Ўзбекистон миллий терма жамоаси FIFA кунлари доирасида Сурияга қарши ўртоқлик учрашувини ўтказиб, 4:1 ҳисобида ишончли ғалаба қозонди.
Тошкентдаги "Пахтакор" стадионида кечган баҳсда ҳисоб 27-дақиқада очилди. Ҳусайн Норчаевнинг узатмасидан кейин Шерзод Эсанов рақиб дарвозасини ишғол қилди — 1:0.
Биринчи бўлим якунида Акмал Мозговой ҳисобни ошириб, Ўзбекистонни танаффусга икки тўп фарқи билан олиб чиқди — 2:0.
Иккинчи бўлим бошланиши билан миллий жамоамиз яна гол урди. 48-дақиқада Аббосбек Файзуллаевнинг узатмасидан кейин Ҳусайн Норчаев ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди.
Баҳс якунига яқин Норчаев яна бир бор ўзини кўрсатди. 90-дақиқада Диёр Холматовнинг пасидан кейин у дубль қайд этди — 4:0.
Қўшиб берилган вақтда эса Муҳаммад Ҳакимов ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди ва якуний ҳисоб 4:1 кўринишини олди.
Шу тариқа, Фабио Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Сурия устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
Ўртоқлик учрашуви
Ўзбекистон — Сурия — 4:1
Голлар: Шерзод Эсанов, 27 — 1:0; Акмал Мозговой, 45 — 2:0; Ҳусайн Норчаев, 48 — 3:0; Ҳусайн Норчаев, 90 — 4:0; Муҳаммад Ҳакимов, 90+2 (автогол) — 4:1.













