16 ноябрь, пайшанба куни Андижонда Ўзбекистон биринчилиги иккинчи табақа жамоалари ўртасидаги вилоят чемпионат ўйинлари якунига етди.
Андижон вилояти иккинчи лигасида жами 16та жамоа икки гуруҳга бўлинган холда, ғолиблик учун кураш олиб борди.
Якунда”А” гуруҳидан “УзДонгЯнгКо” барча рақибларини ортда қолдириб, финал йўлланмасини қўлга киритган бўлса, “Б” гуруҳида “Шаҳрихон-1926” жамоаси етакчилик қилди. Кеча ушбу жамоалар мусобақанинг финал қисмида ўзаро куч синашди.
Учрашув Андижон шаҳридаги “Соғлом авлод” стадионида кечди. Айтиш лозимки, мазкур баҳсга бўлган қизиқиш кўпчиликда юқори даражада эди. Мамлакатимизда биринчи лига ўйинлари бирмунча эрта якунлангани боис, андижонлик мухлислар ҳам катта футболни бироз соғиниб қолишганди.
Шу боис бўлса керак, кеча стадионга томошабинлар сони юқори даражада бўлди. Финал ҳам гўёки биринчи лига даражасида ўтди деса ҳам бўлади.
Финалдаги рақиблар чин маънода бир-бирига принципиал рақиб сифатида қарарди. Шунинг учун ўйинни кескин ва муросасиз курашлар остида ўтишини аввалдан таҳмин қилиш ҳам қийин эмасди. Якунда шундай ҳам бўлди.
“УзДонгЯнгКо” бундан бир ой аввал иккинчи лига жамоалари ўртасида вилоят Кубогини қўлга киритганди. Санжар Латипов шогирдлари бу сафар чемпионатда ҳам олтин медалларни қўлга киритиш учун астойдил харакат қилди.
Аммо “Шаҳрихон-1926” ҳам биринчи лигага чиқиш учун пулька йўлланмасини қўлга киритиш мақсадида ўйинга жиддий тайёргарлик кўрганини амалда исботлади. Кези келганда айтиш лозимки, бугунги кунда “Шаҳрихон-1926” жамоасига андижонлик таниқли футболчи Бахтиёр Ҳамидуллаев устозлик қилмоқда.
Мураббийлик фаолиятини қуйидан бошлашга қарор қилган собиқ голеадор бу йил ўз жамоаси билан биринчи лигага чиқиш учун астойдил харакат қилмоқда. Ўйин ҳақида қисқача тўхталиб ўтадиган бўлсак, мезбон сифатида харакат қилган
“УзДонгЯнгКо” жамоасидан кўпчилик юқори савиядаги ўйинни кутганди. Аммо уларнинг ўйини негадир қовушмади. Шаҳрихонликларнинг биринчи бўлимда ҳисобни очишлари уларга катта устунлик берди.
Мезбонлар ҳисобни тенглаштириш учун астойдил харакат қилишган бўлсада, ўз мақсадларига ета олмади. Бизнингча уларга бутуну ўйин давомида битта номинал ҳужумчи билан харакат қилгани қимматга тушди. Боиси олдинги чизиқда биргина Исроил Турсуновнинг ўзи ёлғизланиб қолди.
“Шаҳрихон-1926” эса ҳимояни унутмаган холда, имкон бўлди дегунча қарши ҳужумга ўтиб турди. Бу нарса иккинчи бўлим охирларига бориб, ўз самарасини берди. Дониёр Ҳамидуллаев аниқ зарбаси билан ҳисобни 2тага оширган бўлса, қўшимча вақтда майдонга тушган Абдуқаҳҳор Назиров орадан ҳеч қанча вақт ўтмай “УзДонгЯнгКо” дарвозасига учинчи тўпни киритди.
Шу тариқа вилоят чемпионати финал қисмида “Шаҳрихон-1926” йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
17.11.2017 йил
Андижон вилояти иккинчи лига финал учрашуви.
“УзДонгЯнгКо” - “Шаҳрихон-1926” 0:3 (0:1).
Андижон. “Соғлом авлод” стадиони.
Ҳакамлар: Темур Тўхтасинов, Анвар Маражабов, Зиёдулло Абдураҳмонов, Хушнуд Суюнбоев.
Назоратчи: Рустам Ҳамидов.
Голлар: Жамшид Ҳамидов, 20. Дониёр Ҳамидуллаев, 86. Абдуқаҳҳор Назиров, 90+7.
“УзДонгЯнгКо”: 1.Бобур Тожибоев, 2.Азизбек Маҳмудов, 3.Азамат Исаев, 4.Салим Раҳматуллаев, 6.Муҳаммаджон Отажонов, 10.Жаҳонгир Суярқулов, 11.Исроил Турсунов, 12.Қуддус Ғуломов, 13.Азизбек Давронов, 18. Элдор Тўланов, 19.Анвар Абдуқодиров (С).
Захира: 5.Илёс Собиров, 7.Жавлон Ҳамдамов, 8.Сардор Нурматов, 9.Дилшод Мўйсинов, 14.Акрам Муҳаммадтоҳиров, 17.Ҳасанбой Ибрагимов, 20.Асадбек Абдужалилов.
“Шаҳрихон-1926”: 34.Лочин Долимов, 4.Ислом Қўзибоев, 5.Одил Давронов, 8.Абубакир Абдуллаев, 9.Дониёр Ҳамидуллаев (С), 10.Жамшид Ҳамидов, 11.Пўлат Шарипов, 17.Жасур Қувваталиев, 18.Мансур Маҳсудов, 21.Дониёр Турдиқулов, 23.Бекзод Ғозиев.
Захира: 2.Ислом Мўминов, 3.Зокир Нажимов, 7.Самандар Исмоилов, 13.Абдувоҳид Жўраев, 20.Абдуқаҳҳор Назиров, 77.Зуҳриддин Мирзаев.
Финал учрашуви якунига етгач, мусобақа қатнашчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тақдирлаш маросимида сўз дастлаб, Андижон вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатовга берилди:
- Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар! Бугун биз 2017 йилги Ўзбекистон 2-табақа жамоалари ўртасидаги Андижон вилояти чемпионатининг ёпилиш маросимида учрашиб турибмиз.
- Кейинги йилларда вилоятимизда футболни ривожлантиришга, унинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
- Андижон вилояти ҳокими Абдураҳмонов Шуҳратбек Қўшақбоевичнинг вилоятда футболга қаратаётган эътибори туфайли бугунги кунда футбол жамоаларимизга яратиб берилаётган шарт-шароитлар вилоят футболининг ёрқин келажагига катта қадам қўйилаётганлигидан далолатдир.
- Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-омонлик, яхши кайфият ва фақат омад тилайман – дейди Ўткирбек Одилжонович.
Шундан сўнг сўз Андижон вилояти футбол федерациясининг биринчи вице-президенти Бекзодбек Каримовга берилди: - Ассалому алайкум, қадрли мухлислар ва мусобақа иштирокчилари! Спорт-саломатлик гарови, тинчлик элчиси.
Аслини олганда хаётда инсон учун энг зарур бўлган улуғ неъматлар ҳам мана шулар. Иккинчи табақа Андижон вилояти чемпионати ва Кубоги мусобақаларини ўтказишдан асосий мақсадимиз вилоятимизнинг бош жамоаси “Андижон” ва “УзДонгЖу” жамоаларига муносиб ўринбосарлар тайёрлашдан иборатдир.
Исломбек Рустамбеков.