Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

«Онам - менинг бойлигим...» Ёхуд Жефферсон Фарфаннинг оғир ҳаёт йўли

Баҳо:
+ | -

Профессионал футболчилар юқори даражадаги атлетлардир. Уларни ҳамма ҳурмат қилади, ибрат олади. Аммо спортда омад ва омадсизлик доимо ёнма-ён юришини унутмаслик лозим.

Ҳатто таниқли ўйинчилар ҳам кенг жамоатчилик кўз ўнгида бир лаҳзада обрўларини йўқотишлари ҳеч гап эмас. Ортга йўл эса осон бўлмаслиги аниқ.

Жефферсон Фарфан тарихи бунга яққол мисол. Ўта тезкор бўлган перулик футболчи 14 ёшлигидаёқ катта истеъдод эгаси эканини исботлаганди.

«Депортиво» академияси тарбияланувчиси саналган йигитчанинг онаси раққоса бўлган, отаси оиласини ташлаб кетган чоғларда эса қаҳрамонимиз ҳали жажжи болакай эди.

Фарфаннинг сўзларига қараганда, ҳаётда ўз ўрнини топишида онасининг хизматлари катта бўлган. Аёл қанчалик кўп ишламасин, фарзандини машғулотларга кузатиб қўйиш учун доимо вақт топа биларди.

«Онам - менинг бойлигим. Уни чин юракдан яхши кўраман, ардоқлайман. У менга ҳам оналик, ҳам оталик қилган энг буюк зотдир. Оилада ёлғиз фарзанд бўлганим учун онажоним қандай улуғ инсонлигини сўз билан ифодалашим қийин».

Тинимсиз машғулотлар ва маънавий қўллаб-қувватлашлар изсиз кетмади ва Фарфан «Альянс Лима» сафига қўшилди. 19 ёшга тўлганидаёқ икки карра лига ғолиби сифатида Перу терма жамоаси сафидан мустаҳкам ўрин олганди.

52 ўйинда 26та гол урган футболчининг хизматлари эса назардан четда қолмади: ўша кезлари ПСВда ишлаган Гус Хиддинк «Перунинг ёш ва энг иқтидорли футболчиси» билан келишув ишларини тезлаштиришга астойдил киришди.

Жанубий Американинг энг иқтидорлиларидан бўлган Фарфан эса сўзсиз бундан ҳам юқори эътиборга ҳақли эди.

13 йил давомида кўп нарса ўзгарди. Бугунга келиб Москванинг «Локомотив» клуби футболчиси бўлган 32 ёшли Фарфанни қадрдон юртидаги мухлислари яққол етакчи деб ҳисоблашмайди. Миллий терма сафида 75 марта майдонга тушган бўлса-да, жамоадаги ўрни мустаҳкам эмас.

«Ишончим комилки, август ва сентябр-да Фарфан асосий таркибда майдонга тушади. У яна формага кирмоқда, Россияда совриндор бўлди. Умид қиламизки, шундай ишлашда давом этади», - деди Паоло Герреро. Бундай даражадаги футболчилар камдан-кам ҳолатларда ўз ўринларини шу тахлит тез йўқотишади - айниқса, Перуда, зеро мазкур юрт термаси 1982 йилдан бери ЖЧга чиқиш учун кураш олиб боряпти.

ПСВ ва «Шальке» таркибида 400га яқин баҳсда майдонга тушган Фарфан эса 120та гол билан миллий жамоанинг энг яхши тўпурари бўлиб турибди.

****************

Даражасидаги ўзгаришга кўпроқ Фарфаннинг ўзи сабабчи бўлди. Зеро, у ҳамиша ўта тезкор, кучли футболчи саналиб, майдонни кўра билиши ва голни ҳис қилиши билан ажралиб турган.

Мушаклари бақувват, чаққонлиги боис ҳимоячиларга катта ташвиш туғдира билган ўйинчининг обрўсига кўпроқ термадаги муаммолар сабаб бўлгани ҳам бор гап.

Фарфан, Герреро, Писарро, Мендос, Варгас ва бошқалар миллий жамоадан 2007 йилда - клубдаги катта зиёфатдан сўнг қувилишганди. Ўша базм ЖЧ саралаш баҳслари олдидан ўтганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Орадан 3 йил ўтгач, Фарфан Реймонд Манко ва Жон Галликиоларни казинода оқшом ўтказишга кўндирган - воқеа Панамага 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйилган, бош мураббий барча футболчилардан меҳмонхонадаги номерларидан ташқарига чиқмасликларини уқтирган санада юз берган.

Шу тариқа Фарфан иккинчи бор жамоадан ҳайдалди. Нима бўлган тадирда ҳам, ҳар сафар майдонга тушганида у ажойиб ўйинлари билан бошқалардан ажралиб турди. Шу боис, перуликлар унга қандай муносабатда бўлишни билишмасди.

Зеро, Жефферсон майдондан ташқаридаги ҳаётида қанчалик хато қилмасин, аввалгидек барқарор тўп суришда давом этарди. Табиийки, пала-партиш ҳаёт тарзи карьерасига таъсир қилмай қолмади.

Бу айниқса, Панама казиносидаги «ҳунар»идан кейин ўзини яққол намоён этди.

****************

2009-2011 йилларда Феликс Магат «Шальке»га мураббийлик қилди ва унинг машғулотларга ўта жиддий ёндашуви Фарфанга ёқмади. Мураббий ишдан кетиши билан перулик мутахассиснинг устидан «мағзава ағдариш»ни бошлади:

«Магатнинг руҳий босими энди йўқ ва яна «Шальке»нинг ўйинларидан лаззат ола бошладик. Биз у билан мулоқот қилмасдик, ҳисоб - навбатдаги жарима зарбасини йўллаш масаласидагина мураббийдан тавсия олардим.

У билан ишлаш руҳий томонлама жуда оғир эди. Ҳеч нарса мени яна унинг қўл остида тўп суришга мажбур қилолмайди».

Танқид ўз йўлига, бироқ Фарфаннинг айнан Магат жамоасида ажо-йиб ўйин кўрсатганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. 11та гол ва 14та самарали узатма - барчаси 51 учрашувда.

ЧЛ ярим финалига йўл олиш - футболчи ажойиб ўйнабгина қолмай, жисмоний ва руҳий томондан ҳам мукаммал кўринарди. Магат жамоани тарк этганидан кейин эса Фарфаннинг жисмоний ҳолати йўққа чиқди.

Рангник, Стевенс ва Ди Маттео навбати билан бош мураббий ўрнини эгаллашди, аммо ҳеч бирлари Фарфанни ўйинларга тайёрлашда Магатнинг кўрсаткичини такрорлай олишмади.

Оқибатда, футболчида кичик-кичик жароҳатлар кузатилди ва у ҳаловатини йўқотди, ҳисоб. Шу тариқа тезлиги ҳам ғойиб бўлди, ҳимоячиларга аввалгидек хавф туғдира билмади.

****************

2012|2013 йиллар мавсуми ҳам жароҳатлар натижасида йўққа чиқди, ундан кейинги йил эса янада баттарроқ бўлди. Шикастланавериш натижасида у кўпгина учрашувларни ўтказиб юборди ва 19 баҳсдагина майдонга тушди - бу ПСВдан кетганидан сўнг рекорд натижа.

Аммо барибир, барчани ҳайратга солиб, 9та гол уришнинг уддасидан чиқди. Лекин кўп ўтмай тиззасидан олган енгил жароҳат сабаб жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлди.

Футболчининг яна оёққа туриши учун эса 12 ой фурсат талаб этилди ва «Байер»дан учралган мағлубият ҳам майдонга қайтиш қувончини яширолмади. Бу пайтга келиб Америка кубоги-2015 яқинлашарди ва Фарфан Перу термасига чақирилди.

Дастлаб Бразилия, чорак финалда Боливия ва ярим финалда Чилига қарши кечган баҳсларда қаҳрамонимиз майдонга тушди. Гарчи гол уролмаган бўлса-да, ўзини яхши томондан кўрсата билди ва қаттиққўл мураббий Рикардо Гареканинг хизматлари эвазига янги можароларни четлаб ўтди.

Мазкур мусобақадан сўнг, перуликка БААнинг «Ал-Жазира» клуби қизиқиш билдирди. Таклиф этилган 6 млн. еврога немислар қаршилик қилишмади, ахир Фарфаннинг шартномаси ниҳоясига етишига 1 йил вақт қолган эди-да.

Қайсидир маънода, бу ортга ташланган қадам бўлиши мумкин, аммо мунтазам жароҳат олаётган вингер 10 млн.лаб еврога тенг йиллик маошдан воз кечиш нотўғри эканлигини яхши тушунарди.

Бироқ янги жамоадагиларни чўчитган воқеа ўзини кўп куттирмади: юлдуз футболчи енгил жароҳат олиб, яна шифохонага ётди. Оқибатда, БААдаги дебют мавсумида бор-йўғи 11та баҳсда майдонга тушди, холос. 2016 йил ёзида футбол жамоатчилиги Фарфанга янги жамоа қидира бошлади.

«Гремио», «Ривер Плейт», бундеслиганинг бир қатор клублари ҳақида гап-сўзлар урчиди, лекин «Ал-Жазира» мавсумолди тайёргарлигини аъло даражада ўтказган Жефферсон билан хайрлашишга шошилмасди. Аммо футболчининг ўзи БААдан зериккани боис, клубни шартнома шартларини бузишда айблади.

****************

Араблар билан чиқишолмай қолган Фарфан дарҳол кетиши лозим эди ва жамоа ҳам дарров топила қолди. Москванинг «Локомотив» клуби спорт директори этиб тайинланган «Шальке»нинг собиқ директори Эрик Штоффельсхаус ўзига яхши таниш футболчини бегона қилишни истамади.

«Локомотив» Россия кубоги финалига йўлланма олди, лекин Фарфан яна тиззасидаги жароҳати боис фақат апрелдагина майдонга тушди.

Кетма-кет 4та баҳсда асосий таркибга киритилган футболчининг ўйини тобора очилаверди, бироқ кубок финалидаги четлатиш кейинги фаолиятига салбий таъсир кўрсатди. Нима бўлганда ҳам, унинг клуби «Урал»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, бош совринга эга чиқди.

Июлда ўтказилган суперкубок учрашувида Фарфан майдонда 120 дақиқа ҳаракат қилди. Аммо жамоаси «Спартак»ка мағлуб бўлди. Вақт ўтгани сайин Жефферсон жамоадошлари билан тил топишиб борди, самарали узатмалари сони ортаверди. Балки, бу унинг қайта ривошланиш давридир?

****************

Эҳтимол, кимлардир Фарфанни Перунинг сўнгги йиллардаги сўнган юлдузига қиёслар. Зеро, кўплаб мавсумлар жароҳатлар боис йўққа чиқди, қанча имкониятлар тунги барларда ҳавога совурилди.

Уни очилмай сўнган юлдузлар сирасига киритадиганлар ҳам топилар, балки. Аммо қаҳрамонимиз ўзининг 32 ёшида ҳам барчани ҳайратда қолдиришда, ҳаяжонга солишда давом этяпти.

Гареканинг ёрдамчилари Нолберто Солано ва Нестор Бонилло футболчининг Россиядаги муваффақиятларига эътибор қаратиб, мамлакат термаси етакчиларидан бири сафга қайтаётганини таъкидлашди: Фарфан ҳаттоки, мукаммал спорт формасида бўлмаган тақдирда ҳам Эдисон Флорес ва Энди Поло кабиларга сабоқ беришга қодир.

Фарфаннинг қобилиятига нисбатан жаҳондаги мухлислар ва қадрдон перулик ишқибозларнинг қарашларидаги турфалик сақланиб қолиши, шубҳасиз.

Ашаддий ихлосмандлари ҳам унинг тунги барлардаги кайф-сафолари ва беқарор ўйинларини кечира олишмаса керак. Аммо бу даражадаги футбол иқтидорининг қайтишига эътироз билдирадиганларни топиш ҳам амримаҳол.

Фарфан худди Перу футболи каби ўсиб, тажриба тўплашга эришди. Агар сурункали жароҳатлар бўлмаганида, Жефферсон худди термаси каби кўпроқ муваффақиятларга эришарди.

Ҳозир Фарфан учун ҳал қилувчи палла. Кейинги йили жаҳон чемпионати ўтказилади, у эса айнан мундиалга мезбонлик қиладиган юртда тўп суряпти.

Мухлису мураббийлардан тортиб, йирик клублар скаутларининг ҳам нигоҳлари унга қаратилган. 32 ёшга тўлгани ҳали ҳамма нарса бой берилганини англатмайди.

Фарфан фаолиятини ёрқин лаҳзалар билан ниҳоялаши мумкин. Бу эса кўп жиҳатдан унинг «Локомотив»да ўзини нечоғли кўрсата билишига боғлиқ. Қайтиш учун бунданда қулайроқ фурсат топилмаслиги аниқ.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 11:31, 09.10.2017.
Ўқилди: 5030 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.