Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

“Металлург-Woman”: 2017 йилги мавсум сарҳисоби

Баҳо:
+ | -
Якунига етиб бораётган 2017 йил Ўзбекистон аёллар футболида янги саҳифа очди. Тошкентнинг “Баҳо”(1996), “Чеҳра/Дилноза”(1995, 1998), Андижоннинг “Андижанка”(1997, 1999, 2000, 2002, 2003, 2005), Наманганнинг “Гулбаҳор” (2001) ҳамда Қаршининг “Севинч” (2004, 2006-2016) жамоаларидан кейин Ўзбекистоннинг олтинчи чемпиони Тошкент вилоятида юз очди. Бу Бекободнинг “Металлург-Woman” жамоаси эди.   Бекободликлар мақсадларига эришгунча узоқ, машаққатли, шунинг баробарида мароқли йўлни босиб ўтишди. Ташкил этилган йилиёқ совриндорлар сафига кириши футбол жамоатчилиги томонидан “сюрприз” – кутилмаган ҳол деб қабул қилинган бўлса, беш йил давомида “Металлург-Woman” аслида катта мақсадлар сари дадил қадам ташлаётганлигини исботлади.   Кейинги мавсумдаёқ аёллар футболимиздаги иккинчи мусобақа – Ўзбекистон кубогидаги ёрқин ғалаба бунинг исботи бўлди. Мамлакат чемпионатида гегемонлигини ўрнатган Қаршининг “Севинч” ҳамда Андижоннинг “Андижанка” жамоаларининг тинчи бузилди. Айниқса андижонликларга қийин бўлди.   Зеро, Тошкент вилоятидан ташқари пойтахтда ҳам аёллар футболига эътибор кучайиб, ўзига хос яна бир жамоа шаклланаётган эдики, бу “Андижанка”нинг совриндорлар сафидан ўрин эгаллашига ҳам имкон қолдирмасди. Бу ҳолат эса 2017 йилги чемпионатда ўз аксини топди.   Пойтахт вилояти вакиллари мақсадларига босқичма босқич, сабр-матонат билан эришиб бордилар. Аввалига бронза медалига сазовор бўлган “Металлург-Woman” кейинчалик Ўзбекистон кубогини, ундан сўнг Ўзбекистон Суперкубогини қўлга киритди.   Учинчи ўрин иккинчи ўринга алмашди. Бронза медали сифати кумуш медал сифатига ўзгарди. Ташкил этилганининг бешинчи мавсумини эса бекободликлар БЕШГА топширишди! Ўзбекистон чемпионатлари тарихида мисли кўрилмаган натижалар қайд этилди.   “Металлург-Woman” чемпионатнинг барча 20 та учрашувида очко йўқотмади, фақат ҒАЛАБА қозонди!!! Рақиблардарвозасини ишғол этиш бўйича ҳам чемпионатларимизнинг МУТЛОҚ рекорди ўрнатилди. 20 та ўйинда “Металлург-Woman” рақибалари дарвозасига нақд 133 та гол уриб, ўз дарвозаларидан бор йўғи 13 та тўп ўтказиб юборишди.   Киритилган ва ўтказиб юборилган тўплар фарқига эътибор беринг – 120 та! Бу ҳам рекорд. Ўтган мавсум эса жамоа тўпурари Лдюмила Карачик битта мавсумда рақиблар дарвозасига гол ўриш бўйича эҳтимол сайёрамизнинг энг яхши натижасини қайд этганди – 67 та гол!   Бундай тўпурарликни мини футболда – футзалда кузатганмиз. Аммо катта футболда камдан кам учрайдиган сермаҳсуллик албатта ҳали узоқ йиллар футболимиз тарихида сақланиб қолса ажабмас.   Жамоа муваффақиятлари ҳақида гапираркан, “Металлург-Woman” бош мураббийи Шерали Бобоқулов биринчи навбатда клубда ишларнинг тўғри йўлга қўйилганлигига урғу берди: -“Металлург” футбол клубида яхши биласиз яхши анъана бор. Ҳа деганда мураббийларни ҳам, ўйинчиларни ҳам алмаштиравермайди.   Бошланган ишни охиригача етказиш учун доимо имкон берилади. Клубимиз раиси Рустам Тўхтамуродовичнинг бу хислатларини биз аёллар жамоамизда ҳам қўллаяпмиз ва кам бўлмадик. Қолаверса, “Ўзбекистон металлургия комбинати” ҳиссадорлик жамияти раҳбариятининг хайрихоҳлиги ва кўмагини доимо ҳис этиб келаяпмиз.   Шундай экан, бу эътибор, ғамхўрликларни албатта оқлашимиз лозим эди. Беш йил деганда энг катта мақсадимизга эришдик. Чемпион бўлдик. Генералликни орзу қилмаган аскар аскар эмас деган машҳур ибора юради халқ орасида. Футболда ҳам шу! Энг юксак марра бу мамлакат чемпиони бўлиш, мамлакатнинг энг кучли жамоасига айланиш.   2017 йилги мавсумда “Металлург-Woman” бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг кучли жамоасига айлангангини исботлади. Ўзбекистон кубогини қўлга киритди. Чорак финалада энг кучли рақибимиз – “Севинч”ни икки ўйин натижасига кўра баҳслардан чиқариб юборганимиздан сўнг ярим финалда “Бухоро”ни, финалда эса Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоасини доғда қолдирдик.   Ўзбекистон чемпионатида мутлоқ ажойиб натижа билан барча таъқибчиларимизни ортда қолдириб кетдик. Биронта ҳам учрашувда ютқазмадик. Мавсум якунида “олтин дубль”ни қайд этдик. Бу тарихий ютуқларимиз қувончини биргаликда баҳам кўриш учун Бекобод шаҳримизга – тақдирлаш маросимига Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджоновнинг шахсан ўзлари келишлари, “Металлург-Woman” қизларига чемпионатнинг олтин медаллари ва махсус Чемпионлик Кубогини топширишлари бизга олам олам қувонч бахш этди.   Ҳали аёллар футболи тарихида бунақаси бўлмаганди. Шу боисдан ҳам кўнглимиз фахр-ифтихор туйғулари билан тўлиб тошди. Бунинг учун Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбариятига ўзимизнинг самимий миннатдорлигимизни билдирамиз.   Юксак мақсадларни қўлга киритиш албатта осонмас. Фақатгина эътиборнинг ўзи камлик қилади. “Металлург-Woman” чемпионлик йўлига назар ташлаб беихтиёр ўн икки карра Ўзбекистон чемпиони бўлган “Севинч”нинг йўли кўз олдимга келаяпти...   Тўғри эътибор қилибсиз. Ҳар қандай ютуққа ўз ўзидан эришилмайди. Бир томондан раҳбарият томонидан ғамхўрлик, доимий эътибор ва назорат керак. Иккинчи томондан ва энг асосийси тинимсиз изланиш, меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат керак. Баъзи дўстларимиз бор – қўштирноқ ичидаги – тирноқ тагидан кир қидирадиган, маблағ бўлгандан кейин ҳаммаям чемпион бўлади-да, деб кесатишади. Мен уларнинг гапига мутлақо қўшилмайман. Маблағини бўлар-бўлмасга, кўкка совуриб юрган клублар қанча... Мисол тариқасида келтирдим, эҳтимол бизда бўлмаса, бошқа мамлакатларда... Борда шунақа клублар ҳам. Лекин ишни пухта, режали ташкил этиб, мухлисларига олам олам хурсандчилик, қувонч улашаётган жамоалар ҳам етарли. “Севинч”ни яхши эсладингиз. Мен ҳам Владислав Николаевич Ханни мамлакатимиз аёллар футболи тараққиётига беқиёс улуш қўшган мутахассис, устоз сифатида биламан. У кишининг фаолиятини, ишларини зимдан ўрганганман. Билмаганни сўраб ўрганган олим, деб бежиз таъкидламаган адабиётимиз асосчиси, аллома шоиримиз Алишер Навоий ҳазратлари. “Севинч”дан фарқли ўлароқ, биз чемпионликкача йўлни босқичма босқич босиб ўтдик. Қаршиликлар 2003 йилда бронза медалини қўлга киритишгач, кейинги мавсумдаёқ чемпион бўлишган. Ундан кейин бир йил иккинчи ўринга тушиб, 2006 йилдан қаторасига ўнта мавсум пешқадамликни ҳеч кимга бермай келишди. Биз эса биринчи йили бронзага сазовор бўлдик. Кейинги учта мавсум вице-чемпионликка эришдик. Ва ниҳоят бешинчи мавсум Ўзбекистон чемпионига айландик. Икки марта Ўзбекистон кубогини, мамлакат Суперкубогини қўлга киритдик. Албатта бу билан чекланиб қолиш ниятида эмасмиз. Чемпионликка эришишнинг ўзи машаққат, уни ҳимоя этиш эса унданда қийин дейишади. Эндиги вазифа чемпионлигимизни ҳимоя этишдир. Бир томондан ўз мактабини яратиб олган “Севинч” тиш қайраб турибди, иккинчи томондан пойтахт жамоалари кучаймоқда. “Бунёдкор”дан ташқари “Пахтакор” ҳам келгуси мавсум ўз олдига катта мақсад ва вазифаларни қўяётганлигини эшитаяпмиз. Қолаверса, анъанавий тарзда кучли ўйнаб келган “Андижанка”, пойтахт вилоятидаги дербимиз – “Олмалиқ” бор. Хуллас, кейинги мавсум бу йилгисига қараганда ҳам қизиқроқ ва муросасизроқ ўтишига шубҳам йўқ.   Жамоа муваффақиятига ҳисса қўшган инсонлар ҳақида тўхталсангиз...   Юқорида айтиб ўтганимдек бу муваффақиятимизда улуши бор инсонлар жуда кўпчилик. “Ўзбекистон металлургия комбинати” ҳиссадорлик жамияти раҳбарларидан тортиб, “Металлург” футбол клуби раиси Рустам Мирсодиқов, жамоа бошлиғи Шавкат Саидов, биздан ўзларининг қимматли маслаҳатлари аямаган мураббийлар штаби, маъмуриятининг ёрдамини алоҳида таъкидлаган бўлардим. Мен билан елкама елка ишлаган ёрдамчиларим Аббос Абдуллаев, Илҳом Ҳамзалиев, Абдували Мўминов, Баҳром Умаровга алоҳида ташаккур айтаман. Жамоа бошлиғи Норбек Юлдашев, маъмурларимиз, шифокору, шоферларимизнинг ҳам меҳнатларини қадрлайман ва улардан ҳам беҳад миннатдорман. Бевосита жамоага келадиган бўлсак, “Металлург-Woman” йиллар давомида шаклланиб келди. Чизиқлардаги камчиликларимизни сабр-бардош билан бартараф этиб, кучайтиришга ҳаракат қилдик. Беш йил муқаддам футболга эндигина кириб келган қизларимиз бугун тажрибали, ўз ишларининг усталари бўлиб улғайишганидан хурсандман. Уларнинг аксарияти мамлакатимиз миллий ва олимпия терма жамоаларимизга номзод саналишади. Бу йилги ютуқларимиз замирида селекция ишларини яхши йўлга қўйганлигимиз ҳам ёрдам берди, деб ўйлайман. Аввалги мавсумларда жамоа ўйини Наргиза Абдурасулова, Альбина Белялова сингари тажрибали, маҳоратли футболчи қизлар асосига қурилганди. Белялова катта футболдаги фаолиятини тугатди. Абдурасулова эса пойтахтнинг “Бунёдкор” жамоасига ўтиб кетди. “Металлург-Woman”да ҳужум чизиғи энг кучли чизиқ саналиб келинган. Эндиликда  марказни кучайтиришимиз талаб этиларди. Бу борада “Севинч”ни тарк этган қизлар бизга қўл келди. Хабарингиз бор, 2016 йилги мавсумдан кейин “Севинч” асосий таркибнинг деярли барча ўйинчиларига жавоб бериш, жамоани ёшартириш йўлини танлади. Аксарият қизлар Ғузорнинг “Шўртан-леди” жамоасидан қўним топди. Чунки бу жамоага қаршиликларнинг тўпурар ўйинчиси Зебо Жўраева ўйновчи мураббий этиб тайинланганди. Биз эса асли пойтахт вилояти вакиллари бўлган Маҳлиё Сарикова, Феруза Турдибоева, наманганлик Зумрад Назароваларни клубимизга чорладик. Қизлар таклифимизни қабул қилишди ва бу йилги ютуқларимизда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишди. Жамоа плеймейкери Маҳфуза Туропова жароҳатларидан тўлиқ фориғ бўлгач, унинг ҳам бу йилги муваффақиятлардаги улуши беқиёс бўлди. Бу етакчи ўйинчилар билан ёнма ён, елкама елка Юлдуз Набиева, Дилдора Нозимова, Холида Дадабоева, Насиба Ҳожиева, Иродахон Турдалиева, Лутфинисо Ҳамидова, Диёра Ҳабибуллаева, Диёра Эркинова сингари қизларимиз маҳоратларини маромига етказиб олишди. Қанот ҳимоячимиз Мавлудахон Мунавварованинг тажрибаси қўл келди. Дарвозабонимиз Гуландом Бойматова ҳам маҳоратини оширди. Яқин ўринбосарларимиз – Моҳигул Икромова, Нодира Мўйдинова, Нозима Эргашева, Камола Бердиева, Маҳлиё Абдурашидова, Алина Демьяненко, Ўғилой Илашева, Арина Смирнова, Ораста Тожибоевалар кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиб туришлари учун пойтахтнинг “Локомотив” ҳамда Тошкент вилоятининг “Олмалиқ-вумен” жамоаларига ижарага бердик. Қолаверса шаҳримизда “Металлург-вумен 2” жамоаси ҳам фаолият олиб бораяпти. Кейинги йилларда асосий таркибга тайёр бўлган қизларимизни ортга қайтариш, ишга янада масъулият билан ёндошиш ниятидамиз.   Энг қийин учрашувлар ҳақида...   Қийин ўйинлар бўлди албатта. Амалдаги чемпион “Севинч”га қарши ўтган учрашувлар, “Бунёдкор”, “Андижанка” жамоалари билан сафар учрашувлари шулар жумласидандир. Айниқса “Севинч” билан Бекободда кечган ўйинимиз ҳар томонлама оғир бўлган. Бир тур муқаддам тўпурар ҳужумчимиз Людмила Карачик “қизил карточка олди”. Табиийки асосий рақибга қарши учрашувда у бизга ёрдам бера олмади. Бу ўйинга мижжа қоқмай тайёрландик. Етакчи ҳужумчисиз қандай ўйнаш тактикасини ишлаб чиқдик. Худога шукур, ўйларимиз, ҳаракатларимиз зое кетмади. “Севинч” устидан қозонилган ғалабадан кейин барча таъқибчиларимиз “Металлург-woman”нинг шашти, шиддатини тан олишди.   2017 йилги мавсумда кўнгилни хижил қиладиган жиҳатлар бўлмадими?   Иш бор жойда камчилик албатта бўлади. Аммо мени хурсанд қилган жиҳат олий лига жамоалари мукаммал чемпионат тизими - уй-сафар ўйинларига кўникишди. Эндиликда худди эркаклар ўртасидаги миллий чемпионатларимиз сингари аёллар жамоаларимиз ҳам ўз мухлислари эга бўлишаётир. Аёллар футболига эътибор аввалгига қараганда сезиларли равишда ошди. Мухлислар, мутахассислар, ҳомийлар томонидан ҳам. Ўйинларнинг сифати ошиб бораяпти. Барча жамоаларда олдинга силжиш яққол кўриняпти. Мисол учун чемпионлик учун “Севинч” ва “Металлург” ўртасида курашга бу йил “Бунёдкор” ҳам қўшилди. “Андижанка” анъанавий равишда барча рақибларга муаммолар туғдирган бўлса, ўз йўлини топиб бораётган жамоалар  “Олмалиқ”, “Локомотив”, “Шўртан”нинг ўйинларини ҳам алоҳида эътироф этган бўлардим. Аёллар футбол ассоциацияси тугатилиб, аёллар футболи янгиланган Ўзбекистон футбол федерацияси Профессионал футбол лигаси ихтиёрига ўтиши ишларимизни янада марказлашишига ёрдам беради деб ўйлайман. Биринчи навбатда ўйинларнинг тақвимини ишлаб чиқиш, ҳакамлар ва назоратчи ҳакамлар тайинланиши борасидаги нуқсонлар бартараф бўлади, деб умид қиламан.   Яқинда пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Давлат катта академик театрида футбол бўйича  2017 йилги мавсум лауреатларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Таассуротларингиз...   Ростини айтсам бу даражадаги мукаммал футбол тадбирини кўраман деб ўйламагандим. ҳаммаси рисоладагидек уюштирилган. Ундан олам олам таассуротлар билан қайтдим. Илгарилари йил якунлари бўйича “Эътироф” кўрсатувларини ҳавас ила томоша қилардик. Футбол бўйича 2017 йилги мавсум лауреатларини тақдирлаш маросими худди биз орзу қилган даражада ташкиллаштирилибди. Энг қувонарли жиҳати бу йилдан эътиборан “энг яхши аёл футболчи” номинациясида ҳам ғолиб номи аниқланди. Бу кейинги йилларда ҳам анъанавий равишда давом этади деб умид қиламан. Биринчи номзод эса бизнинг жамоамиз вакиласи бўлганлиги фахр ифтихор туйғуларига чулғади. Ҳақиқатан ҳам Лдюмила Карачик мамлакатимизнинг бугунги кундаги энг кучли, маҳоратли аёл футболчиси саналади. У каби тезкор, оний лаҳзаларда тўғри қарорга келадиган, ишини мукаммал бажарадиган, ажойиб техника ва дриблинг соҳибалари яқин қўшни мамлакат аёллар футболида ҳам ноёб десам янглишмайман.   Кейинги мавсумга тайёргарлик жараёни қачон бошланади. Жамоа олдига қандай вазифалар қўйилди?   Тайёргарликни январь ойидан бошлашни режалаштириб турибмиз. Клуб раҳбарияти, муассисларимизнинг кейинги мавсумдан биздан талаби битта бўлади – у ҳам бўлса чемпионликни муносиб ҳимоя этиш. Табиийки, Ўзбекистон кубоги учун курашамиз. Суперкубокни ҳам қайтиб олиш ниятимиз йўқ эмас. Асосий вазифа эса чиройли, ҳужумкор ўйин билан биринчи навбатда Бекобод аҳлини, қолаверса аёллар футболининг барча мухлисларини хурсанд этишдир.   Бу йўлда Сизга, жамоанинг барча раҳбариятига, футболчи қизларга омад ёр бўлишини истаймиз. Мақсад ва вазифаларингизни бажаришда куч қувват тилаймиз.   Раҳмат.   Комилжон Жумаев суҳбатлашди.
Манба: www.metallurg-pfc.uz
Киритилди: 15:18, 17.12.2017.
Ўқилди: 2312 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.