Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан юртимизда ҳакамлик сифатини ошириш, Суперлига, Про-лига ҳакамлари, шунингдек, ёш ҳакамлар билан ишлашни йўлга қўйиш, мунтазам равишда уларнинг малакасини ошириб бориш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ана шундай чора-тадбирлар ҳақида ЎФФ Ҳакамлар ва назоратчилар бошқармаси бошлиғи Маъмур Саидқосимов ўз фикрларини билдириб ўтди.
“2017 йилнинг ноябр ойи ҳолатига кўра Ўзбекистон Футбол Федерациясида бош ҳакамлар сони 8 нафарни ташкил этаётган эди.
Ноябр ва декабр ойининг яримига келиб ёш ҳакамлар ва тажрибага эга бўлган ҳакамларни аттестациядан ўтказилгандан сўнг ҳозирги кунда бош ҳакамлар сони 25 нафарга етказилмоқда.
Бундан ташқари, ЎФФ Кубоги учун 12-17 декабда ўтказилган учрашувлар давомида ёш ҳакамлар кўрикдан ўтказилди ҳамда ҳозирги кундаги юқори салоҳиятли ҳакамлар танлаб олинди. Булар – Фирдавс Норсафаров (Қарши), Олим Тўйчибоев (Фарғона), Аскер Наджафалиев, Жасур Мухторов, Акобирхўжа Шукруллаев (Тошкент)”.
Ёш ҳакамларимиз сони кўпайтирилади
2018 йилдан бошлаб ёш ҳакамларимиз сони кўпайтирилади. Бу борада ЎФФ Футбол Федерацияси президенти томонидан вазифа белгиланган.
Шунингдек, Футбол федерациясининг Ҳакамлар ва назоратчилар бошқармаси томонидан 13 декабр куни назоратчилар билан мажлис ўтказилди. Ушбу мажлисда эндиликда ҳакамлар каби назоратчиларнинг ҳам жавобгарлиги оширилиши, назоратчилар ҳакамларнинг малакасини ошириб боришга масъул эканликлари айтиб ўтилди.
Шунингдек Федерация президенти томонидан янги мавсумда барча ҳакамлар бир хил форма ва экипировкада бўлишлари, ҳар бир ҳакамлар бригадаси ўйин давомида фойдаланиш учун алоқа воситаси - “Communication system” бўлиши, майдонда жарималар белгиланганда 9.15 метрни назорат қилиш спрейлари ва ҳар бир инспекторга ноутбуклар харид қилиниб, ҳакамлик ва инспекторликни жахон стандартлари асосида амалга оширилиши тўғрисида кўрсатма берилди”.
Ҳакамларимиз халқаро семинарларда қатнашяпти
“Ўзбекистонлик ҳакамлар мунтазам равишда халқаро семинарларда иштирок этмоқда. Жумладан, шу йилнинг 25-30 ноябрь кунлари БААнинг Дубай шаҳрида ОФК томонидан ҳакамлар учун семинар ташкиллаштирилган бўлиб, у ерда ўзбекистонлик ҳакамлар Асимов Азиз, Қосимов Шерзод, Шодмонов Ҳусниддин, Серазетдинов Руслан, Гайнуллин Тимур, Цапенко Андрей, Усмонов Алишер, Мирабидова Эдита, Сидорова Анна, Раҳматова Зилола ва Середа Кристина қатнашишди.
Шунингдек, ФИФА рефереси Равшан Эрматов келаси йилнинг 5-9 февраль кунлари Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Россия Федерациясида ўтказиладиган Жаҳон чемпионатида ишлашга номзод бўлган ҳакамлар иштирокидаги семинарга таклиф этилди”.
Ўзбекистонлик ҳакамлар халқаро учрашувларни бошқаришмоқда
“Ўзбекистонлик ҳакамларга ФИФА ва ОФК томонидан катта ишонч билдирилиб, улар бир қатор халқаро мусобақалардаги учрашувларга тайинланмоқда. Масалан, Равшан Эрматов БААда бўлиб ўтган Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этди. Шунингдек, 6-16 декабр кунлари Шарқий Осиё футбол федерацияси (EAFF) томонидан ўтказилган терма жамоалар иштирокидаги мусобақада Валентин Коваленко бош ҳакам, Руслан Серазитдинов эса ёрдамчи ҳакам сифатида ишлади. Ушбу мусобақанинг аёллар жамоалари ўртасидаги баҳсларида вакилларимиз Эдита Миробидова бош ҳакам, Зилола Раҳматова эса ёрдамчи ҳакам сифатида фаолият юритди.
Яна бир ҳакамимиз Азиз Асимов 22 декабрдан 5 январгача Кувейтда ўтказиладиган GOLF Cup мусобақасида бош ҳакам сифатида ишлайди. Унга қанотларда Темур Гайнуллин ва Андрей Цапенколар ёрдам беришади.
Бундан ташқари, 2018 йилнинг 9-27 январ кунлари Хитойда ўтказиладиган 23 ёшгача ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида қуйидаги ҳакамларимиз иш олиб борадилар: Равшан Эрматов, Валентин Коваленко, Илгиз Танташев, Абдуҳамидулло Расулов, Жаҳонгир Саидов.
Ҳамюртимиз ФИФА инструктори Фарҳод Абдуллаев ушбу мусобақага ҳакамлар йўриқчиси сифатида таклиф этилганини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур”.
Ҳакамларни аттестациядан ўтказиш жараёни
“Ўзбекистон Футбол Федерацияси ходимлар малакасини ошириш, ўз касбининг мутахассиси бўлган инсонлар федерация таркибида ишлашини таъминлаш мақсадида, ўзбекистондаги мураббийлар, ҳакамлар ва вилоят футбол федерациялари ходимларини аттестациядан ўтказилиши белгиланганди.
Шунга кўра, 6-7 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида 25 нафар ёш хакамларни аттестациядан ўтказилди. Аттестация жараёнида ҳакамлар жисмоний тайёргарлик бўйича имтиҳон топширдилар, футбол ўйин қоидалари бўйича синов тестлари ва видео материаллардан тайёрланган тестлардан ўтдилар.
Шунингдек, 15-16 декабр 2017 йил кунлари Тошкент шаҳрида Олий ва Биринчи лига бош ҳакамлари, Олий лига ёрдамчи ҳакамлар аттестациядан ўтказилди. Натижаларга кўра жисмоний тайёргарлик бўйича 2 нафар бош ҳакам (Суперлига ва Про-лига) Вадим Агишев ва Игорь Гармашов , ён ҳакамлар Анвар Маражабов ва Абдураҳмон Қўлдошев аттестациядан ўтолмадилар. Уларга қайта аттестация ўтиш учун февраль ойигача муҳлат берилди.
Бундан ташқари, 2018 йилнинг 10 январидан 20 февралигача бўлган даврда қолган барча ҳакамлар ва ҳакамлар инспекторлари аттестациядан ўтказилади.
Аттестацияда ҳакамлар назоратчилари футбол ўйин қоидалари бўйича имтиҳонлар ва видеоматериаллардан тайёрланган тестлар топширадилар.
10-20 феврал кунлари эсаҳакамлар учун хорижий ўқув машғулот йиғини ташкиллаштирилиши режалаштирилмоқда”, - дейди Маъмур Саидқосимов.