Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Усмон Тошев 0:4 ҳисобидаги мағлубиятга изоҳ берди

Баҳо:
+ | -

“Андижон” ўз майдонида асосий рақиби ҳисобланган “Цементчи”га йирик ҳисобда ютқазиб, барчани ажаблантириб қўйди.

Ҳа, ҳақиқатан 0:4 натижасининг қайд этилишини ҳеч ким ва ҳаттоки, қувасойликларнинг ўзлари ҳам хаёлларининг бир четига келтиришмаганди. 15 октябрь оқшоми андижонликлар учун жуда ёқимсиз ва аччиқ бўлди. “Андижон” бош мураббийи Усмон Тошевдан мазкур ўйин учун изоҳ беришини сўрадик.

“Андижон” нима учун йирик ҳисобда ютқазди?

Шуни айтиш керакки, андижонликларнинг ўз майдонида йирик ҳисобда имкониятни бой берганини ҳар ким ўзича таҳлил қилмоқда. Табиийки, бош мураббий Усмон Қудратович мазкур беллашув хусусида ўзининг хулосаларига эга бўлди. Шу сабабли мағлубиятнинг сабаблари тўғрисида сўрадик.

— Биз бу ўйинга алоҳида махсус ҳолатда тайёргарлик кўрмагандик, — дейди Тошев. — Ҳар доимгидек, олдинги учрашувларга қандай ҳозирлик кўрган бўлсак, “Цементчи” билан беллашувга ҳам шундай тарзда тайёргарлик кўрдик. Лекин бу сафарги рақибимиз кимлигини билардик. Қаршимизда асосий жамоа ва олий лигага чиқиш учун биз билан бирга курашаётган жамоа эди. Шундай экан, қани, етакчи жамоага қарши ўз кучимизни кўрсатиб, қандай ўйнай оларкинмиз дея синаб кўрмоқчи эдик. Афсуски, жуда аламли мағлубиятга учрадик. Мен сизга ҳеч қандай баҳоналарни гапирмайман. Чунки мағлубиятга бирор-бир баҳона кетмайди. Ҳа, биз ютқаздик, “Цементчи бизни ютди, улар тўсатдан ғалаба қозонишгани йўқ. Чиндан ҳам улар яхши жамоа экан. Хотиржамлик ва барқарор ўйин эвазига уч очкони қўлга киритишди. Тезкор голлар ўтказиб юборганимиз футболчиларни асабийлаштириб қўйди. Албатта, бизда ҳам вазиятлар бўлди, бўлмади эмас. Икки марта зарбаларимиз тўсинга тегди. Агар биринчи бўлимни 1:2 ҳисоби билан тугатганимизда танаффусдан кейин янада бошқача бўларди деб ўйлайман. Биламан, хатоларимиз кўп яна ўз устимизда ишлайверамиз. Футболчиларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини, шунингдек, жамоанинг атрофида нималар бўлаётгани борасида ҳеч қандай эътирозим йўқ. Тўғри, ўз майдонимизда мағлуб бўлдик ва бу ҳолат бизни хотиржам қилмайди, ташвишлантиради. Аммо ҳаммаси ҳамон ўз қўлимизда. Тақдиримиз бировларнинг қўлида эмас. Охирги тўртта учрашувда ютадиган бўлсак, маррага етиб келамиз. Айнан мана шу нарса ҳам бизга озгина таскин беради. Ўйиндан кейин ҳам йигитлар билан йиғилиш ўтказиб ҳаммасини тушунтирдим. Қолган учрашувлар ҳам осон бўлмайди, аммо уларни ҳурмат қилган ҳолда айтишим мумкинки, кучимиз етадиган рақиблар қолди.

Танланган таркиб хусусида

“Цементчи”га қарши беллашувда “Андижон” таркиби олдингиларига қараганда бошқачароқ кўринишда бўлди. Шунинг учун бош мураббийдан танланган таркиб хусусида ҳам сўрадик.

— Биласизми, айни пайтда барча футболчилар бир хил вазиятда. Улар майдонга чиқиб ҳаракат қилишяпти, унутмайликки, булар футболчилар. Биз уларга машғулотларда ўргатамиз, қандай ўйнаш кераклигини тушунтирамиз. Бироқ ўйин пайтида биз ҳеч нима қила олмаймиз, шунчаки, майдон четида қараб ўтирамиз. Аммо майдонда футболчилар ўйнашади. Бунгача уларнинг ички ҳолатлари қандай бўлса, барибир табиат қонуни туфайли ўйин давомида бу нарса билинаверади. Биласизми, бундан яхши таркибни кўрмагандим. Захирадан бир қатор ўйинчиларни тушириб ўзига хос тактик услубларни ўйлаб қўйгандим. Аммо кетма-кет голлар бизни чалкаштириб юборди. Масалан, Собир Ҳамидовни майдонга туширганим бежиз эмасди. Охирги учрашувларда унинг ўйини ва сўнгги паслари аниқ чиқаётганди. Хуллас, ўртага уч нафар ўйинчини қўйдим. Фарҳод Бекмуродов билан Иброҳим Отахонов марказда ва улардан сал олдинроқда Собир Ҳамидовни туширдим. Лекин хатоларимиз барча режаларни барбод қилиб юборди.

Мухлисларнинг эътирози ҳақида

Табиийки, аламли мағлубият мухлисларга ҳам оғир ботди ва улар томонидан эътирозлар бўлиши табиий хол. Севимли жамоасидан фақат ғалабани кутган ишқибозлар афсуски, стадионни кайфиятсиз ҳолатда тарк этдилар. Ўзаро мулоқот жараёнида Усмон Тошев ишқибозлар ҳақида тўхталиб ўтди.

— Ишқибозларми? Мен Ўзбекистондан яшаяпман ва ўз юртимда ишлаяпман. Яхши биламан, Андижонда мухлислар жуда талабчан.

Тушунаман, айрим пайтларда улар ҳам хиссиётларга берилиб нималардир айтиб юбориши мумкин. Аммо мени ёки футболчиларни ҳақорат қилиб, сўкишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳисоб 0:2 бўлганидан кейин атайин ўзим майдон четига чиқиб турдим ва ўйин охиригача тик турдим. Нимага? Чунки мухлислар томонидан айтилаётган барча ҳақоратлар ва танқидлар ўзимга бўлиши учун! Бу билан майдондаги футболчиларни ишқибозларнинг ҳақоратларидан ҳимоя қилишим керак эди. Барча эътирозларни ўзимга қабул қилдим. Чунки бу менинг футболчиларим ва менинг жамоам. Мана шундай қийин пайтда ҳам йигитларни руҳлантириб туришга ҳаракат қилдим. Барибир сўкиш ёмон нарса. Футболда албатта ютиш ва ютқазиш бўлади. Аммо бир нарсани сезиб турибманки, бир-икки киши мухлислар орасида провакация қиляпти. Ҳаттоки, менга бу ҳақида кимлар эканлиги ҳақида ҳам айтишди. Бу нарса ўтган сафар “ЎзДонгЖу” билан ютган учрашувимизда ҳам содир бўлганди. Биз ич-ичимиздан олий лигага чиқишни хоҳлаяпмиз, бироқ айримлари бунга ҳалақит қилишяпти. Мен “Андижон” клубининг бош мураббийиман! Бу ерга келишдан мақсад жамоани олий лигага олиб чиқиш. Сизга шуни айтишим керакки, бу ерга жуда катта мақсад ва режалар билан келганман. Нафақат “Андижон”ни олий лигага қайтариш, балки вилоят футболини кўтариш учун ҳам келганман. Биз мана шу мақсад йўлида бирлашиб, меҳнат қилиб келяпмиз. Жамоамизда ҳамма - ошпаз, қоровул, шафёр, қўйингки, барчаси “Андижон”нинг олий лигага чиқишини истайди. Биринчи бўлиб эса бу нарсани ўзим истайман. Ахир мен бош мураббийман ва аввало “Андижон”ни олий лигага қайтаришни ўзим хоҳлайман. Ўзингиз бир ўйлангчи, қайси мураббий ўзига ўзи душман?!

Ҳамма ютгиси, натижа кўрсатгиси келади. “Андижон”да иш бошлаганимдан бери барча саъйи-ҳаракатларимиз клубни олий лигага олиб чиқишга қаратилган ва биз бутун жамоа билан шу мақсад йўлида ишлаб келяпмиз. Биласиз, мен мураббий сифатида бир неча йил бирор-бир жамоада ишламадим. Гарчи таклифлар бўлса-да, инструктор бўлиб ОФК ҳамда ФИФАнинг кўплаб семинарларини ўтказиб келдим. Лекин “Андижон”ни олий лигага қайтариш таклифини қабул қилдим. Нимага? Андижонликларни хурсанд қилиш учун. Бироқ жамоамиз ўйинларида қандайдир провакация қилиб, муҳитни бузишга уринаётган айрим одамлар ҳам бор. “Цементчи”га ютқаздик ва бу жуда аламли бўлди. Мураббий сифатида ичимдан нималар ўтаётганини ўзим ва Худо билади. Лекин ҳаммаси ўз қўлимизда экан, мақсадимиз сари охиригача курашамиз. Насиб қилса, мавсум охирида барча ишқибозларга хурсандчилик улашамиз. Ахир мен бу ерга нима учун келганман? Яна қайтараман, мураббий сифатида жамоани олий лигага олиб чиқиш аввало ўзим учун ҳам жуда муҳим. Лекин бизни тушуниб, далда бераётган ишқибозларимиз ҳам йўқ эмас. Учрашувдан кейин менга кўплаб смс ёзилган хабарлар келди. Қарасам, андижонлик мухлислар ва улар бизга ишонишда давом этишларини, ҳар хил гап-сўзларга ишонмаслигимизни, футболчиларнинг руҳиятини кўтаришимизни айтиб, беш қўл баробар эмаслигини таъкидлашяпти. Биламан, мағлубият аччиқ, аммо мана шундай пайтда бизга далда бўлиб, ўзида куч топиб қўллаб-қувватлаётган мухлисларга минг раҳмат. Биз шуларнинг ҳурмати учун ҳам “Андижон”ни олий лигага олиб чиқишимиз керак. Мухлислар – булар халқ. Аммо провакация қилаётган айрим кишилар – булар ичи қора инсонлар. Ҳеч қиси йўқ, бу ҳам ишимизни бир қисми.

«Андижон» матбуот хизмати.

Киритилди: 20:16, 16.10.2017.
Ўқилди: 4616 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.