«Ювентус» клуби ва Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Пауло Дибала Франциянинг France Football нашрига интервью берди. Қуйида ана шу суҳбатни ўқишингиз мумкин.
- Омар Бессерица - шу исмни эшитганмисиз?
- Албатта. У кўпроқ «Жўжа» лақаби билан машҳур. Нима учун сўраяпсиз?
- Ўша ҳимоячи ва сиз Аргентинанинг Лагуна-Ларга шаҳачасидан чиққан профессионал футболчисизлар.
- Учинчиси ҳам бор - Хуан Пабло Авендано. У Туркия ва Грецияда ўйнаган. Айни пайт эса нафақада. Лагуна-Ларгада барча бир-бирини танийди. Йигитлар билан бир синфда ўқийсиз, кейин биргаликда майдонда ўйнайсиз. Ҳамма бир-бири билан доимо мулоқотда.
- Лекин сиз юртингизда яшаётган кўплаб ватандошларингиздан фарқланасиз. Буни ҳис қиласизми?
- «Ҳа» ёки «йўқ», деб жавоб берсам бўлаверади. Ривожланиш учун катта шаҳарларда яшаш керак. Агар қишлоқда қолиб кетсангиз, баъзи нарсаларни кеч биласиз.
Ёки умуман хабардор бўлмайсиз. Мен Аргентинанинг аҳолиси бўйича иккинчи ўринда турадиган Кордова шаҳрида яшаганман. Лекин у ер барибир, Буэнос-Айрес эмас.
- Дарвоқе, Лагуна-Ларгадан чиққан яна бир футболчини унутибмиз, - отангиз Адолфо.
- У ҳаваскорлар даражасида ўйнаган. Лақаби «Эль Чанчо», яъни «Чўчқа» эди. Таянч ярим ҳимоясида тўп сурган ва ўта эҳтиросли бўлган. Аммо жамоадошларининг айтишича, ақлли футбол ўйнаган экан.
Ўйиндан олдин ҳакамлар унга «Менда битта сариқ карточка бор деб ҳисоблайвер. Биринчи қўполлигингдан сўнг майдондан четлатамиз», дейишаркан. Уни ҳеч қачон майдонда кўрмаганман.
Лекин таътил пайтида биз катталар билан футбол ўйнардик. Ўн ёшлигимда, ўйинларнинг бирида бир киши ортимдан «подкат» ишлатди. Бу отамга ёқмади. Ўшанда унинг лақаби нима учун «чўчқа» эканлигини тушунганман.
- Сизни футболга отангиз олиб келганми?
- У футболни жуда севарди ва ўйинларни қолдирмай кўрарди. Ўз муҳаббатини уч ўғлига тенг тақсимлаган. Мариано - иккинчи фарзанд. Яхши футболчи бўлган, таниқли клублар кўригида қатнашган. Лекин оиламизни яхши кўргани учун Буэнос-Айресга боришни истамаган.
- Сиз оиланинг энг кенжаси ва охирги умиди эдингиз...
- Бу ҳақда менга ҳеч ким гапирмаган. Отам талабчан бўлган. Аммо бу фақат футболда эди. Футболчи бўлишимда унинг ҳиссаси катта.
Отам ҳамиша ўсишимни истарди. Лекин ҳеч қачон «Ўйнамасанг, у ёки бу нарсани олиб бермайман» қабилидаги гапларини эшитмаганман.
- Отангиз вафот этганида 15 ёшда бўлгансиз. Гарчи у бўлмасада, футбол билан жиддий шуғулланишда давом этгансиз.
- Отам Кордовадаги машғулотларга машинасида олиб борарди. Агар у бўлмаса, ўзим ёлғиз автобусда боришимга тўғри келарди. Бу эса ноқулай эди.
«Институто» (Аргентина иккинчи дивизиони иштирокчиси. Дибала мазкур клубга 10 ёшида борган) раҳбариятидан ўз шаҳарчам жамоасига ижарага беришларини сўраганман. Чунки оиламга яқин бўлишни истаганман.
Отамдан кейин тарбиям билан акаларим шуғуллана бошлашган. Отадан айрилиш қийин. Лекин биз бу борада биринчи ҳам, охириги ҳам эмасмиз. Бу нарса барчанинг қисматида бор. Ҳаёт давом этаверади, аммо ҳаммаси ўзгариб кетганди.
- Шундан сўнг клуб сизни ўзи тарбиялай бошлаган...
- Унчалик эмас. Аввалига барчамиз ўзимиз истаган жойда яшардик. Масалан, мен билан уч нафар йигит фарзандсиз оилада истиқомат қилардик.
Кейинчалик клубнинг янги президенти интернат очди ва барча ўша ерга кўчиб ўтди. Профессионал шартнома тузган бўлсамда, ўша оилада яна ярим йил яшаганман. Йигитлар билан қизиқарли эди.
- Сизнинг лақабингиз «Ла Хойя» - «Қимматбаҳо» бўлган. У ўзингизга ёқармиди?
- Аниқ айтадиган бўлсам, унчалик эмас. Кордовалик бир журналист клубдаги иккинчи ўйинимда биринчи голимни урганимдан сўнг шундай атаган. «Бу йигитча узоққа боради», деб ёзганди. Лекин дўстларим ва оилам учун шунчаки, Пауло бўлиб қолганман.
- Ўша даврларда кумирингиз ким бўлган?
- Ҳамиша Роналдиньонинг ўйинларидан ҳайратланардим. Ўшанда у «Барса»да ўйнарди. Мессининг фаолиятини қандай бошлаганини кўрганман. Аргентиналик болалар учун у худди Марадонадек қадрдон.
- Одатда, аргентиналик иқтидорли ёшлар Европага катта клублардан йўл олишади. Ёки Месси каби болаликдаёқ кўчиб ўтишади. Сиз эса «Палермо»га иккинчи дивизион жамоасидан ўтгансиз.
- Тўғри. Мен билан одатдагидек бўлмаган. Агар катта клубларда ўйнасангиз, Европага руҳан тайёр бўласиз. «Институто» машҳур жамоа. Лекин барибир, иккинчи дивизион вакили. Ҳеч қаерга кетмай, Аргентинада бойроқ клуб топишим мумкин эди.
Бироқ «Палермо» варианти пайдо бўлганида, «Нимага бормаслигим керак?», деб ўйланиб қолдим. Ахир Кавани ва Пасторе ҳам айнан шу клуб орқали кўтарилишган-ку. Оила аъзоларимга Италияга бормоқчилигим ва у ерда футболчи сифатида ўсишимни айтдим. Лекин бирданига асосий таркиб футболчиси бўлишимга ишонмагандим.
- Сицилияда ўтказган уч мавсумингиз анча фойдали бўлди. Тўғрими?
- Албатта. Айниқса, иккинчи мавсумим. Ўшанда «В» серияда фаолият олиб борганмиз. Бу лигада жисмоний ҳолатингиз анча яхшиланади. Мавсум ҳам ажойиб ўтганди. Чемпионат якунланишига беш тур қолганида барча масалани ҳал қилиб бўлгандик.
- Лекин «Палермо» иккинчи дивизионга тушиб кетганида Аргентинага қайтиш варианти бўлган.
- Ҳа, бир нечта таклифлар олган бўлсамда қолишга қарор қилганман. Кейин яна Европага қайтиш муаммо туғдириши мумкин эди. Ҳамма биринчи уринишдаёқ таслим бўлиб, Аргентинага қайтди, деб ўйларди. Мен эса қолиб тўғри қилганман.
- Айтишларича, Месси - талант, Роналду - меҳнат. Ўзингиз ҳақингизда қандай фикрдасиз?
- 70 фоиз - иқтидор, 30 фоиз - меҳнат. Иқтидор туғма бўлади. Лекин уни намойиш қилиш учун ҳам меҳнат қилиш керак. Ўзимдан анча истеъдодли бўлган болаларни кўрганман. Аммо улар ўзларини кўрсата олишмаган. Криштиану ўзини аямай меҳнат қилади, ваҳоланки, унда ҳам иқтидор етарли.
- 2015 йили «Юве»га ўтганингиздан сўнг иш кўпайдими?
- Учта турнирда қатнашамиз. Шунинг учун ҳам машғулотларда жиддий ишлашга мажбурмиз. Майда-чуйда нарсалар йўқ. Фақат ғалаба ҳақида ўйлаш керак. Акс ҳолда, сиздан яхши футболчи чиқмайди.
- Сизда оригинал чапақай техника бор...
- Ҳақиқатан ҳам чапақайман. Дриблингни яхшилаш учун ўнг оёғим билан кўпроқ ишлашга ҳаракат қиламан. «Палермо»даги жисмоний тайёргарликлар бўйича мураббийимиз координацияни ривожлантиришим учун ўнг оёқда кўпроқ ишлашимни уқтирганди. Шу сабали ҳам бу борада ишлаб турганман.
- Месси ва Роналдунинг статистик кўрсаткичлари кишини ҳайратлантиради. Ёш футболчилар, аниқроғи, сиз учун ажойиб ориентир. ДАВОМИ