрдамни берамиз.
Зафар Қосимов суҳбатлашди.