Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Легионер масаласи ҳамон оғриқли "нуқта"-ми?

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон футбол федерациясига янги раҳбар келгач, ўзбек футболида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Янги раҳбарият юртимиз футболини янада ривожлантириш учун бир қатор ўзгаришларга қўл урмоқда. Эндиликда миллий чемпионатимиз номи ва ўтказилиш тартиби ўзгаради. Шу билан биргаликда футболчиларга қўйилаётган талаблар ҳам кучайтирилмоқда. Шу ўринда бир масала ҳақида ҳали умуман сўз очилганича йўқ. Кўплаб янгиликларга қўл ураётган ЎФФ ҳамда ПФЛ ҳозирча Ўзбекистон чемпионатида ўйнайдиган легионерлар сони ҳамда савияси борасида қандай талаблар қўйилишини эълон қилмаяпти. Бугун биз футболимизнинг ушбу «оғриқли нуқтаси» ҳақида сўз юритамиз.

Ўзбекистон чемпионати Осиёда ўз ўрни ҳамда нуфузига эга бўлса-да, олий лига сўнгги йилларда қитъамизнинг етакчи биринчиликларидан анча ортда қолиб кетгани барчага аён. Бунинг бир нечта сабаблари мавжуд. Шулардан бири Ўзбекистон чемпионатида юқори савияли легионер футболчиларнинг йўқ эканидадир. Агар Хитой, Қатар, БАА, Саудия Арабистони ёки Эрон миллий чемпионатларида фаолият олиб борадиган легионер футболчиларга эътибор берсангиз, уларнинг аксарияти Европада ҳам ном чиқариб улугурганига гувоҳ бўласиз. Ёки Япония ҳамда Жанубий Корея каби миллий чемпионати муросасиз руҳда ўтадиган лигалардаги легионерлар ҳақида гап кетганида эса, ушбу мамлакатлар клублари хорижлик футболчиларни жуда эҳтиёткорлик билан танлашига ва харид қилинган хорижлик ўйинчи аксарият ҳолларда ўзидан кутилган ўйинни намойиш эта олишига амин бўласиз. Бизнинг олий лигада эса на дунёга машҳур футболчилар ўйнашмоқда, на олиб келинаётган легионер ўз мақомига мос тарзда ўйин кўрсатмоқда.

Бир вақтлари Ривалдо, Денилсон, Ристич каби футболчилар Ўзбекистон олий лигасида тўп сурганида стадионларимиз ҳар тугул тўлар эди. Лекин ҳозирда олий лига ўйинини томоша қилиш учун стадионга ташриф буюрадиган ишқибоз нари борса ўзимизнинг маҳаллий футболчилар савиясидаги легионерлар ўйинига гувоҳ бўлади. Тўғри, сўнгги йилларда миллий чемпионатимизда Кахи Махарадзе, Артур Геворкян, Драган Черан каби барқарор ўйин намойиш этган футболчилар ҳам ўйнашди. Бироқ юқорида таъкидланганидек, бундайлар саноқли. Аксарият жамоаларимиз легионер танлашда адашишади. Ҳатто, гранд клублар ҳам бу масалада анча нўноқ. Мисол учун, охирги икки йилда чемпионликни қўлга киритган «Локомотив»дан мухлислар ҳар мавсум аввалида яхши трансферларни кутишади. Бироқ «темирйўлчилар» жамоаси асосан йил бўйи захирада ўтирадиган хорижлик футболчиларни олиб келади. Славен Степанович, Гнохере Кризо, Муҳаммад Коне каби ўйинчилар «Локомотив»нинг асосий таркибида ўз ўрнини топа олишмаганини барча кўрди. Натижада клуб ОЧЛда ўз кўзлаган мақсадига ета олмади. «Локомотив» давралар оралиғида 19 ёшли нигериялик футболчи Олабиран Блессинг Муйивани сафга қўшиб олди. Ушбу ҳужумкор ярим ҳимоячи ўз вақтини захира ўриндиғида ва ёшлар таркибида ўтказди. Баъзилар «Локомотив» уни яқин келажак учун киритган «инвестиция» деб ўйлашаётганди. Бироқ мавсум якунлангач, ушбу ёш футболчига ҳам жавоб бериб юборилди. Агар «Локомотив» келаси йили Осиё Чемпионлар Лигасида муваффақиятли қатнашишни мақсад қилар экан, клуб камида Кахи Махарадзе савиясидаги легионерларни олиб келиши лозим бўлади.

Қайд этиш жоизки, ортда қолган мавсумда нафақат «Локомотив», балки бир қатор клубларимиз легионерлари ўзларидан кутилган ўйинни кўрсата олишмади. XVI миллий биринчилигимизда Осиё, Африка ҳамда Жанубий Америкадан келган жами 37 нафар хорижлик футболчилар майдонга тушишди. Улар ичида мухлислар кутган ўйинни намойиш этганлар кам бўлгани айни ҳақиқат. «Пахтакор» жамоаси иккинчи давра олдидан бир қатор легионерларни ўз сафига қўшиб олди ва айниқса, Марко Симич анча мазмунли ўйин намойиш этди. У қисқа фурсат ичида «шерлар» етакчисига айланиб олди.

Серб футболчилари одатда бизнинг чемпионатга анча тез кўникишади. Симичда ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. Ортда қолган мавсумда олий лигада жами 8 нафар сербиялик футболчи майдонга тушди. Улар ичида «Насаф» ҳужумчиси Драган Черан ҳам анча яхши ўйин кўрсата олди. Маҳоратли футболчи 28та ўйинда майдонга чиқди ва 19та гол уриб, тўпурарлар баҳсида фақат Марат Бикмаевга имкониятни бой берди. Шунингдек, барқарор ўйнаган легионерлар қаторига Игорь Йелич, Кахи Махарадзе, Неманья Йовановичларни ҳам киритиш мумкин. Ушбу ўйинчилар олий лига-2017да 29тадан учрашувда майдонга тушишди.

Гувоҳи бўлаётганингиздек, 37 нафар легионердан саноқлиларигина ўз жамоаларида етакчиларга айлана олишди. Легионерлар масаласи ҳамиша ўзбек футболида «оғриқли нуқта» санаб келинган. Бунга балки легионерларга қўйиладиган талаблар у қадар юқори эмаслиги сабабдир. ПФЛ чемпионат регламентига хорижлик футболчилар учун маълум талабларни киритган. Лекин клублар ушбу талабларга мос келадиган легионерларни олиб келишаётгани йўқ. Бундай ҳолатларда улар товон пули тўлаш билангина чекланишмоқда.

Чемпионат регламентида ёзилишича, жамоага Ўзбекистон фуқароси бўлмаган 4 нафар легионер қўшиб олиниши мумкин. Уларнинг бир нафари албатта, Осиё мамлакати фуқароси бўлиши шарт. Агар осиёлик футболчи бўлмаса, клуб 3 нафар легионер билан чекланишга мажбур.

Шунингдек, хорижлик футболчи қуйидаги талабларнинг бирига тўғри келиши керак:

- Сўнгги мавсумни УЕФА, КОНМЕБОЛ, КОНКАКАФ, АФК, ОФК, КАФ давлатлари миллий чемпионатларида ўтказган футболчи биринчиликнинг олий лигасида камида 60 фоиз (30 ёшдан катталар 70 фоиз) учрашувларда майдонга тушган бўлиши керак;

- Охирги мавсумни Ўзбекистон чемпионатида ўтказган бўлса, мавсум давомида энг камида 75 фоиз учрашувда ўйнаган бўлиши шарт;

- Миллий терма жамоа сафида охирги саралаш ўйинларида камида 5та ўйинда майдонга тушган бўлиши лозим;

- Олимпия ёки ёшлар терма жамоаси сафида охирги саралаш ўйинларида камида 70 фоиз ўйинда ҳаракат қилган бўлиши керак.

Мана шундай талаблар қўйгани учун ПФЛга ташаккур айтса арзийди. Бироқ кулгули жиҳати шундан иборатки, ПФЛ ўзи шу талабларни қўйиб, яна уни бемалол четлаб ўтиш имконини ҳам яратиб қўйган. Яъни, агар легионер регламентнинг 6-бўлим 6.3 бандида қўйилган талабларнинг қайсидир бирига мос келмаса, клуб ПФЛ ҳисоб рақамига 50 миллион сўм ўтказиб бериши шарт бўлади. Клубларимиз эса ўртача савиядаги легионерларни олиб келиб, 50 миллион сўмлик жаримани тўлашни ҳеч канда қилишмаяпти.

ЎФФ ҳамда ПФЛ келаси мавсум учун жуда катта ўзгаришларни амалга оширмоқда. Эндиликда миллий чемпионатимиз олий дивизиони Суперлига деб аталади. Унда қатнашадиган 12та клубга анчагина жиддий талаблар қўйилмоқда. Буларнинг барчаси юртимизда футболни янада ривожлантириш ва ўзбек футболини янги савияга олиб чиқиш учун қилинмоқда.

Шу ўринда, чемпионатни кучайтиришга ҳаракат қилинаётган экан, легионерлар масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этиши бор гап. Ҳозирча тасдиқланмаган маълумотларга кўра, келаси йилдан миллий чемпионатимизда легионерлар учун лимит «4+1»га оширилиши мумкин экан. Бу ҳақда «Пахтакор» жамоаси бош мураббийи Шота Арвеладзе ҳам интервьюларидан бирида айтиб ўтди. Бизни қизиқтираётган жиҳат шундан иборатки, легионерлар учун лимитни ошираётган ПФЛ хорижлик футболчилар учун талабларни ҳам кучайтирармикан? Ёки клублар яна ўртамиёна футболчиларни олиб келиб, 50 миллион сўм эвазига уларни рўйхатдан ўтказишда давом этишадими? Агар легионер футболчиларнинг савияси борасида ҳам бош қотирилмас экан, уларнинг сонини яна кўпайтиришдан нима наф?

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 19:40, 14.01.2018.
Ўқилди: 3731 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.